23–BOB
Egamizning jamoasiga kira olmaydigan odamlar
1 Jinsiy aʼzosi kesib tashlangan yoki moyagi ezilgan odamga Egamiz jamoasi yigʻinida ishtirok qilish man etiladi. 2 Noqonuniy tugʻilgan bola Egamiz jamoasiga kirolmaydi, uning oʻninchi avlodigacha birorta avlodi ham Egamiz jamoasiga kirolmaydi. 3 Ommonliklar va Moʻabliklar Egamiz jamoasiga kirolmaydi, ularning oʻninchi avlodigacha birorta avlodi Egamiz jamoasiga aslo kirolmaydi. 4 Chunki Misrdan chiqib kelayotganingizda ular yoʻlda sizlarni non va suv bilan kutib olmadilar. Ular Oram–Naxrayimdagi Patoʻr shahridan Bavoʻr oʻgʻli Balomni sizlarni laʼnatlash uchun yolladi . 5 Lekin Egangiz Xudo Balomga quloq solishni xohlamadi. Egangiz Xudo sizlarni sevgani uchun Balomning laʼnatini barakaga aylantirdi. 6 Tirik ekansiz, ularning tinchligini, farovonligini hech qachon koʻzlamanglar. 7 Edomliklardan esa hazar qilmanglar, chunki ular sizlarning qarindoshlaringizdir . Misrliklardan ham hazar qilmanglar, chunki sizlar ularning yurtida musofir boʻlgan edingizlar. 8 Ulardan tugʻilgan uchinchi avlod bolalari Egamiz jamoasiga kirsa boʻladi.
Qarorgohni halol saqlash
9 Dushmanlaringiz bilan jang qilishga borganingizda, har qanday haromlikdan saqlaning. 10 Agar orangizdan birortasi, kechasi maniy oqqani tufayli harom boʻlib qolsa, u qarorgohdan chiqib ketsin. U qarorgohda qolishi mumkin emas. 11 Kech kirayotganda yuvinib, quyosh botgandan keyin qarorgohga kirishi mumkin.
12 Qarorgohning tashqarisida hojat chiqarishingiz uchun joy boʻlsin. 13 Qurol–aslahangiz orasida kurakchangiz ham boʻlsin, ehtiyojingizni qondirish uchun chuqurcha kovlab, keyin uni koʻmib qoʻying. 14 Qarorgohingizni pok saqlang, chunki Egangiz Xudo sizlarga najot berish va dushmanlaringiz ustidan gʻalaba qozonishingiz uchun sizlar bilan qarorgohdadir. Agar U orangizda uyatli ishlarni koʻrsa, sizlardan yuz oʻgiradi.
Har xil qonunlar
15 Oʻz egasidan qochib, Isroildan panoh soʻrab kelgan qulni yana qaytarib egasiga berib yubormanglar. 16 U sizlarning orangizda, oʻzi yoqtirgan joyda, tanlagan shaharlaringizning birida yashayversin. Unga zulm qilmanglar.
17 Isroil ayollari orasida sajdagoh fohishalari boʻlmasin. Isroil erkaklari orasida sajdagoh fohishlari boʻlmasin. 18 Egangiz Xudo buzuq ayolu erkaklardan jirkanadi. Ularning ish haqini Egangiz Xudoning uyiga olib kirmanglar. Oʻshani atalgan nazr sifatida keltirmanglar.
19 Isroil xalqidan boʻlgan birodaringizga kumushni, nonni yoki har qanday boshqa narsani qarzga berganingizda, foiz talab qilmanglar. 20 Boshqa xalqdan boʻlgandan foiz talab qilsangiz boʻladi, lekin birodaringizdan foiz talab qilmanglar. Shunda Egangiz Xudo sizga mulk qilib beradigan yurtda har bir ishingizga baraka beradi.
21 Egangiz Xudoga nazr atagan boʻlsangiz, uni kechiktirmasdan keltiring. Egangiz Xudo vaʼdangizni bajarishni sizdan talab qiladi. Keltirmasangiz, oʻzingizga gunoh orttirib olasiz. 22 Nazr atamasangiz gunoh boʻlmaydi. 23 Ammo oʻz xohishingiz bilan Egangiz Xudoga ont ichib nazr atasangiz, ogʻzingizdan chiqqan vaʼdangizni albatta bajaring.
24 Birovning uzumzoriga kirganingizda, toʻyguningizcha uzumdan yesangiz boʻladi, lekin idishingizga terib olmang. 25 Birovning dalasiga kirganingizda qoʻlingiz bilan boshoq uzsangiz boʻladi, lekin ekiniga oʻroq solmang.
23–БОБ
Эгамизнинг жамоасига кира олмайдиган одамлар
1 Жинсий аъзоси кесиб ташланган ёки мояги эзилган одамга Эгамиз жамоаси йиғинида иштирок қилиш ман этилади. 2 Ноқонуний туғилган бола Эгамиз жамоасига киролмайди, унинг ўнинчи авлодигача бирорта авлоди ҳам Эгамиз жамоасига киролмайди. 3 Оммонликлар ва Мўабликлар Эгамиз жамоасига киролмайди, уларнинг ўнинчи авлодигача бирорта авлоди Эгамиз жамоасига асло киролмайди. 4 Чунки Мисрдан чиқиб келаётганингизда улар йўлда сизларни нон ва сув билан кутиб олмадилар. Улар Орам–Нахрайимдаги Патўр шаҳридан Бавўр ўғли Баломни сизларни лаънатлаш учун ёллади . 5 Лекин Эгангиз Худо Баломга қулоқ солишни хоҳламади. Эгангиз Худо сизларни севгани учун Баломнинг лаънатини баракага айлантирди. 6 Тирик экансиз, уларнинг тинчлигини, фаровонлигини ҳеч қачон кўзламанглар. 7 Эдомликлардан эса ҳазар қилманглар, чунки улар сизларнинг қариндошларингиздир . Мисрликлардан ҳам ҳазар қилманглар, чунки сизлар уларнинг юртида мусофир бўлган эдингизлар. 8 Улардан туғилган учинчи авлод болалари Эгамиз жамоасига кирса бўлади.
Қароргоҳни ҳалол сақлаш
9 Душманларингиз билан жанг қилишга борганингизда, ҳар қандай ҳаромликдан сақланинг. 10 Агар орангиздан бирортаси, кечаси маний оққани туфайли ҳаром бўлиб қолса, у қароргоҳдан чиқиб кетсин. У қароргоҳда қолиши мумкин эмас. 11 Кеч кираётганда ювиниб, қуёш ботгандан кейин қароргоҳга кириши мумкин.
12 Қароргоҳнинг ташқарисида ҳожат чиқаришингиз учун жой бўлсин. 13 Қурол–аслаҳангиз орасида куракчангиз ҳам бўлсин, эҳтиёжингизни қондириш учун чуқурча ковлаб, кейин уни кўмиб қўйинг. 14 Қароргоҳингизни пок сақланг, чунки Эгангиз Худо сизларга нажот бериш ва душманларингиз устидан ғалаба қозонишингиз учун сизлар билан қароргоҳдадир. Агар У орангизда уятли ишларни кўрса, сизлардан юз ўгиради.
Ҳар хил қонунлар
15 Ўз эгасидан қочиб, Исроилдан паноҳ сўраб келган қулни яна қайтариб эгасига бериб юборманглар. 16 У сизларнинг орангизда, ўзи ёқтирган жойда, танлаган шаҳарларингизнинг бирида яшайверсин. Унга зулм қилманглар.
17 Исроил аёллари орасида саждагоҳ фоҳишалари бўлмасин. Исроил эркаклари орасида саждагоҳ фоҳишлари бўлмасин. 18 Эгангиз Худо бузуқ аёлу эркаклардан жирканади. Уларнинг иш ҳақини Эгангиз Худонинг уйига олиб кирманглар. Ўшани аталган назр сифатида келтирманглар.
19 Исроил халқидан бўлган биродарингизга кумушни, нонни ёки ҳар қандай бошқа нарсани қарзга берганингизда, фоиз талаб қилманглар. 20 Бошқа халқдан бўлгандан фоиз талаб қилсангиз бўлади, лекин биродарингиздан фоиз талаб қилманглар. Шунда Эгангиз Худо сизга мулк қилиб берадиган юртда ҳар бир ишингизга барака беради.
21 Эгангиз Худога назр атаган бўлсангиз, уни кечиктирмасдан келтиринг. Эгангиз Худо ваъдангизни бажаришни сиздан талаб қилади. Келтирмасангиз, ўзингизга гуноҳ орттириб оласиз. 22 Назр атамасангиз гуноҳ бўлмайди. 23 Аммо ўз хоҳишингиз билан Эгангиз Худога онт ичиб назр атасангиз, оғзингиздан чиққан ваъдангизни албатта бажаринг.
24 Бировнинг узумзорига кирганингизда, тўйгунингизча узумдан есангиз бўлади, лекин идишингизга териб олманг. 25 Бировнинг даласига кирганингизда қўлингиз билан бошоқ узсангиз бўлади, лекин экинига ўроқ солманг.