17–BOB
Salonika shahrida
1 Pavlus bilan Silas Amfipolis va Apolloniya shaharlarini bosib oʻtib, Salonika shahriga keldilar. Bu shaharda yahudiylar sinagogasi bor edi. 2 Pavlus, oʻz odatiga koʻra, sinagogaga kirdi va uch hafta davomida Shabbat kunlari yahudiylar bilan munozara olib bordi. U Muqaddas bitiklar asosida 3 Masihning azob chekishi va oʻlikdan tirilishi kerakligini tushuntirib, isbotlab berdi. Soʻng: “Men sizlarga aytayotgan Iso oʻsha Masihdir”, dedi. 4 Yahudiylardan baʼzilari, shuningdek, Xudodan qoʻrqadigan koʻp gʻayriyahudiylar va yuqori martabali ayollarning koʻpchiligi Pavlus bilan Silasga ishonib, ularga qoʻshildilar. 5 Ammo ishonmagan yahudiylar hasadga toʻldilar va koʻchalardagi bekorchi daydilarni toʻplab, olomonni yigʻib, shaharda gʻalayon boshladilar. Ular: “Pavlus bilan Silasni qidirib topamiz, xalqning oldiga olib chiqamiz”, deb Yason degan odamning uyiga hujum qildilar. 6 Ammo ularni topa olishmadi. Soʻngra Yason bilan bir necha imonlilarni shahar amaldorlari huzuriga sudrab keldilar va shunday deya shovqin soldilar: “Anavi odamlar butun dunyoni ostin–ustin qilib, bizning shahrimizga ham kelibdilar. 7 Yason oʻsha odamlarga uyidan joy beribdi. Ularning hammasi, Iso degan boshqa shoh bor, deb Qaysarning farmonlariga qarshi chiqyaptilar.” 8 Xalq va shahar amaldorlari bu gaplarni eshitib, bezovtalanib qoldilar. 9 Ular Yason va boshqa imonlilardan garovga pul olib, ularni qoʻyib yubordilar.
Veriya shahrida
10 Qorongʻi tushgach, imonlilar Pavlus bilan Silasni Veriya shahriga joʻnatdilar. Ular shaharga kelib, yahudiylar sinagogasiga kirdilar. 11 Bu yerdagi yahudiylar Salonikadagi yahudiylarga qaraganda keng fikrli edilar. Ular zoʻr ishtiyoq bilan Iso haqidagi xabarni tinglashar, Pavlusning aytganlari haqiqat ekanini koʻrish uchun Muqaddas bitiklarni har kuni tadqiq etishardi. 12 Ularning koʻpchiligi shu boisdan imonga keldilar, shuningdek, gʻayriyahudiy erkaklaru yuqori martabali ayollarning koʻpchiligi ham imonga keldilar. 13 Ammo Salonikadagi yahudiylar, Pavlus Veriyada Xudoning kalomini vaʼz qilibdi degan gapni eshitganlarida, ular Veriyaga kelib, olomonni gijgijlab, qayradilar. 14 Shunda imonlilar Pavlusni zudlik bilan dengiz boʻyiga joʻnatib yubordilar. Silas bilan Timoʻtiy esa Veriyada qoldilar. 15 Pavlusni kuzatib ketganlar uni Afinagacha olib borib qoʻydilar . Ular Pavlusdan: “Silas bilan Timoʻtiy tezroq mening oldimga yetib kelsin” degan koʻrsatmani olganlaridan keyin Veriyaga qaytib ketdilar.
Pavlus Afinada
16 Pavlus Silas bilan Timoʻtiyni Afinada kutarkan, shahar butlarga toʻlib ketganini koʻrib, taʼbi juda xira boʻldi. 17 Pavlus sinagogada yahudiylar va Xudodan qoʻrqadigan gʻayriyahudiylarga dalillar keltirdi. Shuningdek, shahar maydonida har kuni duch kelgan odamlarga ham vaʼz qildi. 18 Bir necha epikurchi va stoik faylasuflar ham Pavlus bilan bahsga kirishishdi. Baʼzilari: “Bu mahmadona nima demoqchi?” desa, boshqalari: “U begona xudolar toʻgʻrisida vaʼz qilyapti”, der edi. Pavlus Iso toʻgʻrisidagi Xushxabarni va oʻliklardan tirilishni vaʼz qilayotgani uchun ular shunday deb aytardilar . 19 Ular Pavlusni ushlab, Aryopagus kengashiga olib bordilar va shunday dedilar: “Sen oʻrgatayotgan yangi taʼlimot nima ekanini biz ham bilishimiz mumkinmi? 20 Bu taʼlimoting bizga bir oz gʻalati tuyulyapti, shuning uchun bu nimani anglatishini bilmoqchimiz.” 21 (Hamma Afinaliklar va bu yerda yashayotgan musofirlar butun vaqtlarini oxirgi yangiliklarni aytib berish yoki eshitish bilan oʻtkazishni yaxshi koʻrishardi.)
22 Pavlus Aryopagus kengashining oldiga chiqib, shunday dedi: “Ey Afinaliklar! Sizlar har jihatdan gʻoyat dindor ekaningizni koʻrib turibman. 23 Men butun shaharni kezib chiqib, sizlarning sajdagohlaringizga diqqat bilan nazar tashladim. Men oʻsha narsalarning orasidan «Nomaʼlum xudoga» degan yozuv bitilgan qurbongohni koʻrdim. Oʻzlaringiz bilmasdan turib sajda qilayotgan Xudoni men sizlarga anglatay.
24 Olamni va undagi hamma narsalarni yaratgan Xudo yeru osmonning Egasi boʻlib, inson qoʻli bilan yasalgan sajdagohlarda yashamaydi. 25 Har qanday odamga jon, nafas va hamma narsani Uning Oʻzi bergan. Shuning uchun U insonning qoʻliga qarab qolmagan. U hech narsaga muhtoj emas. 26 Xudo bitta odamdan jamiki elatlarni yaratib, ularni butun yer yuziga joylashtirdi. U elatlarning hayoti vaqtini va ular istiqomat qiladigan joylarning chegaralarini belgilab berdi. 27 Xudo bularni, Meni qidirsinlar, paypaslanib boʻlsa–da, topsinlar deb qildi. Haqiqatan ham, U har birimizdan uzoqda emas. 28 Zotan, bir odamning aytishi boʻyicha : «Biz Unda yashaymiz, Unda harakat qilamiz va Unda mavjudmiz.» Sizning shoirlaringizdan biri shunday degan edi: «Biz ham Uning zurriyotimiz.»
29 Biz Xudoning zurriyotidan ekanmiz, Xudoni inson oʻz sanʼati va mahorati bilan shaklga solgan oltinga yoki kumushga, yo toshga oʻxshatmasligimiz kerak. 30 Xudo oʻtmishda insoniyatning johilligiga eʼtibor bermadi. Endi esa U hamma joydagi jamiki xalqlarga: «Tavba qilinglar!» deb amr bermoqda. 31 Chunki U dunyo xalqlarini Oʻzi tayinlagan Zot orqali adolat bilan hukm qiladigan kunni belgiladi. Oʻsha Zotni oʻlikdan tiriltirdi. Shu yoʻsinda jamiki insonlarga bu Zotning tayinlanganini isbot qildi.”
32 Ular Pavlusning oʻliklar tirilishi haqidagi gapini eshitganlarida, baʼzilar uni masxara qildi, ammo boshqalar: “Biz bu haqda yana sizning gaplaringizni eshitmoqchimiz”, dedilar. 33 Shunday qilib, Pavlus ularning oldidan ketdi. 34 Bir necha odam unga ergashib, imonga keldi. Imonga kelganlarning orasida Aryopagus kengashining aʼzosi Dionisis, Damara ismli ayol va boshqa odamlar ham bor edi.
17–БОБ
Салоника шаҳрида
1 Павлус билан Силас Амфиполис ва Аполлония шаҳарларини босиб ўтиб, Салоника шаҳрига келдилар. Бу шаҳарда яҳудийлар синагогаси бор эди. 2 Павлус, ўз одатига кўра, синагогага кирди ва уч ҳафта давомида Шаббат кунлари яҳудийлар билан мунозара олиб борди. У Муқаддас битиклар асосида 3 Масиҳнинг азоб чекиши ва ўликдан тирилиши кераклигини тушунтириб, исботлаб берди. Сўнг: “Мен сизларга айтаётган Исо ўша Масиҳдир”, деди. 4 Яҳудийлардан баъзилари, шунингдек, Худодан қўрқадиган кўп ғайрияҳудийлар ва юқори мартабали аёлларнинг кўпчилиги Павлус билан Силасга ишониб, уларга қўшилдилар. 5 Аммо ишонмаган яҳудийлар ҳасадга тўлдилар ва кўчалардаги бекорчи дайдиларни тўплаб, оломонни йиғиб, шаҳарда ғалаён бошладилар. Улар: “Павлус билан Силасни қидириб топамиз, халқнинг олдига олиб чиқамиз”, деб Ясон деган одамнинг уйига ҳужум қилдилар. 6 Аммо уларни топа олишмади. Сўнгра Ясон билан бир неча имонлиларни шаҳар амалдорлари ҳузурига судраб келдилар ва шундай дея шовқин солдилар: “Анави одамлар бутун дунёни остин–устин қилиб, бизнинг шаҳримизга ҳам келибдилар. 7 Ясон ўша одамларга уйидан жой берибди. Уларнинг ҳаммаси, Исо деган бошқа шоҳ бор, деб Қайсарнинг фармонларига қарши чиқяптилар.” 8 Халқ ва шаҳар амалдорлари бу гапларни эшитиб, безовталаниб қолдилар. 9 Улар Ясон ва бошқа имонлилардан гаровга пул олиб, уларни қўйиб юбордилар.
Верия шаҳрида
10 Қоронғи тушгач, имонлилар Павлус билан Силасни Верия шаҳрига жўнатдилар. Улар шаҳарга келиб, яҳудийлар синагогасига кирдилар. 11 Бу ердаги яҳудийлар Салоникадаги яҳудийларга қараганда кенг фикрли эдилар. Улар зўр иштиёқ билан Исо ҳақидаги хабарни тинглашар, Павлуснинг айтганлари ҳақиқат эканини кўриш учун Муқаддас битикларни ҳар куни тадқиқ этишарди. 12 Уларнинг кўпчилиги шу боисдан имонга келдилар, шунингдек, ғайрияҳудий эркаклару юқори мартабали аёлларнинг кўпчилиги ҳам имонга келдилар. 13 Аммо Салоникадаги яҳудийлар, Павлус Верияда Худонинг каломини ваъз қилибди деган гапни эшитганларида, улар Верияга келиб, оломонни гижгижлаб, қайрадилар. 14 Шунда имонлилар Павлусни зудлик билан денгиз бўйига жўнатиб юбордилар. Силас билан Тимўтий эса Верияда қолдилар. 15 Павлусни кузатиб кетганлар уни Афинагача олиб бориб қўйдилар . Улар Павлусдан: “Силас билан Тимўтий тезроқ менинг олдимга етиб келсин” деган кўрсатмани олганларидан кейин Верияга қайтиб кетдилар.
Павлус Афинада
16 Павлус Силас билан Тимўтийни Афинада кутаркан, шаҳар бутларга тўлиб кетганини кўриб, таъби жуда хира бўлди. 17 Павлус синагогада яҳудийлар ва Худодан қўрқадиган ғайрияҳудийларга далиллар келтирди. Шунингдек, шаҳар майдонида ҳар куни дуч келган одамларга ҳам ваъз қилди. 18 Бир неча эпикурчи ва стоик файласуфлар ҳам Павлус билан баҳсга киришишди. Баъзилари: “Бу маҳмадона нима демоқчи?” деса, бошқалари: “У бегона худолар тўғрисида ваъз қиляпти”, дер эди. Павлус Исо тўғрисидаги Хушхабарни ва ўликлардан тирилишни ваъз қилаётгани учун улар шундай деб айтардилар . 19 Улар Павлусни ушлаб, Арёпагус кенгашига олиб бордилар ва шундай дедилар: “Сен ўргатаётган янги таълимот нима эканини биз ҳам билишимиз мумкинми? 20 Бу таълимотинг бизга бир оз ғалати туюляпти, шунинг учун бу нимани англатишини билмоқчимиз.” 21 (Ҳамма Афиналиклар ва бу ерда яшаётган мусофирлар бутун вақтларини охирги янгиликларни айтиб бериш ёки эшитиш билан ўтказишни яхши кўришарди.)
22 Павлус Арёпагус кенгашининг олдига чиқиб, шундай деди: “Эй Афиналиклар! Сизлар ҳар жиҳатдан ғоят диндор эканингизни кўриб турибман. 23 Мен бутун шаҳарни кезиб чиқиб, сизларнинг саждагоҳларингизга диққат билан назар ташладим. Мен ўша нарсаларнинг орасидан «Номаълум худога» деган ёзув битилган қурбонгоҳни кўрдим. Ўзларингиз билмасдан туриб сажда қилаётган Худони мен сизларга англатай.
24 Оламни ва ундаги ҳамма нарсаларни яратган Худо еру осмоннинг Эгаси бўлиб, инсон қўли билан ясалган саждагоҳларда яшамайди. 25 Ҳар қандай одамга жон, нафас ва ҳамма нарсани Унинг Ўзи берган. Шунинг учун У инсоннинг қўлига қараб қолмаган. У ҳеч нарсага муҳтож эмас. 26 Худо битта одамдан жамики элатларни яратиб, уларни бутун ер юзига жойлаштирди. У элатларнинг ҳаёти вақтини ва улар истиқомат қиладиган жойларнинг чегараларини белгилаб берди. 27 Худо буларни, Мени қидирсинлар, пайпасланиб бўлса–да, топсинлар деб қилди. Ҳақиқатан ҳам, У ҳар биримиздан узоқда эмас. 28 Зотан, бир одамнинг айтиши бўйича : «Биз Унда яшаймиз, Унда ҳаракат қиламиз ва Унда мавжудмиз.» Сизнинг шоирларингиздан бири шундай деган эди: «Биз ҳам Унинг зурриётимиз.»
29 Биз Худонинг зурриётидан эканмиз, Худони инсон ўз санъати ва маҳорати билан шаклга солган олтинга ёки кумушга, ё тошга ўхшатмаслигимиз керак. 30 Худо ўтмишда инсониятнинг жоҳиллигига эътибор бермади. Энди эса У ҳамма жойдаги жамики халқларга: «Тавба қилинглар!» деб амр бермоқда. 31 Чунки У дунё халқларини Ўзи тайинлаган Зот орқали адолат билан ҳукм қиладиган кунни белгилади. Ўша Зотни ўликдан тирилтирди. Шу йўсинда жамики инсонларга бу Зотнинг тайинланганини исбот қилди.”
32 Улар Павлуснинг ўликлар тирилиши ҳақидаги гапини эшитганларида, баъзилар уни масхара қилди, аммо бошқалар: “Биз бу ҳақда яна сизнинг гапларингизни эшитмоқчимиз”, дедилар. 33 Шундай қилиб, Павлус уларнинг олдидан кетди. 34 Бир неча одам унга эргашиб, имонга келди. Имонга келганларнинг орасида Арёпагус кенгашининг аъзоси Дионисис, Дамара исмли аёл ва бошқа одамлар ҳам бор эди.