7–BOB
Oxunning gunohi
1 Ammo Isroil xalqi bagʻishlangan narsalar haqida Egamiz bergan amrni buzdi. Oxun ismli bir kishi bagʻishlangan narsalarning bir nechtasini olgan ekan. Oxun Yahudo qabilasidan boʻlib, Zerax urugʻidan boʻlgan Zimrining nevarasi, Karmining oʻgʻli edi. Egamiz Isroil xalqidan qattiq gʻazablandi .
2 Shu orada Yoshua bir necha kishini tanlab, ularga: “Borib, Ay shahrini tekshirib kelinglar”, — dedi. Ay shahri Baytilning sharqida, Bayt–Obun yaqinida joylashgan edi. Ular borib, tekshirdilar. 3 Qaytib kelib, Yoshuaga: “Hammamiz borishimiz shart emas, ikki–uch mingta odam chiqib hujum qilsa, bas. Ay aholisining soni kam, shuning uchun butun xalq u yerga borib ovora boʻlmasin”, dedilar. 4 Shunday qilib, uch mingtacha odam shaharga hujum qildi, lekin ular Ay aholisining oldiga tushib qochdilar. 5 Ayliklar shahardan chiqib, Isroil jangchilarini tosh qaziladigan joygacha quvib bordilar. Qir yon bagʻrida oʻttiz oltitacha Isroil odamlarini oʻldirdilar. Bu hodisadan keyin butun Isroil xalqining yuragi orqaga tortib ketdi.
6 Shunda Yoshua bilan Isroil oqsoqollari qaygʻudan kiyimlarini yirtib, boshlariga tuproq sochdilar. Egamizning Sandigʻi oldida yerga muk tushishdi–da, kechgacha shu holda qolishdi. 7 Yoshua shunday dedi: “Ey Egamiz Rabbiy! Nima uchun bu xalqni Iordan daryosidan olib oʻtding? Nahotki bizlarni Amor xalqining qoʻliga berib, yoʻq qilish uchun shunday qilgan boʻlsang?! Biz Iordanning narigi tomonida qolaversak boʻlmasmidi?! 8 Ey Rabbiy, yana nima ham derdim, mana, Isroil xalqi dushmanlarining oldiga tushib qochdi. 9 Endi Kanʼon xalqlari va mana shu yerlar aholisining hammasi bu haqda eshitib bizni qurshab oladilar. Nomimizni yer yuzidan oʻchirib yuboradilar. Agar shunday boʻlsa, ulugʻvorligingni qanday qilib koʻrsatasan?”
10 Egamiz Yoshuaga dedi: “Oʻrningdan tur! Nima uchun muk tushib yotibsan? 11 Isroil xalqi gunoh qildi, ular bilan qilgan ahdimni buzdi. Ular Menga bagʻishlangan narsalardan oʻgʻirlab olishdi. Buning ustiga, aldab, oʻgʻirlangan narsalarni oʻzlarining narsalari orasiga yashirib qoʻydilar. 12 Shuning uchun Isroil xalqi dushmanlariga bas kela olmayapti. Chunki ularning oʻzi ham yoʻq qilinadigan, Menga bagʻishlangan narsaday boʻlib qolgan. Endi ular dushmanlariga magʻlub boʻlib qochadilar. Menga bagʻishlangan narsalarni orangizdan yoʻq qilmasangiz, Men sizlar bilan birga boʻlmayman.
13 Endi Isroil xalqini pokla. Ularga shunday degin: oʻzingizni ertangi kun uchun tayyorlab, poklang. Isroil xalqining Xudosi — Egamiz shunday aytmoqda: «Ey Isroil, orangizda Menga bagʻishlangan narsalar bor. Orangizdagi shu narsalarni olib tashlamaguningizcha, dushmanlaringizga bas kela olmaysiz.»
14 Shuning uchun ertalab barcha qabilalar birma–bir Egamizning huzuriga kelishadi. Egamiz bir qabilani tanlaydi . Ana shu qabilaning urugʻlari ham birma–bir keladi. Egamiz ular orasidan bir urugʻni tanlaydi. Oʻsha urugʻning oilalari birma–bir kelishadi. Egamiz bir oilani tanlaydi. Oʻsha oilaning aʼzolari birma–bir keladi. 15 Laʼnatlangan narsalarni olgan odamni Egamizning Oʻzi koʻrsatadi. Oʻsha odam bor narsasi bilan olovda yondiriladi, chunki u Egamiz bilan qilingan ahdni buzib, Isroilda aql bovar qilmaydigan ish qildi.”
16 Shunday qilib, ertasi kuni tongda, Yoshuaning buyrugʻiga koʻra, Isroil qabilalari birma–bir Egamizning huzuriga kelishdi. Egamiz Yahudo qabilasini tanladi. 17 Endi Yahudo qabilasining urugʻlari birma–bir keldi, shunda Zerax urugʻi tanlandi. Zerax urugʻining oilalari birma–bir kelganda, Zimri oilasi tanlandi. 18 Zimri oila aʼzolari birma–bir kelishdi, Karmi oʻgʻli Oxun tanlandi. U Yahudo qabilasidan boʻlib, Zerax urugʻidan boʻlgan Zimrining nevarasi edi. 19 Yoshua Oxunga shunday dedi: “Oʻgʻlim, haqiqatni aytaman, deb Isroil xalqining Xudosi — Egamizning nomi bilan qasam ich, gunohingni tan olgin. Nima qilganingni yashirmay menga aytib ber.” 20 Oxun Yoshuaga shunday javob berdi: “Ha, toʻgʻri. Isroil xalqining Xudosi — Egamizga qarshi gunoh qilgan menman. 21 Oʻsha kuni oʻlja orasida Shinardan keltirilgan chiroyli toʻnni, 500 misqol kumush va ogʻirligi 125 misqol keladigan bir boʻlak tillani koʻrib qoldim. Koʻnglim tusab, ularni oldim. Ularni chodirimning ichida yerga koʻmib qoʻyganman, kumush eng tagida.”
22 Yoshua bir nechta odamni yubordi. Ular chodirga yugurib borib qarashsa, u narsalar rostdan ham oʻsha yerda yashirilgan ekan. Ularning eng tagida kumush bor edi. 23 Ular narsalarni chodirdan olib, Yoshua va butun Isroil xalqiga olib kelishdi. Ular narsalarni Egamiz oldiga yoyib qoʻyishdi. 24 Keyin Yoshua va butun Isroil xalqi Zerax oʻgʻli Oxunni oʻgʻirlangan kumush, toʻn, tilla boʻlagi hamda oʻgʻil–qizlari, mol–qoʻylari, eshaklari, chodiriyu bor narsasi bilan birga Oxor soyligiga olib borishdi. 25 Yoshua: “Boshimizga rosa ham kulfat keltirding–ku. Mana endi bugun Egamiz sening boshingga ham kulfat keltiradi”, — dedi. Butun Isroil xalqi Oxunni va uning oilasini toshboʻron qilib oʻldirdi–da, ularning jasadlarini olovda kuydirdi. 26 Keyin ularning ustiga katta bir tosh uyumini toʻpladi, toshlar bugungacha oʻsha yerdadir. Shuning uchun ushbu yer oʻsha paytdan beri Oxor soyligi deb ataladi. Shundan keyin Egamiz gʻazabidan tushdi.
7–БОБ
Охуннинг гуноҳи
1 Аммо Исроил халқи бағишланган нарсалар ҳақида Эгамиз берган амрни бузди. Охун исмли бир киши бағишланган нарсаларнинг бир нечтасини олган экан. Охун Яҳудо қабиласидан бўлиб, Зерах уруғидан бўлган Зимрининг невараси, Кармининг ўғли эди. Эгамиз Исроил халқидан қаттиқ ғазабланди .
2 Шу орада Ёшуа бир неча кишини танлаб, уларга: “Бориб, Ай шаҳрини текшириб келинглар”, — деди. Ай шаҳри Байтилнинг шарқида, Байт–Обун яқинида жойлашган эди. Улар бориб, текширдилар. 3 Қайтиб келиб, Ёшуага: “Ҳаммамиз боришимиз шарт эмас, икки–уч мингта одам чиқиб ҳужум қилса, бас. Ай аҳолисининг сони кам, шунинг учун бутун халқ у ерга бориб овора бўлмасин”, дедилар. 4 Шундай қилиб, уч мингтача одам шаҳарга ҳужум қилди, лекин улар Ай аҳолисининг олдига тушиб қочдилар. 5 Айликлар шаҳардан чиқиб, Исроил жангчиларини тош қазиладиган жойгача қувиб бордилар. Қир ён бағрида ўттиз олтитача Исроил одамларини ўлдирдилар. Бу ҳодисадан кейин бутун Исроил халқининг юраги орқага тортиб кетди.
6 Шунда Ёшуа билан Исроил оқсоқоллари қайғудан кийимларини йиртиб, бошларига тупроқ сочдилар. Эгамизнинг Сандиғи олдида ерга мук тушишди–да, кечгача шу ҳолда қолишди. 7 Ёшуа шундай деди: “Эй Эгамиз Раббий! Нима учун бу халқни Иордан дарёсидан олиб ўтдинг? Наҳотки бизларни Амор халқининг қўлига бериб, йўқ қилиш учун шундай қилган бўлсанг?! Биз Иорданнинг нариги томонида қолаверсак бўлмасмиди?! 8 Эй Раббий, яна нима ҳам дердим, мана, Исроил халқи душманларининг олдига тушиб қочди. 9 Энди Канъон халқлари ва мана шу ерлар аҳолисининг ҳаммаси бу ҳақда эшитиб бизни қуршаб оладилар. Номимизни ер юзидан ўчириб юборадилар. Агар шундай бўлса, улуғворлигингни қандай қилиб кўрсатасан?”
10 Эгамиз Ёшуага деди: “Ўрнингдан тур! Нима учун мук тушиб ётибсан? 11 Исроил халқи гуноҳ қилди, улар билан қилган аҳдимни бузди. Улар Менга бағишланган нарсалардан ўғирлаб олишди. Бунинг устига, алдаб, ўғирланган нарсаларни ўзларининг нарсалари орасига яшириб қўйдилар. 12 Шунинг учун Исроил халқи душманларига бас кела олмаяпти. Чунки уларнинг ўзи ҳам йўқ қилинадиган, Менга бағишланган нарсадай бўлиб қолган. Энди улар душманларига мағлуб бўлиб қочадилар. Менга бағишланган нарсаларни орангиздан йўқ қилмасангиз, Мен сизлар билан бирга бўлмайман.
13 Энди Исроил халқини покла. Уларга шундай дегин: ўзингизни эртанги кун учун тайёрлаб, покланг. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: «Эй Исроил, орангизда Менга бағишланган нарсалар бор. Орангиздаги шу нарсаларни олиб ташламагунингизча, душманларингизга бас кела олмайсиз.»
14 Шунинг учун эрталаб барча қабилалар бирма–бир Эгамизнинг ҳузурига келишади. Эгамиз бир қабилани танлайди . Ана шу қабиланинг уруғлари ҳам бирма–бир келади. Эгамиз улар орасидан бир уруғни танлайди. Ўша уруғнинг оилалари бирма–бир келишади. Эгамиз бир оилани танлайди. Ўша оиланинг аъзолари бирма–бир келади. 15 Лаънатланган нарсаларни олган одамни Эгамизнинг Ўзи кўрсатади. Ўша одам бор нарсаси билан оловда ёндирилади, чунки у Эгамиз билан қилинган аҳдни бузиб, Исроилда ақл бовар қилмайдиган иш қилди.”
16 Шундай қилиб, эртаси куни тонгда, Ёшуанинг буйруғига кўра, Исроил қабилалари бирма–бир Эгамизнинг ҳузурига келишди. Эгамиз Яҳудо қабиласини танлади. 17 Энди Яҳудо қабиласининг уруғлари бирма–бир келди, шунда Зерах уруғи танланди. Зерах уруғининг оилалари бирма–бир келганда, Зимри оиласи танланди. 18 Зимри оила аъзолари бирма–бир келишди, Карми ўғли Охун танланди. У Яҳудо қабиласидан бўлиб, Зерах уруғидан бўлган Зимрининг невараси эди. 19 Ёшуа Охунга шундай деди: “Ўғлим, ҳақиқатни айтаман, деб Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг номи билан қасам ич, гуноҳингни тан олгин. Нима қилганингни яширмай менга айтиб бер.” 20 Охун Ёшуага шундай жавоб берди: “Ҳа, тўғри. Исроил халқининг Худоси — Эгамизга қарши гуноҳ қилган менман. 21 Ўша куни ўлжа орасида Шинардан келтирилган чиройли тўнни, 500 мисқол кумуш ва оғирлиги 125 мисқол келадиган бир бўлак тиллани кўриб қолдим. Кўнглим тусаб, уларни олдим. Уларни чодиримнинг ичида ерга кўмиб қўйганман, кумуш энг тагида.”
22 Ёшуа бир нечта одамни юборди. Улар чодирга югуриб бориб қарашса, у нарсалар ростдан ҳам ўша ерда яширилган экан. Уларнинг энг тагида кумуш бор эди. 23 Улар нарсаларни чодирдан олиб, Ёшуа ва бутун Исроил халқига олиб келишди. Улар нарсаларни Эгамиз олдига ёйиб қўйишди. 24 Кейин Ёшуа ва бутун Исроил халқи Зерах ўғли Охунни ўғирланган кумуш, тўн, тилла бўлаги ҳамда ўғил–қизлари, мол–қўйлари, эшаклари, чодирию бор нарсаси билан бирга Охор сойлигига олиб боришди. 25 Ёшуа: “Бошимизга роса ҳам кулфат келтирдинг–ку. Мана энди бугун Эгамиз сенинг бошингга ҳам кулфат келтиради”, — деди. Бутун Исроил халқи Охунни ва унинг оиласини тошбўрон қилиб ўлдирди–да, уларнинг жасадларини оловда куйдирди. 26 Кейин уларнинг устига катта бир тош уюмини тўплади, тошлар бугунгача ўша ердадир. Шунинг учун ушбу ер ўша пайтдан бери Охор сойлиги деб аталади. Шундан кейин Эгамиз ғазабидан тушди.