33–BOB
Yoqub bilan Esov uchrashadi
1 Yoqub qarasa, Esov kelayotgan ekan, yonida toʻrt yuzta odami ham bor. Yoqub bolalarini Leaxga, Rohilaga va ikkala choʻrisiga taqsimladi. 2 Choʻrilari bilan ularning bolalarini eng oldinga, Leax bilan uning bolalarini ulardan keyin, Rohila bilan Yusufni esa oxiriga qoʻydi. 3 Yoqubning oʻzi ularning oldida bordi. Akasining oldiga yetib borguncha yetti marta egilib taʼzim qildi.
4 Esov ham ukasini kutib olgani yugurib borib, uni quchoqlab oldi. Yoqubning boʻyniga osilib, oʻpdi. Ikkovi ham yigʻlar edi. 5 Esov ayollarga va bolalarga qarab:
— Yoningdagi bu odamlar senga kim boʻladi? — deb soʻradi.
— Men, qulingizga Xudo inoyat qilib bergan bolalarim, — dedi Yoqub.
6 Shundan keyin choʻrilar bilan ularning bolalari Esovning oldiga kelishib, unga egilib taʼzim qildilar. 7 Ulardan keyin Leax bilan uning bolalari yaqin kelib, egilib taʼzim qilishdi. Oxirida Yusuf bilan Rohila yaqin kelib, egilib taʼzim qildilar.
8 — Menga suruvlaru podalar joʻnatibsan, bundan maqsading nima edi? — deb soʻradi Esov.
— Hazratimning iltifotiga sazovor boʻlishim uchun hadya qilib yuborgan edim, — deb javob berdi Yoqub.
9 — Rahmat, uka, oʻzimniki juda koʻp, oʻzingniki oʻzingga buyursin, — dedi Esov.
10 — Yoʻq, iltimos, agar meni iltifotingizga sazovor bilsangiz, hadyalarimni olasiz, — deb turib oldi Yoqub. — Siz meni shunday yaxshi kutib oldingizki, men uchun sizning yuzingizni koʻrish — Xudoning yuzini koʻrishga oʻxshaydi. 11 Iltimos qilaman, hadyalarimni oling. Xudo menga inoyat qilib, kerakli hamma narsani berdi.
Yoqub qattiq iltimos qilavergandan keyin, oxiri, Esov hadyalarni olishga rozi boʻldi.
12 — Qani, endi ketaylik, men senga yoʻl koʻrsatib boraman.
13 Yoqub esa shunday dedi:
— Oʻzingiz koʻrib turibsiz, hazratim, bolalarim chiniqmagan, qoʻy–sigirlarim ham bolalagan. Qoʻy–sigirlarimni bir kungina qistab haydasalar, butun chorva nobud boʻladi. 14 Shuning uchun mendan oldinda ketaversangiz. Men chorvaning yurishiga va bolalarning qadamiga qarab sekin boraveraman. Siz bilan Seir yurtida uchrashamiz.
15 — Boʻpti, boʻlmasa, odamlarimdan baʼzilarini sen bilan qoldiray, ham sizlarga yoʻl koʻrsatib boradi, ham qoʻriqlab ketadi, — dedi Esov.
— Nima qilasiz ovora boʻlib?! Menga koʻp mehribonlik koʻrsatyapsiz, shunga ham rahmat.
16 Esov oʻsha kuni Seirga qaytib ketdi. 17 Yoqub esa oilasi bilan Suxotga qarab ketdi. U yerda oʻziga bir uy, chorvasi uchun qoʻralar qurdi. Shuning uchun bu joyga Suxot deb nom berildi.
18 Shunday qilib, Yoqub Paddon–Oramdan Kanʼon yurtidagi Shakam shahriga eson–omon qaytib keldi. Shahar tashqarisida chodirlarini tikdi. 19 U chodir tikkan joylar Xamoʻr degan odamning oʻgʻillariga qarashli mulk edi. Xamoʻr Shakamning otasi edi. Yoqub bu joylarni Xamoʻrning oʻgʻillaridan yuz boʻlak kumushga sotib oldi. 20 Bu yerda u qurbongoh qurib, bu joyni “Xudo Isroilning Xudosidir” deb atadi.
33–БОБ
Ёқуб билан Эсов учрашади
1 Ёқуб қараса, Эсов келаётган экан, ёнида тўрт юзта одами ҳам бор. Ёқуб болаларини Леахга, Роҳилага ва иккала чўрисига тақсимлади. 2 Чўрилари билан уларнинг болаларини энг олдинга, Леах билан унинг болаларини улардан кейин, Роҳила билан Юсуфни эса охирига қўйди. 3 Ёқубнинг ўзи уларнинг олдида борди. Акасининг олдига етиб боргунча етти марта эгилиб таъзим қилди.
4 Эсов ҳам укасини кутиб олгани югуриб бориб, уни қучоқлаб олди. Ёқубнинг бўйнига осилиб, ўпди. Иккови ҳам йиғлар эди. 5 Эсов аёлларга ва болаларга қараб:
— Ёнингдаги бу одамлар сенга ким бўлади? — деб сўради.
— Мен, қулингизга Худо иноят қилиб берган болаларим, — деди Ёқуб.
6 Шундан кейин чўрилар билан уларнинг болалари Эсовнинг олдига келишиб, унга эгилиб таъзим қилдилар. 7 Улардан кейин Леах билан унинг болалари яқин келиб, эгилиб таъзим қилишди. Охирида Юсуф билан Роҳила яқин келиб, эгилиб таъзим қилдилар.
8 — Менга сурувлару подалар жўнатибсан, бундан мақсадинг нима эди? — деб сўради Эсов.
— Ҳазратимнинг илтифотига сазовор бўлишим учун ҳадя қилиб юборган эдим, — деб жавоб берди Ёқуб.
9 — Раҳмат, ука, ўзимники жуда кўп, ўзингники ўзингга буюрсин, — деди Эсов.
10 — Йўқ, илтимос, агар мени илтифотингизга сазовор билсангиз, ҳадяларимни оласиз, — деб туриб олди Ёқуб. — Сиз мени шундай яхши кутиб олдингизки, мен учун сизнинг юзингизни кўриш — Худонинг юзини кўришга ўхшайди. 11 Илтимос қиламан, ҳадяларимни олинг. Худо менга иноят қилиб, керакли ҳамма нарсани берди.
Ёқуб қаттиқ илтимос қилавергандан кейин, охири, Эсов ҳадяларни олишга рози бўлди.
12 — Қани, энди кетайлик, мен сенга йўл кўрсатиб бораман.
13 Ёқуб эса шундай деди:
— Ўзингиз кўриб турибсиз, ҳазратим, болаларим чиниқмаган, қўй–сигирларим ҳам болалаган. Қўй–сигирларимни бир кунгина қистаб ҳайдасалар, бутун чорва нобуд бўлади. 14 Шунинг учун мендан олдинда кетаверсангиз. Мен чорванинг юришига ва болаларнинг қадамига қараб секин боравераман. Сиз билан Сеир юртида учрашамиз.
15 — Бўпти, бўлмаса, одамларимдан баъзиларини сен билан қолдирай, ҳам сизларга йўл кўрсатиб боради, ҳам қўриқлаб кетади, — деди Эсов.
— Нима қиласиз овора бўлиб?! Менга кўп меҳрибонлик кўрсатяпсиз, шунга ҳам раҳмат.
16 Эсов ўша куни Сеирга қайтиб кетди. 17 Ёқуб эса оиласи билан Сухотга қараб кетди. У ерда ўзига бир уй, чорваси учун қўралар қурди. Шунинг учун бу жойга Сухот деб ном берилди.
18 Шундай қилиб, Ёқуб Паддон–Орамдан Канъон юртидаги Шакам шаҳрига эсон–омон қайтиб келди. Шаҳар ташқарисида чодирларини тикди. 19 У чодир тиккан жойлар Хамўр деган одамнинг ўғилларига қарашли мулк эди. Хамўр Шакамнинг отаси эди. Ёқуб бу жойларни Хамўрнинг ўғилларидан юз бўлак кумушга сотиб олди. 20 Бу ерда у қурбонгоҳ қуриб, бу жойни “Худо Исроилнинг Худосидир” деб атади.