3–BOB
Tinchlik qurbonligi
1 Agar podangizdagi birorta hayvonni tinchlik qurbonligi qilmoqchi boʻlsangiz, nuqsonsiz sigir yoki buqani Egamiz oldiga olib keling. 2 Qoʻlingizni qurbonlikning boshiga qoʻying, soʻng uni Uchrashuv chodirining kiraverishida soʻying. Horunning ruhoniy oʻgʻillari qurbonlikning qonini qurbongohning toʻrtala yon tomoniga sepib chiqishsin. 3 Siz tinchlik qurbonligining quyidagi qismlarini olovda kuydirib, Egamizga nazr qiling: ichak–chovoqlarini qoplab turgan yogʻlarni, hamma charvini, 4 ikkala buyrakni, buyrak atrofidagi yogʻlarini va jigarning aʼlo qismini . Jigarning aʼlo qismi buyraklar bilan birga ajratib olingan boʻlishi lozim. 5 Soʻng Horunning oʻgʻillari bularni qurbongohda, yonib turgan oʻtin ustidagi kuydiriladigan qurbonlik bilan birga kuydirsinlar. Olovda kuydirilgan bu qurbonlikdan Egamizga yoqimli hid boradi.
6 Agar Egamizga suruvingizdagi hayvonni tinchlik qurbonligi qilmoqchi boʻlsangiz, nuqsonsiz urgʻochi yoki erkak jonivorni olib keling. 7 Qoʻyni qurbonlik qilmoqchi boʻlsangiz, uni Egamiz oldiga olib kelib, 8 qoʻlingizni qurbonlikning boshiga qoʻying. Soʻng uni Uchrashuv chodiri oldida soʻying. Horunning oʻgʻillari qurbonlikning qonini qurbongohning toʻrtala yon tomoniga sepib chiqishsin. 9 Siz tinchlik qurbonligining quyidagi qismlarini olovda kuydirib, Egamizga nazr qiling: dumgʻazadan boshlab kesib olingan dumbasini, ichak–chovoqlarini qoplab turgan yogʻlarni, hamma charvini, 10 ikkala buyrakni, buyrak atrofidagi yogʻlarini va jigarning aʼlo qismini. Jigarning aʼlo qismi buyraklar bilan birga ajratib olingan boʻlishi lozim. 11 Ruhoniy bularni taom nazri sifatida qurbongoh ustida kuydirsin. Egamizga keltirilib, olovda kuydiriladigan qurbonlik shudir.
12 Agar Egamizga echkini qurbonlik qilmoqchi boʻlsangiz, uni Egamizning oldiga olib keling. 13 Qoʻlingizni echkining boshiga qoʻyib, uni Uchrashuv chodiri oldida soʻying. Soʻng Horunning oʻgʻillari echkining qonini qurbongohning toʻrtala yon tomoniga sepib chiqishsin. 14 Siz qurbonlikning quyidagi qismlarini olovda kuydirib Egamizga nazr qiling: ichak–chovoqlarini qoplab turgan yogʻlarni, hamma charvini, 15 ikkala buyrakni, buyrak atrofidagi yogʻlarini va jigarning aʼlo qismini. Jigarning aʼlo qismi buyraklar bilan birga ajratib olingan boʻlishi lozim. 16 Soʻng ruhoniy bularning hammasini taom nazri sifatida qurbongoh ustida kuydirsin. Olovda kuydirilgan bu qurbonlikdan Egamizga yoqimli hid boradi.
Yogʻning hammasi Egamizga tegishlidir. 17 Yogʻ va qonni tanovul qilmang. Qayerda yashashingizdan qatʼi nazar, butun avlodingiz bu qonunga doimo rioya qilsin.
3–БОБ
Тинчлик қурбонлиги
1 Агар подангиздаги бирорта ҳайвонни тинчлик қурбонлиги қилмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз сигир ёки буқани Эгамиз олдига олиб келинг. 2 Қўлингизни қурбонликнинг бошига қўйинг, сўнг уни Учрашув чодирининг кираверишида сўйинг. Ҳоруннинг руҳоний ўғиллари қурбонликнинг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин. 3 Сиз тинчлик қурбонлигининг қуйидаги қисмларини оловда куйдириб, Эгамизга назр қилинг: ичак–човоқларини қоплаб турган ёғларни, ҳамма чарвини, 4 иккала буйракни, буйрак атрофидаги ёғларини ва жигарнинг аъло қисмини . Жигарнинг аъло қисми буйраклар билан бирга ажратиб олинган бўлиши лозим. 5 Сўнг Ҳоруннинг ўғиллари буларни қурбонгоҳда, ёниб турган ўтин устидаги куйдириладиган қурбонлик билан бирга куйдирсинлар. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.
6 Агар Эгамизга сурувингиздаги ҳайвонни тинчлик қурбонлиги қилмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз урғочи ёки эркак жониворни олиб келинг. 7 Қўйни қурбонлик қилмоқчи бўлсангиз, уни Эгамиз олдига олиб келиб, 8 қўлингизни қурбонликнинг бошига қўйинг. Сўнг уни Учрашув чодири олдида сўйинг. Ҳоруннинг ўғиллари қурбонликнинг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин. 9 Сиз тинчлик қурбонлигининг қуйидаги қисмларини оловда куйдириб, Эгамизга назр қилинг: думғазадан бошлаб кесиб олинган думбасини, ичак–човоқларини қоплаб турган ёғларни, ҳамма чарвини, 10 иккала буйракни, буйрак атрофидаги ёғларини ва жигарнинг аъло қисмини. Жигарнинг аъло қисми буйраклар билан бирга ажратиб олинган бўлиши лозим. 11 Руҳоний буларни таом назри сифатида қурбонгоҳ устида куйдирсин. Эгамизга келтирилиб, оловда куйдириладиган қурбонлик шудир.
12 Агар Эгамизга эчкини қурбонлик қилмоқчи бўлсангиз, уни Эгамизнинг олдига олиб келинг. 13 Қўлингизни эчкининг бошига қўйиб, уни Учрашув чодири олдида сўйинг. Сўнг Ҳоруннинг ўғиллари эчкининг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин. 14 Сиз қурбонликнинг қуйидаги қисмларини оловда куйдириб Эгамизга назр қилинг: ичак–човоқларини қоплаб турган ёғларни, ҳамма чарвини, 15 иккала буйракни, буйрак атрофидаги ёғларини ва жигарнинг аъло қисмини. Жигарнинг аъло қисми буйраклар билан бирга ажратиб олинган бўлиши лозим. 16 Сўнг руҳоний буларнинг ҳаммасини таом назри сифатида қурбонгоҳ устида куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.
Ёғнинг ҳаммаси Эгамизга тегишлидир. 17 Ёғ ва қонни тановул қилманг. Қаерда яшашингиздан қатъи назар, бутун авлодингиз бу қонунга доимо риоя қилсин.