14–BOB
1 Xuddi shunga oʻxshash voqea Ikoniya shahrida yuz berdi: Pavlus bilan Barnabo sinagogaga kirib, otashin vaʼz aytdilar. Natijada bir qancha yahudiylar bilan gʻayriyahudiylar imonga keldilar. 2 Ammo imonga kelmagan yahudiylar gʻayriyahudiylarni qayrab, ularni imonlilarga qarshi qoʻzgʻatdilar. 3 Pavlus bilan Barnabo bu yerda uzoq vaqt qolib, Rabbimiz Iso haqida jasorat bilan gapiraverdilar. Rabbimiz ham ularga moʻjizalar va alomatlar koʻrsatish qudratini berib, Oʻzining marhamati haqidagi xabarni ular orqali tasdiqladi. 4 Shahar aholisi esa ikkiga boʻlindi: baʼzilari yahudiylar tomonga oʻtdi, boshqalari esa havoriylarga qoʻshildi.
5 Shundan keyin yahudiylar va gʻayriyahudiylar oʻz yoʻlboshchilari bilan birga havoriylarga hamla qilib, ularni toshboʻron qilmoqchi boʻldilar. 6 Havoriylar bu toʻgʻrida bilib qolganlaridan keyin Likoniyaning boshqa hududlariga qochib ketdilar. Ular Listra va Darba shaharlarida va ularning yon–atrofidagi joylarda ham 7 Xushxabarni vaʼz qilishda davom etdilar.
Listra va Darba shaharlarida
8 Listra shahrida bir odam boʻlib, oyoqlarini qimirlata olmasdan oʻtirardi. U tugʻma mayib boʻlib, hech qachon yurmagan edi. 9 Pavlus gapirayotganda, u quloq solib oʻtirgan edi. Pavlus unga tikilib qaradi. U odamning shifo topishiga ishonchi borligini koʻrib, 10 unga baland ovozda dedi:
— Oʻrningdan tur!
U odam sakrab oʻrnidan turdi–da, yura boshladi. 11 Olomon Pavlusning qilgan ishini koʻrgach, Likoniy tilida: “Xudolar bizning oldimizga inson qiyofasida kelibdi!” deb shovqin soldilar. 12 Ular Barnaboni Zevs, Pavlus notiq boʻlgani uchun uni Xermes deb atashdi. 13 Zevsning maʼbadi shahar tashqarisida edi. Zevs ruhoniysi shahar darvozalariga buqalar va gulchambarlar olib keldi. Ruhoniy bilan olomon qurbonlik nazr qilmoqchi boʻldilar. 14 Havoriylar Barnabo bilan Pavlus buni eshitib, qattiq iztirob chekib, kiyimlarini yirtdilar , olomon orasiga yorib kirdilar. Ular shunday deb baqirdilar:
15 — Nimaga bunday qilyapsizlar! Biz ham sizlar singari, insonlarmiz! Biz sizlarga Xushxabar olib keldik, toki sizlar anavi behuda narsalardan yuz oʻgiringlar, osmon bilan yerni, dengizni va ulardagi hamma mavjudotni yaratgan barhayot Xudoga yuz buringlar. 16 Oʻtmishda Xudo hamma xalqlarni oʻz holiga qoʻydi. 17 Ammo shunga qaramay, Oʻz ezguligini koʻrsatib, osmondan yomgʻir yogʻdirib keldi, mavsumida hosil berdi, rizqingizni tugal qilib, yuraklaringizni shodlikka toʻldirdi.
18 Shu gaplarni aytib, havoriylar, biz uchun qurbonlik keltirmanglar, deb olomonni zoʻrgʻa toʻxtatib qoldilar .
19 Antioxiya va Ikoniyadan baʼzi bir yahudiylar kelib, xalqni oʻzlariga ogʻdirib oldilar. Ular Pavlusni toshboʻron qildilar va “U oʻldi, shekilli”, deb uni shahardan tashqariga sudrab chiqarib tashladilar. 20 Shogirdlar Pavlusning atrofiga yigʻilganlaridan keyin esa, u oʻrnidan turib, shaharga qaytib kirdi. Ertasi kuni esa Barnabo bilan birga Darba shahriga ketdi.
Pavlus va Barnabo Suriyaning Antioxiya shahriga qaytadilar
21 Ular Xushxabarni Darba shahrida vaʼz qilib, koʻp shogirdlar orttirganlaridan keyin, Listra shahriga, soʻngra Ikoniya va Antioxiya shaharlariga qaytib keldilar. 22 Ular shogirdlarni imonda sobit qolishga undab: “Biz Xudoning Shohligiga kirishimiz uchun koʻp mashaqqatlarni boshdan kechirishimiz kerak”, deb dalda berardilar. 23 Ular har bir imonlilar jamoatiga oqsoqollar tayin qildilar. Soʻng ibodat qilib va roʻza tutib, oqsoqollarni oʻzlari ishongan Rabbimiz Isoning panohiga topshirdilar.
24 Soʻngra ular Pisidiyadan oʻtib, Pamfiliyaga keldilar. 25 Perga shahrida Iso haqidagi xabarni vaʼz qilganlaridan keyin, Attaliyaga ketdilar. 26 Soʻng kemada Antioxiyaga qaytib keldilar. Bu shahardagi jamoat ularni mana shu qilgan ishlari uchun Xudoning marhamatiga topshirgan edi . 27 Havoriylar Antioxiyaga kelganlaridan keyin, jamoatni bir joyga yigʻdilar va Xudo ular orqali nimalar qilganini, gʻayriyahudiylarning imonga kelishi uchun Xudo qanday yoʻl ochib berganini aytib berdilar. 28 Havoriylar bu yerda shogirdlar bilan birga ancha vaqt qoldilar.
14–БОБ
1 Худди шунга ўхшаш воқеа Икония шаҳрида юз берди: Павлус билан Барнабо синагогага кириб, оташин ваъз айтдилар. Натижада бир қанча яҳудийлар билан ғайрияҳудийлар имонга келдилар. 2 Аммо имонга келмаган яҳудийлар ғайрияҳудийларни қайраб, уларни имонлиларга қарши қўзғатдилар. 3 Павлус билан Барнабо бу ерда узоқ вақт қолиб, Раббимиз Исо ҳақида жасорат билан гапиравердилар. Раббимиз ҳам уларга мўъжизалар ва аломатлар кўрсатиш қудратини бериб, Ўзининг марҳамати ҳақидаги хабарни улар орқали тасдиқлади. 4 Шаҳар аҳолиси эса иккига бўлинди: баъзилари яҳудийлар томонга ўтди, бошқалари эса ҳаворийларга қўшилди.
5 Шундан кейин яҳудийлар ва ғайрияҳудийлар ўз йўлбошчилари билан бирга ҳаворийларга ҳамла қилиб, уларни тошбўрон қилмоқчи бўлдилар. 6 Ҳаворийлар бу тўғрида билиб қолганларидан кейин Ликониянинг бошқа ҳудудларига қочиб кетдилар. Улар Листра ва Дарба шаҳарларида ва уларнинг ён–атрофидаги жойларда ҳам 7 Хушхабарни ваъз қилишда давом этдилар.
Листра ва Дарба шаҳарларида
8 Листра шаҳрида бир одам бўлиб, оёқларини қимирлата олмасдан ўтирарди. У туғма майиб бўлиб, ҳеч қачон юрмаган эди. 9 Павлус гапираётганда, у қулоқ солиб ўтирган эди. Павлус унга тикилиб қаради. У одамнинг шифо топишига ишончи борлигини кўриб, 10 унга баланд овозда деди:
— Ўрнингдан тур!
У одам сакраб ўрнидан турди–да, юра бошлади. 11 Оломон Павлуснинг қилган ишини кўргач, Ликоний тилида: “Худолар бизнинг олдимизга инсон қиёфасида келибди!” деб шовқин солдилар. 12 Улар Барнабони Зевс, Павлус нотиқ бўлгани учун уни Хермес деб аташди. 13 Зевснинг маъбади шаҳар ташқарисида эди. Зевс руҳонийси шаҳар дарвозаларига буқалар ва гулчамбарлар олиб келди. Руҳоний билан оломон қурбонлик назр қилмоқчи бўлдилар. 14 Ҳаворийлар Барнабо билан Павлус буни эшитиб, қаттиқ изтироб чекиб, кийимларини йиртдилар , оломон орасига ёриб кирдилар. Улар шундай деб бақирдилар:
15 — Нимага бундай қиляпсизлар! Биз ҳам сизлар сингари, инсонлармиз! Биз сизларга Хушхабар олиб келдик, токи сизлар анави беҳуда нарсалардан юз ўгиринглар, осмон билан ерни, денгизни ва улардаги ҳамма мавжудотни яратган барҳаёт Худога юз буринглар. 16 Ўтмишда Худо ҳамма халқларни ўз ҳолига қўйди. 17 Аммо шунга қарамай, Ўз эзгулигини кўрсатиб, осмондан ёмғир ёғдириб келди, мавсумида ҳосил берди, ризқингизни тугал қилиб, юракларингизни шодликка тўлдирди.
18 Шу гапларни айтиб, ҳаворийлар, биз учун қурбонлик келтирманглар, деб оломонни зўрға тўхтатиб қолдилар .
19 Антиохия ва Икониядан баъзи бир яҳудийлар келиб, халқни ўзларига оғдириб олдилар. Улар Павлусни тошбўрон қилдилар ва “У ўлди, шекилли”, деб уни шаҳардан ташқарига судраб чиқариб ташладилар. 20 Шогирдлар Павлуснинг атрофига йиғилганларидан кейин эса, у ўрнидан туриб, шаҳарга қайтиб кирди. Эртаси куни эса Барнабо билан бирга Дарба шаҳрига кетди.
Павлус ва Барнабо Суриянинг Антиохия шаҳрига қайтадилар
21 Улар Хушхабарни Дарба шаҳрида ваъз қилиб, кўп шогирдлар орттирганларидан кейин, Листра шаҳрига, сўнгра Икония ва Антиохия шаҳарларига қайтиб келдилар. 22 Улар шогирдларни имонда собит қолишга ундаб: “Биз Худонинг Шоҳлигига киришимиз учун кўп машаққатларни бошдан кечиришимиз керак”, деб далда берардилар. 23 Улар ҳар бир имонлилар жамоатига оқсоқоллар тайин қилдилар. Сўнг ибодат қилиб ва рўза тутиб, оқсоқолларни ўзлари ишонган Раббимиз Исонинг паноҳига топширдилар.
24 Сўнгра улар Писидиядан ўтиб, Памфилияга келдилар. 25 Перга шаҳрида Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилганларидан кейин, Атталияга кетдилар. 26 Сўнг кемада Антиохияга қайтиб келдилар. Бу шаҳардаги жамоат уларни мана шу қилган ишлари учун Худонинг марҳаматига топширган эди . 27 Ҳаворийлар Антиохияга келганларидан кейин, жамоатни бир жойга йиғдилар ва Худо улар орқали нималар қилганини, ғайрияҳудийларнинг имонга келиши учун Худо қандай йўл очиб берганини айтиб бердилар. 28 Ҳаворийлар бу ерда шогирдлар билан бирга анча вақт қолдилар.