4–BOB
Isroil xalqi toshlardan yodgorlik oʻrnatadi
1 Butun xalq Iordandan oʻtib boʻlgandan keyin, Egamiz Yoshuaga shunday dedi:
2 — Xalqning orasidan oʻn ikki kishini tanlagin, har bir qabiladan bittadan boʻlsin. 3 Ularga: “Iordan daryosining oʻrtasidan, ruhoniylarning oyogʻi turgan joydan oʻn ikkita tosh olib chiqinglar, bugun kechqurun qarorgoh quradigan joyga olib borib qoʻyinglar”, deb buyurgin.
4 Yoshua har bir Isroil qabilasidan tanlagan oʻn ikki kishini chaqirib, 5 ularga shunday dedi: “Egangiz Xudoning Ahd sandigʻi oldiga, Iordanning oʻrtasiga borib, u yerdan har biringiz Isroil qabilalarining har biri uchun bittadan tosh olinglar. Ularni yelkangizda koʻtarib, qarorgohga olib boringlar. 6 Bu toshlar sizlarga esdalik boʻlib xizmat qiladi. Vaqti kelib, farzandlaringiz sizlardan: «Bu toshlar nimani bildiradi?» deb soʻraganda, 7 ularga Egamizning Ahd sandigʻi Iordan daryosidan oʻtayotganda, daryoning suvlari toʻxtab qolganini aytib berasizlar. Bu toshlar sizlarga umrbod yodgorlik boʻlib qoladi.”
8 Isroil xalqidan tanlangan kishilar Yoshua ularga buyurganday qilishdi. Egamiz Yoshuaga aytganday, ular Iordanning oʻrtasidan har bir Isroil qabilasi uchun bittadan tosh, jami oʻn ikkita tosh olib, oʻzlari bilan oʻsha kuni qarorgoh qurilgan joyga olib borib qoʻyishdi. 9 Shundan keyin Yoshua yana oʻn ikkita tosh olib, Iordanning oʻrtasiga bir yodgorlik qurdi. Bu yodgorlik Ahd sandigʻini koʻtargan ruhoniylar turgan joyga qurilgan edi. U toshlar bugungacha oʻsha yerdadir.
10 Egamiz Yoshuaga, xalqqa aytgin, deb amr qilganlarining hammasi sodir boʻlmaguncha, Sandiqni koʻtargan ruhoniylar Iordanning oʻrtasida turdilar. Yoshuaga Muso mana shu yoʻl–yoʻriqlarni koʻrsatgan edi. Xalq tez–tez daryodan oʻtdi. 11 Hamma daryodan oʻtib boʻlgandan keyin, Iordanning oʻrtasida turgan ruhoniylar Egamizning Ahd sandigʻini koʻtarib, daryodan chiqdilar. Butun xalq buni koʻrib turdi. 12 Muso buyurganday , Ruben, Gad qabilalari va Manashe qabilasi yarmining erkaklari ham qurollanib, daryodan oʻtgan edilar. Ular Isroil xalqining oldingi saflarida edilar. 13 Jangga tayyor oʻsha qirq mingga yaqin kishi Egamiz boshchiligida Yerixo yonidagi tekislikka oʻtdi.
14 Oʻsha kuni Egamiz qilgan ishlari orqali Isroil xalqining koʻzi oldida Yoshuaning nomini yuksaltirdi . Ular butun umri davomida Musoni qanday hurmat qilgan boʻlsalar, Yoshuani ham shunday hurmat qildilar.
15-16 Oʻsha kuni Egamiz Yoshuaga: “Ahd sandigʻini koʻtargan ruhoniylarga, Iordandan chiqinglar, deb buyurgin”, degan edi. 17 Yoshua ruhoniylarga: “Iordandan chiqinglar!” deb buyurganda, 18 Egamizning Ahd sandigʻini koʻtargan ruhoniylar Iordanning oʻrtasidan chiqib kelishgandi. Ularning oyoqlari narigi qirgʻoqning quruq yeriga tegishi bilanoq, Iordanning suvlari yana oldingiday qirgʻoqlardan toshib oqa boshlagandi.
19 Shunday qilib, xalq birinchi oyning oʻninchi kunida Iordandan oʻtdi. Ular Yerixo shahrining sharqidagi Gilgal degan joyda qarorgoh qurishdi. 20 Ular Iordandan olgan oʻn ikkita toshni Yoshua Gilgalda oʻrnatib, 21 Isroil xalqiga shunday dedi:
— Vaqti kelib, farzandlaringiz sizlardan: “Bu toshlar nimani bildiradi?” deb soʻrasa, 22 sizlar shunday javob berasizlar: “Isroil xalqi mana shu yerda quruq yerdan yurib Iordandan oʻtgandi. 23 Egamiz Xudo biz oʻtishimiz uchun Qizil dengizni quritganday, bu yerda ham biz oʻtib boʻlmagunimizcha Iordanning suvlarini quritgan edi. 24 Yer yuzidagi barcha xalqlar Egamizning qudratli ekanini bilishi hamda sizlar Xudoyingiz — Egamizdan bir umr qoʻrqishingiz uchun shunday qilgan edi.”
4–БОБ
Исроил халқи тошлардан ёдгорлик ўрнатади
1 Бутун халқ Иордандан ўтиб бўлгандан кейин, Эгамиз Ёшуага шундай деди:
2 — Халқнинг орасидан ўн икки кишини танлагин, ҳар бир қабиладан биттадан бўлсин. 3 Уларга: “Иордан дарёсининг ўртасидан, руҳонийларнинг оёғи турган жойдан ўн иккита тош олиб чиқинглар, бугун кечқурун қароргоҳ қурадиган жойга олиб бориб қўйинглар”, деб буюргин.
4 Ёшуа ҳар бир Исроил қабиласидан танлаган ўн икки кишини чақириб, 5 уларга шундай деди: “Эгангиз Худонинг Аҳд сандиғи олдига, Иорданнинг ўртасига бориб, у ердан ҳар бирингиз Исроил қабилаларининг ҳар бири учун биттадан тош олинглар. Уларни елкангизда кўтариб, қароргоҳга олиб боринглар. 6 Бу тошлар сизларга эсдалик бўлиб хизмат қилади. Вақти келиб, фарзандларингиз сизлардан: «Бу тошлар нимани билдиради?» деб сўраганда, 7 уларга Эгамизнинг Аҳд сандиғи Иордан дарёсидан ўтаётганда, дарёнинг сувлари тўхтаб қолганини айтиб берасизлар. Бу тошлар сизларга умрбод ёдгорлик бўлиб қолади.”
8 Исроил халқидан танланган кишилар Ёшуа уларга буюргандай қилишди. Эгамиз Ёшуага айтгандай, улар Иорданнинг ўртасидан ҳар бир Исроил қабиласи учун биттадан тош, жами ўн иккита тош олиб, ўзлари билан ўша куни қароргоҳ қурилган жойга олиб бориб қўйишди. 9 Шундан кейин Ёшуа яна ўн иккита тош олиб, Иорданнинг ўртасига бир ёдгорлик қурди. Бу ёдгорлик Аҳд сандиғини кўтарган руҳонийлар турган жойга қурилган эди. У тошлар бугунгача ўша ердадир.
10 Эгамиз Ёшуага, халққа айтгин, деб амр қилганларининг ҳаммаси содир бўлмагунча, Сандиқни кўтарган руҳонийлар Иорданнинг ўртасида турдилар. Ёшуага Мусо мана шу йўл–йўриқларни кўрсатган эди. Халқ тез–тез дарёдан ўтди. 11 Ҳамма дарёдан ўтиб бўлгандан кейин, Иорданнинг ўртасида турган руҳонийлар Эгамизнинг Аҳд сандиғини кўтариб, дарёдан чиқдилар. Бутун халқ буни кўриб турди. 12 Мусо буюргандай , Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласи ярмининг эркаклари ҳам қуролланиб, дарёдан ўтган эдилар. Улар Исроил халқининг олдинги сафларида эдилар. 13 Жангга тайёр ўша қирқ мингга яқин киши Эгамиз бошчилигида Ерихо ёнидаги текисликка ўтди.
14 Ўша куни Эгамиз қилган ишлари орқали Исроил халқининг кўзи олдида Ёшуанинг номини юксалтирди . Улар бутун умри давомида Мусони қандай ҳурмат қилган бўлсалар, Ёшуани ҳам шундай ҳурмат қилдилар.
15-16 Ўша куни Эгамиз Ёшуага: “Аҳд сандиғини кўтарган руҳонийларга, Иордандан чиқинглар, деб буюргин”, деган эди. 17 Ёшуа руҳонийларга: “Иордандан чиқинглар!” деб буюрганда, 18 Эгамизнинг Аҳд сандиғини кўтарган руҳонийлар Иорданнинг ўртасидан чиқиб келишганди. Уларнинг оёқлари нариги қирғоқнинг қуруқ ерига тегиши биланоқ, Иорданнинг сувлари яна олдингидай қирғоқлардан тошиб оқа бошлаганди.
19 Шундай қилиб, халқ биринчи ойнинг ўнинчи кунида Иордандан ўтди. Улар Ерихо шаҳрининг шарқидаги Гилгал деган жойда қароргоҳ қуришди. 20 Улар Иордандан олган ўн иккита тошни Ёшуа Гилгалда ўрнатиб, 21 Исроил халқига шундай деди:
— Вақти келиб, фарзандларингиз сизлардан: “Бу тошлар нимани билдиради?” деб сўраса, 22 сизлар шундай жавоб берасизлар: “Исроил халқи мана шу ерда қуруқ ердан юриб Иордандан ўтганди. 23 Эгамиз Худо биз ўтишимиз учун Қизил денгизни қуритгандай, бу ерда ҳам биз ўтиб бўлмагунимизча Иорданнинг сувларини қуритган эди. 24 Ер юзидаги барча халқлар Эгамизнинг қудратли эканини билиши ҳамда сизлар Худойингиз — Эгамиздан бир умр қўрқишингиз учун шундай қилган эди.”