3–BOB
Har narsaning vaqti bor
1 Bu dunyoda hamma narsaning oʻz tayinlangan payti bor, har bir ishning oʻz vaqti bor .

2 Tugʻilishning ham, oʻlishning ham oʻz vaqti bor.
Ekishning ham, ekilganni oʻrishning ham oʻz vaqti bor.
3 Oʻldirishning ham, shifo berishning ham oʻz vaqti bor.
Buzishning ham, qurishning ham oʻz vaqti bor.
4 Yigʻlashning ham, kulishning ham oʻz vaqti bor.
Azaning ham, raqsning ham oʻz vaqti bor.
5 Tosh otishning ham, tosh yigʻishning ham oʻz vaqti bor.
Bagʻriga bosishning ham, undan oʻzini tiyishning ham oʻz vaqti bor.
6 Qidirishning ham, yoʻqotishning ham oʻz vaqti bor.
Saqlab qoʻyishning ham, tashlab yuborishning ham oʻz vaqti bor.
7 Yirtishning ham, tikishning ham oʻz vaqti bor.
Sukut saqlashning ham, soʻzlashning ham oʻz vaqti bor.
8 Yaxshi koʻrishning ham, nafratning ham oʻz vaqti bor.
Urushning ham, tinchlikning ham oʻz vaqti bor.

9 Shuncha mehnat qilib inson qanday foyda topadi? 10 Insonlar qilishi uchun Xudo bergan mushkul ishni koʻrdim. 11 Xudo aytgani boʻyicha hamma narsa oʻz vaqtida sodir boʻladi. Xudo yuragiga solgani uchun inson vaqt oʻtishini sezadi, lekin Xudo boshidan oxirigacha qilgan ishlarni inson tushuna olmaydi. 12 Inson uchun baxtli hayot kechirish, oʻz hayotidan rohatlanishdan boshqa yaxshiroq narsa yoʻq ekanligini tushunib yetdim. 13 Hamma yeb, ichib, oʻz qilgan mehnatining rohatini koʻrsin. Bu Xudoning inʼomidir. 14 Xudo qilgan har bir ish to abad oʻzgarmas, bu ishga hech narsa qoʻshib boʻlmaydi, undan hech narsani ayirib boʻlmaydi. Xudo bu ishlarni, hamma Mendan qoʻrqsin, deb qildi. 15 Hozir nima boʻlsa, oldin ham boʻlgan, kelajakda boʻladigani hozir ham bordir. Oʻz vaqtida Xudo oʻtmishni yana qaytarar.
Dunyodagi adolatsizlik
16 Men yana bu dunyoda adolat hukm surishi kerak boʻlgan joyda — qozixonada ham, toʻgʻrilik oʻrnida ham egrilik koʻrdim. 17 Oʻzimga: “Yaxshini ham, yomonni ham Xudo hukm qiladi, chunki Xudoning Oʻzi har bir narsaning, har bir ishning vaqtini belgilagan”, dedim. 18 Men yana odamzod haqida shuni tushundim: “Insonlar ham xuddi hayvonlarday ekan. Shuni koʻrsatish uchun Xudo insonlarni sinar ekan.” 19 Axir, odamlar bilan hayvonlarning taqdiri bir xil, unisi ham bunisi ham oʻladi. Insonlarga ham, hayvonlarga ham Xudo jon bergan, odamlar hayvonlardan ustun emas. Hammasi behuda ekan. 20 Hamma bitta joyga boradi, tuproqdan yaralganlar tuproqqa qaytadi. 21 Insonning ruhi tepaga chiqadimi, hayvonlarning ruhi pastga — yerning ostiga tushadimi, kim biladi?! 22 Shunda men tushundim: inson uchun oʻz mehnatidan rohat olishdan boshqa yaxshiroq narsa yoʻq ekan, chunki bu uning taqdiri. Inson oʻtib ketgandan keyin nima boʻlishini kim unga koʻrsata oladi?!
3–БОБ
Ҳар нарсанинг вақти бор
1 Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор, ҳар бир ишнинг ўз вақти бор .

2 Туғилишнинг ҳам, ўлишнинг ҳам ўз вақти бор.
Экишнинг ҳам, экилганни ўришнинг ҳам ўз вақти бор.
3 Ўлдиришнинг ҳам, шифо беришнинг ҳам ўз вақти бор.
Бузишнинг ҳам, қуришнинг ҳам ўз вақти бор.
4 Йиғлашнинг ҳам, кулишнинг ҳам ўз вақти бор.
Азанинг ҳам, рақснинг ҳам ўз вақти бор.
5 Тош отишнинг ҳам, тош йиғишнинг ҳам ўз вақти бор.
Бағрига босишнинг ҳам, ундан ўзини тийишнинг ҳам ўз вақти бор.
6 Қидиришнинг ҳам, йўқотишнинг ҳам ўз вақти бор.
Сақлаб қўйишнинг ҳам, ташлаб юборишнинг ҳам ўз вақти бор.
7 Йиртишнинг ҳам, тикишнинг ҳам ўз вақти бор.
Сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор.
8 Яхши кўришнинг ҳам, нафратнинг ҳам ўз вақти бор.
Урушнинг ҳам, тинчликнинг ҳам ўз вақти бор.

9 Шунча меҳнат қилиб инсон қандай фойда топади? 10 Инсонлар қилиши учун Худо берган мушкул ишни кўрдим. 11 Худо айтгани бўйича ҳамма нарса ўз вақтида содир бўлади. Худо юрагига солгани учун инсон вақт ўтишини сезади, лекин Худо бошидан охиригача қилган ишларни инсон тушуна олмайди. 12 Инсон учун бахтли ҳаёт кечириш, ўз ҳаётидан роҳатланишдан бошқа яхшироқ нарса йўқ эканлигини тушуниб етдим. 13 Ҳамма еб, ичиб, ўз қилган меҳнатининг роҳатини кўрсин. Бу Худонинг инъомидир. 14 Худо қилган ҳар бир иш то абад ўзгармас, бу ишга ҳеч нарса қўшиб бўлмайди, ундан ҳеч нарсани айириб бўлмайди. Худо бу ишларни, ҳамма Мендан қўрқсин, деб қилди. 15 Ҳозир нима бўлса, олдин ҳам бўлган, келажакда бўладигани ҳозир ҳам бордир. Ўз вақтида Худо ўтмишни яна қайтарар.
Дунёдаги адолатсизлик
16 Мен яна бу дунёда адолат ҳукм суриши керак бўлган жойда — қозихонада ҳам, тўғрилик ўрнида ҳам эгрилик кўрдим. 17 Ўзимга: “Яхшини ҳам, ёмонни ҳам Худо ҳукм қилади, чунки Худонинг Ўзи ҳар бир нарсанинг, ҳар бир ишнинг вақтини белгилаган”, дедим. 18 Мен яна одамзод ҳақида шуни тушундим: “Инсонлар ҳам худди ҳайвонлардай экан. Шуни кўрсатиш учун Худо инсонларни синар экан.” 19 Ахир, одамлар билан ҳайвонларнинг тақдири бир хил, униси ҳам буниси ҳам ўлади. Инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам Худо жон берган, одамлар ҳайвонлардан устун эмас. Ҳаммаси беҳуда экан. 20 Ҳамма битта жойга боради, тупроқдан яралганлар тупроққа қайтади. 21 Инсоннинг руҳи тепага чиқадими, ҳайвонларнинг руҳи пастга — ернинг остига тушадими, ким билади?! 22 Шунда мен тушундим: инсон учун ўз меҳнатидан роҳат олишдан бошқа яхшироқ нарса йўқ экан, чунки бу унинг тақдири. Инсон ўтиб кетгандан кейин нима бўлишини ким унга кўрсата олади?!