19–BOB
Valiy Yohu Yohushafatga tanbeh beradi
1 Yahudo shohi Yohushafat Quddusdagi saroyiga sogʻ–salomat qaytib keldi. 2 Xonin oʻgʻli valiy Yohu shoh Yohushafat bilan uchrashgani borib, unga dedi:
— Qabihlarga yordam berib, Egamizdan nafratlanganlarni yaxshi koʻrish toʻgʻrimi? Qilgan bu ishing uchun Egamiz sendan gʻazablandi. 3 Shunga qaramay, sen yaxshi ishlar ham qilgansan. Sen Asheraning ustunlarini Yahudo yurtidan yoʻq qilgansan, butun yuraging bilan Xudoga intilishga qatʼiy qaror etgansan.
Shoh Yohushafatning islohotlari
4 Yohushafat Quddusda yashar edi. Biroq u tez–tez xalq orasiga chiqib, janubdagi Bershebadan tortib, to shimoldagi Efrayim qirlarigacha borar edi. Butun xalqni ota–bobolarining Xudosiga — Egamizga yuz burishga daʼvat etardi. 5 U Yahudodagi mustahkam shaharlarning har biriga hakamlar tayinlab, 6 ularga shunday koʻrsatma berdi:
— Hukm qilishda ehtiyot boʻlinglar, chunki sizlar inson nomidan emas, balki Egamiz nomidan hukm qilasiz. Hukm qilayotganingizda U sizlar bilan birga boʻladi. 7 Egamizdan qoʻrqing. Hukm chiqarganingizda ehtiyot boʻling, chunki Egamiz Xudo nohaqlikka, tarafkashligu poraga toqat qilmaydi.
8 Egamizning qonuni bilan bogʻliq boʻlgan hukmlarni chiqarish va odamlar orasidagi munozaralarni yechish uchun Yohushafat Quddusda baʼzi levilarni, ruhoniylarni va Isroil urugʻboshilarini tayinladi. Ular Quddusda yashardilar. 9 Yohushafat ularga shunday deb uqtirdi:
— Oʻz vazifangizni Egamizdan qoʻrqqan holda, sidqidildan, odilona bajaring. 10 Boshqa shaharda istiqomat qiladigan birodarlaringiz oldingizga qotillik yoki qonun, amr, farmon, qoidalar bilan bogʻliq boʻlgan daʼvolar bilan kelsa, ularni ogohlantiring, toki ular Egamizga qarshi gunoh qilib qoʻymasinlar, oʻzlarining va sizning boshingizga Egamizning qahrini keltirmasinlar. Shunday qilsangiz, aybdan xoli boʻlasizlar. 11 Sizlar Egamizning ishlari yuzasidan hamma hisobotni oliy ruhoniy Emoriyoga, shohning ishlari yuzasidan boʻlgan hisobotni esa Yahudo qabilasining boshligʻi Ismoil oʻgʻli Zabadiyoga berasizlar. Sud qarorlari amalga oshishini levilar nazorat qilib turadilar. Dadil boʻlinglar, toʻgʻri ish qilganga Xudo yor boʻlsin!
19–БОБ
Валий Ёҳу Ёҳушафатга танбеҳ беради
1 Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Қуддусдаги саройига соғ–саломат қайтиб келди. 2 Хонин ўғли валий Ёҳу шоҳ Ёҳушафат билан учрашгани бориб, унга деди:
— Қабиҳларга ёрдам бериб, Эгамиздан нафратланганларни яхши кўриш тўғрими? Қилган бу ишинг учун Эгамиз сендан ғазабланди. 3 Шунга қарамай, сен яхши ишлар ҳам қилгансан. Сен Ашеранинг устунларини Яҳудо юртидан йўқ қилгансан, бутун юрагинг билан Худога интилишга қатъий қарор этгансан.
Шоҳ Ёҳушафатнинг ислоҳотлари
4 Ёҳушафат Қуддусда яшар эди. Бироқ у тез–тез халқ орасига чиқиб, жанубдаги Бершебадан тортиб, то шимолдаги Эфрайим қирларигача борар эди. Бутун халқни ота–боболарининг Худосига — Эгамизга юз буришга даъват этарди. 5 У Яҳудодаги мустаҳкам шаҳарларнинг ҳар бирига ҳакамлар тайинлаб, 6 уларга шундай кўрсатма берди:
— Ҳукм қилишда эҳтиёт бўлинглар, чунки сизлар инсон номидан эмас, балки Эгамиз номидан ҳукм қиласиз. Ҳукм қилаётганингизда У сизлар билан бирга бўлади. 7 Эгамиздан қўрқинг. Ҳукм чиқарганингизда эҳтиёт бўлинг, чунки Эгамиз Худо ноҳақликка, тарафкашлигу порага тоқат қилмайди.
8 Эгамизнинг қонуни билан боғлиқ бўлган ҳукмларни чиқариш ва одамлар орасидаги мунозараларни ечиш учун Ёҳушафат Қуддусда баъзи левиларни, руҳонийларни ва Исроил уруғбошиларини тайинлади. Улар Қуддусда яшардилар. 9 Ёҳушафат уларга шундай деб уқтирди:
— Ўз вазифангизни Эгамиздан қўрққан ҳолда, сидқидилдан, одилона бажаринг. 10 Бошқа шаҳарда истиқомат қиладиган биродарларингиз олдингизга қотиллик ёки қонун, амр, фармон, қоидалар билан боғлиқ бўлган даъволар билан келса, уларни огоҳлантиринг, токи улар Эгамизга қарши гуноҳ қилиб қўймасинлар, ўзларининг ва сизнинг бошингизга Эгамизнинг қаҳрини келтирмасинлар. Шундай қилсангиз, айбдан холи бўласизлар. 11 Сизлар Эгамизнинг ишлари юзасидан ҳамма ҳисоботни олий руҳоний Эмориёга, шоҳнинг ишлари юзасидан бўлган ҳисоботни эса Яҳудо қабиласининг бошлиғи Исмоил ўғли Забадиёга берасизлар. Суд қарорлари амалга ошишини левилар назорат қилиб турадилар. Дадил бўлинглар, тўғри иш қилганга Худо ёр бўлсин!