20–BOB
Hizqiyo kasal boʻladi
1 Oʻsha kunlari Hizqiyo tuzalmas xastalikka yoʻliqib, oʻlim toʻshagiga yotib qoldi. Omiz oʻgʻli Ishayo paygʻambar uning huzuriga kelib, shunday dedi: “Egamiz shunday aytmoqda: tayyorgarligingni koʻrib qoʻyaver, endi tuzalmaysan, oʻlasan.”
2 Hizqiyo yuzini devorga burib, Egamizga yolvordi: 3 “Ey Egam! Chin qalbimdan Senga sodiq boʻlib, yoʻllaringdan yurganimni va oldingda toʻgʻri ishlar qilganimni esla.” Shunday deb achchiq–achchiq yigʻladi.
4 Ishayo saroyning ichkari hovlisidan chiqib ulgurmagan ham ediki, Egamiz unga quyidagi soʻzlarini ayon qildi: 5 “Orqangga qaytib borib, xalqimning hukmdori Hizqiyoga shu xabarni yetkaz: «Bobong Dovudning Xudosi — Egamiz shunday aytmoqda: iltijolaringni eshitdim, koʻz yoshlaringni koʻrdim. Senga sogʻligingni qaytaraman. Uchinchi kuni Mening uyimga chiqasan. 6 Umringni yana oʻn besh yilga uzaytiraman. Seni va bu shaharni Ossuriya shohining qoʻlidan xalos qilaman. Oʻzim uchun va qulim Dovudning haqi–hurmati uchun bu shaharni muhofaza qilaman.»”
7 Shundan keyin Ishayo:
— Anjir shirasini keltiringlar, shirani olib, yaraning ustiga qoʻyinglar, shunda Hizqiyo sogʻayadi, — dedi.
8 Hizqiyo Ishayodan:
— Egamiz meni sogʻaytirishini va uchinchi kuni Egamizning uyiga borishimni qanday bilaman? Buni nima isbotlaydi? — deb soʻradi.
9 Ishayo shunday javob berdi:
— Egamiz bergan vaʼdasini bajarishini isbotlab, senga alomat koʻrsatadi. Soya Oxozning zinapoyasidan oʻn qadam oldinga ketsinmi yoki oʻn qadam orqaga surilsinmi?
10 — Soya zinapoyadan oʻn qadam ilgari ketmogʻi odatdagi holdir, shuning uchun oʻn qadam orqaga surilsin, — dedi Hizqiyo.
11 Ishayo paygʻambar Egamizga iltijo qilgan edi, Egamiz soyani Oxozning zinapoyasidan oʻn qadam orqaga surdi.
Bobildan kelgan elchilar
12 Oʻsha paytlarda Bobil shohi Baladon oʻgʻli Marduxbaladon shoh Hizqiyoga maktublaru hadyalar joʻnatdi. U Hizqiyoning xastalanganini eshitgandi. 13 Hizqiyo elchilarni koʻrib xursand boʻldi. Xazinasidagi bor narsa — omborlardagi hamma qimmatbaho ashyolarini, oltinni, kumushni, xushboʻy hidli ziravorlarni va moylarni, qurol–yarogʻ omborini ularga koʻrsatdi. Hizqiyoning saroyidayu oʻz shohligida ularga koʻrsatmagan hech narsasi qolmadi.
14 Ishayo paygʻambar shoh Hizqiyoning huzuriga kelib:
— Bu odamlar qayerdan kelibdilar? Senga nima dedilar? — deb soʻradi.
— Uzoq bir yurtdan, Bobildan kelibdilar, — deb javob berdi Hizqiyo.
15 Ular saroyingda nimalarni koʻrdilar? — deb soʻradi Ishayo.
— Saroyimdagi hamma narsani koʻrdilar, — deya javob berdi Hizqiyo. — Xazinalarimda men ularga koʻrsatmagan hech narsa qolmadi.
16 Shunda Ishayo aytdi:
— Endi Egamizning soʻziga quloq sol. 17 Egamiz aytmoqdaki: “Bir kun kelib, saroyingdagi hamma narsa, ota–bobolaringning bugungacha toʻplab qoldirganlari Bobilga tashib ketiladi. Hech narsa qolmaydi. 18 Sening pushti kamaringdan bino boʻlgan oʻgʻillaringdan baʼzilari ham olib ketiladi, ular Bobil shohining saroyida bichilgan qullar boʻlib xizmat qiladi.”
19 Hizqiyo Ishayoga:
— Egamiz sen orqali aytgan soʻzlar xosiyatlidir, — dedi–da, ichida: “Nima boʻlgandayam, umrim oxirigacha tinch, xotirjam yashar ekanman–ku”, deb oʻyladi.
Hizqiyo hukmronligining oxiri
20 Hizqiyoning boshqa ishlari, qahramonliklari, hovuz va quvur qazib, qanday qilib shaharga suv keltirgani toʻgʻrisida “Yahudo shohlari tarixi” kitobida yozilgan. 21 Hizqiyo olamdan oʻtgach, oʻrniga oʻgʻli Manashe shoh boʻldi.
20–БОБ
Ҳизқиё касал бўлади
1 Ўша кунлари Ҳизқиё тузалмас хасталикка йўлиқиб, ўлим тўшагига ётиб қолди. Омиз ўғли Ишаё пайғамбар унинг ҳузурига келиб, шундай деди: “Эгамиз шундай айтмоқда: тайёргарлигингни кўриб қўявер, энди тузалмайсан, ўласан.”
2 Ҳизқиё юзини деворга буриб, Эгамизга ёлворди: 3 “Эй Эгам! Чин қалбимдан Сенга содиқ бўлиб, йўлларингдан юрганимни ва олдингда тўғри ишлар қилганимни эсла.” Шундай деб аччиқ–аччиқ йиғлади.
4 Ишаё саройнинг ичкари ҳовлисидан чиқиб улгурмаган ҳам эдики, Эгамиз унга қуйидаги сўзларини аён қилди: 5 “Орқангга қайтиб бориб, халқимнинг ҳукмдори Ҳизқиёга шу хабарни етказ: «Бобонг Довуднинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: илтижоларингни эшитдим, кўз ёшларингни кўрдим. Сенга соғлигингни қайтараман. Учинчи куни Менинг уйимга чиқасан. 6 Умрингни яна ўн беш йилга узайтираман. Сени ва бу шаҳарни Оссурия шоҳининг қўлидан халос қиламан. Ўзим учун ва қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун бу шаҳарни муҳофаза қиламан.»”
7 Шундан кейин Ишаё:
— Анжир ширасини келтиринглар, ширани олиб, яранинг устига қўйинглар, шунда Ҳизқиё соғаяди, — деди.
8 Ҳизқиё Ишаёдан:
— Эгамиз мени соғайтиришини ва учинчи куни Эгамизнинг уйига боришимни қандай биламан? Буни нима исботлайди? — деб сўради.
9 Ишаё шундай жавоб берди:
— Эгамиз берган ваъдасини бажаришини исботлаб, сенга аломат кўрсатади. Соя Охознинг зинапоясидан ўн қадам олдинга кетсинми ёки ўн қадам орқага сурилсинми?
10 — Соя зинапоядан ўн қадам илгари кетмоғи одатдаги ҳолдир, шунинг учун ўн қадам орқага сурилсин, — деди Ҳизқиё.
11 Ишаё пайғамбар Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз сояни Охознинг зинапоясидан ўн қадам орқага сурди.
Бобилдан келган элчилар
12 Ўша пайтларда Бобил шоҳи Баладон ўғли Мардухбаладон шоҳ Ҳизқиёга мактублару ҳадялар жўнатди. У Ҳизқиёнинг хасталанганини эшитганди. 13 Ҳизқиё элчиларни кўриб хурсанд бўлди. Хазинасидаги бор нарса — омборлардаги ҳамма қимматбаҳо ашёларини, олтинни, кумушни, хушбўй ҳидли зираворларни ва мойларни, қурол–яроғ омборини уларга кўрсатди. Ҳизқиёнинг саройидаю ўз шоҳлигида уларга кўрсатмаган ҳеч нарсаси қолмади.
14 Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг ҳузурига келиб:
— Бу одамлар қаердан келибдилар? Сенга нима дедилар? — деб сўради.
— Узоқ бир юртдан, Бобилдан келибдилар, — деб жавоб берди Ҳизқиё.
15 Улар саройингда нималарни кўрдилар? — деб сўради Ишаё.
— Саройимдаги ҳамма нарсани кўрдилар, — дея жавоб берди Ҳизқиё. — Хазиналаримда мен уларга кўрсатмаган ҳеч нарса қолмади.
16 Шунда Ишаё айтди:
— Энди Эгамизнинг сўзига қулоқ сол. 17 Эгамиз айтмоқдаки: “Бир кун келиб, саройингдаги ҳамма нарса, ота–боболарингнинг бугунгача тўплаб қолдирганлари Бобилга ташиб кетилади. Ҳеч нарса қолмайди. 18 Сенинг пушти камарингдан бино бўлган ўғилларингдан баъзилари ҳам олиб кетилади, улар Бобил шоҳининг саройида бичилган қуллар бўлиб хизмат қилади.”
19 Ҳизқиё Ишаёга:
— Эгамиз сен орқали айтган сўзлар хосиятлидир, — деди–да, ичида: “Нима бўлгандаям, умрим охиригача тинч, хотиржам яшар эканман–ку”, деб ўйлади.
Ҳизқиё ҳукмронлигининг охири
20 Ҳизқиёнинг бошқа ишлари, қаҳрамонликлари, ҳовуз ва қувур қазиб, қандай қилиб шаҳарга сув келтиргани тўғрисида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган. 21 Ҳизқиё оламдан ўтгач, ўрнига ўғли Манаше шоҳ бўлди.