16–BOB
Isroil shohi Basho Yahudoga hujum qiladi
1 Oso hukmronligining oʻttiz oltinchi yilida Isroil shohi Basho Yahudoga hujum qildi. Odamlar Yahudo yurtiga osonlikcha kirib chiqa olmasligi uchun, Basho Rama shahrini mustahkamladi. 2 Oso Egamizning uyidagi va saroydagi xazinalardan kumush va oltinlarni olib, Damashqda oʻtirgan Oram shohi Banhadadga joʻnatdi. Oso unga shu xabarni ham yubordi: 3 “Sening otang bilan mening otam oʻrtasida ittifoq boʻlgani kabi, sen bilan mening oʻrtamda ham ittifoq boʻlsin. Senga kumush va oltin berib yuboryapman. Isroil shohi Basho bilan ittifoq tuzgan eding, endi oʻshani bekor qil, toki u yurtimdan joʻnab qolsin.”
4 Banhadad shoh Osoning taklifini qabul qildi, lashkarboshilariga: “Isroil shaharlariga hujum qilinglar”, deb ularni oʻsha yoqqa yubordi. Ular Iyxon, Dan, Ovil–Bayt–Maxo shaharlarini va Naftali hududidagi barcha ombor shaharlarni bosib oldilar. 5 Basho bu voqeani eshitgach, Ramani mustahkamlash fikridan voz kechib, ishni toʻxtatib qoʻydi. 6 Shoh Oso jamiki Yahudo xalqini chaqirtirib, ularga Rama shahrini mustahkamlashda Basho ishlatgan tosh va yogʻochlarni tashittirdi. Oso oʻsha tosh va yogʻochlar bilan Gebo hamda Mispax shaharlarini mustahkamladi.
7 Shu vaqtda valiy Xonin Yahudo shohi Osoning huzuriga kelib, unga aytdi:
— Sen Egang Xudoga suyanmasdan, Oram shohiga suyanding. Shuning uchun Oram shohining lashkarini qoʻldan boy berding. 8 Nahotki Habashistonliklar bilan Liviyaliklar esingda boʻlmasa?! Ular son–sanoqsiz lashkarlari, koʻplab jang aravalari va otliq sipohlari bilan kelgan edi–ku. Oʻshanda Sen Egamizga suyanganing uchun, Egamiz ularni sening qoʻlingga bergan edi. 9 Egamiz yer yuzidagi hammani kuzatib turadi, Unga sodiq boʻlganlarga U kuch–qudrat beradi. Sen aqlsizlarcha ish tutding. Bundan buyon sening boshing urushdan chiqmaydi.
10 Oso valiyning bu gaplaridan gʻazablandi. U gʻazab ustida valiyni zindonga tashladi. Xalqdan baʼzilarini ham shafqatsizlarcha eza boshladi.
Oso hukmronligining oxirgi davri
11 Osoning butun faoliyati boshidan oxirigacha “Yahudo va Isroil shohlari kitobi”da yozib qoldirilgan. 12 Hukmronligining oʻttiz toʻqqizinchi yilida Osoning oyoqlari ogʻriydigan boʻlib qoldi. Uning ahvoli juda ogʻir boʻlishiga qaramay, u kasallik paytida ham Egamizga yuzini burmadi, faqat tabiblardan yordam soʻradi. 13 Nihoyat, Oso qirq bir yil hukmronlik qilib, olamdan oʻtdi. 14 Uni attorlar tayyorlagan turli–tuman ziravorlar bilan toʻla tobutga yotqizdilar. U Dovudning qalʼasida, oʻzi uchun qoyada oʻydirgan qabrga dafn qilindi. Uning sharafiga katta gulxan yoqdilar.
16–БОБ
Исроил шоҳи Башо Яҳудога ҳужум қилади
1 Осо ҳукмронлигининг ўттиз олтинчи йилида Исроил шоҳи Башо Яҳудога ҳужум қилди. Одамлар Яҳудо юртига осонликча кириб чиқа олмаслиги учун, Башо Рама шаҳрини мустаҳкамлади. 2 Осо Эгамизнинг уйидаги ва саройдаги хазиналардан кумуш ва олтинларни олиб, Дамашқда ўтирган Орам шоҳи Банҳададга жўнатди. Осо унга шу хабарни ҳам юборди: 3 “Сенинг отанг билан менинг отам ўртасида иттифоқ бўлгани каби, сен билан менинг ўртамда ҳам иттифоқ бўлсин. Сенга кумуш ва олтин бериб юборяпман. Исроил шоҳи Башо билан иттифоқ тузган эдинг, энди ўшани бекор қил, токи у юртимдан жўнаб қолсин.”
4 Банҳадад шоҳ Осонинг таклифини қабул қилди, лашкарбошиларига: “Исроил шаҳарларига ҳужум қилинглар”, деб уларни ўша ёққа юборди. Улар Ийхон, Дан, Овил–Байт–Махо шаҳарларини ва Нафтали ҳудудидаги барча омбор шаҳарларни босиб олдилар. 5 Башо бу воқеани эшитгач, Рамани мустаҳкамлаш фикридан воз кечиб, ишни тўхтатиб қўйди. 6 Шоҳ Осо жамики Яҳудо халқини чақиртириб, уларга Рама шаҳрини мустаҳкамлашда Башо ишлатган тош ва ёғочларни ташиттирди. Осо ўша тош ва ёғочлар билан Гебо ҳамда Миспах шаҳарларини мустаҳкамлади.
7 Шу вақтда валий Хонин Яҳудо шоҳи Осонинг ҳузурига келиб, унга айтди:
— Сен Эганг Худога суянмасдан, Орам шоҳига суяндинг. Шунинг учун Орам шоҳининг лашкарини қўлдан бой бердинг. 8 Наҳотки Ҳабашистонликлар билан Ливияликлар эсингда бўлмаса?! Улар сон–саноқсиз лашкарлари, кўплаб жанг аравалари ва отлиқ сипоҳлари билан келган эди–ку. Ўшанда Сен Эгамизга суянганинг учун, Эгамиз уларни сенинг қўлингга берган эди. 9 Эгамиз ер юзидаги ҳаммани кузатиб туради, Унга содиқ бўлганларга У куч–қудрат беради. Сен ақлсизларча иш тутдинг. Бундан буён сенинг бошинг урушдан чиқмайди.
10 Осо валийнинг бу гапларидан ғазабланди. У ғазаб устида валийни зиндонга ташлади. Халқдан баъзиларини ҳам шафқатсизларча эза бошлади.
Осо ҳукмронлигининг охирги даври
11 Осонинг бутун фаолияти бошидан охиригача “Яҳудо ва Исроил шоҳлари китоби”да ёзиб қолдирилган. 12 Ҳукмронлигининг ўттиз тўққизинчи йилида Осонинг оёқлари оғрийдиган бўлиб қолди. Унинг аҳволи жуда оғир бўлишига қарамай, у касаллик пайтида ҳам Эгамизга юзини бурмади, фақат табиблардан ёрдам сўради. 13 Ниҳоят, Осо қирқ бир йил ҳукмронлик қилиб, оламдан ўтди. 14 Уни атторлар тайёрлаган турли–туман зираворлар билан тўла тобутга ётқиздилар. У Довуднинг қалъасида, ўзи учун қояда ўйдирган қабрга дафн қилинди. Унинг шарафига катта гулхан ёқдилар.