3–BOB
Biz uchun ibodat qilinglar
1 Ey birodarlar, xatimiz ham nihoyasiga yetib qoldi. Biz uchun ibodat qilinglar, xuddi sizlarning orangizda boʻlgani kabi, Rabbimiz Iso haqidagi Xushxabar tarqalaversin va izzat–hurmat bilan qabul qilinsin. 2 Xudo bizni yomon va yovuz odamlardan qutqarishi uchun ham ibodat qilinglar, chunki hamma ham imonli emas. 3 Ammo Rabbimiz Iso sadoqatlidir. U sizlarni kuchga toʻldirib, yovuz shaytondan himoya qiladi. 4 Siz haqingizda Rabbimiz bizda ishonch hosil qildi. Biz aminmizki, buyurganlarimizni bajaryapsizlar va bajarishda davom etasizlar. 5 Rabbimiz Iso Masih yuraklaringizni Unga sodiq boʻlishga va Xudoni sevishga yoʻnaltirsin.
Ishlagan tishlaydi
6 Birodarlar, Rabbimiz Iso Masih nomi bilan sizlarga buyuramiz: dangasalik qilayotgan, biz bergan taʼlimotlarga koʻra yashamayotgan birodarlardan uzoqroq yuring. 7 Bizdan qanday oʻrnak olishingiz kerakligini oʻzingiz bilasiz. Sizlarning orangizda boʻlganimizda dangasalik qilmadik. 8 Birovning nonini bekorga yemadik. Aksincha, boshqalarga ogʻirligimiz tushmasin deb, kechayu kunduz ishladik. Mashaqqat bilan mehnat qildik. 9 Albatta, sizlardan biror narsa talab qilishga haqimiz yoʻqligi uchun emas, balki sizlarga namuna boʻlish uchun shunday qildik. 10 Axir, sizlar bilan boʻlganimizda: “Ishlamagan tishlamaydi!” deb aytgan edik–ku!
11 Eshitishimizcha, baʼzi birlaringiz yalqovlik qilayotgan ekansiz. Boshqalarning ishlariga aralashishdan boshqa narsani bilmas emishsiz. 12 Mana shunday odamlarga Iso Masih nomi bilan buyurib aytamizki, tinchgina oʻz ishlaringiz bilan mashgʻul boʻling, nonni peshana teringiz bilan topib yeng. 13 Sizlar esa, birodarlar, hech qachon yaxshilik qilishdan charchamanglar.
14 Ushbu xatimizdagi yoʻl–yoʻriqlarga quloq solmaganlarni koʻz ostingizga olib qoʻying. Bunday odamlarni uyaltirish uchun ular bilan aloqada boʻlmang. 15 Ularni dushman hisoblamang, balki birodar sifatida ogohlantiring.
Xotima
16 Tinchlik manbai boʻlgan Rabbimiz Isoning Oʻzi sizlarga har doim va har yoʻsinda tinchlik bersin. Rabbimiz hammangizga yor boʻlsin.
17 Men, Pavlus, mana shu maktubning yakunini oʻz qoʻlim bilan yozyapman . Har bir yozgan maktubimning oʻziga xos belgisi shudir. 18 Rabbimiz Iso Masihning inoyati hammangizga yor boʻlsin!
3–БОБ
Биз учун ибодат қилинглар
1 Эй биродарлар, хатимиз ҳам ниҳоясига етиб қолди. Биз учун ибодат қилинглар, худди сизларнинг орангизда бўлгани каби, Раббимиз Исо ҳақидаги Хушхабар тарқалаверсин ва иззат–ҳурмат билан қабул қилинсин. 2 Худо бизни ёмон ва ёвуз одамлардан қутқариши учун ҳам ибодат қилинглар, чунки ҳамма ҳам имонли эмас. 3 Аммо Раббимиз Исо садоқатлидир. У сизларни кучга тўлдириб, ёвуз шайтондан ҳимоя қилади. 4 Сиз ҳақингизда Раббимиз бизда ишонч ҳосил қилди. Биз аминмизки, буюрганларимизни бажаряпсизлар ва бажаришда давом этасизлар. 5 Раббимиз Исо Масиҳ юракларингизни Унга содиқ бўлишга ва Худони севишга йўналтирсин.
Ишлаган тишлайди
6 Биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизларга буюрамиз: дангасалик қилаётган, биз берган таълимотларга кўра яшамаётган биродарлардан узоқроқ юринг. 7 Биздан қандай ўрнак олишингиз кераклигини ўзингиз биласиз. Сизларнинг орангизда бўлганимизда дангасалик қилмадик. 8 Бировнинг нонини бекорга емадик. Аксинча, бошқаларга оғирлигимиз тушмасин деб, кечаю кундуз ишладик. Машаққат билан меҳнат қилдик. 9 Албатта, сизлардан бирор нарса талаб қилишга ҳақимиз йўқлиги учун эмас, балки сизларга намуна бўлиш учун шундай қилдик. 10 Ахир, сизлар билан бўлганимизда: “Ишламаган тишламайди!” деб айтган эдик–ку!
11 Эшитишимизча, баъзи бирларингиз ялқовлик қилаётган экансиз. Бошқаларнинг ишларига аралашишдан бошқа нарсани билмас эмишсиз. 12 Мана шундай одамларга Исо Масиҳ номи билан буюриб айтамизки, тинчгина ўз ишларингиз билан машғул бўлинг, нонни пешана терингиз билан топиб енг. 13 Сизлар эса, биродарлар, ҳеч қачон яхшилик қилишдан чарчаманглар.
14 Ушбу хатимиздаги йўл–йўриқларга қулоқ солмаганларни кўз остингизга олиб қўйинг. Бундай одамларни уялтириш учун улар билан алоқада бўлманг. 15 Уларни душман ҳисобламанг, балки биродар сифатида огоҳлантиринг.
Хотима
16 Тинчлик манбаи бўлган Раббимиз Исонинг Ўзи сизларга ҳар доим ва ҳар йўсинда тинчлик берсин. Раббимиз ҳаммангизга ёр бўлсин.
17 Мен, Павлус, мана шу мактубнинг якунини ўз қўлим билан ёзяпман . Ҳар бир ёзган мактубимнинг ўзига хос белгиси шудир. 18 Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин!