6–BOB
Oʻzini Egamizga nazr qilganlar uchun qoida
1-2 Muso orqali Isroil xalqiga Egamiz quyidagi qonunlarni berdi: agar erkak yoki ayol ont ichib, oʻzini maʼlum bir muddatga Egamizga nazr sifatida bagʻishlashga qaror qilgan boʻlsa, 3 u sharob va oʻtkir ichimliklardan oʻzini tiysin. Uzum sirkasini ham, boshqa oʻtkir ichimliklarni ham isteʼmol qilmasin. Uzumdan tayyorlangan biror ichimlikni zinhor ichmasin. Mayizni va uzumni hech ogʻziga olmasin. 4 U oʻzini nazr qilgan davr mobaynida uzumdan tayyorlangan biror narsani isteʼmol qilmasin, hatto uzumning doni va poʻstlogʻini ham ogʻziga olmasin. 5 Oʻzi ont ichib, belgilagan davr mobaynida sochiga ham, soqoliga ham ustara tekkizmasin. U Egamizga bagʻishlanganligi uchun nazr qilingan kunlari tugagunga qadar sochlarini oʻstirib yursin. 6-7 Soch oʻsha odamning Xudoga bagʻishlanganligi belgisidir. Shuning uchun oʻsha odam Egamizga nazr qilingan kunlari davomida murdaga yaqinlashmasin. Otasi, onasi, aka–ukasi yoki opa–singillaridan birortasi vafot etib qolganda ham, u murda yoniga borib oʻzini bulgʻamasin. 8 Nazr qilingan kunlari davomida u Egamizga bagʻishlangandir. 9 Bordi–yu, uning oldida kimdir toʻsatdan vafot etib qolsa, nazr qilingan odamning boshi harom boʻlgan hisoblanadi. Shuning uchun nazr qilingan odam yetti kundan keyin sochini oldirsin. Shunda u yana pok boʻladi. 10 Sakkizinchi kuni esa Uchrashuv chodiri kiraverishiga ikkita kaptar yoki ikkita musichani olib kelib ruhoniyga bersin. 11 Ruhoniy bu qushlardan bittasini gunoh qurbonligi qiladi, ikkinchisini esa kuydiriladigan qurbonlik qiladi. Shunday qilib, murda tufayli harom boʻlgan oʻsha odamni gunohidan poklaydi. Nazr qilingan odam oʻsha kuniyoq oʻzini qaytadan Egamizga bagʻishlashi kerak.
12 U bulgʻanganligi uchun oldingi kunlar hisobga kirmaydi. U Egamizga bagʻishlangan nazr kunlarini boshqatdan boshlashi lozim. Buning uchun u bir yoshli qoʻchqor qoʻzini ayb qurbonligi qilsin.
13 Nazr qilinganlar uchun qonun quyidagichadir: nazr qilingan odam Egamizga bagʻishlagan kunlari tugaganda, Uchrashuv chodiri kiraverishiga kelsin. 14 U Egamizga atab quyidagi qurbonligu nazrlarni keltirsin: kuydiriladigan qurbonlik uchun bir yoshli nuqsonsiz qoʻchqor qoʻzini, gunoh qurbonligi uchun bir yoshli nuqsonsiz sovliq qoʻzini, tinchlik qurbonligi uchun nuqsonsiz qoʻchqorni, 15 ularga qoʻshib qilinadigan don bilan sharob nazrini, bir savat xamirturushsiz nonni — zaytun moyi aralashtirilgan sifatli undan tayyorlangan nonlar va zaytun moyi surtilgan chalpaklarni. 16 Ruhoniy bularning hammasini Egamizga taqdim qilib, gunoh qurbonligi va kuydiriladigan qurbonlik qilsin. 17 Soʻng qoʻchqorni don va sharob nazri bilan birga Egamizga tinchlik qurbonligi qilsin. Shuningdek, savatdagi xamirturushsiz nonni ham keltirsin. 18 Nazr qilgan odam Uchrashuv chodiriga kiraverishda nazr qilingan sochini oldirsin. Keyin sochlarini yigʻishtirib olib, tinchlik qurbonligi kuydirilayotgan olovga tashlasin. 19 U sochini oldirib boʻlgandan soʻng, ruhoniy qoʻchqorning pishirilgan yelkasini, savatdan bir dona xamirturushsiz nonni, bitta chalpakni olib, nazr qilingan odamning qoʻliga tutqizsin. 20 Keyin ruhoniy oʻsha narsalarni Egamizga bagʻishlaganini koʻrsatib, yuqoriga koʻtarsin. Bu narsalar ruhoniyning muqaddas ulushi boʻladi. Bular — ruhoniy yuqoriga koʻtarishi uchun beriladigan qoʻchqor toʻshi va nazr qilingan qoʻchqor sonidan tashqari beriladi. Shundan soʻng nazr qilingan odam sharob ichishi mumkin. 21 Nazr qilinganlar uchun qonun shundan iboratdir. Agar nazr qilingan odam Egamizga bulardan tashqari yana biron narsani vaʼda qilgan boʻlsa, bergan vaʼdasi ustidan chiqsin.
Ruhoniylarning duosi
22 Egamiz Musoga dedi:
23 — Horun va uning oʻgʻillari Isroil xalqini duo qilganlarida, shunday deb aytishlari kerak:
24 “Egam senga baraka bersin,
Seni Oʻz panohida asrasin!
25 Egam senga ochiq yuz bilan boqsin,
Senga iltifot qilsin.
26 Egam senga nazarini solsin,
Senga tinchlik ato etsin!”
27 Horun va uning oʻgʻillari Isroil xalqini Mening nomim bilan duo qilishsin . Shunda Men Isroil xalqiga baraka beraman.
6–БОБ
Ўзини Эгамизга назр қилганлар учун қоида
1-2 Мусо орқали Исроил халқига Эгамиз қуйидаги қонунларни берди: агар эркак ёки аёл онт ичиб, ўзини маълум бир муддатга Эгамизга назр сифатида бағишлашга қарор қилган бўлса, 3 у шароб ва ўткир ичимликлардан ўзини тийсин. Узум сиркасини ҳам, бошқа ўткир ичимликларни ҳам истеъмол қилмасин. Узумдан тайёрланган бирор ичимликни зинҳор ичмасин. Майизни ва узумни ҳеч оғзига олмасин. 4 У ўзини назр қилган давр мобайнида узумдан тайёрланган бирор нарсани истеъмол қилмасин, ҳатто узумнинг дони ва пўстлоғини ҳам оғзига олмасин. 5 Ўзи онт ичиб, белгилаган давр мобайнида сочига ҳам, соқолига ҳам устара теккизмасин. У Эгамизга бағишланганлиги учун назр қилинган кунлари тугагунга қадар сочларини ўстириб юрсин. 6-7 Соч ўша одамнинг Худога бағишланганлиги белгисидир. Шунинг учун ўша одам Эгамизга назр қилинган кунлари давомида мурдага яқинлашмасин. Отаси, онаси, ака–укаси ёки опа–сингилларидан бирортаси вафот этиб қолганда ҳам, у мурда ёнига бориб ўзини булғамасин. 8 Назр қилинган кунлари давомида у Эгамизга бағишлангандир. 9 Борди–ю, унинг олдида кимдир тўсатдан вафот этиб қолса, назр қилинган одамнинг боши ҳаром бўлган ҳисобланади. Шунинг учун назр қилинган одам етти кундан кейин сочини олдирсин. Шунда у яна пок бўлади. 10 Саккизинчи куни эса Учрашув чодири кираверишига иккита каптар ёки иккита мусичани олиб келиб руҳонийга берсин. 11 Руҳоний бу қушлардан биттасини гуноҳ қурбонлиги қилади, иккинчисини эса куйдириладиган қурбонлик қилади. Шундай қилиб, мурда туфайли ҳаром бўлган ўша одамни гуноҳидан поклайди. Назр қилинган одам ўша куниёқ ўзини қайтадан Эгамизга бағишлаши керак.
12 У булғанганлиги учун олдинги кунлар ҳисобга кирмайди. У Эгамизга бағишланган назр кунларини бошқатдан бошлаши лозим. Бунинг учун у бир ёшли қўчқор қўзини айб қурбонлиги қилсин.
13 Назр қилинганлар учун қонун қуйидагичадир: назр қилинган одам Эгамизга бағишлаган кунлари тугаганда, Учрашув чодири кираверишига келсин. 14 У Эгамизга атаб қуйидаги қурбонлигу назрларни келтирсин: куйдириладиган қурбонлик учун бир ёшли нуқсонсиз қўчқор қўзини, гуноҳ қурбонлиги учун бир ёшли нуқсонсиз совлиқ қўзини, тинчлик қурбонлиги учун нуқсонсиз қўчқорни, 15 уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назрини, бир сават хамиртурушсиз нонни — зайтун мойи аралаштирилган сифатли ундан тайёрланган нонлар ва зайтун мойи суртилган чалпакларни. 16 Руҳоний буларнинг ҳаммасини Эгамизга тақдим қилиб, гуноҳ қурбонлиги ва куйдириладиган қурбонлик қилсин. 17 Сўнг қўчқорни дон ва шароб назри билан бирга Эгамизга тинчлик қурбонлиги қилсин. Шунингдек, саватдаги хамиртурушсиз нонни ҳам келтирсин. 18 Назр қилган одам Учрашув чодирига кираверишда назр қилинган сочини олдирсин. Кейин сочларини йиғиштириб олиб, тинчлик қурбонлиги куйдирилаётган оловга ташласин. 19 У сочини олдириб бўлгандан сўнг, руҳоний қўчқорнинг пиширилган елкасини, саватдан бир дона хамиртурушсиз нонни, битта чалпакни олиб, назр қилинган одамнинг қўлига тутқизсин. 20 Кейин руҳоний ўша нарсаларни Эгамизга бағишлаганини кўрсатиб, юқорига кўтарсин. Бу нарсалар руҳонийнинг муқаддас улуши бўлади. Булар — руҳоний юқорига кўтариши учун бериладиган қўчқор тўши ва назр қилинган қўчқор сонидан ташқари берилади. Шундан сўнг назр қилинган одам шароб ичиши мумкин. 21 Назр қилинганлар учун қонун шундан иборатдир. Агар назр қилинган одам Эгамизга булардан ташқари яна бирон нарсани ваъда қилган бўлса, берган ваъдаси устидан чиқсин.
Руҳонийларнинг дуоси
22 Эгамиз Мусога деди:
23 — Ҳорун ва унинг ўғиллари Исроил халқини дуо қилганларида, шундай деб айтишлари керак:
24 “Эгам сенга барака берсин,
Сени Ўз паноҳида асрасин!
25 Эгам сенга очиқ юз билан боқсин,
Сенга илтифот қилсин.
26 Эгам сенга назарини солсин,
Сенга тинчлик ато этсин!”
27 Ҳорун ва унинг ўғиллари Исроил халқини Менинг номим билан дуо қилишсин . Шунда Мен Исроил халқига барака бераман.