52–BOB
Quddus qulaydi
1 Zidqiyo yigirma bir yoshida shoh boʻldi va Quddusda oʻn bir yil hukmronlik qildi. Onasining ismi Xamutal boʻlib, Libnalik Yeremiyoning qizi edi. 2 Zidqiyo ham, Yohayiqim kabi, Egamiz oldida qabih ishlar qilgani uchun 3 Egamiz Quddus va Yahudo xalqidan gʻoyat gʻazablangan, oqibatda ularni Oʻz huzuridan quvib yuborgan edi.
Zidqiyo Bobil shohiga qarshi isyon koʻtardi. 4 Zidqiyo hukmronligining toʻqqizinchi yili oʻninchi oyining oʻninchi kunida Bobil shohi Navuxadnazar Quddusga qarshi bor lashkarini tortib kelib, shaharni qamal qildi. Shahar devori atrofida qamal inshootlari yasatdi. 5 Shoh Zidqiyo hukmronligining oʻn birinchi yiligacha shahar qamalda qoldi. 6 Toʻrtinchi oyning toʻqqizinchi kuni shaharda ocharchilik shu qadar kuchaydiki, xalq bir burda nonga zor boʻldi. 7 Bobilliklar Quddus devorini yorib kirdilar. Ular Quddusni har tomondan qurshab olishgan boʻlsalar–da, Yahudo sipohlari shoh bilan birga qochib ketdilar. Ular tunda saroyning bogʻi yaqinidagi ikki devor orasidagi darvozadan chiqib, Iordan vodiysi tomonga qochgan edilar. 8 Ammo Bobil sipohlari shohning orqasidan quvib, Yerixo tekisligida unga yetib oldilar. Butun lashkar esa shohni tashlab qochib ketdi.
9 Bobil sipohlari shoh Zidqiyoni ushlab, Xomat yurtidagi Rivlo shahriga , Bobil shohi huzuriga olib keldilar. Bobil shohi Zidqiyoni hukm qildi. 10 Rivloda Zidqiyoning koʻzi oldida hamma oʻgʻillarini, soʻng Yahudo aʼyonlarini qatl qildi. 11 Zidqiyoning esa koʻzlarini oʻyib, uni kishanlab qoʻydi. Bobil shohi uni oʻzi bilan Bobilga olib ketdi. Zidqiyo umrining oxirigacha zindonda yotdi.
Maʼbad vayron boʻladi
12 Bobil shohi Navuxadnazar hukmronligining oʻn toʻqqizinchi yili beshinchi oyining oʻninchi kunida Bobil shohi xizmatidagi qoʻriqchilar sardori Nabizaradon Quddusga kirdi. 13 U Egamizning uyiga, shoh saroyiga, har bir hashamatli imoratga, Quddusdagi hamma uylarga oʻt qoʻydi. 14 Qoʻriqchilar sardori boshchiligida butun Bobil lashkari Quddus devorlarini yiqitdi. 15 Nabizaradon baʼzi qashshoqlarni, shaharda tirik qolganlarni, Bobil shohi tomonga oʻtgan qochoqlaru qolgan–qutgan hunarmandlarni asir qilib olib ketdi. 16 Uzumchilik va dehqonchilik bilan mashgʻul boʻlsinlar deya, hech vaqosi yoʻq, qashshoq odamlardan baʼzilarinigina qoldirdi, xolos.
17 Bobilliklar Egamizning uyidagi bronza ustunlarni, aravalarni, bronza hovuzni parchaladilar, bronzaning hammasini Bobilga olib ketdilar. 18 Egamizning uyida xizmat paytida ishlatiladigan buyumlarni — qozonlarni, kuraklarni, qaychilarni, togʻorachalar va kurakchalarni, barcha bronza ashyolarni ham olib ketdilar. 19 Qoʻriqchilar sardori Nabizaradon oltin va kumushdan yasalgan togʻoralarni, olovkuraklarni, togʻorachalarni, tovoqlarni, chiroqpoyalarni, kurakchalarni va sharob nazri uchun ishlatiladigan idishlarni ham olib ketdi. 20 Egamizning uyi uchun shoh Sulaymon yasattirgan ikkita ustunga, hovuzga, hovuz ostidagi oʻn ikkita buqaga va aravalarga behisob bronza sarf qilingan edi. 21 Har bir ustunning balandligi 18 tirsak, tevaragi 12 tirsak edi. Ustunlarning ichi kavak boʻlib, devorlarining qalinligi toʻrt enli edi. 22 Ikkala ustunning tepasida bittadan ustunqosh bor edi. Ustunqoshlarning balandligi 5 tirsakdan , atroflari bronzadan yasalgan toʻrsimon bezak va anor tasviri bilan bezatilgan edi. 23 Ustunqoshning har bir tomoniga toʻqson oltita anor tasviri tushirilgan edi. Toʻrsimon bezakdagi anorlarning soni hammasi boʻlib yuzta edi.
Yahudo xalqi Bobilga surgun qilinadi
24 Qoʻriqchilar sardori Nabizaradon oliy ruhoniy Sarayoni, undan keyingi ruhoniy Zafaniyoni va uchta darvozabonni ham asirga oldi. 25 Quddusda qolgan sipohlarning lashkarboshisini, shohning yettita shaxsiy maslahatchisini, xalqni lashkar safiga yozgan lashkarboshining kotibini va xalqdan shaharda qolgan oltmish kishini ham bandi qildi. 26 Ularning hammasini Rivloga, Bobil shohi huzuriga olib keldi. 27 Bobil shohi ularni Xomat yurtida — Rivloda qatl qildi. Shunday qilib, Yahudo xalqi oʻz yurtidan surgun boʻldi.
28 Navuxadnazar surgun qilgan xalqning soni quyidagichadir: hukmronligining yettinchi yili 3023 nafar yahudiyni, 29 oʻn sakkizinchi yili Quddus aholisidan 832 nafar kishini, 30 yigirma uchinchi yili qoʻriqchilar sardori Nabizaradon Yahudodan 745 nafar kishini surgun qildi. Hammasi boʻlib surgun qilingan xalqning soni 4600 kishi edi.
31 Yahudo shohi Yohayixin Bobilga surgun qilinganiga oʻttiz yetti yil boʻlganda, Bobil taxtiga Evilmardux oʻtirdi . Evilmardux oʻsha yilning oʻn ikkinchi oyi yigirma beshinchi kuni Yahudo shohi Yohayixinga marhamat qilib, uni zindondan olib chiqdi. 32 Unga yaxshi munosabatda boʻldi, Bobilga surgun qilingan boshqa shohlardan koʻra, balandroq martaba berdi. 33 Shunday qilib, Yohayixin zindon kiyimlarini yechdi. Umr boʻyi doimo Bobil shohining dasturxonidan taom yedi. 34 Umrining oxirigacha Bobil shohi tarafidan kundalik ehtiyoji har doim qondirildi.
52–БОБ
Қуддус қулайди
1 Зидқиё йигирма бир ёшида шоҳ бўлди ва Қуддусда ўн бир йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Хамутал бўлиб, Либналик Еремиёнинг қизи эди. 2 Зидқиё ҳам, Ёҳайиқим каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилгани учун 3 Эгамиз Қуддус ва Яҳудо халқидан ғоят ғазабланган, оқибатда уларни Ўз ҳузуридан қувиб юборган эди.
Зидқиё Бобил шоҳига қарши исён кўтарди. 4 Зидқиё ҳукмронлигининг тўққизинчи йили ўнинчи ойининг ўнинчи кунида Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусга қарши бор лашкарини тортиб келиб, шаҳарни қамал қилди. Шаҳар девори атрофида қамал иншоотлари ясатди. 5 Шоҳ Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йилигача шаҳар қамалда қолди. 6 Тўртинчи ойнинг тўққизинчи куни шаҳарда очарчилик шу қадар кучайдики, халқ бир бурда нонга зор бўлди. 7 Бобилликлар Қуддус деворини ёриб кирдилар. Улар Қуддусни ҳар томондан қуршаб олишган бўлсалар–да, Яҳудо сипоҳлари шоҳ билан бирга қочиб кетдилар. Улар тунда саройнинг боғи яқинидаги икки девор орасидаги дарвозадан чиқиб, Иордан водийси томонга қочган эдилар. 8 Аммо Бобил сипоҳлари шоҳнинг орқасидан қувиб, Ерихо текислигида унга етиб олдилар. Бутун лашкар эса шоҳни ташлаб қочиб кетди.
9 Бобил сипоҳлари шоҳ Зидқиёни ушлаб, Хомат юртидаги Ривло шаҳрига , Бобил шоҳи ҳузурига олиб келдилар. Бобил шоҳи Зидқиёни ҳукм қилди. 10 Ривлода Зидқиёнинг кўзи олдида ҳамма ўғилларини, сўнг Яҳудо аъёнларини қатл қилди. 11 Зидқиёнинг эса кўзларини ўйиб, уни кишанлаб қўйди. Бобил шоҳи уни ўзи билан Бобилга олиб кетди. Зидқиё умрининг охиригача зиндонда ётди.
Маъбад вайрон бўлади
12 Бобил шоҳи Навухадназар ҳукмронлигининг ўн тўққизинчи йили бешинчи ойининг ўнинчи кунида Бобил шоҳи хизматидаги қўриқчилар сардори Набизарадон Қуддусга кирди. 13 У Эгамизнинг уйига, шоҳ саройига, ҳар бир ҳашаматли иморатга, Қуддусдаги ҳамма уйларга ўт қўйди. 14 Қўриқчилар сардори бошчилигида бутун Бобил лашкари Қуддус деворларини йиқитди. 15 Набизарадон баъзи қашшоқларни, шаҳарда тирик қолганларни, Бобил шоҳи томонга ўтган қочоқлару қолган–қутган ҳунармандларни асир қилиб олиб кетди. 16 Узумчилик ва деҳқончилик билан машғул бўлсинлар дея, ҳеч вақоси йўқ, қашшоқ одамлардан баъзиларинигина қолдирди, холос.
17 Бобилликлар Эгамизнинг уйидаги бронза устунларни, араваларни, бронза ҳовузни парчаладилар, бронзанинг ҳаммасини Бобилга олиб кетдилар. 18 Эгамизнинг уйида хизмат пайтида ишлатиладиган буюмларни — қозонларни, куракларни, қайчиларни, тоғорачалар ва куракчаларни, барча бронза ашёларни ҳам олиб кетдилар. 19 Қўриқчилар сардори Набизарадон олтин ва кумушдан ясалган тоғораларни, оловкуракларни, тоғорачаларни, товоқларни, чироқпояларни, куракчаларни ва шароб назри учун ишлатиладиган идишларни ҳам олиб кетди. 20 Эгамизнинг уйи учун шоҳ Сулаймон ясаттирган иккита устунга, ҳовузга, ҳовуз остидаги ўн иккита буқага ва араваларга беҳисоб бронза сарф қилинган эди. 21 Ҳар бир устуннинг баландлиги 18 тирсак, тевараги 12 тирсак эди. Устунларнинг ичи кавак бўлиб, деворларининг қалинлиги тўрт энли эди. 22 Иккала устуннинг тепасида биттадан устунқош бор эди. Устунқошларнинг баландлиги 5 тирсакдан , атрофлари бронзадан ясалган тўрсимон безак ва анор тасвири билан безатилган эди. 23 Устунқошнинг ҳар бир томонига тўқсон олтита анор тасвири туширилган эди. Тўрсимон безакдаги анорларнинг сони ҳаммаси бўлиб юзта эди.
Яҳудо халқи Бобилга сургун қилинади
24 Қўриқчилар сардори Набизарадон олий руҳоний Сараёни, ундан кейинги руҳоний Зафаниёни ва учта дарвозабонни ҳам асирга олди. 25 Қуддусда қолган сипоҳларнинг лашкарбошисини, шоҳнинг еттита шахсий маслаҳатчисини, халқни лашкар сафига ёзган лашкарбошининг котибини ва халқдан шаҳарда қолган олтмиш кишини ҳам банди қилди. 26 Уларнинг ҳаммасини Ривлога, Бобил шоҳи ҳузурига олиб келди. 27 Бобил шоҳи уларни Хомат юртида — Ривлода қатл қилди. Шундай қилиб, Яҳудо халқи ўз юртидан сургун бўлди.
28 Навухадназар сургун қилган халқнинг сони қуйидагичадир: ҳукмронлигининг еттинчи йили 3023 нафар яҳудийни, 29 ўн саккизинчи йили Қуддус аҳолисидан 832 нафар кишини, 30 йигирма учинчи йили қўриқчилар сардори Набизарадон Яҳудодан 745 нафар кишини сургун қилди. Ҳаммаси бўлиб сургун қилинган халқнинг сони 4600 киши эди.
31 Яҳудо шоҳи Ёҳайихин Бобилга сургун қилинганига ўттиз етти йил бўлганда, Бобил тахтига Эвилмардух ўтирди . Эвилмардух ўша йилнинг ўн иккинчи ойи йигирма бешинчи куни Яҳудо шоҳи Ёҳайихинга марҳамат қилиб, уни зиндондан олиб чиқди. 32 Унга яхши муносабатда бўлди, Бобилга сургун қилинган бошқа шоҳлардан кўра, баландроқ мартаба берди. 33 Шундай қилиб, Ёҳайихин зиндон кийимларини ечди. Умр бўйи доимо Бобил шоҳининг дастурхонидан таом еди. 34 Умрининг охиригача Бобил шоҳи тарафидан кундалик эҳтиёжи ҳар доим қондирилди.