32–BOB
Elixu Ayubning doʻstlariga javob beradi
1 Shunday qilib, oʻsha uch kishi Ayubga boshqa gapirmadilar, chunki Ayub oʻz nazarida solih edi. 2 Ammo Buz avlodining Ram xonadonidan boʻlgan Boraxiyol oʻgʻli Elixuning jahli chiqdi. Ayub oʻzini oqlab, Xudoni ayblayotgani uchun undan qattiq gʻazablandi. 3 U Ayubning uchala oʻrtogʻidan ham juda qattiq achchiqlandi, chunki ular Ayubning gapiga javob topib bera olmadilar. Natijada Xudo aybdorday boʻlib qoldi . 4 Elixu gapirish uchun oʻz navbatini kutib turardi, chunki boshqalarning yoshi unikidan ulugʻroq edi. 5 Lekin ularning boshqa gapi yoʻqligini koʻrib, Elixuning jahli chiqdi.
6 Shunday qilib, Buz avlodidan boʻlgan Boraxiyol oʻgʻli Elixu oʻz gapini boshladi:

“Men yoshman,
Sizlarning esa yoshingiz ulugʻ.
Shuning uchun uyalib,
Fikrlarimni aytishga qoʻrqdim.
7 Yoshi ulugʻlar gapirsin,
Koʻpni koʻrganlar aql oʻrgatsin, dedim.
8-9 Ammo faqatgina yoshi ulugʻlar dono boʻlmaydi,
Nima toʻgʻriligini faqat keksalar tushunavermaydi.
Axir, insonga uning ichidagi ruh —
Qodir Xudoning nafasi aql–idrok beradi–ku!
10 Shuning uchun menga quloq soling,
Men ham oʻz fikrimni bayon qilay.

11 Sizlar gapirganda jim turdim,
Dono gaplaringizga quloq soldim.
Gap qidirganingizda ham kutib turdim.
12 Sizlarga diqqat bilan quloq soldim,
Lekin hech biringiz Ayubning aybini isbotlay olmadingiz.
Uning gaplariga javob bera olmadingiz.
13 Sizlar: «Eng dono yoʻlni topdik,
Ayubni inson emas, Xudoning Oʻzi magʻlub qilsin», deya koʻrmanglar.
14 Ayub gaplarini menga qarata aytgani yoʻq.
Shunday boʻlganda ham,
Men hech qachon sizlarga oʻxshab javob bermasdim.

15 Ey Ayub! Bu uchala oʻrtogʻingiz esankirab qoldi,
Gap topolmay oʻtiribdilar.
Aytadigan bironta soʻzi yoʻq.
16 Endi ularning aytadigan gapi boʻlmasa,
Men kutib oʻtiraveraymi?!
17 Men ham javob beraman,
Oʻz fikrimni bildiraman.
18 Ichimda soʻzlar toshib ketyapti,
Ruhim meni daʼvat qilyapti.
19 Qalbim ochilmagan sharob kabi joʻshmoqda,
Yangi sharob quyilgan mesh kabi yorilib ketay, deydi .
20 Gapirib, ozgina yozilay.
Ogʻiz ochib, javob beray.
21 Men hech kimga tarafkashlik qilmayman,
Hech bir insonga xushomad qilmayman.
22 Agar xushomadgoʻylikka usta boʻlsam,
Yaratuvchim meni yoʻq qilgan boʻlar edi.
32–БОБ
Элиху Аюбнинг дўстларига жавоб беради
1 Шундай қилиб, ўша уч киши Аюбга бошқа гапирмадилар, чунки Аюб ўз назарида солиҳ эди. 2 Аммо Буз авлодининг Рам хонадонидан бўлган Борахиёл ўғли Элихунинг жаҳли чиқди. Аюб ўзини оқлаб, Худони айблаётгани учун ундан қаттиқ ғазабланди. 3 У Аюбнинг учала ўртоғидан ҳам жуда қаттиқ аччиқланди, чунки улар Аюбнинг гапига жавоб топиб бера олмадилар. Натижада Худо айбдордай бўлиб қолди . 4 Элиху гапириш учун ўз навбатини кутиб турарди, чунки бошқаларнинг ёши уникидан улуғроқ эди. 5 Лекин уларнинг бошқа гапи йўқлигини кўриб, Элихунинг жаҳли чиқди.
6 Шундай қилиб, Буз авлодидан бўлган Борахиёл ўғли Элиху ўз гапини бошлади:

“Мен ёшман,
Сизларнинг эса ёшингиз улуғ.
Шунинг учун уялиб,
Фикрларимни айтишга қўрқдим.
7 Ёши улуғлар гапирсин,
Кўпни кўрганлар ақл ўргатсин, дедим.
8-9 Аммо фақатгина ёши улуғлар доно бўлмайди,
Нима тўғрилигини фақат кексалар тушунавермайди.
Ахир, инсонга унинг ичидаги руҳ —
Қодир Худонинг нафаси ақл–идрок беради–ку!
10 Шунинг учун менга қулоқ солинг,
Мен ҳам ўз фикримни баён қилай.

11 Сизлар гапирганда жим турдим,
Доно гапларингизга қулоқ солдим.
Гап қидирганингизда ҳам кутиб турдим.
12 Сизларга диққат билан қулоқ солдим,
Лекин ҳеч бирингиз Аюбнинг айбини исботлай олмадингиз.
Унинг гапларига жавоб бера олмадингиз.
13 Сизлар: «Энг доно йўлни топдик,
Аюбни инсон эмас, Худонинг Ўзи мағлуб қилсин», дея кўрманглар.
14 Аюб гапларини менга қарата айтгани йўқ.
Шундай бўлганда ҳам,
Мен ҳеч қачон сизларга ўхшаб жавоб бермасдим.

15 Эй Аюб! Бу учала ўртоғингиз эсанкираб қолди,
Гап тополмай ўтирибдилар.
Айтадиган биронта сўзи йўқ.
16 Энди уларнинг айтадиган гапи бўлмаса,
Мен кутиб ўтираверайми?!
17 Мен ҳам жавоб бераман,
Ўз фикримни билдираман.
18 Ичимда сўзлар тошиб кетяпти,
Руҳим мени даъват қиляпти.
19 Қалбим очилмаган шароб каби жўшмоқда,
Янги шароб қуйилган меш каби ёрилиб кетай, дейди .
20 Гапириб, озгина ёзилай.
Оғиз очиб, жавоб берай.
21 Мен ҳеч кимга тарафкашлик қилмайман,
Ҳеч бир инсонга хушомад қилмайман.
22 Агар хушомадгўйликка уста бўлсам,
Яратувчим мени йўқ қилган бўлар эди.