7–BOB
Donolarning maslahati
1 Yaxshi nom qimmatbaho xushboʻy moydan , oʻlim kuni esa tugʻilgan kundan yaxshiroqdir.
2 Toʻy boʻlayotgan uyga borishdan koʻra, azador xonadonga borish yaxshiroq, chunki hammaning taqdiri bir, hayot boʻlganlar buni unutmasinlar.
3 Qaygʻu kulgidan yaxshiroqdir, qaygʻuli yuz yurakka yaxshi.
4 Dononing qalbi azador uydagilar bilandir, nodon esa doimo xursandchilik haqida oʻylaydi.
5 Dono odamning tanbehini eshitish nodonning maqtovlaridan yaxshiroq, 6 chunki nodonning maqtov kuyi qozonning ostida yonib turgan yantoqning chirsillashiga oʻxshaydi. Ammo bu ham behuda , chunki 7 doʻq–poʻpisa dononi ham telba qiladi, pora esa yurakni egri qiladi.
8 Hamma narsaning oxiri — boshidan, sabr–toqat — magʻrurlikdan yaxshiroqdir.
9 Jahldor boʻlmagin, chunki jahl nodonlarning yuragida uy quradi.
10 “Nima uchun oʻtmish kunlar hozirgilardan yaxshiroq edi?” deb soʻramagin, bu savolni soʻrash donolikdan emas.
11 Donolik xuddi meros kabi yaxshidir, bu dunyoda hayot boʻlganlarga foydalidir. 12 Donolik ham, pul kabi, vaqtinchalik orom beradi, donolik hayotga chidashga yordam beradi, ilm–maʼrifat foyda keltiradi.
13 Xudo qilgan ishlarga qaragin, U egri qilgan narsalarni kim ham toʻgʻrilay olardi?! 14 Baxtli kunlaringda quvongin, qaygʻuli kunlaringda esa shuni esingda tut, quvonchni ham, qaygʻuni ham Xudo yaratgan. Hech kim kelajakda nima boʻlishini aytib bera olmaydi .
Inson donoligining meʼyori
15 Mana shu behuda hayotim davomida hamma narsani koʻrdim. Solih insonlar solih boʻlsalar ham halok boʻladilar, fosiqlar esa oʻz fosiqliklari bilan uzoq umr koʻradilar. 16 Qonunparast boʻlma, donoligingga juda ham ishonaverma , nima uchun oʻzingni oʻzing halok qilishing kerak?! 17 Ammo shakkok yoki ahmoq ham boʻlmagin, nima uchun ajaling yetmay turib vafot etishing kerak?! 18 Bu nasihatlarning birini tutib, ikkinchisini unutma. Xudodan qoʻrqqan ikkisini ham esda tutadi.
19 Donolik insonni shahardagi oʻnta hukmdordan qudratliroq qiladi. 20 Lekin bu dunyoda har doim solihlik qilib, umuman gunoh qilmaydigan inson yoʻqdir. 21 Xizmatkoring seni yomonlayotganini eshitib qolmasliging uchun odamlar gapirayotgan hamma narsaga ham eʼtibor beravermagin. 22 Oʻzing bilasan, sen oʻzing ham boshqalarni juda koʻp yomonlagansan–ku!
23 Bularning hammasini donoligim bilan sinab koʻrdim, oʻzimga: “Donolikka erishaman”, dedim, lekin unga yeta olmadim. 24 Hamma sodir boʻladigan narsalarning maʼnosi juda chuqur, yetib boʻlmasdir. Kim ham uni topa olardi?! 25 Shunda men donolikni qidirib topishga, har bir sodir boʻlgan narsani tushunishga oʻzimni bagʻishladim. Fosiqlik nodonlik ekanligini, ahmoqlik telbalik ekanligini oʻz hayotimda isbotlamoqchi boʻldim. 26 Men mana bu narsani bildim. Ahmoqlik bir ayolga oʻxshaydi. U oʻzi tuzoq, yuragi toʻr, qoʻllari esa zanjirdaydir. U oʻlimdan ham achchiqroq ekan. Xudoga maʼqul keladigan ishlarni qiladiganlar undan qocha oladilar, lekin gunohkor uning qoʻllariga tushadi.
27-28 Voiz shunday dedi: “Bekorga har bir sodir boʻlgan narsaning maʼnosini qidirib (bu maʼnoni juda sinchkovlik bilan izlagan boʻlsam ham), mana shu narsani tushunib yetdim: minglar orasida bitta solih kishini topdim, shularning orasidan bitta ham solih ayol topa olmadim. 29 Ammo bir narsani angladim, qarang, Xudo insonlarni toʻgʻri qilib yaratgan, lekin ular har xil qabih rejalar tuzadi.”
7–БОБ
Доноларнинг маслаҳати
1 Яхши ном қимматбаҳо хушбўй мойдан , ўлим куни эса туғилган кундан яхшироқдир.
2 Тўй бўлаётган уйга боришдан кўра, азадор хонадонга бориш яхшироқ, чунки ҳамманинг тақдири бир, ҳаёт бўлганлар буни унутмасинлар.
3 Қайғу кулгидан яхшироқдир, қайғули юз юракка яхши.
4 Дононинг қалби азадор уйдагилар биландир, нодон эса доимо хурсандчилик ҳақида ўйлайди.
5 Доно одамнинг танбеҳини эшитиш нодоннинг мақтовларидан яхшироқ, 6 чунки нодоннинг мақтов куйи қозоннинг остида ёниб турган янтоқнинг чирсиллашига ўхшайди. Аммо бу ҳам беҳуда , чунки 7 дўқ–пўписа донони ҳам телба қилади, пора эса юракни эгри қилади.
8 Ҳамма нарсанинг охири — бошидан, сабр–тоқат — мағрурликдан яхшироқдир.
9 Жаҳлдор бўлмагин, чунки жаҳл нодонларнинг юрагида уй қуради.
10 “Нима учун ўтмиш кунлар ҳозиргилардан яхшироқ эди?” деб сўрамагин, бу саволни сўраш доноликдан эмас.
11 Донолик худди мерос каби яхшидир, бу дунёда ҳаёт бўлганларга фойдалидир. 12 Донолик ҳам, пул каби, вақтинчалик ором беради, донолик ҳаётга чидашга ёрдам беради, илм–маърифат фойда келтиради.
13 Худо қилган ишларга қарагин, У эгри қилган нарсаларни ким ҳам тўғрилай оларди?! 14 Бахтли кунларингда қувонгин, қайғули кунларингда эса шуни эсингда тут, қувончни ҳам, қайғуни ҳам Худо яратган. Ҳеч ким келажакда нима бўлишини айтиб бера олмайди .
Инсон донолигининг меъёри
15 Мана шу беҳуда ҳаётим давомида ҳамма нарсани кўрдим. Солиҳ инсонлар солиҳ бўлсалар ҳам ҳалок бўладилар, фосиқлар эса ўз фосиқликлари билан узоқ умр кўрадилар. 16 Қонунпараст бўлма, донолигингга жуда ҳам ишонаверма , нима учун ўзингни ўзинг ҳалок қилишинг керак?! 17 Аммо шаккок ёки аҳмоқ ҳам бўлмагин, нима учун ажалинг етмай туриб вафот этишинг керак?! 18 Бу насиҳатларнинг бирини тутиб, иккинчисини унутма. Худодан қўрққан иккисини ҳам эсда тутади.
19 Донолик инсонни шаҳардаги ўнта ҳукмдордан қудратлироқ қилади. 20 Лекин бу дунёда ҳар доим солиҳлик қилиб, умуман гуноҳ қилмайдиган инсон йўқдир. 21 Хизматкоринг сени ёмонлаётганини эшитиб қолмаслигинг учун одамлар гапираётган ҳамма нарсага ҳам эътибор беравермагин. 22 Ўзинг биласан, сен ўзинг ҳам бошқаларни жуда кўп ёмонлагансан–ку!
23 Буларнинг ҳаммасини донолигим билан синаб кўрдим, ўзимга: “Доноликка эришаман”, дедим, лекин унга ета олмадим. 24 Ҳамма содир бўладиган нарсаларнинг маъноси жуда чуқур, етиб бўлмасдир. Ким ҳам уни топа оларди?! 25 Шунда мен доноликни қидириб топишга, ҳар бир содир бўлган нарсани тушунишга ўзимни бағишладим. Фосиқлик нодонлик эканлигини, аҳмоқлик телбалик эканлигини ўз ҳаётимда исботламоқчи бўлдим. 26 Мен мана бу нарсани билдим. Аҳмоқлик бир аёлга ўхшайди. У ўзи тузоқ, юраги тўр, қўллари эса занжирдайдир. У ўлимдан ҳам аччиқроқ экан. Худога маъқул келадиган ишларни қиладиганлар ундан қоча оладилар, лекин гуноҳкор унинг қўлларига тушади.
27-28 Воиз шундай деди: “Бекорга ҳар бир содир бўлган нарсанинг маъносини қидириб (бу маънони жуда синчковлик билан излаган бўлсам ҳам), мана шу нарсани тушуниб етдим: минглар орасида битта солиҳ кишини топдим, шуларнинг орасидан битта ҳам солиҳ аёл топа олмадим. 29 Аммо бир нарсани англадим, қаранг, Худо инсонларни тўғри қилиб яратган, лекин улар ҳар хил қабиҳ режалар тузади.”