11–BOB
Dovud bilan Botsheva
1 Bahor boshlanib, shohlar urushga ketadigan payt ham boʻldi. Dovud lashkarboshilariga va butun Isroil qoʻshiniga Yoʻabni bosh qilib, urushga yubordi. Ular Ommon lashkarini yakson qilib, Rabba shahrini qamal qilishdi. Dovudning oʻzi Quddusda qolgan edi.
2 Bir kuni oqshom payti Dovud yotogʻidan chiqdi–da, saroy tomiga koʻtarilib shaharni tomosha qila boshladi. Birdan choʻmilayotgan bir ayolni koʻrib qoldi. Ayol juda goʻzal edi. 3 Dovud bittasiga:
— Borib bil–chi, u kim ekan, — deb joʻnatdi. Oʻsha odam qaytib kelib:
— U ayol Eliyomning qizi, Xet xalqidan boʻlgan Uriyoning xotini, ismi Botsheva ekan, — dedi.
4 Dovud: “Ayolni olib kelinglar”, deb xizmatkorlarini joʻnatdi. Ayolni Dovudning huzuriga olib kelishdi. Ayol hayz koʻrgan boʻlib, tozalanish rasm–rusumlarini endi tugatgan ekan . Dovud u bilan birga boʻldi. Keyin ayol uyiga qaytdi. 5 Ayol homilador boʻlganini bildi va bu haqda Dovudga xabar berdi.
6 Dovud Yoʻabga, Xet xalqidan boʻlgan Uriyoni mening oldimga yubor, deb xabar yoʻlladi. Yoʻab Uriyoni Dovudning oldiga joʻnatdi. 7 Uriyo kelgandan keyin, Dovud undan Yoʻab va sipohlarning ahvolini, urushning qanday borayotganini soʻradi. 8 Soʻng Uriyoga:
— Uyingga bor, dam ol, — dedi.
Uriyo saroydan chiqqach, shoh uning orqasidan hadyalar joʻnatdi. 9 Lekin Uriyo uyiga ketmadi, shohning soqchilari bilan birga saroy darvozasi yonida uxlashga qoldi. 10 Dovudga, Uriyo uyiga ketmabdi, deb xabar yetkazishdi. Dovud Uriyodan:
— Sen safardan kelding–ku, nega uyingga bormading? — deb soʻradi. 11 Uriyo shunday javob berdi:
— Xudoning Sandigʻi ham, Isroil va Yahudo sipohlari ham chodirlarda qoldi, lashkarboshim Yoʻab bilan janobi oliylarining odamlari yap–yalang maydonda chodir tikib yotishibdi. Ahvol shunaqaligini bila turib, men yeb–ichish, xotinim bilan birga boʻlish uchun uyimga borsam yaxshi boʻlmas. Ont ichib aytamanki, zinhor bunday ish qilmayman.
12 Shundan keyin Dovud:
— Bugun shu yerda qol, ertaga seni joʻnatib yuboraman, — dedi.
Uriyo oʻsha kuni Quddusda qoldi. 13 Ertasiga Dovud Uriyoni yana chaqirib, yedirib–ichirdi. Uriyo mast boʻlib qoldi. Kech kirgach, Uriyo tagʻin uyiga ketmay, shoh soqchilari yonidagi oʻrnida uxladi.
14 Ertasiga ertalab Dovud Yoʻabga bir maktub yozib, Uriyo orqali berib yubordi. 15 Maktubning mazmuni shunday edi: “Uriyoni urush qizigan joyga yuborgin–da, bir oʻzini qoldir, toki u yaralanib halok boʻlsin.”
16 Yoʻab shaharni qurshab olgan edi. Uriyoni gʻanimning kuchli lashkari egallagan yerga yubordi. 17 Gʻanim lashkari shahardan chiqib kelib, Yoʻabning sipohlari bilan jang qildi. Gʻanim lashkari Dovudning odamlaridan baʼzilarini oʻldirdi, Xet xalqidan boʻlgan Uriyo ham oʻldirildi.
18 Yoʻab urushning borishi haqida Dovudga xabar berish uchun bir odamni joʻnatayotib, unga 19 shunday deb tayinladi:
— Sen urushga oid hamma xabarlarni shohga ayt. 20 Lekin shoh gʻazablanib, senga shunday deb aytib qolishi mumkin: “Ular bilan jang qilish uchun nimaga shaharga bunchalik yaqin bordingizlar? Ular shahar devoridan turib oʻq otishlarini bilmasmidingizlar? 21 Gidoʻnning oʻgʻli Abumalekni kim oʻldirgan edi? Esingizda yoʻqmi, Tavozda bir ayol Abumalekning ustiga devor tepasidan tegirmon toshini tashlab yuborib oʻldirgandi–ku! Shunday ekan, nima uchun devorga bunchalik yaqin bordingizlar?” Agar shu gaplarni aytsa, sen: “Qulingiz Uriyo ham oʻldi”, deysan.
22 Xabarchi joʻnab ketdi. Dovudning huzuriga yetib borgach, Yoʻab nima deb buyurgan boʻlsa, hammasini oqizmay–tomizmay shohga aytib berdi:
23 — Ommonlar bizdan ustun keldi, shahardan chiqib biz bilan dashtda jang qildi. Keyin ularni shahar darvozasigacha quvib bordik. 24 Shu paytda Ommonlarning merganlari shoh hazratlarining odamlarini devordan turib oʻqqa tutishdi. Odamlaringizdan baʼzilari oʻldi, qulingiz Uriyo ham oʻldi, — dedi.
25 — Yoʻabga ayt, — dedi Dovud xabarchiga. — Roʻy bergan hodisadan uning koʻngli choʻkmasin. Jang qurbonsiz boʻlmaydi. Shaharga hujumni kuchaytirib, yer bilan yakson qilsin. Shunday deb, unga dalda ber.
26 Uriyoning xotini erining halok boʻlganini eshitib, aza tutdi. 27 Aza muddati tugagach, Dovud ayolni saroyga oldirib keldi. Ayol Dovudga turmushga chiqdi va bir oʻgʻil tugʻdi.
Biroq Dovudning bu qilmishi Egamizga maʼqul kelmadi.
11–БОБ
Довуд билан Ботшева
1 Баҳор бошланиб, шоҳлар урушга кетадиган пайт ҳам бўлди. Довуд лашкарбошиларига ва бутун Исроил қўшинига Йўабни бош қилиб, урушга юборди. Улар Оммон лашкарини яксон қилиб, Рабба шаҳрини қамал қилишди. Довуднинг ўзи Қуддусда қолган эди.
2 Бир куни оқшом пайти Довуд ётоғидан чиқди–да, сарой томига кўтарилиб шаҳарни томоша қила бошлади. Бирдан чўмилаётган бир аёлни кўриб қолди. Аёл жуда гўзал эди. 3 Довуд биттасига:
— Бориб бил–чи, у ким экан, — деб жўнатди. Ўша одам қайтиб келиб:
— У аёл Элиёмнинг қизи, Хет халқидан бўлган Уриёнинг хотини, исми Ботшева экан, — деди.
4 Довуд: “Аёлни олиб келинглар”, деб хизматкорларини жўнатди. Аёлни Довуднинг ҳузурига олиб келишди. Аёл ҳайз кўрган бўлиб, тозаланиш расм–русумларини энди тугатган экан . Довуд у билан бирга бўлди. Кейин аёл уйига қайтди. 5 Аёл ҳомиладор бўлганини билди ва бу ҳақда Довудга хабар берди.
6 Довуд Йўабга, Хет халқидан бўлган Уриёни менинг олдимга юбор, деб хабар йўллади. Йўаб Уриёни Довуднинг олдига жўнатди. 7 Уриё келгандан кейин, Довуд ундан Йўаб ва сипоҳларнинг аҳволини, урушнинг қандай бораётганини сўради. 8 Сўнг Уриёга:
— Уйингга бор, дам ол, — деди.
Уриё саройдан чиққач, шоҳ унинг орқасидан ҳадялар жўнатди. 9 Лекин Уриё уйига кетмади, шоҳнинг соқчилари билан бирга сарой дарвозаси ёнида ухлашга қолди. 10 Довудга, Уриё уйига кетмабди, деб хабар етказишди. Довуд Уриёдан:
— Сен сафардан келдинг–ку, нега уйингга бормадинг? — деб сўради. 11 Уриё шундай жавоб берди:
— Худонинг Сандиғи ҳам, Исроил ва Яҳудо сипоҳлари ҳам чодирларда қолди, лашкарбошим Йўаб билан жаноби олийларининг одамлари яп–яланг майдонда чодир тикиб ётишибди. Аҳвол шунақалигини била туриб, мен еб–ичиш, хотиним билан бирга бўлиш учун уйимга борсам яхши бўлмас. Онт ичиб айтаманки, зинҳор бундай иш қилмайман.
12 Шундан кейин Довуд:
— Бугун шу ерда қол, эртага сени жўнатиб юбораман, — деди.
Уриё ўша куни Қуддусда қолди. 13 Эртасига Довуд Уриёни яна чақириб, едириб–ичирди. Уриё маст бўлиб қолди. Кеч киргач, Уриё тағин уйига кетмай, шоҳ соқчилари ёнидаги ўрнида ухлади.
14 Эртасига эрталаб Довуд Йўабга бир мактуб ёзиб, Уриё орқали бериб юборди. 15 Мактубнинг мазмуни шундай эди: “Уриёни уруш қизиган жойга юборгин–да, бир ўзини қолдир, токи у яраланиб ҳалок бўлсин.”
16 Йўаб шаҳарни қуршаб олган эди. Уриёни ғанимнинг кучли лашкари эгаллаган ерга юборди. 17 Ғаним лашкари шаҳардан чиқиб келиб, Йўабнинг сипоҳлари билан жанг қилди. Ғаним лашкари Довуднинг одамларидан баъзиларини ўлдирди, Хет халқидан бўлган Уриё ҳам ўлдирилди.
18 Йўаб урушнинг бориши ҳақида Довудга хабар бериш учун бир одамни жўнатаётиб, унга 19 шундай деб тайинлади:
— Сен урушга оид ҳамма хабарларни шоҳга айт. 20 Лекин шоҳ ғазабланиб, сенга шундай деб айтиб қолиши мумкин: “Улар билан жанг қилиш учун нимага шаҳарга бунчалик яқин бордингизлар? Улар шаҳар деворидан туриб ўқ отишларини билмасмидингизлар? 21 Гидўннинг ўғли Абумалекни ким ўлдирган эди? Эсингизда йўқми, Тавозда бир аёл Абумалекнинг устига девор тепасидан тегирмон тошини ташлаб юбориб ўлдирганди–ку! Шундай экан, нима учун деворга бунчалик яқин бордингизлар?” Агар шу гапларни айтса, сен: “Қулингиз Уриё ҳам ўлди”, дейсан.
22 Хабарчи жўнаб кетди. Довуднинг ҳузурига етиб боргач, Йўаб нима деб буюрган бўлса, ҳаммасини оқизмай–томизмай шоҳга айтиб берди:
23 — Оммонлар биздан устун келди, шаҳардан чиқиб биз билан даштда жанг қилди. Кейин уларни шаҳар дарвозасигача қувиб бордик. 24 Шу пайтда Оммонларнинг мерганлари шоҳ ҳазратларининг одамларини девордан туриб ўққа тутишди. Одамларингиздан баъзилари ўлди, қулингиз Уриё ҳам ўлди, — деди.
25 — Йўабга айт, — деди Довуд хабарчига. — Рўй берган ҳодисадан унинг кўнгли чўкмасин. Жанг қурбонсиз бўлмайди. Шаҳарга ҳужумни кучайтириб, ер билан яксон қилсин. Шундай деб, унга далда бер.
26 Уриёнинг хотини эрининг ҳалок бўлганини эшитиб, аза тутди. 27 Аза муддати тугагач, Довуд аёлни саройга олдириб келди. Аёл Довудга турмушга чиқди ва бир ўғил туғди.
Бироқ Довуднинг бу қилмиши Эгамизга маъқул келмади.