21–BOB
Quddusning magʻlubiyati haqida bashorat
1 Shoh Zidqiyo Yeremiyo paygʻambarning oldiga Malkiyo oʻgʻli Peshxur va Masiyo oʻgʻli ruhoniy Zafaniyoni yubordi. Shunda Egamiz Oʻz soʻzini Yeremiyoga ayon qildi. Peshxur bilan Zafaniyo Yeremiyoga shunday dedilar: 2 “Oʻtinamiz, biz uchun Egamizga yolvor, chunki Bobil shohi Navuxadnazar bizga hujum qilyapti. Balki Egamiz avvalgidek moʻjizalar koʻrsatib, Navuxadnazarni orqaga chekintirar.”
3 Yeremiyo ularga shunday javob berdi: 4 “Borib, Zidqiyoga Isroil xalqining Xudosi — Egamizning shu soʻzlarini aytinglar: «Sizlar qoʻlingizga qurol olib, sizlarni qamal qilgan Bobil shohiga va Bobilliklarga qarshi jang qilyapsizlar. Ammo qoʻlingizdagi qurollaringizni Men Bobilliklarga emas, balki oʻzlaringizga qarshi ishlataman. Mana shu shahar — Quddus markazida qurollaringizni uyib tashlayman. 5 Men Oʻzim sizlarga qarshi chiqaman. Oʻz qudratu ajoyibotlarim bilan, qahru gʻazabim bilan sizlarga qarshi jang qilaman. 6 Bu shahar aholisini yoʻq qilaman. Odamlaru hayvonlar oʻlatdan nobud boʻladilar. 7 Shundan keyin Men Yahudo shohi Zidqiyoni, uning aʼyonlarini, shaharda urushdan, qahatchilikdan va oʻlatdan omon qolgan hamma odamlarni Bobil shohi Navuxadnazarning qoʻliga beraman, — deb aytmoqda Egamiz. — Ularda qasdi borlarga topshiraman, dushman qoʻliga beraman. Dushmanlar shahar aholisini shafqatsizlarcha qirib tashlaydilar. Bironta odamni ham ayamaydilar, ularga achinmaydilar, rahm qilmaydilar.»
8 Sizlar bu xalqqa borib aytinglar: «Egamiz demoqda: Men sizlarga ikki yoʻlni — hayot va oʻlim yoʻlini berdim. 9 Shaharda qolganlar qilich, qahatchilik va oʻlatdan nobud boʻladilar. Shahardan chiqib, Bobilliklarga taslim boʻlganlar esa tirik qoladilar. Bu odamlar hech boʻlmasa oʻz jonlarini saqlab qoladilar. 10 Men bu shaharga yaxshilik emas, kulfat keltirishga qaror qildim, — deb aytmoqda Egamiz. — Bu shaharni Bobil shohiga taslim qilib beraman. Navuxadnazar shaharga oʻt qoʻyadi.»
Yahudo shohining xonadoni jazolanadi
11 Yahudo shohining xonadoniga ham borib shunday aytinglar: «Egamizning soʻzini eshit, 12 ey Dovud sulolasi! Egamiz shunday demoqda:
Har kuni ertalabdan adolat qilinglar,
Jabrdiydalarni zoʻravonlar qoʻlidan qutqaringlar.
Aks holda, qilgan yovuzliklaringiz tufayli
Mening gʻazabim alanga oladi,
Bu gʻazabimni soʻndirishga hech kimning qurbi yetmaydi.
13 Ey vodiydagi qoya ustida qurilgan Quddus,
Men senga qarshiman!
— deb aytmoqda Egamiz. —
Sizlar aytasiz: ‘Kim ham bizga qarshi chiqa olardi?!
Kim ham qoʻrgʻonlarimizga kira olardi?!’
14 Men qilmishingizga yarasha jazoingizni beraman,
— deb aytmoqda Egamiz. —
Shohning saroyiga oʻt qoʻyaman,
Olov atrofdagi hamma narsani yondiradi.»”
21–БОБ
Қуддуснинг мағлубияти ҳақида башорат
1 Шоҳ Зидқиё Еремиё пайғамбарнинг олдига Малкиё ўғли Пешхур ва Масиё ўғли руҳоний Зафаниёни юборди. Шунда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди. Пешхур билан Зафаниё Еремиёга шундай дедилар: 2 “Ўтинамиз, биз учун Эгамизга ёлвор, чунки Бобил шоҳи Навухадназар бизга ҳужум қиляпти. Балки Эгамиз аввалгидек мўъжизалар кўрсатиб, Навухадназарни орқага чекинтирар.”
3 Еремиё уларга шундай жавоб берди: 4 “Бориб, Зидқиёга Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг шу сўзларини айтинглар: «Сизлар қўлингизга қурол олиб, сизларни қамал қилган Бобил шоҳига ва Бобилликларга қарши жанг қиляпсизлар. Аммо қўлингиздаги қуролларингизни Мен Бобилликларга эмас, балки ўзларингизга қарши ишлатаман. Мана шу шаҳар — Қуддус марказида қуролларингизни уйиб ташлайман. 5 Мен Ўзим сизларга қарши чиқаман. Ўз қудрату ажойиботларим билан, қаҳру ғазабим билан сизларга қарши жанг қиламан. 6 Бу шаҳар аҳолисини йўқ қиламан. Одамлару ҳайвонлар ўлатдан нобуд бўладилар. 7 Шундан кейин Мен Яҳудо шоҳи Зидқиёни, унинг аъёнларини, шаҳарда урушдан, қаҳатчиликдан ва ўлатдан омон қолган ҳамма одамларни Бобил шоҳи Навухадназарнинг қўлига бераман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Уларда қасди борларга топшираман, душман қўлига бераман. Душманлар шаҳар аҳолисини шафқатсизларча қириб ташлайдилар. Биронта одамни ҳам аямайдилар, уларга ачинмайдилар, раҳм қилмайдилар.»
8 Сизлар бу халққа бориб айтинглар: «Эгамиз демоқда: Мен сизларга икки йўлни — ҳаёт ва ўлим йўлини бердим. 9 Шаҳарда қолганлар қилич, қаҳатчилик ва ўлатдан нобуд бўладилар. Шаҳардан чиқиб, Бобилликларга таслим бўлганлар эса тирик қоладилар. Бу одамлар ҳеч бўлмаса ўз жонларини сақлаб қоладилар. 10 Мен бу шаҳарга яхшилик эмас, кулфат келтиришга қарор қилдим, — деб айтмоқда Эгамиз. — Бу шаҳарни Бобил шоҳига таслим қилиб бераман. Навухадназар шаҳарга ўт қўяди.»
Яҳудо шоҳининг хонадони жазоланади
11 Яҳудо шоҳининг хонадонига ҳам бориб шундай айтинглар: «Эгамизнинг сўзини эшит, 12 эй Довуд сулоласи! Эгамиз шундай демоқда:
Ҳар куни эрталабдан адолат қилинглар,
Жабрдийдаларни зўравонлар қўлидан қутқаринглар.
Акс ҳолда, қилган ёвузликларингиз туфайли
Менинг ғазабим аланга олади,
Бу ғазабимни сўндиришга ҳеч кимнинг қурби етмайди.
13 Эй водийдаги қоя устида қурилган Қуддус,
Мен сенга қаршиман!
— деб айтмоқда Эгамиз. —
Сизлар айтасиз: ‘Ким ҳам бизга қарши чиқа оларди?!
Ким ҳам қўрғонларимизга кира оларди?!’
14 Мен қилмишингизга яраша жазоингизни бераман,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
Шоҳнинг саройига ўт қўяман,
Олов атрофдаги ҳамма нарсани ёндиради.»”