3–BOB
Shol tilanchi shifo topadi
1 Bir kuni Butrus bilan Yuhanno kunduzi soat uchlarda — ibodat vaqtida Maʼbadga ketayotgan edilar. 2 Oʻsha paytda Maʼbad oldiga bir shol odamni olib kelishdi. Uni har kuni Maʼbadning Goʻzal degan darvozasiga keltirib qoʻyishardi, u esa tilanchilik qilib, Maʼbadga kelgan odamlardan sadaqa yigʻardi. 3 Oʻsha odam Butrus bilan Yuhannoning kelayotganini koʻrib, sadaqa berib ketinglar, deb yalindi. 4 Ikkovi unga tikildi. Shu payt Butrus:
— Bizga qara! — dedi. 5 U odam biron narsa olish ilinjida ikkoviga diqqat bilan qaradi. 6 Butrus esa unga dedi:
— Mening pulim yoʻq, ammo oʻzimda bor narsani senga beraman. Nosiralik Iso Masih nomi bilan senga buyuraman: oʻrningdan turib yur!
7 Shundan keyin Butrus shol odamni oʻng qoʻlidan ushlab, oʻrnidan turishiga koʻmaklashdi. Shu zahoti shol odamning oyoqlari bilan toʻpiqlari mustahkam boʻldi. 8 U sakrab turdi–yu, yura boshladi. Keyin u yurib, sakrab, Xudoga hamdu sano aytib, Butrus va Yuhanno bilan birga Maʼbad hovlisiga kirdi. 9 Yurib Xudoga hamdu sano aytayotgan bu odamni xalq koʻrib, 10 tanib qoldi. Odamlar: “Goʻzal darvozasi yonida oʻtirib, sadaqa soʻraydigan odam–ku bu!” deb hayratlanib, yuz bergan voqeadan hayron qoldilar.
Butrusning Maʼbadda aytgan nutqi
11 Butrus bilan Yuhanno Sulaymon ayvoni degan joyda turar edilar. Shol odam ikkovining qoʻlidan mahkam ushlab olgan edi. Xalq hayrat ichida ularning oldiga yugurib keldi. 12 Butrus odamlarni koʻrgach, ularga qarata nutq soʻzladi: “Ey Isroil xalqi! Nega bunga hayron boʻlyapsizlar? Xuddi biz oʻz qudratimiz yoki xudojoʻyligimiz bilan bu odamga shifo berganday, nega bizga tikilib qarayapsizlar? 13 Bu odamga ota–bobolarimiz Ibrohim, Isʼhoq va Yoqubning Xudosi shifo berdi. Shu orqali Xudo Oʻzining Quli Isoni ulugʻladi. Ammo sizlar Isoni tutib berdingizlar. Pilat Uni ozod etishga qaror qilganda ham, sizlar Uni Pilatning huzurida rad etdingizlar. 14 Ha, sizlar Muqaddas va Solih boʻlgan Isoni rad qilib, Uning oʻrniga bir qotilning ozod boʻlishini talab qildingizlar. 15 Sizlar hayotga boshlovchini oʻldirdingizlar. Ammo Xudo Uni oʻlikdan tiriltirdi. Biz bunga guvohmiz. 16 Oʻzlaringiz koʻrib–bilib turgan mana bu odam Isoning nomiga boʻlgan imoni tufayli soppa–sogʻ turibdi. Iso bergan bu imon uni koʻz oʻngingizda butunlay sogʻaytirdi.
17 Ey birodarlar, sizlar Isoga qilgan bu yomonligingizni hukmdorlaringiz kabi, bilmasdan qilganingizni bilaman. 18 Ammo Xudo paygʻambarlarning ogʻzi bilan aytgan bashoratini bu qilmishingiz orqali bajo qildi. Axir, paygʻambarlar, Masih azob chekadi, deb oldindan aytgan edilar. 19 Endi tavba qilinglar, Xudoga yuz buringlar, toki gunohlaringiz kechirilsin. 20 Shunda Egamiz sizlarga farogʻat vaqtini ato qiladi. U sizlar uchun tanlangan Masihni — Isoni yuboradi. 21 Xudo Oʻzining muqaddas paygʻambarlari orqali azaldan eʼlon qilganday, hamma narsalar yangilanadigan davr keladi. Ammo oʻsha davr kelguncha Iso samoda qolishi kerak.
22 Muso shunday degan edi: «Egangiz Xudo sizlar uchun xalqingiz orasidan menga oʻxshagan bir paygʻambar chiqaradi. Uning aytgan har bir soʻziga quloq solinglar. 23 Oʻsha paygʻambarga itoat etmaydigan har kim Xudoning xalqi orasidan ajratib olinib, yoʻq qilinadi.» 24 Haqiqatan ham, Shomuil va undan keyin kelib xabar bergan hamma paygʻambarlar biz yashayotgan bu kunlar haqida bashorat qilgan edilar. 25 Xudoning Oʻz paygʻambarlari orqali bergan vaʼdalari sizlar uchundir. Sizlar Xudoning Ibrohim orqali ota–bobolaringiz bilan tuzgan ahdini oʻzlaringizga meros qilib olyapsizlar. Axir, Ibrohimga Xudo: «Sening zurriyoting orqali yer yuzidagi jamiki xalqlar baraka topadi» , deb aytgan edi. 26 Xudo Oʻz Quli Isoni zohir qilgandan keyin, Uni birinchi boʻlib sizlarning orangizga yubordi. Chunki U har biringizni yomon yoʻldan qaytarib, sizlarga baraka bermoqchi.”
3–БОБ
Шол тиланчи шифо топади
1 Бир куни Бутрус билан Юҳанно кундузи соат учларда — ибодат вақтида Маъбадга кетаётган эдилар. 2 Ўша пайтда Маъбад олдига бир шол одамни олиб келишди. Уни ҳар куни Маъбаднинг Гўзал деган дарвозасига келтириб қўйишарди, у эса тиланчилик қилиб, Маъбадга келган одамлардан садақа йиғарди. 3 Ўша одам Бутрус билан Юҳаннонинг келаётганини кўриб, садақа бериб кетинглар, деб ялинди. 4 Иккови унга тикилди. Шу пайт Бутрус:
— Бизга қара! — деди. 5 У одам бирон нарса олиш илинжида икковига диққат билан қаради. 6 Бутрус эса унга деди:
— Менинг пулим йўқ, аммо ўзимда бор нарсани сенга бераман. Носиралик Исо Масиҳ номи билан сенга буюраман: ўрнингдан туриб юр!
7 Шундан кейин Бутрус шол одамни ўнг қўлидан ушлаб, ўрнидан туришига кўмаклашди. Шу заҳоти шол одамнинг оёқлари билан тўпиқлари мустаҳкам бўлди. 8 У сакраб турди–ю, юра бошлади. Кейин у юриб, сакраб, Худога ҳамду сано айтиб, Бутрус ва Юҳанно билан бирга Маъбад ҳовлисига кирди. 9 Юриб Худога ҳамду сано айтаётган бу одамни халқ кўриб, 10 таниб қолди. Одамлар: “Гўзал дарвозаси ёнида ўтириб, садақа сўрайдиган одам–ку бу!” деб ҳайратланиб, юз берган воқеадан ҳайрон қолдилар.
Бутруснинг Маъбадда айтган нутқи
11 Бутрус билан Юҳанно Сулаймон айвони деган жойда турар эдилар. Шол одам икковининг қўлидан маҳкам ушлаб олган эди. Халқ ҳайрат ичида уларнинг олдига югуриб келди. 12 Бутрус одамларни кўргач, уларга қарата нутқ сўзлади: “Эй Исроил халқи! Нега бунга ҳайрон бўляпсизлар? Худди биз ўз қудратимиз ёки художўйлигимиз билан бу одамга шифо бергандай, нега бизга тикилиб қараяпсизлар? 13 Бу одамга ота–боболаримиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси шифо берди. Шу орқали Худо Ўзининг Қули Исони улуғлади. Аммо сизлар Исони тутиб бердингизлар. Пилат Уни озод этишга қарор қилганда ҳам, сизлар Уни Пилатнинг ҳузурида рад этдингизлар. 14 Ҳа, сизлар Муқаддас ва Солиҳ бўлган Исони рад қилиб, Унинг ўрнига бир қотилнинг озод бўлишини талаб қилдингизлар. 15 Сизлар ҳаётга бошловчини ўлдирдингизлар. Аммо Худо Уни ўликдан тирилтирди. Биз бунга гувоҳмиз. 16 Ўзларингиз кўриб–билиб турган мана бу одам Исонинг номига бўлган имони туфайли соппа–соғ турибди. Исо берган бу имон уни кўз ўнгингизда бутунлай соғайтирди.
17 Эй биродарлар, сизлар Исога қилган бу ёмонлигингизни ҳукмдорларингиз каби, билмасдан қилганингизни биламан. 18 Аммо Худо пайғамбарларнинг оғзи билан айтган башоратини бу қилмишингиз орқали бажо қилди. Ахир, пайғамбарлар, Масиҳ азоб чекади, деб олдиндан айтган эдилар. 19 Энди тавба қилинглар, Худога юз буринглар, токи гуноҳларингиз кечирилсин. 20 Шунда Эгамиз сизларга фароғат вақтини ато қилади. У сизлар учун танланган Масиҳни — Исони юборади. 21 Худо Ўзининг муқаддас пайғамбарлари орқали азалдан эълон қилгандай, ҳамма нарсалар янгиланадиган давр келади. Аммо ўша давр келгунча Исо самода қолиши керак.
22 Мусо шундай деган эди: «Эгангиз Худо сизлар учун халқингиз орасидан менга ўхшаган бир пайғамбар чиқаради. Унинг айтган ҳар бир сўзига қулоқ солинглар. 23 Ўша пайғамбарга итоат этмайдиган ҳар ким Худонинг халқи орасидан ажратиб олиниб, йўқ қилинади.» 24 Ҳақиқатан ҳам, Шомуил ва ундан кейин келиб хабар берган ҳамма пайғамбарлар биз яшаётган бу кунлар ҳақида башорат қилган эдилар. 25 Худонинг Ўз пайғамбарлари орқали берган ваъдалари сизлар учундир. Сизлар Худонинг Иброҳим орқали ота–боболарингиз билан тузган аҳдини ўзларингизга мерос қилиб оляпсизлар. Ахир, Иброҳимга Худо: «Сенинг зурриётинг орқали ер юзидаги жамики халқлар барака топади» , деб айтган эди. 26 Худо Ўз Қули Исони зоҳир қилгандан кейин, Уни биринчи бўлиб сизларнинг орангизга юборди. Чунки У ҳар бирингизни ёмон йўлдан қайтариб, сизларга барака бермоқчи.”