5–BOB
Bilmasdan qilingan gunohlar
1 Quyidagi vaziyatlarda gunoh qurbonligi keltirilishi shart: agar orangizdagi biror kishi guvohlik berish uchun mahkamaga chaqirilsa–yu, koʻrgan yoki bilgan hodisa haqida guvohlik berishdan boʻyin tovlasa, u jazoga tortilsin. 2 Birontangiz harom narsaga — yovvoyi hayvonning, chorvaning yoki sudralib yuruvchining murdasiga qoʻl tekkizsangiz–u, harom boʻlganingizni bilmasangiz, siz baribir aybdor hisoblanasiz. 3 Bordi–yu, insonning biror nopokligiga qoʻl tekkizsangiz–u, harom boʻlganingizni bilmasangiz, qilib qoʻygan ishingizni anglaganingizdan keyin aybdor hisoblanasiz. 4 Agar birortangiz bilmay turib, shoshilganingizdan yaxshi yoki yomon niyatda qasam ichib qoʻysangiz, qilib qoʻygan ishingizni anglaganingizdan keyin aybdor hisoblanasiz. 5 Aytilganlarning birortasida oʻzingizni aybdor deb topsangiz, qilgan gunohingizni eʼtirof eting. 6 Qilgan gunohingizning toʻlovi sifatida suruvingizdagi qoʻy yoki echkini Egamizga gunoh qurbonligi qilish uchun olib keling. Ruhoniy qurbonlik qilib, sizni gunohdan poklasin.
7 Bordi–yu, qoʻyni qurbonlik qilishga qurbingiz yetmasa, gunohingiz toʻlovi sifatida ikkita kaptar yoki ikkita musichani Egamizga olib keling. Qushning bittasi gunoh qurbonligi, ikkinchisi kuydiriladigan qurbonlik qilinsin. 8 Qushlarni ruhoniyga olib keling. Ruhoniy qushlardan birini gunoh qurbonligi uchun olib, qushning boʻynini qayirib sindirsin, lekin boshini uzib tashlamasin. 9 Soʻng gunoh qurbonligining qonidan qurbongohning yon tomoniga sepsin, qonning qolganini esa qurbongohning yoniga toʻksin. Bu gunoh qurbonligidir. 10 Qushning ikkinchisini esa qoidaga binoan kuydiriladigan qurbonlik qilsin. Shu tariqa ruhoniy sizni gunohingizdan poklaydi, qilgan gunohingiz kechiriladi.
11 Ikkita kaptar yoki ikkita musichani qurbonlik qilishga qurbingiz yetmasa, qilgan gunohingiz uchun toʻrt kosa sifatli unni gunoh nazri uchun olib keling. Unga zaytun moyidan qoʻshmang, ustiga xushboʻy tutatqidan ham qoʻymang, zotan, bu gunoh uchun keltiriladigan nazrdir. 12 Nazringizni ruhoniyga olib keling. Ruhoniy unning bir hovuchini olib, Egamizga atab, olovda kuydiriladigan nazrlar bilan birga qurbongoh ustida kuydirsin. Bunday qilish, unning hammasi Xudoga tegishli ekanini bildiradi. 13 Shu tariqa ruhoniy sizni qilgan har qanday gunohingizdan poklaydi, shunda gunohingiz kechiriladi. Gunoh nazrining ortib qolgan qismi don nazri singari, ruhoniyga tegishlidir.
Zararni qoplaydigan qurbonliklar
14 Egamiz Musoga quyidagi qoidalarni berdi: 15 agar birortangiz bilmagan holda gunoh qilib, ehsonlarga oid koʻrsatmalarni buzib qoʻysangiz, ayb qurbonligini keltiring. Ayb qurbonligi sifatida Egamizga nuqsonsiz bir qoʻchqorni yoki qoʻchqorning qiymatiga yarasha kumushni olib keling . Bu ayb qurbonligidir. 16 Ehsonlarga keltirgan zararni qoplashingiz uchun ruhoniyga tovon toʻlang. Buning ustiga ehson qiymatining beshdan bir qismini qoʻshib bering. Ruhoniy qoʻchqorni ayb qurbonligi qilib, sizni gunohingizdan poklaydi, shunda gunohingiz kechiriladi.
17 Agar birortangiz Egamizning amriga koʻra taqiqlangan biror ishni bilmasdan qilib qoʻyib, gunoh orttirib olsangiz, qilgan ishingizni anglaganingizdan keyin jazoga loyiq hisoblanasiz. 18 Bunday holda ruhoniyga ayb qurbonligi sifatida nuqsonsiz bir qoʻchqorni yoki qoʻchqorning qiymatiga yarasha kumushni olib keling. Ruhoniy sizni gunohingizdan poklaydi, shunda bilmasdan qilib qoʻygan gunohingiz kechiriladi. 19 Bu ayb qurbonligidir. Siz haqiqatan ham, Egamizning oldida aybli ish qilib qoʻygan edingiz.
5–БОБ
Билмасдан қилинган гуноҳлар
1 Қуйидаги вазиятларда гуноҳ қурбонлиги келтирилиши шарт: агар орангиздаги бирор киши гувоҳлик бериш учун маҳкамага чақирилса–ю, кўрган ёки билган ҳодиса ҳақида гувоҳлик беришдан бўйин товласа, у жазога тортилсин. 2 Биронтангиз ҳаром нарсага — ёввойи ҳайвоннинг, чорванинг ёки судралиб юрувчининг мурдасига қўл теккизсангиз–у, ҳаром бўлганингизни билмасангиз, сиз барибир айбдор ҳисобланасиз. 3 Борди–ю, инсоннинг бирор нопоклигига қўл теккизсангиз–у, ҳаром бўлганингизни билмасангиз, қилиб қўйган ишингизни англаганингиздан кейин айбдор ҳисобланасиз. 4 Агар бирортангиз билмай туриб, шошилганингиздан яхши ёки ёмон ниятда қасам ичиб қўйсангиз, қилиб қўйган ишингизни англаганингиздан кейин айбдор ҳисобланасиз. 5 Айтилганларнинг бирортасида ўзингизни айбдор деб топсангиз, қилган гуноҳингизни эътироф этинг. 6 Қилган гуноҳингизнинг тўлови сифатида сурувингиздаги қўй ёки эчкини Эгамизга гуноҳ қурбонлиги қилиш учун олиб келинг. Руҳоний қурбонлик қилиб, сизни гуноҳдан покласин.
7 Борди–ю, қўйни қурбонлик қилишга қурбингиз етмаса, гуноҳингиз тўлови сифатида иккита каптар ёки иккита мусичани Эгамизга олиб келинг. Қушнинг биттаси гуноҳ қурбонлиги, иккинчиси куйдириладиган қурбонлик қилинсин. 8 Қушларни руҳонийга олиб келинг. Руҳоний қушлардан бирини гуноҳ қурбонлиги учун олиб, қушнинг бўйнини қайириб синдирсин, лекин бошини узиб ташламасин. 9 Сўнг гуноҳ қурбонлигининг қонидан қурбонгоҳнинг ён томонига сепсин, қоннинг қолганини эса қурбонгоҳнинг ёнига тўксин. Бу гуноҳ қурбонлигидир. 10 Қушнинг иккинчисини эса қоидага биноан куйдириладиган қурбонлик қилсин. Шу тариқа руҳоний сизни гуноҳингиздан поклайди, қилган гуноҳингиз кечирилади.
11 Иккита каптар ёки иккита мусичани қурбонлик қилишга қурбингиз етмаса, қилган гуноҳингиз учун тўрт коса сифатли унни гуноҳ назри учун олиб келинг. Унга зайтун мойидан қўшманг, устига хушбўй тутатқидан ҳам қўйманг, зотан, бу гуноҳ учун келтириладиган назрдир. 12 Назрингизни руҳонийга олиб келинг. Руҳоний уннинг бир ҳовучини олиб, Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган назрлар билан бирга қурбонгоҳ устида куйдирсин. Бундай қилиш, уннинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. 13 Шу тариқа руҳоний сизни қилган ҳар қандай гуноҳингиздан поклайди, шунда гуноҳингиз кечирилади. Гуноҳ назрининг ортиб қолган қисми дон назри сингари, руҳонийга тегишлидир.
Зарарни қоплайдиган қурбонликлар
14 Эгамиз Мусога қуйидаги қоидаларни берди: 15 агар бирортангиз билмаган ҳолда гуноҳ қилиб, эҳсонларга оид кўрсатмаларни бузиб қўйсангиз, айб қурбонлигини келтиринг. Айб қурбонлиги сифатида Эгамизга нуқсонсиз бир қўчқорни ёки қўчқорнинг қийматига яраша кумушни олиб келинг . Бу айб қурбонлигидир. 16 Эҳсонларга келтирган зарарни қоплашингиз учун руҳонийга товон тўланг. Бунинг устига эҳсон қийматининг бешдан бир қисмини қўшиб беринг. Руҳоний қўчқорни айб қурбонлиги қилиб, сизни гуноҳингиздан поклайди, шунда гуноҳингиз кечирилади.
17 Агар бирортангиз Эгамизнинг амрига кўра тақиқланган бирор ишни билмасдан қилиб қўйиб, гуноҳ орттириб олсангиз, қилган ишингизни англаганингиздан кейин жазога лойиқ ҳисобланасиз. 18 Бундай ҳолда руҳонийга айб қурбонлиги сифатида нуқсонсиз бир қўчқорни ёки қўчқорнинг қийматига яраша кумушни олиб келинг. Руҳоний сизни гуноҳингиздан поклайди, шунда билмасдан қилиб қўйган гуноҳингиз кечирилади. 19 Бу айб қурбонлигидир. Сиз ҳақиқатан ҳам, Эгамизнинг олдида айбли иш қилиб қўйган эдингиз.