10–BOB
Shava malikasining tashrifi
1 Shava malikasi Sulaymonning dongʻini, Egamizga atab qilgan ishlarini eshitgach, Sulaymonning huzuriga keldi. U Sulaymonga topishmoqlar aytib sinab koʻrmoqchi edi. 2 Malika Quddusga juda koʻp miqdorda oltin va qimmatbaho toshlar, xushboʻy ziravorlar yuklangan katta karvonni boshlab keldi.
Malika Sulaymonning huzuriga kirgach, koʻnglida nima boʻlsa, hammasini unga aytdi. 3 Sulaymon malikaning hamma savollariga javob berdi, malikaning bironta savoliga javob berishda qiynalmadi. 4 Shava malikasi Sulaymonning donoligini, u qurgan saroyni, 5 dasturxonidagi noz–neʼmatlarni, xizmatkorlarining yashash sharoitlarini, shoh soqiylariyu bakovullarini hamda ularning xizmat liboslarini, Egamizning uyida shoh Sulaymon kuydirib, nazr qilgan qurbonliklarni koʻrdi. Malika gʻoyat hayratlanib, 6 shohga dedi:
— Sizning ishlaringiz, donoligingiz haqida yurtimda eshitganlarim toʻgʻri ekan. 7 Kelib oʻz koʻzlarim bilan koʻrmagunimcha, gap–soʻzlarga ishonmagan edim. Menga hatto yarmini ham aytishmagan ekan. Men eshitgandan ham koʻra, donoroq ekansiz, boyligingiz ham juda koʻp ekan. 8 Naqadar baxtiyordir odamlaringiz! Omadlidir xizmatkorlaringiz! Ular doimo huzuringizda boʻlib, donoligingizdan bahra olishar. 9 Sizdan mamnun boʻlib, Isroil taxti uzra oʻtqazgan Egangiz Xudoga hamdu sanolar boʻlsin. U Isroilni to abad sevgani uchun adolat va toʻgʻrilik bilan hukm etsin deb, sizni shoh qilgan ekan.
10 Malika Sulaymonga 250 pud oltin, behisob xushboʻy ziravorlar, qimmatbaho toshlar hadya qildi. Hech kim shoh Sulaymonga oldin ham, keyin ham Shava malikasi berganchalik xushboʻy ziravorlar hadya qilmagan edi.
11 Xiramning Ofirdan oltin olib kelgan kemalari juda koʻp sandal daraxti yogʻochlari va qimmatbaho toshlar ham keltirgandi. 12 Shoh oʻsha yogʻochlardan Egamizning uyi uchun ham, shoh saroyi uchun ham jihozlar, musiqachilar uchun lira va arfalar yasattirgandi. Bugungacha bunaqa sandal daraxti yogʻochlari keltirilmagan va hech kim koʻrmagan edi.
13 Shoh Sulaymon Shava malikasiga istaganini va soʻraganining hammasini muhayyo qildi. Bundan tashqari, malikaga koʻngildan chiqarib hadyalar inʼom etdi. Shundan keyin malika hamma odamlarini ergashtirib, oʻz yurtiga joʻnab ketdi.
Shoh Sulaymonning boyligi
14 Har yili Sulaymonga kelib turadigan oltinning ogʻirligi 1425 pud edi. 15 Odamlarning oldi–sotdisidan, savdogarlar tijoratidan olinadigan soliq va butun Arab shohlaridan, Isroildagi viloyat hokimlaridan olinadigan oʻlpon bunga kirmasdi.
16 Shoh Sulaymon oltindan ikki yuzta katta qalqon yasattirdi. Har bir qalqonni yasashga yarim pud oltin sarf boʻldi. 17 Yana oltindan uch yuzta kichik qalqon ham yasattirdi. Har bir qalqon uchun 400 misqol oltin sarf boʻldi. Shoh bu qalqonlarni “Lubnon oʻrmoni” degan uyiga qoʻydi.
18 U yana fil suyagidan katta taxt yasatib, uni toza oltin bilan qoplatdi. 19 Taxtning oltita pogʻonasi boʻlib, suyanchigʻining yuqorisi orqaga qayrilgan, oʻrindigʻining ikki tomonida tirsagi bor edi. Tirsaklarning yonida ikkita sher tasviri turardi. 20 Har bir pogʻonaning ikki chekkasida ham bittadan sher tasviri boʻlib, taxtning olti pogʻonasida jami oʻn ikkita sher tasviri bor edi. Bunday taxt boshqa birorta shohlikda boʻlmagan edi.
21 Shoh Sulaymonning ichimlik ichadigan hamma idishlari oltindan, “Lubnon oʻrmoni” degan uyidagi hamma idishlar ham toza oltindan boʻlib, birorta ham buyum kumushdan yasalmagan edi. Sulaymon davrida kumush arzimas narsa boʻlib qolgandi. 22 Dengizda, Xiramning kemalari qatorida, Sulaymonning ham savdo kemalari boʻlib, bu kemalar har uch yilda oltin, kumush, fil suyagi, turli–tuman maymunlar olib qaytardi. 23 Shunday qilib, Sulaymon boylikda ham, donolikda ham yer yuzidagi hamma shohlardan oʻtib ketdi. 24 Sulaymonga Xudo bergan donolikni eshitmoq uchun butun dunyo uning oldiga kelgani oshiqardi. 25 Kelganlarning har biri kumush va oltin idishlar, kiyim, qurol–aslaha, xushboʻy ziravorlar, ot va xachirlar hadya qilib olib kelar edi. Bunday hol yillab davom etardi.
26 Sulaymon jang aravalari va otlarni toʻpladi. Uning 1400 ta jang aravasi va 12.000 ta oti bor edi. Sulaymon bularning bir qismini jang aravalari saqlanadigan shaharlarga va bir qismini Quddusga — oʻzining yoniga joylashtirdi. 27 Uning hukmronligi davrida Quddusda kumush koʻchadagi toshday koʻp edi. Sadr yogʻochlari ham xuddi Yahudo qir etaklarida oʻsadigan oddiy shikamora–anjir daraxtiday serob edi. 28 Shohning savdogarlari Misrdan va Quvedan Sulaymon uchun otlar olib kelishardi. Ular otlarni Quvedan sotib olishardi. 29 Misrdan keltirilgan har bir jang aravasi uchun 600 kumush tanga , har bir ot uchun 150 kumush tanga toʻlashardi. Soʻng bularni barcha Xet shohlariga va Oram shohlariga sotishardi.
10–БОБ
Шава маликасининг ташрифи
1 Шава маликаси Сулаймоннинг донғини, Эгамизга атаб қилган ишларини эшитгач, Сулаймоннинг ҳузурига келди. У Сулаймонга топишмоқлар айтиб синаб кўрмоқчи эди. 2 Малика Қуддусга жуда кўп миқдорда олтин ва қимматбаҳо тошлар, хушбўй зираворлар юкланган катта карвонни бошлаб келди.
Малика Сулаймоннинг ҳузурига киргач, кўнглида нима бўлса, ҳаммасини унга айтди. 3 Сулаймон маликанинг ҳамма саволларига жавоб берди, маликанинг биронта саволига жавоб беришда қийналмади. 4 Шава маликаси Сулаймоннинг донолигини, у қурган саройни, 5 дастурхонидаги ноз–неъматларни, хизматкорларининг яшаш шароитларини, шоҳ соқийларию баковулларини ҳамда уларнинг хизмат либосларини, Эгамизнинг уйида шоҳ Сулаймон куйдириб, назр қилган қурбонликларни кўрди. Малика ғоят ҳайратланиб, 6 шоҳга деди:
— Сизнинг ишларингиз, донолигингиз ҳақида юртимда эшитганларим тўғри экан. 7 Келиб ўз кўзларим билан кўрмагунимча, гап–сўзларга ишонмаган эдим. Менга ҳатто ярмини ҳам айтишмаган экан. Мен эшитгандан ҳам кўра, донороқ экансиз, бойлигингиз ҳам жуда кўп экан. 8 Нақадар бахтиёрдир одамларингиз! Омадлидир хизматкорларингиз! Улар доимо ҳузурингизда бўлиб, донолигингиздан баҳра олишар. 9 Сиздан мамнун бўлиб, Исроил тахти узра ўтқазган Эгангиз Худога ҳамду санолар бўлсин. У Исроилни то абад севгани учун адолат ва тўғрилик билан ҳукм этсин деб, сизни шоҳ қилган экан.
10 Малика Сулаймонга 250 пуд олтин, беҳисоб хушбўй зираворлар, қимматбаҳо тошлар ҳадя қилди. Ҳеч ким шоҳ Сулаймонга олдин ҳам, кейин ҳам Шава маликаси берганчалик хушбўй зираворлар ҳадя қилмаган эди.
11 Хирамнинг Офирдан олтин олиб келган кемалари жуда кўп сандал дарахти ёғочлари ва қимматбаҳо тошлар ҳам келтирганди. 12 Шоҳ ўша ёғочлардан Эгамизнинг уйи учун ҳам, шоҳ саройи учун ҳам жиҳозлар, мусиқачилар учун лира ва арфалар ясаттирганди. Бугунгача бунақа сандал дарахти ёғочлари келтирилмаган ва ҳеч ким кўрмаган эди.
13 Шоҳ Сулаймон Шава маликасига истаганини ва сўраганининг ҳаммасини муҳайё қилди. Бундан ташқари, маликага кўнгилдан чиқариб ҳадялар инъом этди. Шундан кейин малика ҳамма одамларини эргаштириб, ўз юртига жўнаб кетди.
Шоҳ Сулаймоннинг бойлиги
14 Ҳар йили Сулаймонга келиб турадиган олтиннинг оғирлиги 1425 пуд эди. 15 Одамларнинг олди–сотдисидан, савдогарлар тижоратидан олинадиган солиқ ва бутун Араб шоҳларидан, Исроилдаги вилоят ҳокимларидан олинадиган ўлпон бунга кирмасди.
16 Шоҳ Сулаймон олтиндан икки юзта катта қалқон ясаттирди. Ҳар бир қалқонни ясашга ярим пуд олтин сарф бўлди. 17 Яна олтиндан уч юзта кичик қалқон ҳам ясаттирди. Ҳар бир қалқон учун 400 мисқол олтин сарф бўлди. Шоҳ бу қалқонларни “Лубнон ўрмони” деган уйига қўйди.
18 У яна фил суягидан катта тахт ясатиб, уни тоза олтин билан қоплатди. 19 Тахтнинг олтита поғонаси бўлиб, суянчиғининг юқориси орқага қайрилган, ўриндиғининг икки томонида тирсаги бор эди. Тирсакларнинг ёнида иккита шер тасвири турарди. 20 Ҳар бир поғонанинг икки чеккасида ҳам биттадан шер тасвири бўлиб, тахтнинг олти поғонасида жами ўн иккита шер тасвири бор эди. Бундай тахт бошқа бирорта шоҳликда бўлмаган эди.
21 Шоҳ Сулаймоннинг ичимлик ичадиган ҳамма идишлари олтиндан, “Лубнон ўрмони” деган уйидаги ҳамма идишлар ҳам тоза олтиндан бўлиб, бирорта ҳам буюм кумушдан ясалмаган эди. Сулаймон даврида кумуш арзимас нарса бўлиб қолганди. 22 Денгизда, Хирамнинг кемалари қаторида, Сулаймоннинг ҳам савдо кемалари бўлиб, бу кемалар ҳар уч йилда олтин, кумуш, фил суяги, турли–туман маймунлар олиб қайтарди. 23 Шундай қилиб, Сулаймон бойликда ҳам, доноликда ҳам ер юзидаги ҳамма шоҳлардан ўтиб кетди. 24 Сулаймонга Худо берган доноликни эшитмоқ учун бутун дунё унинг олдига келгани ошиқарди. 25 Келганларнинг ҳар бири кумуш ва олтин идишлар, кийим, қурол–аслаҳа, хушбўй зираворлар, от ва хачирлар ҳадя қилиб олиб келар эди. Бундай ҳол йиллаб давом этарди.
26 Сулаймон жанг аравалари ва отларни тўплади. Унинг 1400 та жанг араваси ва 12.000 та оти бор эди. Сулаймон буларнинг бир қисмини жанг аравалари сақланадиган шаҳарларга ва бир қисмини Қуддусга — ўзининг ёнига жойлаштирди. 27 Унинг ҳукмронлиги даврида Қуддусда кумуш кўчадаги тошдай кўп эди. Садр ёғочлари ҳам худди Яҳудо қир этакларида ўсадиган оддий шикамора–анжир дарахтидай сероб эди. 28 Шоҳнинг савдогарлари Мисрдан ва Қуведан Сулаймон учун отлар олиб келишарди. Улар отларни Қуведан сотиб олишарди. 29 Мисрдан келтирилган ҳар бир жанг араваси учун 600 кумуш танга , ҳар бир от учун 150 кумуш танга тўлашарди. Сўнг буларни барча Хет шоҳларига ва Орам шоҳларига сотишарди.