9–BOB
Shava malikasi Quddusga tashrif buyuradi
1 Shava malikasi Sulaymonning dongʻini eshitgach, Quddusga keldi. U Sulaymonga topishmoqlar aytib sinab koʻrmoqchi edi. Malika oʻzi bilan juda koʻp miqdorda oltin va qimmatbaho toshlar, xushboʻy ziravorlar yuklangan katta karvonni boshlab kelgan edi. Malika Sulaymonning huzuriga kirgach, koʻnglida nima boʻlsa, hammasini unga aytdi. 2 Sulaymon malikaning hamma savollariga javob berdi, malikaning bironta savoliga javob berishda qiynalmadi. 3 Shava malikasi Sulaymonning donoligini, u qurgan saroyni, 4 dasturxonidagi noz–neʼmatlarni, xizmatkorlarining yashash sharoitlarini, shoh soqiylariyu bakovullarini hamda ularning xizmat liboslarini, Egamizning uyida shoh Sulaymon kuydirib, nazr qilgan qurbonliklarni koʻrdi. Malika gʻoyat hayratlanib, 5 shohga dedi:
— Sizning ishlaringiz, donoligingiz haqida yurtimda eshitganlarim toʻgʻri ekan. 6 Kelib oʻz koʻzlarim bilan koʻrmagunimcha, gap–soʻzlarga ishonmagan edim. Menga donoligingizning hatto yarmini ham aytishmagan ekan. Men eshitgandan ham ortiq boʻlib chiqdingiz! 7 Naqadar baxtiyordir odamlaringiz! Omadlidir xizmatkorlaringiz! Ular doimo huzuringizda boʻlib, donoligingizdan bahra olishar. 8 Sizdan mamnun boʻlib, Oʻz vakili sifatida sizni Isroil taxti uzra oʻtqazgan Egangiz Xudoga hamdu sanolar boʻlsin. U Isroilni to abad sevgani uchun adolat va toʻgʻrilik bilan hukm etsin deb, sizni shoh qilgan ekan.
9 Malika Sulaymonga 250 pud oltin, behisob xushboʻy ziravorlar va qimmatbaho toshlar hadya qildi. Shava malikasi hadya qilgan xushboʻy ziravorlarning sifati shu qadar yuqori ediki, ularga teng keladigani yoʻq edi.
10 Xiram bilan Sulaymonning Ofirdan oltin olib kelgan xizmatkorlari sandal daraxti yogʻochlari va qimmatbaho toshlarni ham keltirgandilar. 11 Shoh oʻsha yogʻochlardan Egamizning uyi uchun ham, shoh saroyi uchun ham zinalar, musiqachilar uchun lira va arfalar yasattirdi. Bularga oʻxshaganini Yahudo yurtida hech kim hech qachon koʻrmagan.
12 Shoh Sulaymon Shava malikasiga istaganini va soʻraganining hammasini muhayyo qildi, malikaga olib kelganidan ham ziyodroq narsa berdi. Shundan keyin malika hamma odamlarini ergashtirib oʻz yurtiga joʻnab ketdi.
Shoh Sulaymonning boyligi
13 Har yili Sulaymonga kelib turadigan oltinning ogʻirligi 1425 pud edi. 14 Odamlar va savdogarlarning oldi–sotdisidan olinadigan soliq bunga kirmasdi. Arab shohlari va Isroil hokimlari ham Sulaymonga oltin, kumush olib kelishardi. 15 Shoh Sulaymon oltindan ikki yuzta katta qalqon yasattirdi. Har bir qalqonni yasashga yarim pud oltin sarf boʻldi. 16 Yana oltindan uch yuzta kichik qalqon ham yasattirdi. Har bir qalqon uchun 400 misqol oltin sarflandi. Shoh bu qalqonlarni “Lubnon oʻrmoni” degan uyiga qoʻydi.
17 U yana fil suyagidan katta taxt yasatib, uni toza oltin bilan qoplatdi. 18 Taxtning oltita pogʻonasi va oʻrindiqqa ulangan oltin oyoq kursisi bor edi. Oʻrindiqning ikki tomonida tirsagi bor edi. Tirsaklarning yonida ikkita sher tasviri turardi. 19 Har bir pogʻonaning ikki chekkasida ham bittadan sher tasviri boʻlib, taxtning olti pogʻonasida jami oʻn ikkita sher tasviri bor edi. Bunday taxt boshqa birorta shohlikda boʻlmagan edi. 20 Shoh Sulaymonning ichimlik ichadigan hamma idishlari oltindan, “Lubnon oʻrmoni” degan uyidagi hamma idishlar ham toza oltindan edi. Sulaymon davrida kumush arzimas narsa boʻlib qolgan edi. 21 Dengizda, Xiramning kemalari qatorida, Sulaymonning ham savdo kemalari boʻlib, bu kemalar har uch yilda oltin, kumush, fil suyagi, turli–tuman maymunlar olib qaytardi.
22 Shunday qilib, Sulaymon boylikda ham, donolikda ham yer yuzidagi hamma shohlardan oʻtib ketdi. 23 Sulaymonga Xudo bergan donolikni eshitmoq uchun yer yuzidagi hamma shohlar uning oldiga kelgani oshiqardi. 24 Kelganlarning har biri kumush va oltin idishlar, kiyim, qurol–aslaha, xushboʻy ziravorlar, ot va xachirlar hadya qilib olib kelar edi. Bunday hol yillab davom etardi.
25 Sulaymonning otlari va jang aravalari uchun 4000 ta otxonasi, bulardan tashqari, 12.000 ta uchqur oti ham bor edi. Sulaymon otlarning bir qismini aravalar saqlanadigan shaharlarga, ikkinchi qismini oʻz yoniga — Quddusga joylashtirgan edi. 26 U Furot daryosidan to Filistlar yeriga qadar va Misr chegaralariga qadar boʻlgan hamma shohlar ustidan hukmronlik qilardi. 27 Uning hukmronligi davrida Quddusda kumush koʻchadagi toshday koʻp edi. Sadr yogʻochlari ham xuddi Yahudo qir etaklarida oʻsadigan oddiy shikamora–anjir daraxtiday serob edi. 28 Shohning savdogarlari Sulaymon uchun Misrdan va boshqa barcha yurtlardan otlar olib kelishardi.
Sulaymonning oʻlimi
29 Sulaymonning boshqa ishlari boshdan oxirigacha Natan paygʻambarning tarix kitobida, Shiloʻlik Oxiyoning bashoratlarida va valiy Yiddoning vahiylarida bayon etilgan. Valiy Yiddoning vahiylarida Nabat oʻgʻli Yeribom hukmronligi toʻgʻrisida ham yozilgan. 30 Sulaymon Quddusda butun Isroil ustidan hukmdor edi. Uning hukmronligi qirq yil davom etdi. 31 Sulaymon olamdan oʻtdi. U otasi Dovud qalʼasida, ota–bobolari yoniga dafn qilindi. Uning oʻrniga oʻgʻli Raxabom shoh boʻldi.
9–БОБ
Шава маликаси Қуддусга ташриф буюради
1 Шава маликаси Сулаймоннинг донғини эшитгач, Қуддусга келди. У Сулаймонга топишмоқлар айтиб синаб кўрмоқчи эди. Малика ўзи билан жуда кўп миқдорда олтин ва қимматбаҳо тошлар, хушбўй зираворлар юкланган катта карвонни бошлаб келган эди. Малика Сулаймоннинг ҳузурига киргач, кўнглида нима бўлса, ҳаммасини унга айтди. 2 Сулаймон маликанинг ҳамма саволларига жавоб берди, маликанинг биронта саволига жавоб беришда қийналмади. 3 Шава маликаси Сулаймоннинг донолигини, у қурган саройни, 4 дастурхонидаги ноз–неъматларни, хизматкорларининг яшаш шароитларини, шоҳ соқийларию баковулларини ҳамда уларнинг хизмат либосларини, Эгамизнинг уйида шоҳ Сулаймон куйдириб, назр қилган қурбонликларни кўрди. Малика ғоят ҳайратланиб, 5 шоҳга деди:
— Сизнинг ишларингиз, донолигингиз ҳақида юртимда эшитганларим тўғри экан. 6 Келиб ўз кўзларим билан кўрмагунимча, гап–сўзларга ишонмаган эдим. Менга донолигингизнинг ҳатто ярмини ҳам айтишмаган экан. Мен эшитгандан ҳам ортиқ бўлиб чиқдингиз! 7 Нақадар бахтиёрдир одамларингиз! Омадлидир хизматкорларингиз! Улар доимо ҳузурингизда бўлиб, донолигингиздан баҳра олишар. 8 Сиздан мамнун бўлиб, Ўз вакили сифатида сизни Исроил тахти узра ўтқазган Эгангиз Худога ҳамду санолар бўлсин. У Исроилни то абад севгани учун адолат ва тўғрилик билан ҳукм этсин деб, сизни шоҳ қилган экан.
9 Малика Сулаймонга 250 пуд олтин, беҳисоб хушбўй зираворлар ва қимматбаҳо тошлар ҳадя қилди. Шава маликаси ҳадя қилган хушбўй зираворларнинг сифати шу қадар юқори эдики, уларга тенг келадигани йўқ эди.
10 Хирам билан Сулаймоннинг Офирдан олтин олиб келган хизматкорлари сандал дарахти ёғочлари ва қимматбаҳо тошларни ҳам келтиргандилар. 11 Шоҳ ўша ёғочлардан Эгамизнинг уйи учун ҳам, шоҳ саройи учун ҳам зиналар, мусиқачилар учун лира ва арфалар ясаттирди. Буларга ўхшаганини Яҳудо юртида ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаган.
12 Шоҳ Сулаймон Шава маликасига истаганини ва сўраганининг ҳаммасини муҳайё қилди, маликага олиб келганидан ҳам зиёдроқ нарса берди. Шундан кейин малика ҳамма одамларини эргаштириб ўз юртига жўнаб кетди.
Шоҳ Сулаймоннинг бойлиги
13 Ҳар йили Сулаймонга келиб турадиган олтиннинг оғирлиги 1425 пуд эди. 14 Одамлар ва савдогарларнинг олди–сотдисидан олинадиган солиқ бунга кирмасди. Араб шоҳлари ва Исроил ҳокимлари ҳам Сулаймонга олтин, кумуш олиб келишарди. 15 Шоҳ Сулаймон олтиндан икки юзта катта қалқон ясаттирди. Ҳар бир қалқонни ясашга ярим пуд олтин сарф бўлди. 16 Яна олтиндан уч юзта кичик қалқон ҳам ясаттирди. Ҳар бир қалқон учун 400 мисқол олтин сарфланди. Шоҳ бу қалқонларни “Лубнон ўрмони” деган уйига қўйди.
17 У яна фил суягидан катта тахт ясатиб, уни тоза олтин билан қоплатди. 18 Тахтнинг олтита поғонаси ва ўриндиққа уланган олтин оёқ курсиси бор эди. Ўриндиқнинг икки томонида тирсаги бор эди. Тирсакларнинг ёнида иккита шер тасвири турарди. 19 Ҳар бир поғонанинг икки чеккасида ҳам биттадан шер тасвири бўлиб, тахтнинг олти поғонасида жами ўн иккита шер тасвири бор эди. Бундай тахт бошқа бирорта шоҳликда бўлмаган эди. 20 Шоҳ Сулаймоннинг ичимлик ичадиган ҳамма идишлари олтиндан, “Лубнон ўрмони” деган уйидаги ҳамма идишлар ҳам тоза олтиндан эди. Сулаймон даврида кумуш арзимас нарса бўлиб қолган эди. 21 Денгизда, Хирамнинг кемалари қаторида, Сулаймоннинг ҳам савдо кемалари бўлиб, бу кемалар ҳар уч йилда олтин, кумуш, фил суяги, турли–туман маймунлар олиб қайтарди.
22 Шундай қилиб, Сулаймон бойликда ҳам, доноликда ҳам ер юзидаги ҳамма шоҳлардан ўтиб кетди. 23 Сулаймонга Худо берган доноликни эшитмоқ учун ер юзидаги ҳамма шоҳлар унинг олдига келгани ошиқарди. 24 Келганларнинг ҳар бири кумуш ва олтин идишлар, кийим, қурол–аслаҳа, хушбўй зираворлар, от ва хачирлар ҳадя қилиб олиб келар эди. Бундай ҳол йиллаб давом этарди.
25 Сулаймоннинг отлари ва жанг аравалари учун 4000 та отхонаси, булардан ташқари, 12.000 та учқур оти ҳам бор эди. Сулаймон отларнинг бир қисмини аравалар сақланадиган шаҳарларга, иккинчи қисмини ўз ёнига — Қуддусга жойлаштирган эди. 26 У Фурот дарёсидан то Филистлар ерига қадар ва Миср чегараларига қадар бўлган ҳамма шоҳлар устидан ҳукмронлик қиларди. 27 Унинг ҳукмронлиги даврида Қуддусда кумуш кўчадаги тошдай кўп эди. Садр ёғочлари ҳам худди Яҳудо қир этакларида ўсадиган оддий шикамора–анжир дарахтидай сероб эди. 28 Шоҳнинг савдогарлари Сулаймон учун Мисрдан ва бошқа барча юртлардан отлар олиб келишарди.
Сулаймоннинг ўлими
29 Сулаймоннинг бошқа ишлари бошдан охиригача Натан пайғамбарнинг тарих китобида, Шилўлик Охиёнинг башоратларида ва валий Йиддонинг ваҳийларида баён этилган. Валий Йиддонинг ваҳийларида Набат ўғли Ерибом ҳукмронлиги тўғрисида ҳам ёзилган. 30 Сулаймон Қуддусда бутун Исроил устидан ҳукмдор эди. Унинг ҳукмронлиги қирқ йил давом этди. 31 Сулаймон оламдан ўтди. У отаси Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Рахабом шоҳ бўлди.