17–BOB
Iordan gʻarbidagi Manashe qabilasining yarmiga berilgan yerlar
1 Keyin Manashe qabilasiga ulush berildi. Manashe Yusufning toʻngʻichi edi. Moxir Manashening toʻngʻichi boʻlib, Giladning otasi edi. Moxir botir jangchi boʻlgani uchun, Muso unga Iordanning sharqidagi Gilad va Bashan oʻlkalarini bergan edi. 2 Iordanning gʻarbida Manashe qabilasining qolganiga ulush berildi. Manashe oʻgʻillari Abuazar, Xalek, Osriyol, Shakam, Xafer va Shamido urugʻlarining hammasiga yerlar berildi.
3 Manashening nabirasi Giladning Xafer degan oʻgʻli bor edi. Xaferning esa Zalofxod degan oʻgʻli bor edi. Zalofxodning oʻgʻillari yoʻq, faqatgina qizlari bor edi. Qizlarining ismlari Maxlo, Nuvah, Xoʻglax, Milxo va Tirza edi. 4 Shu ayollar ruhoniy Elazar , Yoshua va oqsoqollarning oldiga kelib, shunday deyishdi: “Egamizning Oʻzi bizga ham, amakilarimiz qatori, ulush berishni Musoga amr qilgan.” Yoshua Egamizga itoat etib, qizlarga ham amakilari qatori ulush berdi. 5 Natijada Iordanning sharqidagi Gilad va Bashan oʻlkalaridan tashqari, Manashe qabilasi Iordanning gʻarbida yana oʻn boʻlak yer oldi. 6 Chunki Manashe avlodining ayollari ham erkaklar qatori ulush olishdi. Gilad yerini esa Yoshua Manashe qabilasining qolganlariga taqsimlab berdi.
7 Iordan daryosining gʻarbidagi Manashe qabilasi yerlarining shimoliy chegarasi Osher qabilasi hududining chegarasi bilan tutashgan edi. Janubiy chegarasi esa Mixmatit shahrigacha borib, Tappux bulogʻi atrofida yashaydiganlarning yerlarigacha choʻzilgan edi. Mixmatit shahri Shakam shahrining sharqida edi. 8 Tappux shahri Manashe va Efrayim qabilalarining chegarasida joylashgan edi. Tappuxning atrofidagi yerlar Manashe qabilasiga tegishli boʻlsa ham, shaharning oʻzi Efrayim qabilasiga tegishli edi. 9 Manashe hududining janubiy chegarasi Tappux shahridan, Kanax soyligi boʻylab, Oʻrta yer dengizigacha choʻziladi. Kanax soyligining qirgʻogʻidagi bir nechta shahar Manashe qabilasining hududida boʻlishiga qaramay Efrayim qabilasiga tegishli edi. 10 Oʻsha soylikning janubidagi yerlar Efrayim qabilasiniki, shimolidagi yerlar esa Manashe qabilasiniki edi. Oʻrta yer dengizining qirgʻogʻi Manashe hududining gʻarbiy chegarasi edi. Bu hudud shimol tomonda Osher qabilasining hududigacha, sharq tomonda esa Issaxor qabilasining hududigacha choʻzilgan edi.
11 Issaxor va Osher qabilalarining hududlarida joylashgan quyidagi shaharlar va atrofidagi qishloqlar Manashe qabilasiga berilgan edi: Bayt–Shan, Yiblayom, Doʻr, yaʼni Nafoʻt–Doʻr, En–Doʻr, Tanax va Magidoʻ. 12 Lekin Manashe qabilasi bu shaharlarni qoʻlga kirita olmadi. Kanʼon xalqlari oʻsha joylarda yashashda davom etaverdi. 13 Birmuncha vaqt oʻtgandan keyin Isroil xalqi yanada kuchaydi va Kanʼon xalqlarini qarol boʻlib xizmat qilishga majbur qildi. Ammo ularni yurtdan butunlay quvib chiqarmadi.
Efrayim va Manashe qabilalari kattaroq ulushni soʻrab borishadi
14 Bir kun Yusuf avlodlari kelib, Yoshuadan soʻrashdi:
— Egamiz bizni barakali qilib, juda ham koʻpaytirdi. Nima uchun bizga faqatgina bir ulush yer berdingiz?
15 Yoshua ularga shunday deb javob berdi:
— Agar Efrayim qirlari sizlarga kichiklik qilayotgan boʻlsa, boringlar, Pariz va Rafa xalqlarining oʻrmonlaridagi daraxtlarni kesib, oʻzingizga joy tozalab olinglar.
16 Ular shunday dedilar:
— Biz aytganingizday qilsak ham, baribir, u joy bizga torlik qiladi. Yizril vodiysiga borib ham, u yerda yashay olmaymiz. Nega desangiz, Bayt–Shan shahri va uning atrofidagi qishloqlarda hamda Yizril vodiysining boshqa joylarida yashaydigan Kanʼon xalqi bizdan ancha kuchli, ularning temirdan yasalgan jang aravalari bor.
17 Yoshua Yusufning avlodlari boʻlgan Efrayim va Manashe qabilalariga shunday dedi:
— Sizlar juda koʻpchiliksizlar, kuchingiz ham koʻp. Nafaqat bir ulush yer, 18 balki qirlar ham sizlarniki boʻladi. U yerlar oʻrmon boʻlsa ham, daraxtlarini kesib, tozalanglar. U joylar boshidan oxirigacha sizlarniki boʻladi. Kanʼon xalqlarining temir jang aravalariyu katta kuchi boʻlishiga qaramay, sizlar ularni u yerdan haydab chiqarasizlar.
17–БОБ
Иордан ғарбидаги Манаше қабиласининг ярмига берилган ерлар
1 Кейин Манаше қабиласига улуш берилди. Манаше Юсуфнинг тўнғичи эди. Мохир Манашенинг тўнғичи бўлиб, Гиладнинг отаси эди. Мохир ботир жангчи бўлгани учун, Мусо унга Иорданнинг шарқидаги Гилад ва Башан ўлкаларини берган эди. 2 Иорданнинг ғарбида Манаше қабиласининг қолганига улуш берилди. Манаше ўғиллари Абуазар, Халек, Осриёл, Шакам, Хафер ва Шамидо уруғларининг ҳаммасига ерлар берилди.
3 Манашенинг набираси Гиладнинг Хафер деган ўғли бор эди. Хафернинг эса Залофход деган ўғли бор эди. Залофходнинг ўғиллари йўқ, фақатгина қизлари бор эди. Қизларининг исмлари Махло, Нуваҳ, Хўглах, Милхо ва Тирза эди. 4 Шу аёллар руҳоний Элазар , Ёшуа ва оқсоқолларнинг олдига келиб, шундай дейишди: “Эгамизнинг Ўзи бизга ҳам, амакиларимиз қатори, улуш беришни Мусога амр қилган.” Ёшуа Эгамизга итоат этиб, қизларга ҳам амакилари қатори улуш берди. 5 Натижада Иорданнинг шарқидаги Гилад ва Башан ўлкаларидан ташқари, Манаше қабиласи Иорданнинг ғарбида яна ўн бўлак ер олди. 6 Чунки Манаше авлодининг аёллари ҳам эркаклар қатори улуш олишди. Гилад ерини эса Ёшуа Манаше қабиласининг қолганларига тақсимлаб берди.
7 Иордан дарёсининг ғарбидаги Манаше қабиласи ерларининг шимолий чегараси Ошер қабиласи ҳудудининг чегараси билан туташган эди. Жанубий чегараси эса Михматит шаҳригача бориб, Таппух булоғи атрофида яшайдиганларнинг ерларигача чўзилган эди. Михматит шаҳри Шакам шаҳрининг шарқида эди. 8 Таппух шаҳри Манаше ва Эфрайим қабилаларининг чегарасида жойлашган эди. Таппухнинг атрофидаги ерлар Манаше қабиласига тегишли бўлса ҳам, шаҳарнинг ўзи Эфрайим қабиласига тегишли эди. 9 Манаше ҳудудининг жанубий чегараси Таппух шаҳридан, Канах сойлиги бўйлаб, Ўрта ер денгизигача чўзилади. Канах сойлигининг қирғоғидаги бир нечта шаҳар Манаше қабиласининг ҳудудида бўлишига қарамай Эфрайим қабиласига тегишли эди. 10 Ўша сойликнинг жанубидаги ерлар Эфрайим қабиласиники, шимолидаги ерлар эса Манаше қабиласиники эди. Ўрта ер денгизининг қирғоғи Манаше ҳудудининг ғарбий чегараси эди. Бу ҳудуд шимол томонда Ошер қабиласининг ҳудудигача, шарқ томонда эса Иссахор қабиласининг ҳудудигача чўзилган эди.
11 Иссахор ва Ошер қабилаларининг ҳудудларида жойлашган қуйидаги шаҳарлар ва атрофидаги қишлоқлар Манаше қабиласига берилган эди: Байт–Шан, Йиблаём, Дўр, яъни Нафўт–Дўр, Эн–Дўр, Танах ва Магидў. 12 Лекин Манаше қабиласи бу шаҳарларни қўлга кирита олмади. Канъон халқлари ўша жойларда яшашда давом этаверди. 13 Бирмунча вақт ўтгандан кейин Исроил халқи янада кучайди ва Канъон халқларини қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилди. Аммо уларни юртдан бутунлай қувиб чиқармади.
Эфрайим ва Манаше қабилалари каттароқ улушни сўраб боришади
14 Бир кун Юсуф авлодлари келиб, Ёшуадан сўрашди:
— Эгамиз бизни баракали қилиб, жуда ҳам кўпайтирди. Нима учун бизга фақатгина бир улуш ер бердингиз?
15 Ёшуа уларга шундай деб жавоб берди:
— Агар Эфрайим қирлари сизларга кичиклик қилаётган бўлса, боринглар, Париз ва Рафа халқларининг ўрмонларидаги дарахтларни кесиб, ўзингизга жой тозалаб олинглар.
16 Улар шундай дедилар:
— Биз айтганингиздай қилсак ҳам, барибир, у жой бизга торлик қилади. Йизрил водийсига бориб ҳам, у ерда яшай олмаймиз. Нега десангиз, Байт–Шан шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларда ҳамда Йизрил водийсининг бошқа жойларида яшайдиган Канъон халқи биздан анча кучли, уларнинг темирдан ясалган жанг аравалари бор.
17 Ёшуа Юсуфнинг авлодлари бўлган Эфрайим ва Манаше қабилаларига шундай деди:
— Сизлар жуда кўпчиликсизлар, кучингиз ҳам кўп. Нафақат бир улуш ер, 18 балки қирлар ҳам сизларники бўлади. У ерлар ўрмон бўлса ҳам, дарахтларини кесиб, тозаланглар. У жойлар бошидан охиригача сизларники бўлади. Канъон халқларининг темир жанг араваларию катта кучи бўлишига қарамай, сизлар уларни у ердан ҳайдаб чиқарасизлар.