16–BOB
Fisih ziyofati va Xamirturushsiz non bayrami
1 Abib oyida Egangiz Xudoning Fisih ziyofatini nishonlanglar. Egangiz Xudo sizlarni Misrdan Abib oyida tunda olib chiqqan. 2 Egamiz Oʻzi ulugʻlanishi uchun tanlaydigan joyga boringlar, mol va qoʻylaringizdan Egangiz Xudoga Fisih qurbonligini keltiringlar. 3 Qurbonlik goʻshtiga xamirturushli non qoʻshib yemanglar. Sizlar Misrdan shoshilinch chiqib ketganingizda xamirturushsiz non yegan edingizlar, shuning uchun yetti kun davomida xamirturushsiz non yenglar . Bu nonni mashaqqatli kunlarda yeyiladigan non deb atashadi. Oʻsha nonni yenglar, shunda Misrdan chiqqan kuningizni bir umr yodingizda tutasizlar. 4 Yetti kun davomida yurtingizning biror joyida xamirturush boʻlmasin. Bayramning birinchi kuni kechqurun keltirgan qurbonligingiz goʻshtidan ertalabgacha hech nima qolmasin.
5 Egangiz Xudo sizlarga berayotgan shaharlarning birontasida Fisih qurbonligini keltirish mumkin emas. 6 Fisih qurbonligini faqatgina Egangiz Oʻzi ulugʻlanishi uchun tanlaydigan joyda keltiringlar. Buni quyosh botadigan paytda, sizlar Misrdan chiqqan soatlarda qilinglar. 7 Egangiz Xudo tanlaydigan joyda qurbonligingizni pishirib yeb, ertalab chodirlaringizga qaytib ketaveringlar. 8 Keyingi olti kun davomida xamirturushsiz non yenglar. Yettinchi kun Egangiz Xudoga bagʻishlangan muqaddas yigʻin boʻladi. Shu kuni hech qanday ish qilmanglar.
Hosil bayrami
9 Hosilga oʻroq solingan kundan boshlab yetti haftani sananglar. 10 Keyin Egangiz Xudo bergan barakaga yarasha koʻngildan chiqarib nazr qilinglar. Egangiz Xudo uchun Hosil bayramini nishonlanglar. 11 Oʻzlaringiz, oʻgʻillaringiz, qizlaringiz, qullaringiz, choʻrilaringiz, shahringizdagi levilar, orangizdagi musofirlar, yetim va bevalar bilan birga Egangiz Xudo oldida xursandchilik qilinglar. Bularni Egangizning Oʻzi ulugʻlanishi uchun tanlaydigan joyda oʻtkazinglar. 12 Misrda qul boʻlganingizni esingizdan chiqarmasdan, mana shu qonun–qoidalarni bitta qoldirmay bajaringlar.
Chayla bayrami
13 Doningizni yanchib, sharobingizni tayyorlab olganingizdan keyin yetti kun davomida Chayla bayramini nishonlanglar. 14 Bayramda oʻgʻillaringiz, qizlaringiz, qul va choʻrilaringiz, shahringizda istiqomat qilayotgan levilar, musofirlar, yetim va bevalar bilan birga xursandchilik qilinglar. 15 Egangiz Xudo tanlagan joyda yetti kun davomida Unga atab bayram qilinglar. Egangiz Xudo hosilingizga va qilgan har bir ishingizga baraka beradi. Shu tariqa, albatta xursandchilik qilinglar.
16 Xamirturushsiz non bayramini, Hosil bayramini va Chayla bayramini nishonlash uchun barcha erkaklaringiz yilda uch marta Egangiz Xudo tanlagan joyga, Uning huzuriga kelsin. Hech kim Egamizning oldiga quruq kelmasin. 17 Har biringiz Egangiz Xudo bergan barakaga yarasha inʼom keltiringlar.
Odil hukm
18 Egangiz Xudo sizlarga beradigan har bir shaharga hakamlar va nazoratchilar tayinlanglar. Ular xalqni adolat bilan hukm qilsin. 19 Hukm qilayotganda adolatsizlik qilmasin, tarafkashlik qilmasin, pora olmasin. Pora donolarning koʻzini koʻr qiladi, haqlarni nohaqqa chiqaradi. 20 Adolatga, faqat adolatga ergashing. Shunda yashaysizlar, Egangiz Xudo beradigan yurtga egalik qilasizlar.
21 Egangiz Xudo uchun quradigan qurbongoh yoniga Asheraga atalgan ustunlarni yoki 22 butsimon toshlarni oʻrnatmanglar. Egangiz Xudo bulardan nafratlanadi.
16–БОБ
Фисиҳ зиёфати ва Хамиртурушсиз нон байрами
1 Абиб ойида Эгангиз Худонинг Фисиҳ зиёфатини нишонланглар. Эгангиз Худо сизларни Мисрдан Абиб ойида тунда олиб чиққан. 2 Эгамиз Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойга боринглар, мол ва қўйларингиздан Эгангиз Худога Фисиҳ қурбонлигини келтиринглар. 3 Қурбонлик гўштига хамиртурушли нон қўшиб еманглар. Сизлар Мисрдан шошилинч чиқиб кетганингизда хамиртурушсиз нон еган эдингизлар, шунинг учун етти кун давомида хамиртурушсиз нон енглар . Бу нонни машаққатли кунларда ейиладиган нон деб аташади. Ўша нонни енглар, шунда Мисрдан чиққан кунингизни бир умр ёдингизда тутасизлар. 4 Етти кун давомида юртингизнинг бирор жойида хамиртуруш бўлмасин. Байрамнинг биринчи куни кечқурун келтирган қурбонлигингиз гўштидан эрталабгача ҳеч нима қолмасин.
5 Эгангиз Худо сизларга бераётган шаҳарларнинг биронтасида Фисиҳ қурбонлигини келтириш мумкин эмас. 6 Фисиҳ қурбонлигини фақатгина Эгангиз Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойда келтиринглар. Буни қуёш ботадиган пайтда, сизлар Мисрдан чиққан соатларда қилинглар. 7 Эгангиз Худо танлайдиган жойда қурбонлигингизни пишириб еб, эрталаб чодирларингизга қайтиб кетаверинглар. 8 Кейинги олти кун давомида хамиртурушсиз нон енглар. Еттинчи кун Эгангиз Худога бағишланган муқаддас йиғин бўлади. Шу куни ҳеч қандай иш қилманглар.
Ҳосил байрами
9 Ҳосилга ўроқ солинган кундан бошлаб етти ҳафтани сананглар. 10 Кейин Эгангиз Худо берган баракага яраша кўнгилдан чиқариб назр қилинглар. Эгангиз Худо учун Ҳосил байрамини нишонланглар. 11 Ўзларингиз, ўғилларингиз, қизларингиз, қулларингиз, чўриларингиз, шаҳрингиздаги левилар, орангиздаги мусофирлар, етим ва бевалар билан бирга Эгангиз Худо олдида хурсандчилик қилинглар. Буларни Эгангизнинг Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойда ўтказинглар. 12 Мисрда қул бўлганингизни эсингиздан чиқармасдан, мана шу қонун–қоидаларни битта қолдирмай бажаринглар.
Чайла байрами
13 Донингизни янчиб, шаробингизни тайёрлаб олганингиздан кейин етти кун давомида Чайла байрамини нишонланглар. 14 Байрамда ўғилларингиз, қизларингиз, қул ва чўриларингиз, шаҳрингизда истиқомат қилаётган левилар, мусофирлар, етим ва бевалар билан бирга хурсандчилик қилинглар. 15 Эгангиз Худо танлаган жойда етти кун давомида Унга атаб байрам қилинглар. Эгангиз Худо ҳосилингизга ва қилган ҳар бир ишингизга барака беради. Шу тариқа, албатта хурсандчилик қилинглар.
16 Хамиртурушсиз нон байрамини, Ҳосил байрамини ва Чайла байрамини нишонлаш учун барча эркакларингиз йилда уч марта Эгангиз Худо танлаган жойга, Унинг ҳузурига келсин. Ҳеч ким Эгамизнинг олдига қуруқ келмасин. 17 Ҳар бирингиз Эгангиз Худо берган баракага яраша инъом келтиринглар.
Одил ҳукм
18 Эгангиз Худо сизларга берадиган ҳар бир шаҳарга ҳакамлар ва назоратчилар тайинланглар. Улар халқни адолат билан ҳукм қилсин. 19 Ҳукм қилаётганда адолатсизлик қилмасин, тарафкашлик қилмасин, пора олмасин. Пора доноларнинг кўзини кўр қилади, ҳақларни ноҳаққа чиқаради. 20 Адолатга, фақат адолатга эргашинг. Шунда яшайсизлар, Эгангиз Худо берадиган юртга эгалик қиласизлар.
21 Эгангиз Худо учун қурадиган қурбонгоҳ ёнига Ашерага аталган устунларни ёки 22 бутсимон тошларни ўрнатманглар. Эгангиз Худо булардан нафратланади.