9–BOB
Egamiz yana Sulaymonga zohir boʻladi
1 Sulaymon Egamizning uyini ham, oʻzining saroyini ham qurib boʻldi. Moʻljallangan hamma yumushlarni tamom qildi. 2 Shundan keyin Egamiz Sulaymonga, ilgari Givonda zohir boʻlganiday , yana zohir boʻldi. 3 Egamiz unga shu soʻzlarini ayon qildi:

“Menga qilgan iltijolaringni eshitdim. Sen qurgan va Oʻzim ulugʻlanadigan uyni muqaddas qildim. Koʻzlarim, koʻnglim doimo oʻsha yerda boʻladi.
4 Sen ham Mening oldimda, otang Dovud kabi, sofdil va toʻgʻri boʻlib yursang, Men amr etgan hamma farmonlarimni ijro etsang, qonun–qoidalarimni mahkam tutsang, 5 Isroil ustidan shohlik taxtingni abadiy mustahkam qilaman. Otang Dovudga ham: «Sening naslingdan boʻlgan erkak zoti to abad Isroil taxtida oʻtiradi», deb vaʼda bergan edim .
6 Bordi–yu, sen ham, sening nasling ham Men koʻrsatgan yoʻldan qaytsangiz, sizlarga bergan amr va farmonlarimga rioya qilmasangiz, borib boshqa xudolarga xizmat qilsangiz, ularga topinsangiz, 7 Isroil xalqini Oʻzim bergan yurtdan uloqtirib tashlayman. Men muqaddas qilgan, Oʻzim ulugʻlanadigan uyni tark etaman. Ana oʻshanda Isroil xalqi hammaning ogʻzida duv–duv gap boʻladi, hamma xalqlar ularni masxara qiladi. 8 Hozir ajoyib boʻlib turgan uyning yonidan oʻtganlar buning ayanchli ahvolini koʻrganda, dahshatga tushib: «Nimaga ularning Egasi bu yurtni va bu uyni mana shu ahvolga soldi ekan–a?» deb qotib qoladi. 9 Soʻng yana oʻzlari shunday xulosa chiqaradilar: «Eha, ular ota–bobolarini Misr yurtidan olib chiqqan oʻzlarining Egasi Xudodan yuz oʻgirdilar–ku! Boshqa xudolarga ergashib, oʻsha xudolarga topinib, xizmat qildilar–ku! Qilmishlariga yarasha oʻzlarining Egasi ularning boshiga shu koʻrgiliklarni solibdi–da.»”
Sulaymonning shoh Xiram bilan tuzgan bitimi
10 Sulaymon ikkala uyni — Egamizning uyini va oʻz saroyini yigirma yilda bitirgan edi. 11 Tir shohi Xiram Sulaymonning ehtiyojiga koʻra, sadr yogʻochi, sarv yogʻochi, oltin yetkazib bergan edi. Shoh Sulaymon Xiramga bu xizmatlari uchun Jalila hududidagi yigirmata shaharni berdi. 12 Xiram: “Sulaymon bergan shaharlarni koʻray–chi”, deb Tirdan yoʻlga chiqdi, lekin u shaharlar Xiramga maʼqul kelmadi.
13 — Doʻstim, menga bergan shaharlaring bori–yoʻgʻi shumi?! — dedi Xiram Sulaymonga. Xiram oʻsha yerlarga Kavul deb nom berdi va bugunga qadar shu nom bilan yuritiladi. 14 Xiram esa shoh Sulaymonga 250 pud oltin yuborgan edi.
Sulaymonning yutuqlari
15 Shoh Sulaymon majburlab olgan qarollarni chaqirtirib, Egamizning uyini, oʻzining saroyini barpo ettirgan edi. Shuningdek, Quddusning sharq tomonidagi Milloni mustahkam qildirgan va shahar devorini qurdirgan edi. Xazor, Magidoʻ va Gezer shaharlarini mustahkamlagan edi. 16 Misr firʼavni Gezerga bostirib kelib, shaharni qoʻlga olgan va oʻt qoʻygandi. Shu yerda istiqomat qilayotgan Kanʼon aholisini qirib tashlab, shaharni oʻzining qizi — Sulaymonning xotiniga sep qilib bergandi. 17 Shundan soʻng Sulaymon Gezer shahrini, Pastki Bayt–Xoʻronni, 18 Baalatni, Yahudoning choʻlidagi Tamarni , 19 oʻzining hamma ombor shaharlarini, jang aravalari saqlanadigan shaharlarni, otliqlari turadigan shaharlarini qaytadan tuzatib mustahkamladi. Bundan tashqari, Quddusda, Lubnonda, shohlikning hamma burchaklarida nima istasa, barpo qildi.
20 Shu oʻlkada qolib ketgan Amor, Pariz, Xiv, Xet va Yobus xalqlari Isroil xalqidan emasdi. 21 Isroil xalqi ularning bu yurtda qolib ketgan avlodlarini tamomila qirib bitirolmagan edi. Sulaymon oʻsha qolib ketganlarini qarol qilib oldi. Ular bugungacha bor. 22 Lekin Sulaymon Isroil xalqidan birortasini qul qilmadi. Aksincha, ularni shohning sipohlari, aʼyonlari, akobirlari , lashkarboshilari, jang aravalarining qoʻmondonlari va suvorilarining qoʻmondonlari lavozimiga tayinladi.
23 Sulaymonning ishboshilari 550 kishi boʻlib, ular ishlayotgan odamlar ustidan nazoratchi edilar.
24 Firʼavnning qizi Dovud qalʼasidan oʻziga atalgan saroyga koʻchib oʻtdi. Bu saroyni Sulaymon unga atab barpo qilgan edi. Shundan keyin Sulaymon Quddusning sharq tomonidagi Milloni mustahkam qildirgandi.
25 Xullas, Sulaymon Egamizning uyini bitkazdi. U Egamizga atab qurgan qurbongohda yiliga uch marta kuydiriladigan qurbonliklar va tinchlik qurbonliklari qilar, tutatqi tutatardi.
26 Shoh Sulaymon Edom yurtida, Qizil dengiz boʻyidagi Elet shahri yonida joylashgan Ezyoʻn–Geber shahrida kemalar yasadi. 27 Xiram oʻz tajribali dengizchilarini Sulaymonning odamlari bilan birga kemalarda joʻnatdi. 28 Ular Ofir yurtiga borib, u yerdan 900 pud oltin olib, shoh Sulaymonga keltirib berdilar.
9–БОБ
Эгамиз яна Сулаймонга зоҳир бўлади
1 Сулаймон Эгамизнинг уйини ҳам, ўзининг саройини ҳам қуриб бўлди. Мўлжалланган ҳамма юмушларни тамом қилди. 2 Шундан кейин Эгамиз Сулаймонга, илгари Гивонда зоҳир бўлганидай , яна зоҳир бўлди. 3 Эгамиз унга шу сўзларини аён қилди:

“Менга қилган илтижоларингни эшитдим. Сен қурган ва Ўзим улуғланадиган уйни муқаддас қилдим. Кўзларим, кўнглим доимо ўша ерда бўлади.
4 Сен ҳам Менинг олдимда, отанг Довуд каби, софдил ва тўғри бўлиб юрсанг, Мен амр этган ҳамма фармонларимни ижро этсанг, қонун–қоидаларимни маҳкам тутсанг, 5 Исроил устидан шоҳлик тахтингни абадий мустаҳкам қиламан. Отанг Довудга ҳам: «Сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроил тахтида ўтиради», деб ваъда берган эдим .
6 Борди–ю, сен ҳам, сенинг наслинг ҳам Мен кўрсатган йўлдан қайтсангиз, сизларга берган амр ва фармонларимга риоя қилмасангиз, бориб бошқа худоларга хизмат қилсангиз, уларга топинсангиз, 7 Исроил халқини Ўзим берган юртдан улоқтириб ташлайман. Мен муқаддас қилган, Ўзим улуғланадиган уйни тарк этаман. Ана ўшанда Исроил халқи ҳамманинг оғзида дув–дув гап бўлади, ҳамма халқлар уларни масхара қилади. 8 Ҳозир ажойиб бўлиб турган уйнинг ёнидан ўтганлар бунинг аянчли аҳволини кўрганда, даҳшатга тушиб: «Нимага уларнинг Эгаси бу юртни ва бу уйни мана шу аҳволга солди экан–а?» деб қотиб қолади. 9 Сўнг яна ўзлари шундай хулоса чиқарадилар: «Эҳа, улар ота–боболарини Миср юртидан олиб чиққан ўзларининг Эгаси Худодан юз ўгирдилар–ку! Бошқа худоларга эргашиб, ўша худоларга топиниб, хизмат қилдилар–ку! Қилмишларига яраша ўзларининг Эгаси уларнинг бошига шу кўргиликларни солибди–да.»”
Сулаймоннинг шоҳ Хирам билан тузган битими
10 Сулаймон иккала уйни — Эгамизнинг уйини ва ўз саройини йигирма йилда битирган эди. 11 Тир шоҳи Хирам Сулаймоннинг эҳтиёжига кўра, садр ёғочи, сарв ёғочи, олтин етказиб берган эди. Шоҳ Сулаймон Хирамга бу хизматлари учун Жалила ҳудудидаги йигирмата шаҳарни берди. 12 Хирам: “Сулаймон берган шаҳарларни кўрай–чи”, деб Тирдан йўлга чиқди, лекин у шаҳарлар Хирамга маъқул келмади.
13 — Дўстим, менга берган шаҳарларинг бори–йўғи шуми?! — деди Хирам Сулаймонга. Хирам ўша ерларга Кавул деб ном берди ва бугунга қадар шу ном билан юритилади. 14 Хирам эса шоҳ Сулаймонга 250 пуд олтин юборган эди.
Сулаймоннинг ютуқлари
15 Шоҳ Сулаймон мажбурлаб олган қаролларни чақиртириб, Эгамизнинг уйини, ўзининг саройини барпо эттирган эди. Шунингдек, Қуддуснинг шарқ томонидаги Миллони мустаҳкам қилдирган ва шаҳар деворини қурдирган эди. Хазор, Магидў ва Гезер шаҳарларини мустаҳкамлаган эди. 16 Миср фиръавни Гезерга бостириб келиб, шаҳарни қўлга олган ва ўт қўйганди. Шу ерда истиқомат қилаётган Канъон аҳолисини қириб ташлаб, шаҳарни ўзининг қизи — Сулаймоннинг хотинига сеп қилиб берганди. 17 Шундан сўнг Сулаймон Гезер шаҳрини, Пастки Байт–Хўронни, 18 Баалатни, Яҳудонинг чўлидаги Тамарни , 19 ўзининг ҳамма омбор шаҳарларини, жанг аравалари сақланадиган шаҳарларни, отлиқлари турадиган шаҳарларини қайтадан тузатиб мустаҳкамлади. Бундан ташқари, Қуддусда, Лубнонда, шоҳликнинг ҳамма бурчакларида нима истаса, барпо қилди.
20 Шу ўлкада қолиб кетган Амор, Париз, Хив, Хет ва Ёбус халқлари Исроил халқидан эмасди. 21 Исроил халқи уларнинг бу юртда қолиб кетган авлодларини тамомила қириб битиролмаган эди. Сулаймон ўша қолиб кетганларини қарол қилиб олди. Улар бугунгача бор. 22 Лекин Сулаймон Исроил халқидан бирортасини қул қилмади. Аксинча, уларни шоҳнинг сипоҳлари, аъёнлари, акобирлари , лашкарбошилари, жанг араваларининг қўмондонлари ва сувориларининг қўмондонлари лавозимига тайинлади.
23 Сулаймоннинг ишбошилари 550 киши бўлиб, улар ишлаётган одамлар устидан назоратчи эдилар.
24 Фиръавннинг қизи Довуд қалъасидан ўзига аталган саройга кўчиб ўтди. Бу саройни Сулаймон унга атаб барпо қилган эди. Шундан кейин Сулаймон Қуддуснинг шарқ томонидаги Миллони мустаҳкам қилдирганди.
25 Хуллас, Сулаймон Эгамизнинг уйини битказди. У Эгамизга атаб қурган қурбонгоҳда йилига уч марта куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликлари қилар, тутатқи тутатарди.
26 Шоҳ Сулаймон Эдом юртида, Қизил денгиз бўйидаги Элет шаҳри ёнида жойлашган Эзйўн–Гебер шаҳрида кемалар ясади. 27 Хирам ўз тажрибали денгизчиларини Сулаймоннинг одамлари билан бирга кемаларда жўнатди. 28 Улар Офир юртига бориб, у ердан 900 пуд олтин олиб, шоҳ Сулаймонга келтириб бердилар.