22–BOB
Toʻy ziyofati haqida masal
1 Iso odamlarga yana masallar bilan gapira boshladi:
2 “Osmon Shohligini oʻgʻliga toʻy ziyofati bergan shohga qiyoslasa boʻladi. 3 Shoh toʻyga taklif etilgan mehmonlarni chaqirish uchun xizmatkorlarini yuboribdi. Mehmonlar esa kelishni xohlamabdilar. 4 Shoh yana boshqa xizmatkorlarini yuborib, shunday debdi:
— Taklif etilganlarga aytinglar: men ziyofat dasturxonini tayyorlab qoʻydim, buqayu boʻrdoqilarim soʻyildi, hammasi tayyor. Toʻyga kelaveringlar!
5 Biroq ular bu taklifni ham nazarga ilmabdilar, biri dalasiga, boshqasi oʻz ishiga ketibdi. 6 Qolganlar esa shoh xizmatkorlarini tutib, xoʻrlab, oʻldirishibdi. 7 Shoh buni eshitib, gʻazablanibdi. Lashkarini yuborib, qotillarni qatl qildiribdi, shaharlarini esa yondirib kul qilibdi. 8 Shundan keyin u xizmatkorlariga aytibdi:
— Toʻy ziyofati tayyor, lekin taklif etilganlar bunga munosib emas ekanlar. 9 Shuning uchun chorrahalarga boringlar, kimni koʻrsangiz, toʻy ziyofatiga taklif qilinglar.
10 Xizmatkorlar yoʻlga chiqib, uchratganlarining hammasini — yomonlarni ham, yaxshilarni ham yigʻib kelibdilar. Xullas, toʻyxona mehmonlarga toʻlibdi.
11 Shoh mehmonlarni koʻrish uchun kirganda, u yerda toʻy kiyimini kiymagan bir odamni koʻribdi 12 va undan:
— Doʻstim, toʻy kiyimisiz bu yerga qanday kirdingiz? — deb soʻrabdi, u hech qanday javob bera olmabdi. 13 Shunda shoh xizmatkorlariga aytibdi:
— Bu odamning qoʻl–oyoqlarini bogʻlab, tashqariga, qorongʻilikka tashlanglar. U yerda u qattiq pushaymon boʻlib, figʻon chekadi.
14 Axir, daʼvat etilganlar koʻp, ammo tanlanganlar ozdir.”
Soliq toʻlash haqida savol
15 Shunda farziylar kelib, Isoni tilidan ilintirish uchun reja tuzdilar. 16 Ular oʻz shogirdlarini Hirod tarafdorlari bilan birga Isoning oldiga yuborishdi.
— Ustoz, — deyishdi ular, — Siz odil ekaningizni bilamiz. Siz Xudoning yoʻlini toʻgʻri oʻrgatasiz. Biror kishiga xushomadgoʻylik, yuz–xotirchilik qilmaysiz. 17 Bizga ayting–chi, Qaysarga soliq toʻlashimiz toʻgʻrimi yoki yoʻqmi?
18 Ammo Iso ularning niyati yomon ekanini bilib turardi. U shunday dedi:
— Hoy ikkiyuzlamachilar! Nima, Meni sinab koʻrmoqchimisizlar? 19 Soliqqa toʻlanadigan tangani Menga koʻrsatinglar.
Ular Isoga bir dinor keltirdilar.
20 — Bu surat va yozuv kimniki? — deb soʻradi Iso.
21 — Qaysarniki, — deb javob berdi ular.
— Unday boʻlsa, Qaysarning haqini Qaysarga, Xudoning haqini Xudoga beringlar, — dedi Iso.
22 Ular buni eshitib lol qoldilar. Isoni oʻz holiga qoʻyib, qaytib ketdilar.
Oʻliklarning tirilishi haqida savol
23 Sadduqiylar oʻliklarning tirilishini inkor etardilar. Ularning baʼzilari oʻsha kuni Isoning oldiga kelib, shunday savol berdilar:
24 — Ustoz! Muso aytgan ediki : “Agar odam farzand koʻrmay oʻlib ketsa, marhumning ukasi akasining xotiniga uylanib, akasi uchun farzandni dunyoga keltirsin.” 25 Xoʻsh, bizda yetti aka–uka bor edi. Birinchisi uylandi, ammo farzand koʻrmay olamdan oʻtdi, xotini esa ukasiga qoldi. 26 Ikkinchi, uchinchi, hatto yettinchisigacha, hammasining boshiga shu koʻrgilik tushdi. 27 Oxirida xotin ham qazo qildi. 28 Ayting–chi, Xudo odamlarni tiriltirganda xotin yettovidan qaysi birining xotini hisoblanadi? Axir, hammasi unga uylangan edi–ku.
29 Iso ularga shunday javob berdi:
— Sizlar Muqaddas bitiklarni ham, Xudoning qudratini ham bilmaysizlar, ana shu sababdan adashyapsizlar. 30 Oʻliklar tirilganda uylanmaydilar, erga ham tegmaydilar, balki bamisoli samodagi farishtalarday boʻladilar. 31 Oʻliklarning tirilishi haqidagi masalaga kelsak: nahotki Xudoning sizlarga aytgan gaplarini hech qachon oʻqimagan boʻlsangizlar?! 32 U: “Men Ibrohim, Isʼhoq va Yoqubning Xudosiman” , — degan–ku! Axir, Xudo oʻliklarning emas, tiriklarning Xudosidir.
33 Olomon buni eshitib, Isoning taʼlimotidan hayratda qoldi.
Eng buyuk amr
34 Iso sadduqiylarni mot qilib qoʻyganini eshitib, farziylar bir joyga yigʻildilar. 35 Isoni sinash maqsadida ulardan biri — Tavrot tafsirchisi Unga shunday savol berdi:
36 — Ustoz, Tavrotdagi qaysi amr eng buyuk?
37 Iso unga dedi:
— “Egangiz Xudoni butun qalbingiz bilan, jonu dilingiz bilan, butun ongingiz bilan seving.” 38 Bu birinchi va eng buyuk amr. 39 Ikkinchisi esa shunga oʻxshashdir: “Oʻzgani oʻzingizni sevganday seving.” 40 Butun Tavrot va paygʻambarlarning hamma bitiklari mana shu ikki amrga tayanadi.
Masih kimning oʻgʻli?
41 Farziylar yigʻilishganda, Iso ulardan soʻradi:
42 — Masih haqida nima deb oʻylaysizlar? U kimning oʻgʻli?
— Dovudning Oʻgʻli , — deb javob berdi ular. 43 Iso ularga dedi:
— Unday boʻlsa, qanday qilib Dovud Muqaddas Ruh orqali Masihni Rabbim deb aytadi? Dovud shunday degan edi:

44 “Egamiz aytmoqda Rabbimga:
Dushmanlaringni oyoqlaring ostiga yiqitmagunimcha,
Sen Mening oʻng tomonimda oʻtirgin.”

45 Agar Dovud Masihni Rabbim deb atagan boʻlsa, qanday qilib Masih Dovudning Oʻgʻli boʻladi?!
46 Isoning savoliga hech kim javob bera olmadi. Oʻsha kundan boshlab hech kim Unga savol berishga jurʼat etolmaydigan boʻldi.
22–БОБ
Тўй зиёфати ҳақида масал
1 Исо одамларга яна масаллар билан гапира бошлади:
2 “Осмон Шоҳлигини ўғлига тўй зиёфати берган шоҳга қиёсласа бўлади. 3 Шоҳ тўйга таклиф этилган меҳмонларни чақириш учун хизматкорларини юборибди. Меҳмонлар эса келишни хоҳламабдилар. 4 Шоҳ яна бошқа хизматкорларини юбориб, шундай дебди:
— Таклиф этилганларга айтинглар: мен зиёфат дастурхонини тайёрлаб қўйдим, буқаю бўрдоқиларим сўйилди, ҳаммаси тайёр. Тўйга келаверинглар!
5 Бироқ улар бу таклифни ҳам назарга илмабдилар, бири даласига, бошқаси ўз ишига кетибди. 6 Қолганлар эса шоҳ хизматкорларини тутиб, хўрлаб, ўлдиришибди. 7 Шоҳ буни эшитиб, ғазабланибди. Лашкарини юбориб, қотилларни қатл қилдирибди, шаҳарларини эса ёндириб кул қилибди. 8 Шундан кейин у хизматкорларига айтибди:
— Тўй зиёфати тайёр, лекин таклиф этилганлар бунга муносиб эмас эканлар. 9 Шунинг учун чорраҳаларга боринглар, кимни кўрсангиз, тўй зиёфатига таклиф қилинглар.
10 Хизматкорлар йўлга чиқиб, учратганларининг ҳаммасини — ёмонларни ҳам, яхшиларни ҳам йиғиб келибдилар. Хуллас, тўйхона меҳмонларга тўлибди.
11 Шоҳ меҳмонларни кўриш учун кирганда, у ерда тўй кийимини киймаган бир одамни кўрибди 12 ва ундан:
— Дўстим, тўй кийимисиз бу ерга қандай кирдингиз? — деб сўрабди, у ҳеч қандай жавоб бера олмабди. 13 Шунда шоҳ хизматкорларига айтибди:
— Бу одамнинг қўл–оёқларини боғлаб, ташқарига, қоронғиликка ташланглар. У ерда у қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекади.
14 Ахир, даъват этилганлар кўп, аммо танланганлар оздир.”
Солиқ тўлаш ҳақида савол
15 Шунда фарзийлар келиб, Исони тилидан илинтириш учун режа туздилар. 16 Улар ўз шогирдларини Ҳирод тарафдорлари билан бирга Исонинг олдига юборишди.
— Устоз, — дейишди улар, — Сиз одил эканингизни биламиз. Сиз Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз. Бирор кишига хушомадгўйлик, юз–хотирчилик қилмайсиз. 17 Бизга айтинг–чи, Қайсарга солиқ тўлашимиз тўғрими ёки йўқми?
18 Аммо Исо уларнинг нияти ёмон эканини билиб турарди. У шундай деди:
— Ҳой иккиюзламачилар! Нима, Мени синаб кўрмоқчимисизлар? 19 Солиққа тўланадиган тангани Менга кўрсатинглар.
Улар Исога бир динор келтирдилар.
20 — Бу сурат ва ёзув кимники? — деб сўради Исо.
21 — Қайсарники, — деб жавоб берди улар.
— Ундай бўлса, Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди Исо.
22 Улар буни эшитиб лол қолдилар. Исони ўз ҳолига қўйиб, қайтиб кетдилар.
Ўликларнинг тирилиши ҳақида савол
23 Саддуқийлар ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари ўша куни Исонинг олдига келиб, шундай савол бердилар:
24 — Устоз! Мусо айтган эдики : “Агар одам фарзанд кўрмай ўлиб кетса, марҳумнинг укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин.” 25 Хўш, бизда етти ака–ука бор эди. Биринчиси уйланди, аммо фарзанд кўрмай оламдан ўтди, хотини эса укасига қолди. 26 Иккинчи, учинчи, ҳатто еттинчисигача, ҳаммасининг бошига шу кўргилик тушди. 27 Охирида хотин ҳам қазо қилди. 28 Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда хотин еттовидан қайси бирининг хотини ҳисобланади? Ахир, ҳаммаси унга уйланган эди–ку.
29 Исо уларга шундай жавоб берди:
— Сизлар Муқаддас битикларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмайсизлар, ана шу сабабдан адашяпсизлар. 30 Ўликлар тирилганда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар, балки бамисоли самодаги фаришталардай бўладилар. 31 Ўликларнинг тирилиши ҳақидаги масалага келсак: наҳотки Худонинг сизларга айтган гапларини ҳеч қачон ўқимаган бўлсангизлар?! 32 У: “Мен Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман” , — деган–ку! Ахир, Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир.
33 Оломон буни эшитиб, Исонинг таълимотидан ҳайратда қолди.
Энг буюк амр
34 Исо саддуқийларни мот қилиб қўйганини эшитиб, фарзийлар бир жойга йиғилдилар. 35 Исони синаш мақсадида улардан бири — Таврот тафсирчиси Унга шундай савол берди:
36 — Устоз, Тавротдаги қайси амр энг буюк?
37 Исо унга деди:
— “Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан севинг.” 38 Бу биринчи ва энг буюк амр. 39 Иккинчиси эса шунга ўхшашдир: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.” 40 Бутун Таврот ва пайғамбарларнинг ҳамма битиклари мана шу икки амрга таянади.
Масиҳ кимнинг ўғли?
41 Фарзийлар йиғилишганда, Исо улардан сўради:
42 — Масиҳ ҳақида нима деб ўйлайсизлар? У кимнинг ўғли?
— Довуднинг Ўғли , — деб жавоб берди улар. 43 Исо уларга деди:
— Ундай бўлса, қандай қилиб Довуд Муқаддас Руҳ орқали Масиҳни Раббим деб айтади? Довуд шундай деган эди:

44 “Эгамиз айтмоқда Раббимга:
Душманларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча,
Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.”

45 Агар Довуд Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг Ўғли бўлади?!
46 Исонинг саволига ҳеч ким жавоб бера олмади. Ўша кундан бошлаб ҳеч ким Унга савол беришга журъат этолмайдиган бўлди.