11–BOB
Dono kishining ishlari
1 Noningni suvga tashla, bir necha kundan keyin uni yana topasan. 2 Bu dunyoda qanday kulfat kelishini bilmaysan, shuning uchun narsalaringni yetti, hatto sakkiz kishiga boʻlib bergin .
3 Bulutlar toʻlganda, yerga yomgʻir yogʻadi, daraxt shimol tomonga yoki janub tomonga yiqilsa ham, oʻsha yiqilgan joyida yotaveradi. 4 Shamolni koʻrib qoʻrqqan hech qachon urugʻ ekmaydi, yomgʻirdan xavfsirab, bulutni kuzatgan hech qachon hosil oʻrmaydi. 5 Onaning bachadonidagi bolaga qanday qilib jon kirishini bilmaganingdek, hamma narsani sodir qiladigan Xudoning ishlarini bilmaysan. 6 Urugʻlaringni ertalab ekkin, kechqurun ham qoʻllaring boʻsh oʻtirmasin, chunki sen qaysi biri — unisimi yoki bunisimi yaxshi oʻsishini bilmaysan, balki ikkalasi ham yaxshi oʻsar.
Yoshlarga maslahat
7 Yorugʻlik lazzatlidir, quyoshni koʻrish koʻzlar uchun ham yoqimlidir. 8 Uzoq yillar yashaydiganlar ham har bir yashagan kunlaridan zavq olsin, hali koʻp qorongʻilik kunlari boʻlishini esda tutsin. Hamma keladigan narsalar yelday oʻtib ketadi . 9 Ey yigit, yoshligingda rohatlan, yuraging seni zavqlantirsin. Koʻngling orzu qilgan, koʻzlaring xohlagan ishni qilgin, lekin bilib qoʻy, har bir qilgan ishing uchun Xudo seni hukm qiladi. 10 Qaygʻurmagin, tanang ogʻriqni bilmasin, chunki yoshlik, hayot tongi yelday tez oʻtib ketadi.
11–БОБ
Доно кишининг ишлари
1 Нонингни сувга ташла, бир неча кундан кейин уни яна топасан. 2 Бу дунёда қандай кулфат келишини билмайсан, шунинг учун нарсаларингни етти, ҳатто саккиз кишига бўлиб бергин .
3 Булутлар тўлганда, ерга ёмғир ёғади, дарахт шимол томонга ёки жануб томонга йиқилса ҳам, ўша йиқилган жойида ётаверади. 4 Шамолни кўриб қўрққан ҳеч қачон уруғ экмайди, ёмғирдан хавфсираб, булутни кузатган ҳеч қачон ҳосил ўрмайди. 5 Онанинг бачадонидаги болага қандай қилиб жон киришини билмаганингдек, ҳамма нарсани содир қиладиган Худонинг ишларини билмайсан. 6 Уруғларингни эрталаб эккин, кечқурун ҳам қўлларинг бўш ўтирмасин, чунки сен қайси бири — унисими ёки бунисими яхши ўсишини билмайсан, балки иккаласи ҳам яхши ўсар.
Ёшларга маслаҳат
7 Ёруғлик лаззатлидир, қуёшни кўриш кўзлар учун ҳам ёқимлидир. 8 Узоқ йиллар яшайдиганлар ҳам ҳар бир яшаган кунларидан завқ олсин, ҳали кўп қоронғилик кунлари бўлишини эсда тутсин. Ҳамма келадиган нарсалар елдай ўтиб кетади . 9 Эй йигит, ёшлигингда роҳатлан, юрагинг сени завқлантирсин. Кўнглинг орзу қилган, кўзларинг хоҳлаган ишни қилгин, лекин билиб қўй, ҳар бир қилган ишинг учун Худо сени ҳукм қилади. 10 Қайғурмагин, тананг оғриқни билмасин, чунки ёшлик, ҳаёт тонги елдай тез ўтиб кетади.