5–BOB
Ester tilagini shohga ayon qiladi
1 Uchinchi kuni Ester shohona liboslarini kiyib, saroyning ichki hovlisida — shoh yashaydigan xosxona roʻparasida paydo boʻldi. Shoh xosxonaning toʻridagi taxtda oʻtirib, 2 hovlida kutib turgan malika Esterni koʻrdi–yu, unga marhamat qildi va qoʻlidagi saltanatning oltin hassasini Esterga tomon choʻzdi. Ester yaqinroq kelib hassaning uchiga tegindi.
3 Shoh undan:
— Senga nima kerak, malika Ester? — deb soʻradi. — Tilaging nima? Hatto yarim shohlikni soʻrasang ham beriladi.
4 — Agar shohimiz maʼqul koʻrsalar, bugun Xomon bilan birga menikiga ziyofatga kelsalar, — dedi malika. — Men shohimiz uchun ziyofat tayyorlagandim.
5 Shoh:
— Zudlik bilan borib Xomonni topib kelinglar! — deb buyurdi. — Esterning istagini bajo qilaylik.
Shunday qilib, shoh Xomon bilan birga Ester tayyorlagan ziyofatga bordi. 6 Shoh maydan ichar ekan:
— Ayt, nima istaysan? Nima istasang beriladi, — dedi Esterga. — Qanday tilaging bor? Yarim shohlikni soʻrasang ham, xohishing qondiriladi.
Ester shunday javob berdi:
7 — Mening istagim va iltimosim shuki, 8 agar shohimiz mendan mamnun boʻlsalar, shohimiz mening tilagimni va istagimni qondirishni maʼqul koʻrsalar, ertaga men tayyorlaydigan ziyofatga yana Xomon bilan birga kelsinlar. Oʻshanda shohimizning savoliga javob beraman.
Xomon gʻazablanadi
9 Xomon oʻsha kuni ziyofatdan xursand, kayfiyati chogʻ boʻlib chiqdi. U shoh saroyi darvozasi oldida Mardoxayni koʻrdi. Mardoxay Xomonning hurmati uchun oʻrnidan turmadi ham, taʼzim ham qilmadi. Xomon esa gʻazabdan tutaqib ketdi. 10 Biroq u oʻzini bosdi. Uyiga kelib, doʻstlarini va xotini Zareshni chaqirtirdi. 11 Xomon ularga oʻzining cheksiz boyligi va koʻpdan–koʻp oʻgʻillari toʻgʻrisida gapirdi, shuningdek, shoh uni aʼyonlar va xizmatkorlar ustidan yuksak martabaga koʻtargani haqida maqtandi.
12 Keyin u yana aytdi:
— Malika Ester ziyofat tayyorlagan ekan, shoh bilan mendan boshqa hech kimni taklif qilmabdi. Ertaga ham men shoh bilan birga unikiga ziyofatga chaqirilganman. 13 Lekin saroy darvozasida turgan yahudiy Mardoxayni koʻrganimda, bularning men uchun hech bir qimmati qolmaydi.
14 Shunda xotini Zaresh va hamma doʻstlari Xomonga maslahat berishdi:
— Dor tayyorlashsin, balandligi ellik tirsak boʻlsin. Ertalab shohdan iltimos qil, Mardoxayni oʻsha dorga osishsin . Keyin xursand boʻlib, shoh bilan birga ziyofatga boraverasan.
Bu gap Xomonga maʼqul tushdi. U dorni tayyorlatib qoʻydi.
5–БОБ
Эстер тилагини шоҳга аён қилади
1 Учинчи куни Эстер шоҳона либосларини кийиб, саройнинг ички ҳовлисида — шоҳ яшайдиган хосхона рўпарасида пайдо бўлди. Шоҳ хосхонанинг тўридаги тахтда ўтириб, 2 ҳовлида кутиб турган малика Эстерни кўрди–ю, унга марҳамат қилди ва қўлидаги салтанатнинг олтин ҳассасини Эстерга томон чўзди. Эстер яқинроқ келиб ҳассанинг учига тегинди.
3 Шоҳ ундан:
— Сенга нима керак, малика Эстер? — деб сўради. — Тилагинг нима? Ҳатто ярим шоҳликни сўрасанг ҳам берилади.
4 — Агар шоҳимиз маъқул кўрсалар, бугун Хомон билан бирга меникига зиёфатга келсалар, — деди малика. — Мен шоҳимиз учун зиёфат тайёрлагандим.
5 Шоҳ:
— Зудлик билан бориб Хомонни топиб келинглар! — деб буюрди. — Эстернинг истагини бажо қилайлик.
Шундай қилиб, шоҳ Хомон билан бирга Эстер тайёрлаган зиёфатга борди. 6 Шоҳ майдан ичар экан:
— Айт, нима истайсан? Нима истасанг берилади, — деди Эстерга. — Қандай тилагинг бор? Ярим шоҳликни сўрасанг ҳам, хоҳишинг қондирилади.
Эстер шундай жавоб берди:
7 — Менинг истагим ва илтимосим шуки, 8 агар шоҳимиз мендан мамнун бўлсалар, шоҳимиз менинг тилагимни ва истагимни қондиришни маъқул кўрсалар, эртага мен тайёрлайдиган зиёфатга яна Хомон билан бирга келсинлар. Ўшанда шоҳимизнинг саволига жавоб бераман.
Хомон ғазабланади
9 Хомон ўша куни зиёфатдан хурсанд, кайфияти чоғ бўлиб чиқди. У шоҳ саройи дарвозаси олдида Мардохайни кўрди. Мардохай Хомоннинг ҳурмати учун ўрнидан турмади ҳам, таъзим ҳам қилмади. Хомон эса ғазабдан тутақиб кетди. 10 Бироқ у ўзини босди. Уйига келиб, дўстларини ва хотини Зарешни чақиртирди. 11 Хомон уларга ўзининг чексиз бойлиги ва кўпдан–кўп ўғиллари тўғрисида гапирди, шунингдек, шоҳ уни аъёнлар ва хизматкорлар устидан юксак мартабага кўтаргани ҳақида мақтанди.
12 Кейин у яна айтди:
— Малика Эстер зиёфат тайёрлаган экан, шоҳ билан мендан бошқа ҳеч кимни таклиф қилмабди. Эртага ҳам мен шоҳ билан бирга уникига зиёфатга чақирилганман. 13 Лекин сарой дарвозасида турган яҳудий Мардохайни кўрганимда, буларнинг мен учун ҳеч бир қиммати қолмайди.
14 Шунда хотини Зареш ва ҳамма дўстлари Хомонга маслаҳат беришди:
— Дор тайёрлашсин, баландлиги эллик тирсак бўлсин. Эрталаб шоҳдан илтимос қил, Мардохайни ўша дорга осишсин . Кейин хурсанд бўлиб, шоҳ билан бирга зиёфатга бораверасан.
Бу гап Хомонга маъқул тушди. У дорни тайёрлатиб қўйди.