7–BOB
Maʼbad Egamizga bagʻishlanadi
1 Sulaymon ibodat qilib boʻlishi bilanoq, osmondan alanga tushib, kuydiriladigan va boshqa qurbonliklarni yamlab yubordi. Egamizning ulugʻvorligi Maʼbadni toʻldirdi. 2 Shuning uchun ruhoniylar Egamizning uyiga kira olmadilar. 3 Jamiki Isroil xalqi olov tushganini va Egamizning ulugʻvorligi Maʼbadni toʻldirganini koʻrgach, hammalari yerga muk tushib, taʼzim qildilar va Egamizga sajda qilib, Unga shukrona aytdilar:
“Egamiz yaxshidir,
Uning sodiq sevgisi abadiydir.”
4 Shundan keyin shoh va barcha xalq Egamizga atab qurbonlik qildilar. 5 Shoh Sulaymon 22.000 buqani, 120.000 qoʻyni Egamizga atab qurbonlik qildi. Shu tariqa shoh va butun xalq Maʼbadni Egamizga bagʻishladilar. 6 Ruhoniylar oʻz joylarini egalladilar. Levilar ham musiqa asboblarini koʻtarib, ruhoniylar singari oʻz joylariga turdilar. Dovud bu musiqa asboblarini Egamizga hamdu sano aytish uchun yasattirgan edi, Dovudning oʻzi Egamizni madh etib, “Uning sodiq sevgisi abadiydir” deb hamdu sano aytganda, oʻsha musiqa asboblaridan foydalangan edi. Xalq tik turar, levilarning qarshisidan joy olgan ruhoniylar esa karnaylar chalardilar.
7 Sulaymon Egamizning uyi oldidagi hovli oʻrtasini ham muqaddas qildi. Soʻng oʻsha yerda kuydiriladigan qurbonliklar, don nazrlari va tinchlik qurbonliklarining yogʻini nazr qildi, chunki bularning hammasi u yasattirgan bronza qurbongoh ustiga sigʻmagan edi.
8 Keyin Sulaymon va u bilan birga nihoyatda katta jamoa — Levo–Xomatdan tortib, Misr chegarasidagi irmoqqa qadar yerlarda yashaydigan butun Isroil xalqi yetti kun davomida Chayla bayramini nishonlashdi. 9 Ular yetti kun qurbongohning Xudoga bagʻishlanishini nishonlashdi, keyin yana yetti kun Chayla bayramini qilishdi. Chayla bayramidan keyin muqaddas yigʻin qilishdi. 10 Yettinchi oyning yigirma uchinchi kuni Sulaymon xalqni oʻz uylariga joʻnatdi. Egamizning Dovudga, Sulaymonga va Isroil xalqiga koʻrsatgan muruvvati tufayli hammaning koʻngli shodlikka toʻlgan edi.
11 Sulaymon Egamizning uyini ham, oʻzining saroyini ham qurib boʻldi. Moʻljallangan hamma yumushlarni muvaffaqiyat bilan tamom qildi.
Xudo Sulaymonga zohir boʻladi
12 Keyin Egamiz kechasi Sulaymonga zohir boʻlib, unga aytdi:
“Menga qilgan iltijolaringni eshitdim, bu uyni Oʻzimga qurbonliklar keltiriladigan joy qilib tanladim. 13 Yomgʻir yogʻmasin deb, osmonni berkitganimda, yoki chigirtkalarga , yer yuzini yeb bitiringlar deb, amr berganimda, yoxud xalqimning orasiga oʻlat kasalini yuborganimda, 14 Mening nomim bilan atalgan xalqim tavba qilib, Menga iltijo qilsa, Menga yuz burib qabih yoʻllaridan qaytsa, Men osmondan turib ularning iltijolarini eshitaman, gunohlarini kechirib, yurtiga shifo beraman. 15 Endi sizlarga nazarimni solaman, bu joyda qilgan ibodatlaringizga quloq tutaman. 16 Men to abad ulugʻlanishim uchun bu uyni tanlab, muqaddas qildim. Bu uydan koʻzimni uzmayman, qalbim u yerni maskan qiladi.
17 Agar sen Mening oldimda otang Dovud kabi yursang, Men amr etgan hamma farmonlarimni ijro etsang, qonun–qoidalarimni mahkam tutsang, 18 shohlik taxtingni abadiy mustahkam qilaman. Shunda otang Dovud bilan tuzgan ahdim, unga: «Sening naslingdan boʻlgan erkak zoti to abad Isroilda hukmronlik qiladi», deb aytgan gaplarim amalga oshadi. 19 Bordi–yu, sen va sening nasling yoʻlimdan qaytsangiz, bergan amr va farmonlarimni tark etsangiz, borib boshqa xudolarga xizmat qilsangiz, ularga topinsangiz, 20 sizlarni Oʻzim bergan yurtdan qoʻporib tashlayman. Ulugʻlanishim uchun muqaddas qilgan bu uyni tark etaman. Ana oʻshanda bu uy hammaning ogʻzida duv–duv gap boʻladi, hamma xalqlar uyimni masxara qiladi. 21 Hozir ajoyib boʻlib turgan uyning yonidan oʻtganlar dahshatga tushadilar:
— Nimaga ularning Egasi bu yurtni va bu uyni mana shu ahvolga soldi ekan–a? — deydigan boʻladilar. 22 Soʻng yana oʻzlari shunday xulosa chiqaradilar:
— Eha, ular ota–bobolarini Misr yurtidan olib chiqqan Egasi Xudodan yuz oʻgirdilar–ku! Boshqa xudolarga ergashib, oʻsha xudolarga topinib, xizmat qildilar–ku! Qilmishlariga yarasha oʻzlarining Egasi ularning boshiga shu koʻrgiliklarni solibdi–da.”
7–БОБ
Маъбад Эгамизга бағишланади
1 Сулаймон ибодат қилиб бўлиши биланоқ, осмондан аланга тушиб, куйдириладиган ва бошқа қурбонликларни ямлаб юборди. Эгамизнинг улуғворлиги Маъбадни тўлдирди. 2 Шунинг учун руҳонийлар Эгамизнинг уйига кира олмадилар. 3 Жамики Исроил халқи олов тушганини ва Эгамизнинг улуғворлиги Маъбадни тўлдирганини кўргач, ҳаммалари ерга мук тушиб, таъзим қилдилар ва Эгамизга сажда қилиб, Унга шукрона айтдилар:
“Эгамиз яхшидир,
Унинг содиқ севгиси абадийдир.”
4 Шундан кейин шоҳ ва барча халқ Эгамизга атаб қурбонлик қилдилар. 5 Шоҳ Сулаймон 22.000 буқани, 120.000 қўйни Эгамизга атаб қурбонлик қилди. Шу тариқа шоҳ ва бутун халқ Маъбадни Эгамизга бағишладилар. 6 Руҳонийлар ўз жойларини эгалладилар. Левилар ҳам мусиқа асбобларини кўтариб, руҳонийлар сингари ўз жойларига турдилар. Довуд бу мусиқа асбобларини Эгамизга ҳамду сано айтиш учун ясаттирган эди, Довуднинг ўзи Эгамизни мадҳ этиб, “Унинг содиқ севгиси абадийдир” деб ҳамду сано айтганда, ўша мусиқа асбобларидан фойдаланган эди. Халқ тик турар, левиларнинг қаршисидан жой олган руҳонийлар эса карнайлар чалардилар.
7 Сулаймон Эгамизнинг уйи олдидаги ҳовли ўртасини ҳам муқаддас қилди. Сўнг ўша ерда куйдириладиган қурбонликлар, дон назрлари ва тинчлик қурбонликларининг ёғини назр қилди, чунки буларнинг ҳаммаси у ясаттирган бронза қурбонгоҳ устига сиғмаган эди.
8 Кейин Сулаймон ва у билан бирга ниҳоятда катта жамоа — Лево–Хоматдан тортиб, Миср чегарасидаги ирмоққа қадар ерларда яшайдиган бутун Исроил халқи етти кун давомида Чайла байрамини нишонлашди. 9 Улар етти кун қурбонгоҳнинг Худога бағишланишини нишонлашди, кейин яна етти кун Чайла байрамини қилишди. Чайла байрамидан кейин муқаддас йиғин қилишди. 10 Еттинчи ойнинг йигирма учинчи куни Сулаймон халқни ўз уйларига жўнатди. Эгамизнинг Довудга, Сулаймонга ва Исроил халқига кўрсатган муруввати туфайли ҳамманинг кўнгли шодликка тўлган эди.
11 Сулаймон Эгамизнинг уйини ҳам, ўзининг саройини ҳам қуриб бўлди. Мўлжалланган ҳамма юмушларни муваффақият билан тамом қилди.
Худо Сулаймонга зоҳир бўлади
12 Кейин Эгамиз кечаси Сулаймонга зоҳир бўлиб, унга айтди:
“Менга қилган илтижоларингни эшитдим, бу уйни Ўзимга қурбонликлар келтириладиган жой қилиб танладим. 13 Ёмғир ёғмасин деб, осмонни беркитганимда, ёки чигирткаларга , ер юзини еб битиринглар деб, амр берганимда, ёхуд халқимнинг орасига ўлат касалини юборганимда, 14 Менинг номим билан аталган халқим тавба қилиб, Менга илтижо қилса, Менга юз буриб қабиҳ йўлларидан қайтса, Мен осмондан туриб уларнинг илтижоларини эшитаман, гуноҳларини кечириб, юртига шифо бераман. 15 Энди сизларга назаримни соламан, бу жойда қилган ибодатларингизга қулоқ тутаман. 16 Мен то абад улуғланишим учун бу уйни танлаб, муқаддас қилдим. Бу уйдан кўзимни узмайман, қалбим у ерни маскан қилади.
17 Агар сен Менинг олдимда отанг Довуд каби юрсанг, Мен амр этган ҳамма фармонларимни ижро этсанг, қонун–қоидаларимни маҳкам тутсанг, 18 шоҳлик тахтингни абадий мустаҳкам қиламан. Шунда отанг Довуд билан тузган аҳдим, унга: «Сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроилда ҳукмронлик қилади», деб айтган гапларим амалга ошади. 19 Борди–ю, сен ва сенинг наслинг йўлимдан қайтсангиз, берган амр ва фармонларимни тарк этсангиз, бориб бошқа худоларга хизмат қилсангиз, уларга топинсангиз, 20 сизларни Ўзим берган юртдан қўпориб ташлайман. Улуғланишим учун муқаддас қилган бу уйни тарк этаман. Ана ўшанда бу уй ҳамманинг оғзида дув–дув гап бўлади, ҳамма халқлар уйимни масхара қилади. 21 Ҳозир ажойиб бўлиб турган уйнинг ёнидан ўтганлар даҳшатга тушадилар:
— Нимага уларнинг Эгаси бу юртни ва бу уйни мана шу аҳволга солди экан–а? — дейдиган бўладилар. 22 Сўнг яна ўзлари шундай хулоса чиқарадилар:
— Эҳа, улар ота–боболарини Миср юртидан олиб чиққан Эгаси Худодан юз ўгирдилар–ку! Бошқа худоларга эргашиб, ўша худоларга топиниб, хизмат қилдилар–ку! Қилмишларига яраша ўзларининг Эгаси уларнинг бошига шу кўргиликларни солибди–да.”