3–BOB
Sulaymon Egamizdan donolik soʻraydi
1 Sulaymon Misr shohi — firʼavnning qizlaridan biriga uylanib, firʼavn bilan aloqasini mustahkamladi, xotinini esa Quddusdagi Dovud qalʼasiga olib keldi. U oʻz saroyini, Egamizning uyini va Quddus atrofidagi devorni bitirgunga qadar, xotini oʻsha yerda yashadi. 2 Xalq hali ham turli joylardagi sajdagohlarda qurbonlik qilib yurardi, chunki oʻsha kunlargacha Egamizga atab bir uy qurilmagan edi.
3 Sulaymon Egamizni sevardi, shuning uchun otasi Dovudning koʻrsatmalari boʻyicha yurardi. Lekin u ham sajdagohlarda qurbonlik qilar va tutatqi tutatardi.
4 Shoh qurbonlik qilish uchun Givonga ketdi. Chunki eng asosiy sajdagoh oʻsha yerda edi. Sulaymon ilgari ham oʻsha qurbongohda minglab kuydiriladigan qurbonliklar keltirgan edi.
5 Sulaymon Givonda kechasi tush koʻrdi. Tushida Egamiz zohir boʻldi. Xudo unga:
— Tila tilagingni! — dedi.
6 Sulaymon aytdi:
— Ey Xudoyim! Otam Dovud Sening quling edi. Otam Senga sodiq boʻlib, solihlik bilan, toʻgʻri koʻngil bilan yurgani uchun unga ulugʻ sevgingni koʻrsatding. Otamga marhamat qilib, bugun uning taxtiga oʻtirmogʻi uchun unga bir oʻgʻil ato etding. 7 Ey Egam Xudo, endi bu qulingni otam Dovud oʻrniga shoh qilding. Men esa bir yosh boladayman, koʻp narsaga aqlim yetmaydi, nima qilishimni ham bilmayman. 8 Endi men, quling, Oʻzing tanlab olgan xalqni boshqarishim lozim. Koʻpligidan bu xalqni hisoblab chiqishning imkoni ham yoʻq. 9 Endi xalqingga shohlik qilishim uchun menga aql–idrok bergin, toki yaxshilik bilan yomonlikning farqiga borayin. Binobarin, Sening shu qadar behisob xalqingga kim hukmronlik qila oladi?!
10 Sulaymon soʻragan narsalar Rabbiyga maʼqul boʻldi. 11 Soʻng Xudo unga dedi:
— Sen oʻzing uchun uzoq umr soʻramading, oʻzing uchun boylik istamading, dushmanlaringning jonini soʻramading. Aksincha, toʻgʻri hukm etmoq uchun oʻzingga aql–idrok soʻrading. 12 Oʻzingning soʻraganingga koʻra, senga donishmandlik va aql–idrok ato qilaman. Sendan avval oʻzingga oʻxshagani dunyoga kelmagan edi, bundan soʻng ham senga oʻxshagani dunyoga kelmas. 13 Yana oʻzing soʻramagan narsalarni — boylik va shon–shuhratni ham beraman: umring boʻyi shohlar orasida senga teng keladigani boʻlmas. 14 Sen ham otang Dovud singari, Mening yoʻllarimdan yursang, farmonlarimga, amrlarimga rioya qilsang, umringni yanada uzaytiraman.
15 Sulaymon uygʻonib ketdi, hammasi tush edi. Shundan keyin u Quddusga keldi va Egamizning Ahd sandigʻi oldida turib, kuydiriladigan qurbonliklarni va tinchlik qurbonliklarini keltirdi, hamma aʼyonlariga ziyofat berdi.
Sulaymonning donishmandligidan bir lavha
16 Bir kuni ikkita fohisha xotin shohning huzuriga kelib, uning oldiga kirishdi. 17 Xotinlardan biri gap boshladi:
— Hazrati oliylari! Men mana bu ayol bilan bir uyda yashayman. U bilan uyda qolganimda, mening koʻzim yoridi. 18 Shundan keyin, uchinchi kuni bu ayol ham farzand koʻrdi. Xullas, biz birga edik. Uyda faqat ikkovimiz, boshqa odam yoʻq edi. 19 Manavi xotin kechasi bolasini bosib olgan ekan, bolasi oʻlib qolibdi. 20 Yarim kechasi turib, men uxlab yotganimda, oʻgʻlimni bagʻrimdan olib, oʻzining yoniga qoʻyibdi. Nobud boʻlgan bolasini esa mening yonimga yotqizib qoʻyibdi. 21 Bolamni emizish uchun saharda tursam, u jonsiz yotgan ekan. Faqat tong yorishgandagina mening oʻgʻlim emasligini bildim.
22 Ikkinchi xotin esa:
— Yoʻq, tirigi — mening oʻgʻlim, oʻlgan bola — seniki! — dedi.
Birinchisi esa:
— Yoʻq, oʻlgan bola — seniki, tirigi — meniki! — dedi.
Shunday qilib, ular shoh huzurida mojaro qilishdi. 23 Nihoyat, shoh dedi:
— Biringiz: “Tirigi — mening oʻgʻlim, nobud boʻlgani — seniki”, deyapsiz. Ikkinchingiz esa: “Yoʻq, nobud boʻlgani — seniki, tirigi — meniki”, deyapsiz.
24 Shundan keyin shoh:
— Menga bir qilich olib kelinglar! — deb buyurdi. Shohga qilich olib kelishdi. 25 — Tirik bolani ikkiga boʻlinglar. Yarmini biriga, yarmini esa ikkinchisiga beringlar! — deb buyurdi.
26 Shu zahoti bolasi tirik qolgan ayol shohga dedi:
— Hazrati oliylari! Tirik qolgan bolani manavi ayolga beravering! Uni oʻldirmasangiz boʻldi!
Bu ayolning farzandi uchun joni achirdi.
Narigisi esa:
— Menga ham boʻlmasin, senga ham, ikkiga boʻlaveringlar! — dedi.
27 Shu onda shoh:
— Toʻxtanglar, bolani oʻldirmanglar! — dedi. — Bolani rahmdil ayolga beringlar, onasi oʻshadir.
28 Shoh chiqargan bu hukmni butun Isroil xalqi eshitdi. Shundan keyin shohdan hayiqadigan boʻldilar, chunki eʼtibor bersalar, adolatli hukm qilish uchun Xudo unga donishmandlik ato qilgan ekan.
3–БОБ
Сулаймон Эгамиздан донолик сўрайди
1 Сулаймон Миср шоҳи — фиръавннинг қизларидан бирига уйланиб, фиръавн билан алоқасини мустаҳкамлади, хотинини эса Қуддусдаги Довуд қалъасига олиб келди. У ўз саройини, Эгамизнинг уйини ва Қуддус атрофидаги деворни битиргунга қадар, хотини ўша ерда яшади. 2 Халқ ҳали ҳам турли жойлардаги саждагоҳларда қурбонлик қилиб юрарди, чунки ўша кунларгача Эгамизга атаб бир уй қурилмаган эди.
3 Сулаймон Эгамизни севарди, шунинг учун отаси Довуднинг кўрсатмалари бўйича юрарди. Лекин у ҳам саждагоҳларда қурбонлик қилар ва тутатқи тутатарди.
4 Шоҳ қурбонлик қилиш учун Гивонга кетди. Чунки энг асосий саждагоҳ ўша ерда эди. Сулаймон илгари ҳам ўша қурбонгоҳда минглаб куйдириладиган қурбонликлар келтирган эди.
5 Сулаймон Гивонда кечаси туш кўрди. Тушида Эгамиз зоҳир бўлди. Худо унга:
— Тила тилагингни! — деди.
6 Сулаймон айтди:
— Эй Худойим! Отам Довуд Сенинг қулинг эди. Отам Сенга содиқ бўлиб, солиҳлик билан, тўғри кўнгил билан юргани учун унга улуғ севгингни кўрсатдинг. Отамга марҳамат қилиб, бугун унинг тахтига ўтирмоғи учун унга бир ўғил ато этдинг. 7 Эй Эгам Худо, энди бу қулингни отам Довуд ўрнига шоҳ қилдинг. Мен эса бир ёш боладайман, кўп нарсага ақлим етмайди, нима қилишимни ҳам билмайман. 8 Энди мен, қулинг, Ўзинг танлаб олган халқни бошқаришим лозим. Кўплигидан бу халқни ҳисоблаб чиқишнинг имкони ҳам йўқ. 9 Энди халқингга шоҳлик қилишим учун менга ақл–идрок бергин, токи яхшилик билан ёмонликнинг фарқига борайин. Бинобарин, Сенинг шу қадар беҳисоб халқингга ким ҳукмронлик қила олади?!
10 Сулаймон сўраган нарсалар Раббийга маъқул бўлди. 11 Сўнг Худо унга деди:
— Сен ўзинг учун узоқ умр сўрамадинг, ўзинг учун бойлик истамадинг, душманларингнинг жонини сўрамадинг. Аксинча, тўғри ҳукм этмоқ учун ўзингга ақл–идрок сўрадинг. 12 Ўзингнинг сўраганингга кўра, сенга донишмандлик ва ақл–идрок ато қиламан. Сендан аввал ўзингга ўхшагани дунёга келмаган эди, бундан сўнг ҳам сенга ўхшагани дунёга келмас. 13 Яна ўзинг сўрамаган нарсаларни — бойлик ва шон–шуҳратни ҳам бераман: умринг бўйи шоҳлар орасида сенга тенг келадигани бўлмас. 14 Сен ҳам отанг Довуд сингари, Менинг йўлларимдан юрсанг, фармонларимга, амрларимга риоя қилсанг, умрингни янада узайтираман.
15 Сулаймон уйғониб кетди, ҳаммаси туш эди. Шундан кейин у Қуддусга келди ва Эгамизнинг Аҳд сандиғи олдида туриб, куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирди, ҳамма аъёнларига зиёфат берди.
Сулаймоннинг донишмандлигидан бир лавҳа
16 Бир куни иккита фоҳиша хотин шоҳнинг ҳузурига келиб, унинг олдига киришди. 17 Хотинлардан бири гап бошлади:
— Ҳазрати олийлари! Мен мана бу аёл билан бир уйда яшайман. У билан уйда қолганимда, менинг кўзим ёриди. 18 Шундан кейин, учинчи куни бу аёл ҳам фарзанд кўрди. Хуллас, биз бирга эдик. Уйда фақат икковимиз, бошқа одам йўқ эди. 19 Манави хотин кечаси боласини босиб олган экан, боласи ўлиб қолибди. 20 Ярим кечаси туриб, мен ухлаб ётганимда, ўғлимни бағримдан олиб, ўзининг ёнига қўйибди. Нобуд бўлган боласини эса менинг ёнимга ётқизиб қўйибди. 21 Боламни эмизиш учун саҳарда турсам, у жонсиз ётган экан. Фақат тонг ёришгандагина менинг ўғлим эмаслигини билдим.
22 Иккинчи хотин эса:
— Йўқ, тириги — менинг ўғлим, ўлган бола — сеники! — деди.
Биринчиси эса:
— Йўқ, ўлган бола — сеники, тириги — меники! — деди.
Шундай қилиб, улар шоҳ ҳузурида можаро қилишди. 23 Ниҳоят, шоҳ деди:
— Бирингиз: “Тириги — менинг ўғлим, нобуд бўлгани — сеники”, деяпсиз. Иккинчингиз эса: “Йўқ, нобуд бўлгани — сеники, тириги — меники”, деяпсиз.
24 Шундан кейин шоҳ:
— Менга бир қилич олиб келинглар! — деб буюрди. Шоҳга қилич олиб келишди. 25 — Тирик болани иккига бўлинглар. Ярмини бирига, ярмини эса иккинчисига беринглар! — деб буюрди.
26 Шу заҳоти боласи тирик қолган аёл шоҳга деди:
— Ҳазрати олийлари! Тирик қолган болани манави аёлга бераверинг! Уни ўлдирмасангиз бўлди!
Бу аёлнинг фарзанди учун жони ачирди.
Наригиси эса:
— Менга ҳам бўлмасин, сенга ҳам, иккига бўлаверинглар! — деди.
27 Шу онда шоҳ:
— Тўхтанглар, болани ўлдирманглар! — деди. — Болани раҳмдил аёлга беринглар, онаси ўшадир.
28 Шоҳ чиқарган бу ҳукмни бутун Исроил халқи эшитди. Шундан кейин шоҳдан ҳайиқадиган бўлдилар, чунки эътибор берсалар, адолатли ҳукм қилиш учун Худо унга донишмандлик ато қилган экан.