36–BOB
1 Bazalil, Oxoliyov va boshqa hamma iqtidorli ustalar Egamiz amr etgan hamma ishlarni bajarsinlar. Muqaddas chodir yasashda talab qilingan har qanday xizmatni bajarishlari uchun Egamiz ularga mahorat va qobiliyat ato qilgan.”
2 Muso Bazalilni, Oxoliyovni va Egamiz qobiliyat ato qilgan hamma iqtidorli ustalarni, yuragi zavqqa toʻlgan odamlarni chaqirdi.
3 Muqaddas chodirni yasash uchun Isroil xalqi olib kelgan hamma nazrlarni Muso ustalarga berdi. Bulardan tashqari, xalq har kuni ertalab Musoga koʻngildan chiqarib nazrlar olib kelishardi. 4 Ishlarni bajarayotgan hamma ustalar yumushlarini tashlab, 5 Musoning oldiga kelib aytishdi:
— Egamiz bizga amr etgan ishlar uchun xalq keragidan ortiq olib kelyapti.
6 Shunda Muso: “Bironta erkak, ayol endi Muqaddas chodir uchun nazr olib kelmasin”, deb buyruq berdi. Uning buyrugʻi qarorgoh boʻylab eʼlon qilindi. Shundan keyin xalq nazr olib kelishni toʻxtatdi. 7 Xalqning olib kelgan nazrlari ishning hammasini bajarishga yetib, hatto ortib ham qolar edi.
Muqaddas chodir yasaladi
8 Ishlayotganlar orasidagi eng mohir odamlar Muqaddas chodirni yasadilar:
Chodirning ichki qavati
Mohir tikuvchilar Bazalilning koʻrsatmasi bilan Chodirning ichki qavatini qildilar. U mayin zigʻir matosidan tikilgan oʻnta choyshabdan iborat boʻldi. Koʻk, safsar va qirmizi iplar bilan karublar tasvirini mahorat bilan solib, bu choyshablarni bezatdilar. 9 Har bir choyshabning boʻyi yigirma sakkiz tirsak, eni toʻrt tirsak edi. Hamma choyshablarning oʻlchovi bir xil edi. 10 Ular choyshablardan beshtasining boʻyini bir–biri bilan birlashtirib tikdilar, qolgan beshtasini ham shunday qildilar. 11-12 Hosil boʻlgan ikki uzun boʻlak choyshabning boʻyiga koʻk matodan elliktadan halqa tikdilar. Har ikki tomonga tikilgan halqalar bir–biriga roʻparama–roʻpara edi. 13 Keyin oltindan ellikta ilgak yasadilar, ikkala choyshabning halqalarini ilgaklar bilan bir–biriga uladilar. Shunda Chodirning ichki qavati bir butun boʻldi .
Chodirning tashqi qoplamalari
14 Muqaddas chodirning qoplamasi uchun echki juni matosidan oʻn bitta choyshab tikdilar. 15 Har bitta choyshabning boʻyi oʻttiz tirsak, eni toʻrt tirsak edi. Oʻn bitta choyshabning hammasi bir oʻlchovda edi. 16 Choyshablardan beshtasining boʻyini bir–biri bilan birlashtirib tikdilar, qolgan oltitasini ham shunday qildilar. 17 Ulangan ikki boʻlak choyshabning bir boʻyiga elliktadan halqa tikdilar. 18 Keyin, Chodirning qoplamasi bir butun boʻlsin deb, ikkala choyshabni birlashtirish uchun bronzadan ellikta ilgak yasadilar. 19 Bu qoplama ustiga qoʻyish uchun qizilga boʻyalgan qoʻchqor terisidan qoplama, soʻng yumshoq teridan tashqi qoplama qildilar.
Chodirni tutib turadigan rom
20 Akas yogʻochidan Muqaddas chodirni tutib turadigan romlar yasadilar. 21 Har bir romning boʻyi oʻn tirsak, eni bir yarim tirsak edi. 22 Har bir romning ostida bir–biriga parallel boʻlgan ikkita tirgak yasadilar. 23 Chodirning janub tomonidagi devor uchun yigirmata rom yasadilar. 24 Bu romlar ostiga qoʻyish uchun kumushdan qirqta taglik — har bir rom uchun ikkitadan taglik qildilar, har bir tirgak ostida bitta taglik boʻldi. 25 Chodirning shimol tomonidagi devori uchun yigirmata rom yasadilar. 26 Har bir rom ostiga qoʻyish uchun ikkitadan, jami qirqta kumush taglik yasadilar. 27 Chodirning orqadagi — gʻarb tomonidagi devor uchun oltita rom, 28 Chodirning orqasida burchaklar hosil qilish uchun har ikki tomoniga yana bittadan rom yasadilar. 29 Bu ikkala romni pastdan va yuqoridan tutashgan devordagi oxirgi romga birlashtirdilar. Bitta burchak hosil qilishi uchun bitta halqa bilan yaxlit qilib birlashtirdilar. Har ikkala burchak shu yoʻl bilan hosil qilindi. 30 Shunday qilib, oʻn oltita kumush taglikka tayangan sakkizta romdan orqadagi devor qilindi, har bir rom ostiga qoʻyish uchun ikkitadan taglik yasaldi.
31 Muqaddas chodirning janub tomonidagi romlarni ushlab turish uchun akas yogʻochidan beshta tamba, 32 shimol tomonidagi romlarni ushlab turish uchun ham beshta tamba, orqa tomoni — gʻarb tomonidagi romlarni ushlab turish uchun ham beshta tamba yasadilar. 33 Romlarning yarmigacha oʻrnashtirilgan oʻrtadagi tambalar Chodirning boshidan oxirigacha choʻzildi. 34 Romlarni oltin bilan qopladilar, tambalarni ushlab turadigan oltin halqalarni romlarga birlashtirdilar , tambalarni ham oltin bilan qopladilar.
Chodirning ichki pardasi
35 Mayin zigʻir matosidan ichki pardani tikdilar. Pardaga koʻk, safsar va qirmizi iplar bilan karublar tasvirini mahorat bilan solib, uni bezatdilar. 36 Ichki parda ushlab turilishi uchun akas yogʻochidan toʻrtta ustun yasadilar. Ustunlarga oltin qoplab, ularga oltin ilgaklarni mahkamladilar. Ustunlar uchun eritilgan kumushdan toʻrtta taglik yasadilar.
Chodirning kirishidagi parda
37 Chodirga kirish joyi uchun mayin zigʻir matosidan pardani tikdilar. Parda ustiga koʻk, safsar va qirmizi iplardan mahorat bilan naqsh soldilar. 38 Bu parda ushlab turilishi uchun beshta ustun yasadilar. Ustunlarning tepasini va halqalarini oltin bilan qopladilar. Ustunlarning beshta tagligini esa bronzadan qildilar.
36–БОБ
1 Базалил, Охолиёв ва бошқа ҳамма иқтидорли усталар Эгамиз амр этган ҳамма ишларни бажарсинлар. Муқаддас чодир ясашда талаб қилинган ҳар қандай хизматни бажаришлари учун Эгамиз уларга маҳорат ва қобилият ато қилган.”
2 Мусо Базалилни, Охолиёвни ва Эгамиз қобилият ато қилган ҳамма иқтидорли усталарни, юраги завққа тўлган одамларни чақирди.
3 Муқаддас чодирни ясаш учун Исроил халқи олиб келган ҳамма назрларни Мусо усталарга берди. Булардан ташқари, халқ ҳар куни эрталаб Мусога кўнгилдан чиқариб назрлар олиб келишарди. 4 Ишларни бажараётган ҳамма усталар юмушларини ташлаб, 5 Мусонинг олдига келиб айтишди:
— Эгамиз бизга амр этган ишлар учун халқ керагидан ортиқ олиб келяпти.
6 Шунда Мусо: “Биронта эркак, аёл энди Муқаддас чодир учун назр олиб келмасин”, деб буйруқ берди. Унинг буйруғи қароргоҳ бўйлаб эълон қилинди. Шундан кейин халқ назр олиб келишни тўхтатди. 7 Халқнинг олиб келган назрлари ишнинг ҳаммасини бажаришга етиб, ҳатто ортиб ҳам қолар эди.
Муқаддас чодир ясалади
8 Ишлаётганлар орасидаги энг моҳир одамлар Муқаддас чодирни ясадилар:
Чодирнинг ички қавати
Моҳир тикувчилар Базалилнинг кўрсатмаси билан Чодирнинг ички қаватини қилдилар. У майин зиғир матосидан тикилган ўнта чойшабдан иборат бўлди. Кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан солиб, бу чойшабларни безатдилар. 9 Ҳар бир чойшабнинг бўйи йигирма саккиз тирсак, эни тўрт тирсак эди. Ҳамма чойшабларнинг ўлчови бир хил эди. 10 Улар чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тикдилар, қолган бештасини ҳам шундай қилдилар. 11-12 Ҳосил бўлган икки узун бўлак чойшабнинг бўйига кўк матодан элликтадан ҳалқа тикдилар. Ҳар икки томонга тикилган ҳалқалар бир–бирига рўпарама–рўпара эди. 13 Кейин олтиндан элликта илгак ясадилар, иккала чойшабнинг ҳалқаларини илгаклар билан бир–бирига уладилар. Шунда Чодирнинг ички қавати бир бутун бўлди .
Чодирнинг ташқи қопламалари
14 Муқаддас чодирнинг қопламаси учун эчки жуни матосидан ўн битта чойшаб тикдилар. 15 Ҳар битта чойшабнинг бўйи ўттиз тирсак, эни тўрт тирсак эди. Ўн битта чойшабнинг ҳаммаси бир ўлчовда эди. 16 Чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тикдилар, қолган олтитасини ҳам шундай қилдилар. 17 Уланган икки бўлак чойшабнинг бир бўйига элликтадан ҳалқа тикдилар. 18 Кейин, Чодирнинг қопламаси бир бутун бўлсин деб, иккала чойшабни бирлаштириш учун бронзадан элликта илгак ясадилар. 19 Бу қоплама устига қўйиш учун қизилга бўялган қўчқор терисидан қоплама, сўнг юмшоқ теридан ташқи қоплама қилдилар.
Чодирни тутиб турадиган ром
20 Акас ёғочидан Муқаддас чодирни тутиб турадиган ромлар ясадилар. 21 Ҳар бир ромнинг бўйи ўн тирсак, эни бир ярим тирсак эди. 22 Ҳар бир ромнинг остида бир–бирига параллель бўлган иккита тиргак ясадилар. 23 Чодирнинг жануб томонидаги девор учун йигирмата ром ясадилар. 24 Бу ромлар остига қўйиш учун кумушдан қирқта таглик — ҳар бир ром учун иккитадан таглик қилдилар, ҳар бир тиргак остида битта таглик бўлди. 25 Чодирнинг шимол томонидаги девори учун йигирмата ром ясадилар. 26 Ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан, жами қирқта кумуш таглик ясадилар. 27 Чодирнинг орқадаги — ғарб томонидаги девор учун олтита ром, 28 Чодирнинг орқасида бурчаклар ҳосил қилиш учун ҳар икки томонига яна биттадан ром ясадилар. 29 Бу иккала ромни пастдан ва юқоридан туташган девордаги охирги ромга бирлаштирдилар. Битта бурчак ҳосил қилиши учун битта ҳалқа билан яхлит қилиб бирлаштирдилар. Ҳар иккала бурчак шу йўл билан ҳосил қилинди. 30 Шундай қилиб, ўн олтита кумуш тагликка таянган саккизта ромдан орқадаги девор қилинди, ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан таглик ясалди.
31 Муқаддас чодирнинг жануб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун акас ёғочидан бешта тамба, 32 шимол томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба, орқа томони — ғарб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба ясадилар. 33 Ромларнинг ярмигача ўрнаштирилган ўртадаги тамбалар Чодирнинг бошидан охиригача чўзилди. 34 Ромларни олтин билан қопладилар, тамбаларни ушлаб турадиган олтин ҳалқаларни ромларга бирлаштирдилар , тамбаларни ҳам олтин билан қопладилар.
Чодирнинг ички пардаси
35 Майин зиғир матосидан ички пардани тикдилар. Пардага кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан солиб, уни безатдилар. 36 Ички парда ушлаб турилиши учун акас ёғочидан тўртта устун ясадилар. Устунларга олтин қоплаб, уларга олтин илгакларни маҳкамладилар. Устунлар учун эритилган кумушдан тўртта таглик ясадилар.
Чодирнинг киришидаги парда
37 Чодирга кириш жойи учун майин зиғир матосидан пардани тикдилар. Парда устига кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан нақш солдилар. 38 Бу парда ушлаб турилиши учун бешта устун ясадилар. Устунларнинг тепасини ва ҳалқаларини олтин билан қопладилар. Устунларнинг бешта таглигини эса бронзадан қилдилар.