21–BOB
1 Yohushafat olamdan oʻtdi. U ham Dovud qalʼasida, ota–bobolari yoniga dafn qilindi. Uning oʻrniga oʻgʻli Yohuram shoh boʻldi.
Yahudo shohi Yohuram
2 Yohuramning Ozariyo, Yoxiyol, Zakariyo, Ozariyohu, Mikoyil va Shafatiyo degan ukalari bor edi. Bularning hammasi shoh Yohushafatning oʻgʻillari edi. 3 Otasi ularga koʻp miqdorda oltinu kumush va qimmatbaho ashyolar bilan birga Yahudo yurtidagi mustahkam shaharlarni hadya etgan edi. Yohuramni esa, toʻngʻich oʻgʻil boʻlgani uchun taxt vorisi qilgan edi. 4 Yohuram otasi oʻrniga taxtga oʻtirib, oʻzini mustahkamlab olgandan keyin, ukalarining hammasini va Isroil aʼyonlaridan baʼzilarini qilichdan oʻtkazdi.
5 Yohuram Yahudo shohi boʻlganda, oʻttiz ikki yoshda edi. U Quddusda sakkiz yil hukmronlik qildi. 6 Xotini Axabning qizi boʻlgani uchun Yohuram ham, Axab xonadoni singari, Isroil shohlari yoʻlidan yurib, Egamiz oldida qabihliklar qildi. 7 Shunday boʻlsa–da, Dovudning xonadonini Egamiz halokatga uchratishni istamadi, chunki U Dovud bilan ahd qilib: “Sening naslingga to abad soʻnmaydigan chiroq beraman”, deb vaʼda qilgan edi .
Edomliklarning isyoni
8 Yohuram davrida Edom Yahudo shohligiga qarshi isyon qildi. Edom xalqi oʻzlarining mustaqil shohligini qurdilar. 9 Yohuram hamma lashkarboshilari va jang aravalarini Edomga boshlab bordi. Edom lashkari Yohuramni va uning jang aravalari sardorlarini oʻrab oldi, lekin Yohuram tunda hujum qilib, qamalni yorib chiqdi. 10 Oʻsha paytdan beri hozirgacha Edom xalqi Yahudo hukmronligidan ozoddir. Yohuram ota–bobolarining Xudosi — Egamizni tark etgani uchun Libna shahri ham oʻsha davrda isyon koʻtargan edi. 11 Yohuram Yahudo qirlarida sajdagohlar barpo qildi, u Yahudo va Quddus aholisini Xudoga bevafolik qilishga boshladi, ularni haq yoʻldan ozdirdi.
12 Oʻsha paytda Ilyos paygʻambar unga quyidagicha maktub yubordi:
“Bobong Dovudning Xudosi — Egamiz shunday demoqda: sen otang Yohushafatning yoʻlidan yurmading, Yahudo shohi Osoning izidan ham bormading, 13 balki Isroil shohlarining yoʻlidan yurding. Axab xonadoni Isroilni Menga bevafolik qilishga boshlaganday, sen ham Yahudo va Quddus aholisini Menga bevafolik qilishga boshlading. Sen hatto oʻz ukalaringni oʻldirding, ular sendan yaxshiroq edi. 14 Shu sababdan Men, Egangiz, sening xalqing, bolalaring, xotinlaring boshiga va butun mol–mulkingga ogʻir kulfat keltiraman. 15 Sen oʻzing esa ogʻir ichak xastaligiga yoʻliqasan. Ichak–chovoqlaring tashqariga chiqqunga qadar, xastaliging kundan–kunga kuchayib boraveradi.”
16 Egamiz Filistlarni va Habashiston yonida yashayotgan Arablarni Yohuramga qarshi qoʻzgʻatdi. 17 Ular Yahudoga bostirib kelib, shoh saroyidagi hamma boyliklarni, shohning oʻgʻillarini va xotinlarini olib ketdilar. Shohning Oxoziyodan boshqa oʻgʻli qolmadi. Oxoziyo shohning kenja oʻgʻli edi.
Shoh Yohuram xastalanib vafot etadi
18 Shundan keyin Egamiz shoh Yohuramni tuzalmas ichak xastaligiga yoʻliqtirdi. 19 Oradan ikki yil oʻtgach, Yohuramning xastaligi zoʻrayib, ichak–chovoqlari tashqariga chiqdi. Yohuram qattiq azob–uqubat tortib, vafot etdi. Odamlar Yohuramning ota–bobolari sharafiga gulxan yoqishgan boʻlsa–da, Yohuramning sharafiga gulxan yoqishmadi.
20 Yohuram taxtga oʻtirgan paytda oʻttiz ikki yoshda boʻlib, Quddusda sakkiz yil hukmronlik qildi. Uning oʻlimi uchun hech kim qaygʻurmadi. Garchi uni Dovud qalʼasiga dafn etgan boʻlsalar–da, shohlar qabriga dafn qilmadilar.
21–БОБ
1 Ёҳушафат оламдан ўтди. У ҳам Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ёҳурам шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Ёҳурам
2 Ёҳурамнинг Озариё, Ёхиёл, Закариё, Озариёҳу, Микойил ва Шафатиё деган укалари бор эди. Буларнинг ҳаммаси шоҳ Ёҳушафатнинг ўғиллари эди. 3 Отаси уларга кўп миқдорда олтину кумуш ва қимматбаҳо ашёлар билан бирга Яҳудо юртидаги мустаҳкам шаҳарларни ҳадя этган эди. Ёҳурамни эса, тўнғич ўғил бўлгани учун тахт вориси қилган эди. 4 Ёҳурам отаси ўрнига тахтга ўтириб, ўзини мустаҳкамлаб олгандан кейин, укаларининг ҳаммасини ва Исроил аъёнларидан баъзиларини қиличдан ўтказди.
5 Ёҳурам Яҳудо шоҳи бўлганда, ўттиз икки ёшда эди. У Қуддусда саккиз йил ҳукмронлик қилди. 6 Хотини Ахабнинг қизи бўлгани учун Ёҳурам ҳам, Ахаб хонадони сингари, Исроил шоҳлари йўлидан юриб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. 7 Шундай бўлса–да, Довуднинг хонадонини Эгамиз ҳалокатга учратишни истамади, чунки У Довуд билан аҳд қилиб: “Сенинг наслингга то абад сўнмайдиган чироқ бераман”, деб ваъда қилган эди .
Эдомликларнинг исёни
8 Ёҳурам даврида Эдом Яҳудо шоҳлигига қарши исён қилди. Эдом халқи ўзларининг мустақил шоҳлигини қурдилар. 9 Ёҳурам ҳамма лашкарбошилари ва жанг араваларини Эдомга бошлаб борди. Эдом лашкари Ёҳурамни ва унинг жанг аравалари сардорларини ўраб олди, лекин Ёҳурам тунда ҳужум қилиб, қамални ёриб чиқди. 10 Ўша пайтдан бери ҳозиргача Эдом халқи Яҳудо ҳукмронлигидан озоддир. Ёҳурам ота–боболарининг Худоси — Эгамизни тарк этгани учун Либна шаҳри ҳам ўша даврда исён кўтарган эди. 11 Ёҳурам Яҳудо қирларида саждагоҳлар барпо қилди, у Яҳудо ва Қуддус аҳолисини Худога бевафолик қилишга бошлади, уларни ҳақ йўлдан оздирди.
12 Ўша пайтда Илёс пайғамбар унга қуйидагича мактуб юборди:
“Бобонг Довуднинг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: сен отанг Ёҳушафатнинг йўлидан юрмадинг, Яҳудо шоҳи Осонинг изидан ҳам бормадинг, 13 балки Исроил шоҳларининг йўлидан юрдинг. Ахаб хонадони Исроилни Менга бевафолик қилишга бошлагандай, сен ҳам Яҳудо ва Қуддус аҳолисини Менга бевафолик қилишга бошладинг. Сен ҳатто ўз укаларингни ўлдирдинг, улар сендан яхшироқ эди. 14 Шу сабабдан Мен, Эгангиз, сенинг халқинг, болаларинг, хотинларинг бошига ва бутун мол–мулкингга оғир кулфат келтираман. 15 Сен ўзинг эса оғир ичак хасталигига йўлиқасан. Ичак–човоқларинг ташқарига чиққунга қадар, хасталигинг кундан–кунга кучайиб бораверади.”
16 Эгамиз Филистларни ва Ҳабашистон ёнида яшаётган Арабларни Ёҳурамга қарши қўзғатди. 17 Улар Яҳудога бостириб келиб, шоҳ саройидаги ҳамма бойликларни, шоҳнинг ўғилларини ва хотинларини олиб кетдилар. Шоҳнинг Охозиёдан бошқа ўғли қолмади. Охозиё шоҳнинг кенжа ўғли эди.
Шоҳ Ёҳурам хасталаниб вафот этади
18 Шундан кейин Эгамиз шоҳ Ёҳурамни тузалмас ичак хасталигига йўлиқтирди. 19 Орадан икки йил ўтгач, Ёҳурамнинг хасталиги зўрайиб, ичак–човоқлари ташқарига чиқди. Ёҳурам қаттиқ азоб–уқубат тортиб, вафот этди. Одамлар Ёҳурамнинг ота–боболари шарафига гулхан ёқишган бўлса–да, Ёҳурамнинг шарафига гулхан ёқишмади.
20 Ёҳурам тахтга ўтирган пайтда ўттиз икки ёшда бўлиб, Қуддусда саккиз йил ҳукмронлик қилди. Унинг ўлими учун ҳеч ким қайғурмади. Гарчи уни Довуд қалъасига дафн этган бўлсалар–да, шоҳлар қабрига дафн қилмадилар.