16–BOB
Yahudo shohi Oxoz
1 Isroil shohi Pekax hukmronlik qilayotganiga oʻn yetti yil boʻlganda, Oxoz Yahudo shohi boʻldi. Oxoz Yoʻtomning oʻgʻli edi. 2 Oxoz yigirma yoshida shoh boʻlib, Quddusda oʻn olti yil hukmronlik qildi. U bobosi Dovuddan namuna olmadi, Egasi Xudo oldida toʻgʻri ishlar qilmay, 3 Isroil shohlarining yoʻlidan ketdi. Kanʼon yurtidan Egamiz quvgan qavmlarning jirkanch odatlariga taqlid qilib, hatto oʻz oʻgʻlini qurbonlik qilib, olovda kuydirdi . 4 Sajdagohlarda , tepaliklarda va har qanday yashil daraxt ostida qurbonliklar keltirib, tutatqi tutatardi.
5 Oram shohi Ratan bilan Isroil shohi Pekax Quddusni bosib olish uchun yurish qildilar. Shaharni qamal qilib tursalar–da, Oxozni yenga olmadilar. 6 Shunda Oram shohi Ratan Elet shahrini qoʻlga kiritib, u yerdagi Yahudo xalqini haydab chiqardi. Eletga joylashgan Oram xalqi hozir ham oʻsha yerda istiqomat qiladi.
7 Oxoz Ossuriya shohi Tigʻlatpilasarga: “Men sizga qaramman , qulingizman, keling, menga hujum qilayotgan Oram va Isroil shohlarining qoʻlidan meni qutqaring”, deb elchilar joʻnatdi. 8 Egamizning uyidagi va shoh saroyining xazinalaridagi oltinu kumushlarni Ossuriya shohiga hadya qilib yubordi.
9 Ossuriya shohi Oxozning iltimosiga rozi boʻldi. Damashqqa hujum qilib, bu shaharni bosib oldi. Shahar aholisini Xirga surib chiqardi va shoh Ratanni oʻldirdi.
10 Shoh Oxoz Ossuriya shohi Tigʻlatpilasar bilan uchrashish uchun Damashqqa borganda, u yerdagi qurbongohni koʻrdi. Qurbongohning rejasini hamma ikir–chikirlarigacha chizib, tayyorlab, ruhoniy Uriyoga yubordi. 11 Shoh Oxoz Damashqdan qaytgunga qadar, ruhoniy Uriyo, u yuborganlari boʻyicha, aynan oʻshanday qurbongoh qurdi.
12 Shoh Damashqdan qaytgach, yangi qurbongohni koʻrib, uning ustida qurbonliklar keltirish uchun bordi. 13 Kuydiriladigan qurbonligini va don nazrini ado etdi, yangi qurbongoh ustiga sharob nazrini quydi, tinchlik qurbonligining qonini qurbongohga sepdi. 14 Egamizga bagʻishlangan oldingi bronza qurbongoh yangi qurbongoh bilan Egamizning uyi orasida edi. Oxoz bronza qurbongohni bir chetga — oʻzi qurgan yangi qurbongohning shimol tomoniga koʻchirtirib tashladi. 15 Soʻngra shoh Oxoz ruhoniy Uriyoga shunday farmon berdi: “Ertalabki kuydiriladigan qurbonlik bilan kechqurungi don nazrini, shohning kuydiriladigan qurbonligini va uning don nazrini, bundan tashqari, yurt xalqining kuydiriladigan qurbonligini, don nazrini va sharob nazrini mana shu katta qurbongoh ustida ado et. Kuydiriladigan qurbonlik bilan boshqa qurbonliklarning qonini shu qurbongohga sep. Kelajakda nima boʻlishi menga ayon boʻlishi uchun esa bronza qurbongohni saqla.” 16 Ruhoniy Uriyo shoh Oxozning hamma farmonini bajardi.
17-18 Shoh Oxoz Ossuriya shohini mamnun qilish uchun quyidagi ishlarni qildi: Xudoning uyidagi aravalarning yon toʻsiqlarini koʻchirtirib tashladi, bularning ustidagi togʻoralarni ham oldirdi. Bronzadan yasalgan buqalarning ustidan hovuzni olib, toshdan qilingan toʻshama ustiga joylashtirdi. Egamizning uyi ichkarisida qurilgan va Shabbat kuni shoh foydalanadigan joyni, shoh tashqaridan kiradigan yoʻlakni oldirib tashladi.
19 Oxozning boshqa ishlari “Yahudo shohlari tarixi” kitobida yozilgan. 20 Oxoz olamdan oʻtib, Dovud qalʼasida, ota–bobolari yoniga dafn etildi. Oʻrniga oʻgʻli Hizqiyo shoh boʻldi.
16–БОБ
Яҳудо шоҳи Охоз
1 Исроил шоҳи Пеках ҳукмронлик қилаётганига ўн етти йил бўлганда, Охоз Яҳудо шоҳи бўлди. Охоз Йўтомнинг ўғли эди. 2 Охоз йигирма ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн олти йил ҳукмронлик қилди. У бобоси Довуддан намуна олмади, Эгаси Худо олдида тўғри ишлар қилмай, 3 Исроил шоҳларининг йўлидан кетди. Канъон юртидан Эгамиз қувган қавмларнинг жирканч одатларига тақлид қилиб, ҳатто ўз ўғлини қурбонлик қилиб, оловда куйдирди . 4 Саждагоҳларда , тепаликларда ва ҳар қандай яшил дарахт остида қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди.
5 Орам шоҳи Ратан билан Исроил шоҳи Пеках Қуддусни босиб олиш учун юриш қилдилар. Шаҳарни қамал қилиб турсалар–да, Охозни енга олмадилар. 6 Шунда Орам шоҳи Ратан Элет шаҳрини қўлга киритиб, у ердаги Яҳудо халқини ҳайдаб чиқарди. Элетга жойлашган Орам халқи ҳозир ҳам ўша ерда истиқомат қилади.
7 Охоз Оссурия шоҳи Тиғлатпиласарга: “Мен сизга қарамман , қулингизман, келинг, менга ҳужум қилаётган Орам ва Исроил шоҳларининг қўлидан мени қутқаринг”, деб элчилар жўнатди. 8 Эгамизнинг уйидаги ва шоҳ саройининг хазиналаридаги олтину кумушларни Оссурия шоҳига ҳадя қилиб юборди.
9 Оссурия шоҳи Охознинг илтимосига рози бўлди. Дамашққа ҳужум қилиб, бу шаҳарни босиб олди. Шаҳар аҳолисини Хирга суриб чиқарди ва шоҳ Ратанни ўлдирди.
10 Шоҳ Охоз Оссурия шоҳи Тиғлатпиласар билан учрашиш учун Дамашққа борганда, у ердаги қурбонгоҳни кўрди. Қурбонгоҳнинг режасини ҳамма икир–чикирларигача чизиб, тайёрлаб, руҳоний Уриёга юборди. 11 Шоҳ Охоз Дамашқдан қайтгунга қадар, руҳоний Уриё, у юборганлари бўйича, айнан ўшандай қурбонгоҳ қурди.
12 Шоҳ Дамашқдан қайтгач, янги қурбонгоҳни кўриб, унинг устида қурбонликлар келтириш учун борди. 13 Куйдириладиган қурбонлигини ва дон назрини адо этди, янги қурбонгоҳ устига шароб назрини қуйди, тинчлик қурбонлигининг қонини қурбонгоҳга сепди. 14 Эгамизга бағишланган олдинги бронза қурбонгоҳ янги қурбонгоҳ билан Эгамизнинг уйи орасида эди. Охоз бронза қурбонгоҳни бир четга — ўзи қурган янги қурбонгоҳнинг шимол томонига кўчиртириб ташлади. 15 Сўнгра шоҳ Охоз руҳоний Уриёга шундай фармон берди: “Эрталабки куйдириладиган қурбонлик билан кечқурунги дон назрини, шоҳнинг куйдириладиган қурбонлигини ва унинг дон назрини, бундан ташқари, юрт халқининг куйдириладиган қурбонлигини, дон назрини ва шароб назрини мана шу катта қурбонгоҳ устида адо эт. Куйдириладиган қурбонлик билан бошқа қурбонликларнинг қонини шу қурбонгоҳга сеп. Келажакда нима бўлиши менга аён бўлиши учун эса бронза қурбонгоҳни сақла.” 16 Руҳоний Уриё шоҳ Охознинг ҳамма фармонини бажарди.
17-18 Шоҳ Охоз Оссурия шоҳини мамнун қилиш учун қуйидаги ишларни қилди: Худонинг уйидаги араваларнинг ён тўсиқларини кўчиртириб ташлади, буларнинг устидаги тоғораларни ҳам олдирди. Бронзадан ясалган буқаларнинг устидан ҳовузни олиб, тошдан қилинган тўшама устига жойлаштирди. Эгамизнинг уйи ичкарисида қурилган ва Шаббат куни шоҳ фойдаланадиган жойни, шоҳ ташқаридан кирадиган йўлакни олдириб ташлади.
19 Охознинг бошқа ишлари “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган. 20 Охоз оламдан ўтиб, Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн этилди. Ўрнига ўғли Ҳизқиё шоҳ бўлди.