2–BOB
Efes shahridagi imonlilar jamoatiga
1 “Efesdagi imonlilar jamoatining farishtasiga yoz:

Yetti yulduzni oʻng qoʻlida tutguvchi, yettita oltin chiroqpoya orasida yuruvchi Zot shunday demoqda: 2 sening ishlaringni, mehnatingni, bardoshingni bilaman, badkirdorlarga toqat qilmasligingni ham bilaman. Havoriy boʻlmagan holda oʻzlarini havoriy deb aytganlarni sen sinading, ularning yolgʻonini fosh qilding. 3 Ha, bardoshlisan. Mening nomim uchun koʻp qiyinchiliklarni boshdan kechirib, holdan toymading. 4 Biroq senga bir eʼtirozim bor: sen Menga boʻlgan ilk sevgingni unutding. 5 Eslagin axir, ilk sevgi bilan yashaganingda qanchalar yuksakda eding! Endi esa tavba qil, avvalgi ishlaringga qayt. Tavba qilmasang oldingga borib, chiroqpoyangni oʻz joyidan olib tashlayman. 6 Ha, senda yana bir yaxshi fazilat bor: sen nikolaschilarning ishlaridan nafratlanasan. Men ham ulardan nafratlanaman.
7 Kimning eshitar qulogʻi boʻlsa, Ruhning jamoatlarga aytayotgan gaplarini eshitsin. Gʻolib kelganlarga Xudoning jannatidagi hayot daraxti mevasidan yeyishni nasib etaman.”
Smirna shahridagi imonlilar jamoatiga
8 “Smirnadagi imonlilar jamoatining farishtasiga yoz:

Oʻlib tirilgan, Birinchi va Oxirgi boʻlgan Zot shunday demoqda: 9 chekkan azoblaringni , kambagʻalligingni bilaman. Aslida esa boysan! Oʻzini Xudoning xalqi deb ataganlar seni qanchalar haqoratlaganini ham bilaman. Ular Xudoning xalqi emas , balki shayton toʻdasidir. 10 Boshingga tushadigan azob–uqubatlardan qoʻrqma! Bilginki, iblis sizlarni sinash uchun orangizdan baʼzilarni zindonga tashlaydi, oʻn kun davomida azob chekasizlar. Oʻlim xavfi ostida boʻlganingda ham sodiq qol, shunda Men senga hayot tojini beraman.
11 Kimning eshitar qulogʻi boʻlsa, Ruhning jamoatlarga aytayotgan gaplarini eshitsin. Gʻolib kelganlar ikkinchi oʻlimdan hech qanday zarar koʻrmaydilar.”
Pergamon shahridagi imonlilar jamoatiga
12 “Pergamondagi imonlilar jamoatining farishtasiga yoz:

Oʻtkir dudama qilich Sohibi shunday demoqda: 13 qayerda yashayotganingni bilaman. Shahringda shaytonning taxti joylashgan . Shunday boʻlsa–da, sen Mening nomimga qattiq bogʻlanding. Shayton yashayotgan oʻsha shahringda sodiq shohidim Antipas oʻldirilganda ham, sen Menga boʻlgan imoningdan qaytmading. 14 Lekin senga bir oz eʼtirozim bor: orangizda Balom taʼlimotiga rioya qiluvchilar bor. Balom Isroil xalqini yoʻldan ozdirish yoʻlini Boloqqa oʻrgatgandi. Boloq esa Isroil xalqini butlarga keltirilgan qurbonlik goʻshtini yeyishga va fahsh–zinoga undagandi. 15 Shuningdek, orangizda nikolaschilar taʼlimotiga ergashuvchilar ham bor. 16 Endi tavba qil! Aks holda, Men zudlik bilan oldingga borib, ogʻzimdagi qilich bilan oʻshalarga qarshi jang qilaman.
17 Kimning eshitar qulogʻi boʻlsa, Ruhning jamoatlarga aytayotgan gaplarini eshitsin. Gʻolibga Men pinhon saqlangan mannani beraman. Unga oq toshni ham beraman. Bu toshning ustiga yangi bir ism yozilgan, toshni olgan kishidan boshqa hech kim u ismni bilmaydi.”
Tiyatira shahridagi imonlilar jamoatiga
18 “Tiyatiradagi imonlilar jamoatining farishtasiga yoz:

Koʻzlari otash alangasiday chaqnoq, oyoqlari qizdirilgan bronzaday yarqiroq Xudoning Oʻgʻli shunday demoqda: 19 sening ishlaring, sevging, imoning, xizmating va bardoshingni bilaman. Hozirda oldingidan ham koʻproq ish qilayotganingni bilaman. 20 Lekin senga bir eʼtirozim bor: sen Izabel degan boʻlmagʻur ayolga toqat qilib yuribsan. U oʻzini paygʻambar deb, taʼlimoti bilan qullarimni yoʻldan ozdiryapti. Ularni fahsh–zino qilishga va butlarga keltirilgan qurbonlik goʻshtini yeyishga undayapti. 21 Fahsh–zinodan tavba qilishi uchun unga muhlat berdim, ammo u tavba qilishdan bosh tortyapti. 22 Shunday ekan, Men uni xasta qilib, toʻshakka yotqizib qoʻyaman. U bilan birga fahsh–zino qilganlarni ham, bordi–yu, uning yoʻlidan qaytmasalar, qattiq azob–uqubatlarga duchor qilaman. 23 Uning izdoshlarini oʻldiraman. Onglarni va yuraklarni bilguvchi Men ekanligimni shunda hamma jamoatlar bilib oladilar. Men orangizdagi har bir kishini oʻz qilmishiga yarasha jazolayman.
24 Tiyatiradagi baʼzilaringiz Izabelning bu taʼlimotiga ergashmadingiz. Sizlar «shaytonning sirlari» deb atalgan narsalardan bexabarsizlar. Sizlarga shundan boshqa hech narsa yuklamayman: 25 faqat Men kelgunimga qadar, imoningizda qattiq turinglar, deyman. 26 Gʻolib kelganlarga va oxirigacha Mening irodamni bajarganlarga xalqlar ustidan hokimiyat beraman. 27 Ular xalqlarni temir xivchin ila boshqarishadi. Sopol koʻzani sindirganday xalqlarni parchalashadi . Otam Xudo Menga ato qilgan bu hokimiyat ularda boʻladi. 28 Men ularga tong yulduzini ham beraman.
29 Kimning eshitar qulogʻi boʻlsa, Ruhning jamoatlarga aytayotgan gaplarini eshitsin.”
2–БОБ
Эфес шаҳридаги имонлилар жамоатига
1 “Эфесдаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Етти юлдузни ўнг қўлида тутгувчи, еттита олтин чироқпоя орасида юрувчи Зот шундай демоқда: 2 сенинг ишларингни, меҳнатингни, бардошингни биламан, бадкирдорларга тоқат қилмаслигингни ҳам биламан. Ҳаворий бўлмаган ҳолда ўзларини ҳаворий деб айтганларни сен синадинг, уларнинг ёлғонини фош қилдинг. 3 Ҳа, бардошлисан. Менинг номим учун кўп қийинчиликларни бошдан кечириб, ҳолдан тоймадинг. 4 Бироқ сенга бир эътирозим бор: сен Менга бўлган илк севгингни унутдинг. 5 Эслагин ахир, илк севги билан яшаганингда қанчалар юксакда эдинг! Энди эса тавба қил, аввалги ишларингга қайт. Тавба қилмасанг олдингга бориб, чироқпоянгни ўз жойидан олиб ташлайман. 6 Ҳа, сенда яна бир яхши фазилат бор: сен николасчиларнинг ишларидан нафратланасан. Мен ҳам улардан нафратланаман.
7 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин. Ғолиб келганларга Худонинг жаннатидаги ҳаёт дарахти мевасидан ейишни насиб этаман.”
Смирна шаҳридаги имонлилар жамоатига
8 “Смирнадаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Ўлиб тирилган, Биринчи ва Охирги бўлган Зот шундай демоқда: 9 чеккан азобларингни , камбағаллигингни биламан. Аслида эса бойсан! Ўзини Худонинг халқи деб атаганлар сени қанчалар ҳақоратлаганини ҳам биламан. Улар Худонинг халқи эмас , балки шайтон тўдасидир. 10 Бошингга тушадиган азоб–уқубатлардан қўрқма! Билгинки, иблис сизларни синаш учун орангиздан баъзиларни зиндонга ташлайди, ўн кун давомида азоб чекасизлар. Ўлим хавфи остида бўлганингда ҳам содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман.
11 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин. Ғолиб келганлар иккинчи ўлимдан ҳеч қандай зарар кўрмайдилар.”
Пергамон шаҳридаги имонлилар жамоатига
12 “Пергамондаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Ўткир дудама қилич Соҳиби шундай демоқда: 13 қаерда яшаётганингни биламан. Шаҳрингда шайтоннинг тахти жойлашган . Шундай бўлса–да, сен Менинг номимга қаттиқ боғландинг. Шайтон яшаётган ўша шаҳрингда содиқ шоҳидим Антипас ўлдирилганда ҳам, сен Менга бўлган имонингдан қайтмадинг. 14 Лекин сенга бир оз эътирозим бор: орангизда Балом таълимотига риоя қилувчилар бор. Балом Исроил халқини йўлдан оздириш йўлини Болоққа ўргатганди. Болоқ эса Исроил халқини бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ейишга ва фаҳш–зинога ундаганди. 15 Шунингдек, орангизда николасчилар таълимотига эргашувчилар ҳам бор. 16 Энди тавба қил! Акс ҳолда, Мен зудлик билан олдингга бориб, оғзимдаги қилич билан ўшаларга қарши жанг қиламан.
17 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин. Ғолибга Мен пинҳон сақланган маннани бераман. Унга оқ тошни ҳам бераман. Бу тошнинг устига янги бир исм ёзилган, тошни олган кишидан бошқа ҳеч ким у исмни билмайди.”
Тиятира шаҳридаги имонлилар жамоатига
18 “Тиятирадаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Кўзлари оташ алангасидай чақноқ, оёқлари қиздирилган бронзадай ярқироқ Худонинг Ўғли шундай демоқда: 19 сенинг ишларинг, севгинг, имонинг, хизматинг ва бардошингни биламан. Ҳозирда олдингидан ҳам кўпроқ иш қилаётганингни биламан. 20 Лекин сенга бир эътирозим бор: сен Изабел деган бўлмағур аёлга тоқат қилиб юрибсан. У ўзини пайғамбар деб, таълимоти билан қулларимни йўлдан оздиряпти. Уларни фаҳш–зино қилишга ва бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ейишга ундаяпти. 21 Фаҳш–зинодан тавба қилиши учун унга муҳлат бердим, аммо у тавба қилишдан бош тортяпти. 22 Шундай экан, Мен уни хаста қилиб, тўшакка ётқизиб қўяман. У билан бирга фаҳш–зино қилганларни ҳам, борди–ю, унинг йўлидан қайтмасалар, қаттиқ азоб–уқубатларга дучор қиламан. 23 Унинг издошларини ўлдираман. Онгларни ва юракларни билгувчи Мен эканлигимни шунда ҳамма жамоатлар билиб оладилар. Мен орангиздаги ҳар бир кишини ўз қилмишига яраша жазолайман.
24 Тиятирадаги баъзиларингиз Изабелнинг бу таълимотига эргашмадингиз. Сизлар «шайтоннинг сирлари» деб аталган нарсалардан бехабарсизлар. Сизларга шундан бошқа ҳеч нарса юкламайман: 25 фақат Мен келгунимга қадар, имонингизда қаттиқ туринглар, дейман. 26 Ғолиб келганларга ва охиригача Менинг иродамни бажарганларга халқлар устидан ҳокимият бераман. 27 Улар халқларни темир хивчин ила бошқаришади. Сопол кўзани синдиргандай халқларни парчалашади . Отам Худо Менга ато қилган бу ҳокимият уларда бўлади. 28 Мен уларга тонг юлдузини ҳам бераман.
29 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин.”