2–BOB
1 Aziz bolalarim , gunoh qilmanglar deb, men sizlarga shularni yozyapman. Bordi–yu, birortamiz gunoh qilib qoʻysak, Otamiz Xudoning oldida homiyimiz — Iso Masih bor, U Solih Zotdir. 2 U bizni gunohlarimizdan poklash uchun qurbon boʻldi. Nafaqat bizning, balki butun dunyoning gunohlari uchun qurbon boʻldi.
Haqiqiy imonlining fazilatlari
3 Xudoni tanib–bilganimizni shundan bilsak boʻladi: Xudoni tanib–bilgan odam Uning amrlariga rioya qiladi. 4 Xudoni bilaman deb turib, Uning amrlariga rioya qilmagan esa yolgʻonchidir, unda haqiqat yoʻq. 5 Xudoning kalomiga itoat qilgan odamda esa Xudoning sevgisi oʻz mukammal ifodasini topgan. Biz Xudo bilan birga ekanimizni ana shundan bilsak boʻladi.
6 Men Xudo bilan birgaman degan odam Iso Masih yashaganday yashashi kerak. 7 Ey azizlarim, men sizlarga yangi amrni emas, balki boshidan oʻzingizga maʼlum boʻlgan eski amrni yozyapman. Bu eski amr sizlar eshitgan Xudoning kalomidir. 8 Ammo men yozayotgan bu amrni yangi desam ham boʻladi, chunki bu amr Masih va sizlar orqali amal qilmoqda. Haqiqatan ham, zulmat oʻtib bormoqda, haqiqiy nur hozirdanoq porlamoqda.
9 Men nurda yashayapman deb turib, oʻz birodaridan nafratlangan odam hali ham zulmatdadir. 10 Birodarini sevgan odam esa nurda yashaydi va hech qanday narsa uning qulashiga sabab boʻla olmaydi . 11 Ammo birodaridan nafratlangan odam zulmatdadir. U zulmatda yurib, qayerga ketayotganini bilmaydi, chunki zulmat uning koʻzlarini koʻr qilgan.
12 Aziz bolalarim, sizlarga yozyapman: Masih tufayli gunohlaringiz kechirildi.
13 Ey otalar, sizlarga yozyapman: sizlar boshidan ayon boʻlgan Masihni tanib–bildingizlar.
Ey yigitlar, sizlarga yozyapman: sizlar yovuz shaytonni yengdingizlar.
Ey bolajonlar, sizlarga yozyapman: sizlar Otamiz Xudoni bildingizlar.
14 Otalar, sizlarga yozyapman: sizlar boshidan ayon boʻlgan Masihni tanib–bildingizlar.
Yigitlar, sizlarga yozyapman: sizlar baquvvatsizlar, Xudoning kalomi qalbingizdan joy olgan, sizlar yovuz shaytonni yengdingizlar.
Dunyoga koʻngil bogʻlamanglar
15 Dunyoga va undagi narsalarga koʻngil bogʻlamanglar. Dunyoni sevgan odamda Otamiz Xudoning sevgisi boʻlmaydi. 16 Zero, dunyodagi bor narsa — inson tabiatining xohishlari, nafs va boylik bilan magʻrurlanish Otadan emas, balki dunyodandir. 17 Dunyo ham, uning nafsi ham oʻtib ketadi. Xudoning irodasini bajargan odam esa abadiy yashaydi.
Masih dushmanining taʼlimoti haqida ogohlantirish
18 Bolajonlarim, dunyoning soʻnggi damlari keldi! Masihning dushmani kelishini eshitgansizlar. Mana, hozirdan Masihning koʻp dushmanlari paydo boʻldi. Ana shundan biz soʻnggi damlarda yashayotganimizni bilamiz. 19 Aslida, bu odamlar oʻz oramizdan chiqdilar, ammo ular bizga tegishli boʻlmaganlar. Shuning uchun bizni tark etdilar. Agar bizga qarashli boʻlganlarida edi, biz bilan qolgan boʻlar edilar. Ammo chiqib ketganlaridan shunisi maʼlum boʻldiki, birontasi ham bizga qarashli emas.
20 Sizlar esa hammangiz haqiqatni bilasizlar, chunki sizlar Iso Masihdan Muqaddas Ruhni qabul qilgansizlar. 21 Sizlar haqiqatni bilmaganingiz uchun emas, aksincha, bilganingiz uchun men bularni sizlarga yozyapman. Yolgʻonchilar haqiqatga mansub emasligini ham eslatmoqchiman. 22 Isoni Masih emas, deydigan har qanday odam — yolgʻonchi, u Masihning dushmanidir! U Otamiz Xudoni ham, Oʻgʻilni ham rad etadi. 23 Oʻgʻilni rad etgan odamda Ota yoʻq. Oʻgʻilni tan olgan odamda esa, Ota ham bor.
24 Sizlar boshidan eshitgan kalomni qalbingizda saqlanglar. Agar boshidan eshitgan kalomni qalbingizda saqlasangiz, sizlar ham Oʻgʻil, ham Ota bilan birga yashaysizlar. 25 Masihning Oʻzi buni bizga vaʼda qilgan. Bu abadiy hayotdir. 26 Sizlarni yoʻldan ozdirmoqchi boʻlgan odamlardan ehtiyot boʻlinglar deb, bularni sizlarga yozyapman.
27 Ammo sizlar Iso Masihdan Muqaddas Ruhni qabul qilgansizlar. Muqaddas Ruh ichingizda yashayotgani uchun sizlarga hech kimning biror narsa oʻrgatishiga hojat yoʻq. Muqaddas Ruh sizlarga hamma narsani oʻrgatadi, Uning taʼlimoti soxta emas, haqiqiydir. U sizlarga oʻrgatganidek, Masih bilan yashashingiz kerak.
Xudoning bolalari va iblisning bolalari haqida
28 Ha, aziz bolalarim, bu soʻnggi damlarda Masih bilan yashanglar, toki U olamga kelganda dadil boʻlaylik, Uning oldida uyalib qolmaylik. 29 Biz Masihning odil ekanligini bilamiz. Shuning uchun adolatli ish tutgan har qanday odam Xudoning farzandi ekanligiga amin boʻlamiz.
2–БОБ
1 Азиз болаларим , гуноҳ қилманглар деб, мен сизларга шуларни ёзяпман. Борди–ю, бирортамиз гуноҳ қилиб қўйсак, Отамиз Худонинг олдида ҳомийимиз — Исо Масиҳ бор, У Солиҳ Зотдир. 2 У бизни гуноҳларимиздан поклаш учун қурбон бўлди. Нафақат бизнинг, балки бутун дунёнинг гуноҳлари учун қурбон бўлди.
Ҳақиқий имонлининг фазилатлари
3 Худони таниб–билганимизни шундан билсак бўлади: Худони таниб–билган одам Унинг амрларига риоя қилади. 4 Худони биламан деб туриб, Унинг амрларига риоя қилмаган эса ёлғончидир, унда ҳақиқат йўқ. 5 Худонинг каломига итоат қилган одамда эса Худонинг севгиси ўз мукаммал ифодасини топган. Биз Худо билан бирга эканимизни ана шундан билсак бўлади.
6 Мен Худо билан биргаман деган одам Исо Масиҳ яшагандай яшаши керак. 7 Эй азизларим, мен сизларга янги амрни эмас, балки бошидан ўзингизга маълум бўлган эски амрни ёзяпман. Бу эски амр сизлар эшитган Худонинг каломидир. 8 Аммо мен ёзаётган бу амрни янги десам ҳам бўлади, чунки бу амр Масиҳ ва сизлар орқали амал қилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, зулмат ўтиб бормоқда, ҳақиқий нур ҳозирданоқ порламоқда.
9 Мен нурда яшаяпман деб туриб, ўз биродаридан нафратланган одам ҳали ҳам зулматдадир. 10 Биродарини севган одам эса нурда яшайди ва ҳеч қандай нарса унинг қулашига сабаб бўла олмайди . 11 Аммо биродаридан нафратланган одам зулматдадир. У зулматда юриб, қаерга кетаётганини билмайди, чунки зулмат унинг кўзларини кўр қилган.
12 Азиз болаларим, сизларга ёзяпман: Масиҳ туфайли гуноҳларингиз кечирилди.
13 Эй оталар, сизларга ёзяпман: сизлар бошидан аён бўлган Масиҳни таниб–билдингизлар.
Эй йигитлар, сизларга ёзяпман: сизлар ёвуз шайтонни енгдингизлар.
Эй болажонлар, сизларга ёзяпман: сизлар Отамиз Худони билдингизлар.
14 Оталар, сизларга ёзяпман: сизлар бошидан аён бўлган Масиҳни таниб–билдингизлар.
Йигитлар, сизларга ёзяпман: сизлар бақувватсизлар, Худонинг каломи қалбингиздан жой олган, сизлар ёвуз шайтонни енгдингизлар.
Дунёга кўнгил боғламанглар
15 Дунёга ва ундаги нарсаларга кўнгил боғламанглар. Дунёни севган одамда Отамиз Худонинг севгиси бўлмайди. 16 Зеро, дунёдаги бор нарса — инсон табиатининг хоҳишлари, нафс ва бойлик билан мағрурланиш Отадан эмас, балки дунёдандир. 17 Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади. Худонинг иродасини бажарган одам эса абадий яшайди.
Масиҳ душманининг таълимоти ҳақида огоҳлантириш
18 Болажонларим, дунёнинг сўнгги дамлари келди! Масиҳнинг душмани келишини эшитгансизлар. Мана, ҳозирдан Масиҳнинг кўп душманлари пайдо бўлди. Ана шундан биз сўнгги дамларда яшаётганимизни биламиз. 19 Аслида, бу одамлар ўз орамиздан чиқдилар, аммо улар бизга тегишли бўлмаганлар. Шунинг учун бизни тарк этдилар. Агар бизга қарашли бўлганларида эди, биз билан қолган бўлар эдилар. Аммо чиқиб кетганларидан шуниси маълум бўлдики, биронтаси ҳам бизга қарашли эмас.
20 Сизлар эса ҳаммангиз ҳақиқатни биласизлар, чунки сизлар Исо Масиҳдан Муқаддас Руҳни қабул қилгансизлар. 21 Сизлар ҳақиқатни билмаганингиз учун эмас, аксинча, билганингиз учун мен буларни сизларга ёзяпман. Ёлғончилар ҳақиқатга мансуб эмаслигини ҳам эслатмоқчиман. 22 Исони Масиҳ эмас, дейдиган ҳар қандай одам — ёлғончи, у Масиҳнинг душманидир! У Отамиз Худони ҳам, Ўғилни ҳам рад этади. 23 Ўғилни рад этган одамда Ота йўқ. Ўғилни тан олган одамда эса, Ота ҳам бор.
24 Сизлар бошидан эшитган каломни қалбингизда сақланглар. Агар бошидан эшитган каломни қалбингизда сақласангиз, сизлар ҳам Ўғил, ҳам Ота билан бирга яшайсизлар. 25 Масиҳнинг Ўзи буни бизга ваъда қилган. Бу абадий ҳаётдир. 26 Сизларни йўлдан оздирмоқчи бўлган одамлардан эҳтиёт бўлинглар деб, буларни сизларга ёзяпман.
27 Аммо сизлар Исо Масиҳдан Муқаддас Руҳни қабул қилгансизлар. Муқаддас Руҳ ичингизда яшаётгани учун сизларга ҳеч кимнинг бирор нарса ўргатишига ҳожат йўқ. Муқаддас Руҳ сизларга ҳамма нарсани ўргатади, Унинг таълимоти сохта эмас, ҳақиқийдир. У сизларга ўргатганидек, Масиҳ билан яшашингиз керак.
Худонинг болалари ва иблиснинг болалари ҳақида
28 Ҳа, азиз болаларим, бу сўнгги дамларда Масиҳ билан яшанглар, токи У оламга келганда дадил бўлайлик, Унинг олдида уялиб қолмайлик. 29 Биз Масиҳнинг одил эканлигини биламиз. Шунинг учун адолатли иш тутган ҳар қандай одам Худонинг фарзанди эканлигига амин бўламиз.