17–BOB
1 Oxitofel Absalomga shunday dedi:
— Ijozat bersang, oʻn ikki ming kishini tanlab olaman, shu kechasiyoq otlanib, Dovudning orqasidan tushaman. 2 Dovud charchagan, holdan toygan, unga hujum qilib qoʻrqitsam, yonidagilarning hammasi qochib ketadi. Men faqat shoh Dovudni oʻldiraman, xolos. 3 Keyin jamiki xalqni sening ixtiyoringga qaytarib olib kelaman. Oʻzing qidirayotgan odamni topib oʻldirsang boʻldi — hamma senga bosh egadi, butun xalq tinchiydi.
4 Bu maslahat Absalomga ham, jamiki Isroil oqsoqollariga ham maʼqul keldi.
5 — Orux urugʻidan boʻlgan Xushay bor–ku, uni ham chaqirib kelinglar, — dedi Absalom, — u nimalar der ekan, eshitaylik–chi.
6 Xushay keldi.
— Oxitofel shunday–shunday maslahat berdi, — dedi Absalom. — Uning maslahatiga amal qilsak boʻladimi? Boʻlmasa, sen maslahat ber.
7 — Oxitofelning bu safargi maslahati yaxshi emas, — dedi Xushay Absalomga. 8 — Otang Dovud bilan uning odamlari mohir jangchilar ekanligini bilasan. Ular dashtda bolalaridan ayrilgan ayiqday gʻazabga minganlar. Otang tajribali jangchi, tunni lashkar yonida oʻtkazmaydi. 9 Shu paytda u birorta gʻorda yoki boshqa bir joyda yashirinib yuribdi. U Absalomning odamlaridan baʼzilarini birinchi hujumdayoq halok qilganda, bu haqda eshitgan har bir odam: “Absalomga ergashganlar tor–mor boʻldi”, deydi. 10 U paytda hatto sher yurakli bahodir yigitlar ham qoʻrquvga tushadi. Chunki Isroildagi har bir odam otangning jasurligini, jangchilarining ham botirligini biladi. 11 Senga maslahatim shu: Dandan Bershebagacha choʻzilgan joylardagi butun Isroil lashkari atrofingga toʻplansin. Axir, Isroil xalqi dengiz qirgʻogʻidagi qum singari son–sanoqsiz–ku! Ularni sen oʻzing jangga boshla. 12 Dovud qayerda yashirinib yurgan boʻlsa ham, unga qarshi yurish qilamiz, butun yer yuzini shudring qoplaganiday, biz ham uning ustiga bostirib boramiz. Dovudni ham, yonidagilarning birortasini ham tirik qoldirmaymiz. 13 Agar u biror shahardan boshpana topsa, hamma Isroil odamlari arqon olib, oʻsha shaharga borishadi. Shunda hammamiz birgalikda shaharni agʻdarib, bir dona toshini ham qoldirmay, soylikka tortib tushiramiz.
14 Absalomga qoʻshilib hamma bir ogʻizdan:
— Orux urugʻidan boʻlgan Xushayning maslahati Oxitofelning maslahatidan ancha maʼnili, — deyishdi. Sababi, Egamiz Absalomni kulfatga duchor qilish niyatida Oxitofelning yaxshi maslahatini behudaga chiqarishni moʻljallab qoʻygan edi.
Xushay Dovudga xabar beradi
15 Xushay ruhoniylar Zodoʻx bilan Abuatarga shunday dedi:
— Oxitofel Absalomga va Isroil oqsoqollariga unday maslahat berdi, men esa bunday maslahat berdim. 16 Sizlar hoziroq shu xabarni Dovudga yetkazinglar: bu kecha qirda — daryoning kechuvida tunamasin, hoziroq narigi qirgʻoqqa oʻtaversin . Boʻlmasa, shohning oʻzi ham, yonidagi odamlari ham qirilib ketadi.
17 Bu paytda Abuatar oʻgʻli Yoʻnatan bilan Zodoʻx oʻgʻli Oximas En–Roʻgʻol bulogʻida kutib turishardi. Bir choʻri qiz boʻlib oʻtgan gap–soʻzlarni ularga yetkazar, Yoʻnatan bilan Oximas esa eshitganlarini shoh Dovudga yetkazib turishardi. Oʻzlari tavakkal qilib shaharga kirolmas, birortasi koʻrib qolishi mumkin edi. 18 Lekin bir oʻspirin nogahon ularni koʻrib qoldi va Absalomga xabar berdi. Shundan keyin Yoʻnatan bilan Oximas tezda bu shahardan chiqib, Boxurim shahridagi bir odamning uyiga kelishdi. Oʻsha uyning hovlisida bir quduq bor edi. Yoʻnatan bilan Oximas quduqqa tushishdi. 19 Haligi odamning xotini quduq ogʻzini yopinchiq bilan berkitdi. Quyoshda quritayotganday boʻlib, ustiga boshoq yoyib qoʻydi. Shuning uchun hech kim, bu yerda odam bor, deb shubhalanmasdi. 20 Absalomning odamlari oʻsha uyga borib, ayoldan:
— Oximas bilan Yoʻnatanni koʻrmadingmi? — deb soʻrashdi.
— Irmoqning narigi tomoniga oʻtib ketishdi, — deb javob berdi ayol. Absalomning odamlari ularni qidirib ketishdi, lekin topa olmay Quddusga qaytishdi. 21 Ular ketgandan soʻng Oximas bilan Yoʻnatan quduqdan chiqishdi–da, boʻlib oʻtgan hodisalardan shoh Dovudni xabardor qilish uchun uning yoniga joʻnashdi.
— Qani, hoziroq daryoni kechib oʻtinglar, chunki Oxitofel sizlarga qarshi shunday–shunday maslahat berdi, — deyishdi ular shohga. 22 Shu zahoti Dovud hamma odamlarini ergashtirib, Iordan daryosini zudlik bilan kechib oʻtdi. Tong otganda, hamma Iordan daryosidan oʻtib boʻlgan, orqada birorta ham odam qolmagan edi.
23 Oxitofel bergan maslahati amalga oshmaganini koʻrib, eshagini egarlab joʻnadi. Oʻz shahriga — uyiga qaytib keldi. Ishlarini saranjom–sarishta qilib boʻlgandan keyin, oʻzini osib oʻldirdi. Uning jasadini ota–bobolarining xilxonasiga dafn qilishdi.
24 Absalom bilan Isroil lashkarining hammasi Iordan daryosini kechib oʻtishayotganda, Dovud Moxanayim shahriga yetib borgan edi. 25 Absalom Yoʻabning oʻrniga Emosani lashkarboshi qilib tayinlagandi. Emosa Yoʻabning jiyani boʻlib, Ismoil qavmidan Eter degan odamning oʻgʻli edi. Onasining ismi Obigayl boʻlib, Naxosh degan odamning qizi edi. Obigayl Zeruyaning singlisi, Zeruya Yoʻabning onasi edi. 26 Absalom va uning qoʻli ostidagi Isroil lashkari Gilad yerlarida qarorgoh qurishdi.
27-29 Dovud Moxanayimga borganda, uni bir necha odam kutib turardi. Ular Ommonlarning Rabba shahridan Naxosh oʻgʻli Shoʻvi, Loʻdavor shahridan Omiyol oʻgʻli Moxir va Roʻgʻolim shahridan Giladlik Borzulay edilar. Ular, odamlar choʻlda toliqqan, och qolib, chanqagandir, deb Dovud bilan uning odamlariga koʻrpa–toʻshaklar, kosalar, sopol idish–tovoqlar, bugʻdoy, arpa, kepakli un, qovurilgan don, loviya, yasmiq doni , asal, suzma, pishloq va qoʻylar olib kelishgan edi.
17–БОБ
1 Охитофел Абсаломга шундай деди:
— Ижозат берсанг, ўн икки минг кишини танлаб оламан, шу кечасиёқ отланиб, Довуднинг орқасидан тушаман. 2 Довуд чарчаган, ҳолдан тойган, унга ҳужум қилиб қўрқитсам, ёнидагиларнинг ҳаммаси қочиб кетади. Мен фақат шоҳ Довудни ўлдираман, холос. 3 Кейин жамики халқни сенинг ихтиёрингга қайтариб олиб келаман. Ўзинг қидираётган одамни топиб ўлдирсанг бўлди — ҳамма сенга бош эгади, бутун халқ тинчийди.
4 Бу маслаҳат Абсаломга ҳам, жамики Исроил оқсоқолларига ҳам маъқул келди.
5 — Орух уруғидан бўлган Хушай бор–ку, уни ҳам чақириб келинглар, — деди Абсалом, — у нималар дер экан, эшитайлик–чи.
6 Хушай келди.
— Охитофел шундай–шундай маслаҳат берди, — деди Абсалом. — Унинг маслаҳатига амал қилсак бўладими? Бўлмаса, сен маслаҳат бер.
7 — Охитофелнинг бу сафарги маслаҳати яхши эмас, — деди Хушай Абсаломга. 8 — Отанг Довуд билан унинг одамлари моҳир жангчилар эканлигини биласан. Улар даштда болаларидан айрилган айиқдай ғазабга минганлар. Отанг тажрибали жангчи, тунни лашкар ёнида ўтказмайди. 9 Шу пайтда у бирорта ғорда ёки бошқа бир жойда яшириниб юрибди. У Абсаломнинг одамларидан баъзиларини биринчи ҳужумдаёқ ҳалок қилганда, бу ҳақда эшитган ҳар бир одам: “Абсаломга эргашганлар тор–мор бўлди”, дейди. 10 У пайтда ҳатто шер юракли баҳодир йигитлар ҳам қўрқувга тушади. Чунки Исроилдаги ҳар бир одам отангнинг жасурлигини, жангчиларининг ҳам ботирлигини билади. 11 Сенга маслаҳатим шу: Дандан Бершебагача чўзилган жойлардаги бутун Исроил лашкари атрофингга тўплансин. Ахир, Исроил халқи денгиз қирғоғидаги қум сингари сон–саноқсиз–ку! Уларни сен ўзинг жангга бошла. 12 Довуд қаерда яшириниб юрган бўлса ҳам, унга қарши юриш қиламиз, бутун ер юзини шудринг қоплаганидай, биз ҳам унинг устига бостириб борамиз. Довудни ҳам, ёнидагиларнинг бирортасини ҳам тирик қолдирмаймиз. 13 Агар у бирор шаҳардан бошпана топса, ҳамма Исроил одамлари арқон олиб, ўша шаҳарга боришади. Шунда ҳаммамиз биргаликда шаҳарни ағдариб, бир дона тошини ҳам қолдирмай, сойликка тортиб туширамиз.
14 Абсаломга қўшилиб ҳамма бир оғиздан:
— Орух уруғидан бўлган Хушайнинг маслаҳати Охитофелнинг маслаҳатидан анча маънили, — дейишди. Сабаби, Эгамиз Абсаломни кулфатга дучор қилиш ниятида Охитофелнинг яхши маслаҳатини беҳудага чиқаришни мўлжаллаб қўйган эди.
Хушай Довудга хабар беради
15 Хушай руҳонийлар Зодўх билан Абуатарга шундай деди:
— Охитофел Абсаломга ва Исроил оқсоқолларига ундай маслаҳат берди, мен эса бундай маслаҳат бердим. 16 Сизлар ҳозироқ шу хабарни Довудга етказинглар: бу кеча қирда — дарёнинг кечувида тунамасин, ҳозироқ нариги қирғоққа ўтаверсин . Бўлмаса, шоҳнинг ўзи ҳам, ёнидаги одамлари ҳам қирилиб кетади.
17 Бу пайтда Абуатар ўғли Йўнатан билан Зодўх ўғли Охимас Эн–Рўғол булоғида кутиб туришарди. Бир чўри қиз бўлиб ўтган гап–сўзларни уларга етказар, Йўнатан билан Охимас эса эшитганларини шоҳ Довудга етказиб туришарди. Ўзлари таваккал қилиб шаҳарга киролмас, бирортаси кўриб қолиши мумкин эди. 18 Лекин бир ўспирин ногаҳон уларни кўриб қолди ва Абсаломга хабар берди. Шундан кейин Йўнатан билан Охимас тезда бу шаҳардан чиқиб, Бохурим шаҳридаги бир одамнинг уйига келишди. Ўша уйнинг ҳовлисида бир қудуқ бор эди. Йўнатан билан Охимас қудуққа тушишди. 19 Ҳалиги одамнинг хотини қудуқ оғзини ёпинчиқ билан беркитди. Қуёшда қуритаётгандай бўлиб, устига бошоқ ёйиб қўйди. Шунинг учун ҳеч ким, бу ерда одам бор, деб шубҳаланмасди. 20 Абсаломнинг одамлари ўша уйга бориб, аёлдан:
— Охимас билан Йўнатанни кўрмадингми? — деб сўрашди.
— Ирмоқнинг нариги томонига ўтиб кетишди, — деб жавоб берди аёл. Абсаломнинг одамлари уларни қидириб кетишди, лекин топа олмай Қуддусга қайтишди. 21 Улар кетгандан сўнг Охимас билан Йўнатан қудуқдан чиқишди–да, бўлиб ўтган ҳодисалардан шоҳ Довудни хабардор қилиш учун унинг ёнига жўнашди.
— Қани, ҳозироқ дарёни кечиб ўтинглар, чунки Охитофел сизларга қарши шундай–шундай маслаҳат берди, — дейишди улар шоҳга. 22 Шу заҳоти Довуд ҳамма одамларини эргаштириб, Иордан дарёсини зудлик билан кечиб ўтди. Тонг отганда, ҳамма Иордан дарёсидан ўтиб бўлган, орқада бирорта ҳам одам қолмаган эди.
23 Охитофел берган маслаҳати амалга ошмаганини кўриб, эшагини эгарлаб жўнади. Ўз шаҳрига — уйига қайтиб келди. Ишларини саранжом–саришта қилиб бўлгандан кейин, ўзини осиб ўлдирди. Унинг жасадини ота–боболарининг хилхонасига дафн қилишди.
24 Абсалом билан Исроил лашкарининг ҳаммаси Иордан дарёсини кечиб ўтишаётганда, Довуд Моханайим шаҳрига етиб борган эди. 25 Абсалом Йўабнинг ўрнига Эмосани лашкарбоши қилиб тайинлаганди. Эмоса Йўабнинг жияни бўлиб, Исмоил қавмидан Этер деган одамнинг ўғли эди. Онасининг исми Обигайл бўлиб, Нахош деган одамнинг қизи эди. Обигайл Зеруянинг синглиси, Зеруя Йўабнинг онаси эди. 26 Абсалом ва унинг қўли остидаги Исроил лашкари Гилад ерларида қароргоҳ қуришди.
27-29 Довуд Моханайимга борганда, уни бир неча одам кутиб турарди. Улар Оммонларнинг Рабба шаҳридан Нахош ўғли Шўви, Лўдавор шаҳридан Омиёл ўғли Мохир ва Рўғолим шаҳридан Гиладлик Борзулай эдилар. Улар, одамлар чўлда толиққан, оч қолиб, чанқагандир, деб Довуд билан унинг одамларига кўрпа–тўшаклар, косалар, сопол идиш–товоқлар, буғдой, арпа, кепакли ун, қовурилган дон, ловия, ясмиқ дони , асал, сузма, пишлоқ ва қўйлар олиб келишган эди.