2–BOB
Don nazri
1 Agar birortangiz Egamizga don nazrini keltirmoqchi boʻlsangiz, sifatli bugʻdoy unini nazr qiling. Bugʻdoy uniga zaytun moyini qoʻshib, ustiga xushboʻy tutatqidan qoʻying. 2 Soʻng oʻsha bugʻdoy unini Horunning ruhoniy oʻgʻillariga olib keling. Ruhoniy moy qoʻshilgan sifatli unning bir hovuchini va ustidagi tutatqining hammasini olib, qurbongoh ustida kuydirsin. Bunday qilish nazrning hammasi Xudoga tegishli ekanini bildiradi. Olovda kuydirilgan bu nazrdan Egamizga yoqimli hid boradi. 3 Don nazrining qolgani esa Horun va uning oʻgʻillariniki boʻlsin. Nazrning ruhoniylarga tegishli bu qismi gʻoyat muqaddasdir, chunki u Egamizga atalgan, olovda kuydiriladigan nazrlardan qolgan qismidir.
4 Agar tandirda yopilgan nonni don nazri sifatida keltirmoqchi boʻlsangiz, zaytun moyiga qorilgan nonlarni yoki yuziga zaytun moyi surtilgan chalpaklarni nazr qiling. Ularni sifatli undan yopib, xamirturush qoʻshmang. 5 Agar tovada pishirilgan nonni nazr qilmoqchi boʻlsangiz, noningiz zaytun moyiga qorilgan sifatli undan yopilgan boʻlsin. Unga xamirturush qoʻshmang. 6 Nonni sindirib, ustiga zaytun moyidan quying. Bu don nazridir. 7 Agar nazringiz qozonda tayyorlangan boʻlsa, u sifatli undan tayyorlangan boʻlib, zaytun moyida qovurilgan boʻlishi kerak. 8 Don nazringizni qaysi usulda tayyorlaganingizdan qatʼi nazar, uni Egamizga olib kelib, ruhoniyga bering. Ruhoniy esa uni qurbongohga olib borsin. 9 Ruhoniy don nazringizning bir qismini olib, qurbongohda kuydirsin. Bunday qilish nazrning hammasi Xudoga tegishli ekanini bildiradi. Olovda kuydirilgan bu nazrdan Egamizga yoqimli hid boradi. 10 Don nazringizning qolgani esa Horun va uning oʻgʻillariniki boʻlsin. Nazrning ruhoniylarga tegishli bu qismi gʻoyat muqaddasdir, chunki u Egamizga atalgan, olovda kuydiriladigan nazrlardan qolgan qismidir.
11 Egamizga keltiradigan don nazringizning birortasiga xamirturush qoʻshmang. Na xamirturushni, na qiyomni olovda kuydirib, Egamizga nazr qilmang. 12 Xamirturush va qiyomni ilk hosil nazringizga qoʻshib, Egamizga keltirishingiz mumkin. Lekin Egamizga yoqimli hid borsin deb, bularni qurbongoh ustida kuydirmang. 13 Don nazringizning hammasiga tuz qoʻshing. Zotan, tuz Xudoyingiz sizlar bilan tuzgan ahdni bildiradi . Shunday ekan, birorta nazringiz tuzsiz boʻlmasin.
14 Agar Egamizga ilk hosilingizdan don nazri keltirmoqchi boʻlsangiz, qovurilgan yangi bugʻdoy boshoqlarini tuyib, olib keling. 15 Bu don nazri boʻlgani uchun unga zaytun moyini qoʻshib, ustiga xushboʻy tutatqidan qoʻying. 16 Ruhoniy tuyilgan bugʻdoyning bir qismini, ustidagi moy va hamma tutatqi bilan birga qurbongoh ustida kuydirsin. Bunday qilish nazrning hammasi Xudoga tegishli ekanini bildiradi. Egamizga atab, olovda kuydirilgan don nazri shudir.
2–БОБ
Дон назри
1 Агар бирортангиз Эгамизга дон назрини келтирмоқчи бўлсангиз, сифатли буғдой унини назр қилинг. Буғдой унига зайтун мойини қўшиб, устига хушбўй тутатқидан қўйинг. 2 Сўнг ўша буғдой унини Ҳоруннинг руҳоний ўғилларига олиб келинг. Руҳоний мой қўшилган сифатли уннинг бир ҳовучини ва устидаги тутатқининг ҳаммасини олиб, қурбонгоҳ устида куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Оловда куйдирилган бу назрдан Эгамизга ёқимли ҳид боради. 3 Дон назрининг қолгани эса Ҳорун ва унинг ўғиллариники бўлсин. Назрнинг руҳонийларга тегишли бу қисми ғоят муқаддасдир, чунки у Эгамизга аталган, оловда куйдириладиган назрлардан қолган қисмидир.
4 Агар тандирда ёпилган нонни дон назри сифатида келтирмоқчи бўлсангиз, зайтун мойига қорилган нонларни ёки юзига зайтун мойи суртилган чалпакларни назр қилинг. Уларни сифатли ундан ёпиб, хамиртуруш қўшманг. 5 Агар товада пиширилган нонни назр қилмоқчи бўлсангиз, нонингиз зайтун мойига қорилган сифатли ундан ёпилган бўлсин. Унга хамиртуруш қўшманг. 6 Нонни синдириб, устига зайтун мойидан қуйинг. Бу дон назридир. 7 Агар назрингиз қозонда тайёрланган бўлса, у сифатли ундан тайёрланган бўлиб, зайтун мойида қовурилган бўлиши керак. 8 Дон назрингизни қайси усулда тайёрлаганингиздан қатъи назар, уни Эгамизга олиб келиб, руҳонийга беринг. Руҳоний эса уни қурбонгоҳга олиб борсин. 9 Руҳоний дон назрингизнинг бир қисмини олиб, қурбонгоҳда куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Оловда куйдирилган бу назрдан Эгамизга ёқимли ҳид боради. 10 Дон назрингизнинг қолгани эса Ҳорун ва унинг ўғиллариники бўлсин. Назрнинг руҳонийларга тегишли бу қисми ғоят муқаддасдир, чунки у Эгамизга аталган, оловда куйдириладиган назрлардан қолган қисмидир.
11 Эгамизга келтирадиган дон назрингизнинг бирортасига хамиртуруш қўшманг. На хамиртурушни, на қиёмни оловда куйдириб, Эгамизга назр қилманг. 12 Хамиртуруш ва қиёмни илк ҳосил назрингизга қўшиб, Эгамизга келтиришингиз мумкин. Лекин Эгамизга ёқимли ҳид борсин деб, буларни қурбонгоҳ устида куйдирманг. 13 Дон назрингизнинг ҳаммасига туз қўшинг. Зотан, туз Худойингиз сизлар билан тузган аҳдни билдиради . Шундай экан, бирорта назрингиз тузсиз бўлмасин.
14 Агар Эгамизга илк ҳосилингиздан дон назри келтирмоқчи бўлсангиз, қовурилган янги буғдой бошоқларини туйиб, олиб келинг. 15 Бу дон назри бўлгани учун унга зайтун мойини қўшиб, устига хушбўй тутатқидан қўйинг. 16 Руҳоний туйилган буғдойнинг бир қисмини, устидаги мой ва ҳамма тутатқи билан бирга қурбонгоҳ устида куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Эгамизга атаб, оловда куйдирилган дон назри шудир.