2–BOB
Ester malika boʻladi
1 Axashverash gʻazabidan tushgandan keyin, Vashti va uning qilmishi, Vashtining ustidan chiqarilgan hukm esiga tushib qoldi. 2 Shohning aʼyonlari aytdilar: “Shohimiz uchun yosh, chiroyli qizlar qidirilsin. 3 Buning uchun shohimiz qoʻli ostidagi viloyatlarda nazoratchilar tayin qilinsin, ular chiroyli barno qizlarni shohimizning xizmatkori, haram ogʻasi Xegay nazorati ostida Shushan qalʼasidagi haramga toʻplasinlar, qizlarga pardoz bersinlar. 4 Shohimizga yoqqan qiz Vashtining oʻrniga malika boʻlsin.” Bu gap shohga maʼqul keldi va u aytilganlarni qildi.
5 Shushan qalʼasida bir yahudiy yashardi. Uning ismi Yovir oʻgʻli Mardoxay boʻlib, Benyamin qabilasidan edi. Yovir Shimax va Kish nasliga borib taqalardi. 6 Bobil shohi Navuxadnazar Yahudo shohi Yohayixinni asir qilib olib kelganda , Mardoxay ham Quddusdan keltirilgan edi. 7 Ota–onasidan yetim qolgan Hadassani Mardoxay asrab olib tarbiya qildi. Hadassa Mardoxayning jiyani edi. Uning boshqa ismi Ester boʻlib, kelishgan, goʻzal qiz edi.
8 Shohning amru farmoni eʼlon qilingach, Shushan qalʼasiga koʻp qizlarni toʻplab, Xegay nazoratiga topshirishdi. Ester ham shoh saroyiga keltirilib, haram ogʻasi Xegay nazoratiga topshirildi.
9 Xegayga Ester yoqdi, Xegay unga iltifot koʻrsatdi. Xegay darrov: “Bu qizga pardoz berib, parvarishlanglar, unga ulushini berib turinglar, saroydan yettita kanizak tanlab olinib, unga choʻri qilib berilsin”, deb buyurdi. U shoh haramining eng yaxshi boʻlmasiga qizni va uning kanizlarini joylashtirdi. 10 Lekin Ester oʻz xalqi, urugʻ–aymogʻi toʻgʻrisida hech narsa aytmadi. Chunki Mardoxay unga bu toʻgʻrida ogʻiz ochmasligini buyurgan edi.
11 Mardoxay har kuni Esterning sogʻligidan xabar olgani, unga qanday muomala qilishyapti ekan, deb bilgani haram hovlisi atrofida yurardi. 12 Har bir yosh qizga, Axashverash huzuriga kirish uchun navbati kelganda, oʻn ikki oy davomida pardoz berilardi. Ayollar uchun chiqarilgan qoida shunaqa edi. Olti oy mirra moyi bilan, olti oy xushboʻy narsalar va upa–eliklar bilan pardoz qilardilar. 13 Shundan keyin qiz shoh huzuriga kirardi: qiz saroyga kirayotganda, haramdan nima talab qilsa, hammasi berilardi.
14 Kechqurun shoh huzuriga kirgan qiz, ertasiga ertalab shohning mulozimi , kanizaklar soqchisi Shashagaz nazorati ostidagi boshqa haramga qaytardi. Faqat shohga xush yoqqan, shoh nomini aytib chaqirgan qiz qaytadan uning huzuriga kirardi.
15 Mardoxayning asrandisi, uning amakisi Abuhayilning qizi Ester shoh huzuriga kiradigan payt ham keldi. Ester shohning mulozimi, haram ogʻasi Xegay nima taklif qilgan boʻlsa, shuni oldi va boshqa hech narsa soʻramadi. Esterni koʻrganlarning koʻzlarida quvonch porladi.
16 Shunday qilib, Axashverash hukmronligining yettinchi yili oʻninchi oyi — Tabat oyida , Ester shoh Axashverash saroyiga keltirildi. 17 Shoh Esterni hamma qizlardan ortiq sevib qoldi. Ester shohning muruvvatiga va iltifotiga barcha qizlardan koʻproq sazovor boʻldi: Axashverash malikalik tojini Esterning boshiga kiygizib, uni Vashtining oʻrniga malika qildi. 18 Soʻngra shoh hamma aʼyonlari va xizmatkorlari uchun Ester sharafiga ziyofat berdi, hamma viloyatlarda bayram eʼlon qildi. Oliyhimmatlik bilan hadyalar ulashdi.
Mardoxay shohning hayotini saqlab qoladi
19 Barno qizlar keyingi safar haramga toʻplanishganda, Mardoxay saroyda oʻz vazifasini bajarayotgan edi . 20 Ester Mardoxayning buyrugʻiga itoat etib, urugʻ–aymogʻi va xalqi toʻgʻrisida hali gapirmagan edi. Ester Mardoxayning tarbiyasida boʻlgan paytda unga qanday itoat qilgan boʻlsa, hozir ham shunday itoat etardi.
21 Oʻsha kunlarda — Mardoxay saroyda oʻz vazifasini bajarayotganda, shohning Bixtan va Tarash degan ikkita darvozaboni quturib, shoh Axashverashning joniga suiqasd qilishni rejalashtirdilar. 22 Mardoxay bu fitnani bilib qolib, malika Esterni ogohlantirdi. Ester esa fitna toʻgʻrisidagi xabarni Mardoxay nomidan shohga yetkazdi.
23 Bu voqea tekshirilgach, toʻgʻri deb topildi va ikkala xizmatkor dorga osildi . Bu voqea shohning “Kundalik xotiralar kitobi”ga yozib qoʻyildi.
2–БОБ
Эстер малика бўлади
1 Ахашвераш ғазабидан тушгандан кейин, Вашти ва унинг қилмиши, Ваштининг устидан чиқарилган ҳукм эсига тушиб қолди. 2 Шоҳнинг аъёнлари айтдилар: “Шоҳимиз учун ёш, чиройли қизлар қидирилсин. 3 Бунинг учун шоҳимиз қўли остидаги вилоятларда назоратчилар тайин қилинсин, улар чиройли барно қизларни шоҳимизнинг хизматкори, ҳарам оғаси Хегай назорати остида Шушан қалъасидаги ҳарамга тўпласинлар, қизларга пардоз берсинлар. 4 Шоҳимизга ёққан қиз Ваштининг ўрнига малика бўлсин.” Бу гап шоҳга маъқул келди ва у айтилганларни қилди.
5 Шушан қалъасида бир яҳудий яшарди. Унинг исми Ёвир ўғли Мардохай бўлиб, Бенямин қабиласидан эди. Ёвир Шимах ва Киш наслига бориб тақаларди. 6 Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудо шоҳи Ёҳайихинни асир қилиб олиб келганда , Мардохай ҳам Қуддусдан келтирилган эди. 7 Ота–онасидан етим қолган Ҳадассани Мардохай асраб олиб тарбия қилди. Ҳадасса Мардохайнинг жияни эди. Унинг бошқа исми Эстер бўлиб, келишган, гўзал қиз эди.
8 Шоҳнинг амру фармони эълон қилингач, Шушан қалъасига кўп қизларни тўплаб, Хегай назоратига топширишди. Эстер ҳам шоҳ саройига келтирилиб, ҳарам оғаси Хегай назоратига топширилди.
9 Хегайга Эстер ёқди, Хегай унга илтифот кўрсатди. Хегай дарров: “Бу қизга пардоз бериб, парваришланглар, унга улушини бериб туринглар, саройдан еттита канизак танлаб олиниб, унга чўри қилиб берилсин”, деб буюрди. У шоҳ ҳарамининг энг яхши бўлмасига қизни ва унинг канизларини жойлаштирди. 10 Лекин Эстер ўз халқи, уруғ–аймоғи тўғрисида ҳеч нарса айтмади. Чунки Мардохай унга бу тўғрида оғиз очмаслигини буюрган эди.
11 Мардохай ҳар куни Эстернинг соғлигидан хабар олгани, унга қандай муомала қилишяпти экан, деб билгани ҳарам ҳовлиси атрофида юрарди. 12 Ҳар бир ёш қизга, Ахашвераш ҳузурига кириш учун навбати келганда, ўн икки ой давомида пардоз бериларди. Аёллар учун чиқарилган қоида шунақа эди. Олти ой мирра мойи билан, олти ой хушбўй нарсалар ва упа–эликлар билан пардоз қилардилар. 13 Шундан кейин қиз шоҳ ҳузурига кирарди: қиз саройга кираётганда, ҳарамдан нима талаб қилса, ҳаммаси бериларди.
14 Кечқурун шоҳ ҳузурига кирган қиз, эртасига эрталаб шоҳнинг мулозими , канизаклар соқчиси Шашагаз назорати остидаги бошқа ҳарамга қайтарди. Фақат шоҳга хуш ёққан, шоҳ номини айтиб чақирган қиз қайтадан унинг ҳузурига кирарди.
15 Мардохайнинг асрандиси, унинг амакиси Абуҳайилнинг қизи Эстер шоҳ ҳузурига кирадиган пайт ҳам келди. Эстер шоҳнинг мулозими, ҳарам оғаси Хегай нима таклиф қилган бўлса, шуни олди ва бошқа ҳеч нарса сўрамади. Эстерни кўрганларнинг кўзларида қувонч порлади.
16 Шундай қилиб, Ахашвераш ҳукмронлигининг еттинчи йили ўнинчи ойи — Табат ойида , Эстер шоҳ Ахашвераш саройига келтирилди. 17 Шоҳ Эстерни ҳамма қизлардан ортиқ севиб қолди. Эстер шоҳнинг мурувватига ва илтифотига барча қизлардан кўпроқ сазовор бўлди: Ахашвераш маликалик тожини Эстернинг бошига кийгизиб, уни Ваштининг ўрнига малика қилди. 18 Сўнгра шоҳ ҳамма аъёнлари ва хизматкорлари учун Эстер шарафига зиёфат берди, ҳамма вилоятларда байрам эълон қилди. Олийҳимматлик билан ҳадялар улашди.
Мардохай шоҳнинг ҳаётини сақлаб қолади
19 Барно қизлар кейинги сафар ҳарамга тўпланишганда, Мардохай саройда ўз вазифасини бажараётган эди . 20 Эстер Мардохайнинг буйруғига итоат этиб, уруғ–аймоғи ва халқи тўғрисида ҳали гапирмаган эди. Эстер Мардохайнинг тарбиясида бўлган пайтда унга қандай итоат қилган бўлса, ҳозир ҳам шундай итоат этарди.
21 Ўша кунларда — Мардохай саройда ўз вазифасини бажараётганда, шоҳнинг Бихтан ва Тараш деган иккита дарвозабони қутуриб, шоҳ Ахашверашнинг жонига суиқасд қилишни режалаштирдилар. 22 Мардохай бу фитнани билиб қолиб, малика Эстерни огоҳлантирди. Эстер эса фитна тўғрисидаги хабарни Мардохай номидан шоҳга етказди.
23 Бу воқеа текширилгач, тўғри деб топилди ва иккала хизматкор дорга осилди . Бу воқеа шоҳнинг “Кундалик хотиралар китоби”га ёзиб қўйилди.