31–BOB
Shoul bilan oʻgʻillari halok boʻladilar
1 Filistlar esa shu paytda Isroil lashkari bilan jang qilishayotgan edi. Isroil lashkari Filistlarning oldiga tushib qochdi, koʻplari Gilbova togʻida halok boʻldi. 2 Endi Filistlar Shoul bilan uning oʻgʻillari ortidan tushdilar. Natijada Shoulning oʻgʻillari Yoʻnatan, Abunadav va Malkishuva oʻldirildi. 3 Shoulning atrofida jang tobora avjiga chiqdi. Shu payt Filist kamonkashlari Shoulga qarata oʻq otdilar. Shoul ogʻir yaralandi. 4 U qurolbardoriga:
— Qilichingni sugʻurgin–da, menga sanch, toki anavi sunnatsizlar kelib, menga qilich solib, xoʻrlamasinlar, — dedi. Lekin qurolbardori qoʻrqdi, Shoulning aytganini qilmadi. Shunda Shoul qilichini qinidan sugʻurib, oʻzini qilich ustiga tashladi. 5 Qurolbardori ham Shoulning halok boʻlganini koʻrib, oʻzini qilichi ustiga tashlab, Shoul bilan birga oʻldi. 6 Shunday qilib, Shoul, uning uchala oʻgʻli, qurolbardori va hamma sipohlari bir kundayoq halok boʻlishdi.
7 Yizril vodiysining naryogʻida va Iordan daryosining sharq tomonida yashaydigan Isroil xalqi oʻz sipohlarining qochganini, Shoul bilan oʻgʻillari oʻlganini koʻrishdi–yu, shaharlarini tashlab qochishdi. Filistlar bu shaharlarga kelib oʻrnashib olishdi.
8 Ertasi kuni Filistlar halok boʻlganlarni talon–taroj qilgani jang maydoniga kelishdi. Birdan ular Gilbova togʻida Shoul bilan uchala oʻgʻlining jasadi yotganini koʻrib qolishdi. 9 Ular Shoulning boshini kesib, qurollarini olishdi. Filist yurti boʻylab xabarchilar joʻnatib, bu xushxabarni oʻz butxonalarida eʼlon qilib, xalqqa eshittirishdi. 10 Shoulning qurol–aslahasini Ashtaret uyiga qoʻyishdi, jasadini esa Bayt–Shan shahrining devoriga qoqib qoʻyishdi.
11 Filistlar Shoulni qanday ahvolga solganini Giladdagi Yobosh aholisi eshitib qoldi. 12 Shunda hamma jasur yigitlar tun boʻyi yurib, Bayt–Shanga borishdi. Shoul bilan oʻgʻillarining jasadlarini Bayt–Shan devoridan olib, Yobosh shahriga keltirishdi va u yerda kuydirishdi. 13 Suyaklarini yigʻishtirib, Yoboshdagi yulgʻun daraxti tagiga dafn qilgach, yetti kun roʻza tutishdi .
31–БОБ
Шоул билан ўғиллари ҳалок бўладилар
1 Филистлар эса шу пайтда Исроил лашкари билан жанг қилишаётган эди. Исроил лашкари Филистларнинг олдига тушиб қочди, кўплари Гилбова тоғида ҳалок бўлди. 2 Энди Филистлар Шоул билан унинг ўғиллари ортидан тушдилар. Натижада Шоулнинг ўғиллари Йўнатан, Абунадав ва Малкишува ўлдирилди. 3 Шоулнинг атрофида жанг тобора авжига чиқди. Шу пайт Филист камонкашлари Шоулга қарата ўқ отдилар. Шоул оғир яраланди. 4 У қуролбардорига:
— Қиличингни суғургин–да, менга санч, токи анави суннатсизлар келиб, менга қилич солиб, хўрламасинлар, — деди. Лекин қуролбардори қўрқди, Шоулнинг айтганини қилмади. Шунда Шоул қиличини қинидан суғуриб, ўзини қилич устига ташлади. 5 Қуролбардори ҳам Шоулнинг ҳалок бўлганини кўриб, ўзини қиличи устига ташлаб, Шоул билан бирга ўлди. 6 Шундай қилиб, Шоул, унинг учала ўғли, қуролбардори ва ҳамма сипоҳлари бир кундаёқ ҳалок бўлишди.
7 Йизрил водийсининг нарёғида ва Иордан дарёсининг шарқ томонида яшайдиган Исроил халқи ўз сипоҳларининг қочганини, Шоул билан ўғиллари ўлганини кўришди–ю, шаҳарларини ташлаб қочишди. Филистлар бу шаҳарларга келиб ўрнашиб олишди.
8 Эртаси куни Филистлар ҳалок бўлганларни талон–тарож қилгани жанг майдонига келишди. Бирдан улар Гилбова тоғида Шоул билан учала ўғлининг жасади ётганини кўриб қолишди. 9 Улар Шоулнинг бошини кесиб, қуролларини олишди. Филист юрти бўйлаб хабарчилар жўнатиб, бу хушхабарни ўз бутхоналарида эълон қилиб, халққа эшиттиришди. 10 Шоулнинг қурол–аслаҳасини Аштарет уйига қўйишди, жасадини эса Байт–Шан шаҳрининг деворига қоқиб қўйишди.
11 Филистлар Шоулни қандай аҳволга солганини Гиладдаги Ёбош аҳолиси эшитиб қолди. 12 Шунда ҳамма жасур йигитлар тун бўйи юриб, Байт–Шанга боришди. Шоул билан ўғилларининг жасадларини Байт–Шан деворидан олиб, Ёбош шаҳрига келтиришди ва у ерда куйдиришди. 13 Суякларини йиғиштириб, Ёбошдаги юлғун дарахти тагига дафн қилгач, етти кун рўза тутишди .