40–BOB
Yeremiyo Gadaliyo bilan qoladi
1 Qoʻriqchilar sardori Nabizaradon Yeremiyoni Bobilga olib ketilayotgan Quddus va Yahudo asirlari orasidan zanjirband holda topib olib, uni Rama shahrida ozod qildi. Shundan soʻng Yeremiyoga Egamizning soʻzi ayon boʻldi. 2 Qoʻriqchilar sardori Nabizaradon Yeremiyoni yoniga chaqirib shunday dedi: “Egangiz Xudo, bu yurtga falokat keltiraman, deb aytgan edi. 3 Mana, hozirgi kunda Egangiz aytganini qilib, yurtingizga falokat keltirdi, chunki sizlar Egangizga qarshi gunoh qildingizlar, Uning aytganini qilmadingizlar. Shu sababdan bunday kulfat boshingizga tushdi. 4 Hozir men qoʻlingdagi kishanlarni yechaman, seni ozod qilaman. Agar men bilan Bobilga bormoqchi boʻlsang, marhamat, senga yaxshi qarayman. Bordi–yu, Bobilga borishni istamasang, ixtiyoring oʻzingda. Mana, butun yurt sening roʻparangda turibdi, xohlagan yeringga boraver. 5 Bu yurtda qoladigan boʻlsang , Oxixam oʻgʻli Gadaliyoning oldiga bor. Bobil shohi Gadaliyoni Yahudo shaharlariga hokim qilib tayinladi. Gadaliyo Shofon degan odamning nevarasidir. Sen uning yonida qolib, xalqing orasida yashashing mumkin yoki xohlagan joyingga borishing mumkin.” Qoʻriqchilar sardori Yeremiyoga yegulik bilan sovgʻa berib, uni ozod qildi. 6 Yeremiyo Mispax shahriga — Oxixam oʻgʻli Gadaliyoning oldiga borib, yurtda qolgan odamlar orasida oʻrnashdi.
Yahudo hokimi Gadaliyo
7 Baʼzi yahudiy lashkarboshilari va jangchilar taslim boʻlmagan edilar. Oxixam oʻgʻli Gadaliyoni Bobil shohi yurtga hokim qilib tayinlaganini, yurtda qolgan eng qashshoq erkak, ayollar va bolalarni Gadaliyoning ixtiyoriga topshirganini ular eshitdilar. 8 Soʻng Mispaxga kelib, Gadaliyoga uchrashdilar. Kelganlar — Nataniyo oʻgʻli Ismoil, Kariyox oʻgʻli Yoʻxanon, Tanxumat oʻgʻli Sarayo, Natufolik Efayning oʻgʻillari, Maxolik Yazaniyo va ularning odamlari edi. 9 Gadaliyo kelganlarga shunday deb ont ichdi: “Bobilliklarga tobe boʻlishdan qoʻrqmanglar. Yurtda oʻrnashib, Bobil shohiga xizmat qilaveringlar, shunda hammasi yaxshi boʻladi. 10 Men esa Mispaxda qolaman. Keladigan Bobilliklarning oldida vakilingiz boʻlaman. Sizlar oʻrnashib olgan shaharlaringizda yashayverasizlar. Mevalarni yigʻishtirib olinglar, sharob va zaytun moyini tayyorlab, gʻamlab qoʻyinglar.”
11 Bobil shohi baʼzi odamlarga Yahudo yurtida qolishga ijozat berganini va Gadaliyoni hokim qilib tayinlaganini Moʻab, Ommon, Edom va boshqa yurtlarda yashayotgan yahudiylar ham eshitishdi. 12 Shunda ular surgun qilingan hamma joylardan Yahudo yurtiga — Mispaxdagi Gadaliyoning oldiga qaytib kelishdi. U yerdan bir talay meva yigʻishtirib, koʻp sharob tayyorlashdi.
Gadaliyoni oʻldirib ketishadi
13 Bir kuni Kariyox oʻgʻli Yoʻxanon va qirlardagi lashkarboshilar Mispaxga Gadaliyoning oldiga kelib soʻradilar:
14 — Ommon shohi Baalis sizni oʻldirtirish uchun Nataniyo oʻgʻli Ismoilni yuborganidan xabaringiz bormi?
Ammo Gadaliyo ularga ishonmadi. 15 Shunda Yoʻxanon hech kimga bildirmay Gadaliyoga dedi:
— Ijozat bering, borib Ismoilni oʻldiray. Bu haqda hech kim bilmaydi. Nima uchun u sizni oʻldirishiga yoʻl qoʻyishimiz kerak? Bordi–yu, Ismoil niyatiga yetsa, atrofingizga yigʻilgan barcha yahudiylar tarqalib ketadilar, Yahudoda qolgan odamlarning boshi esa baloga qoladi.
16 Ammo Gadaliyo:
— Unday qilma! Ismoil haqida aytgan gaplaring yolgʻon, — dedi.
40–БОБ
Еремиё Гадалиё билан қолади
1 Қўриқчилар сардори Набизарадон Еремиёни Бобилга олиб кетилаётган Қуддус ва Яҳудо асирлари орасидан занжирбанд ҳолда топиб олиб, уни Рама шаҳрида озод қилди. Шундан сўнг Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди. 2 Қўриқчилар сардори Набизарадон Еремиёни ёнига чақириб шундай деди: “Эгангиз Худо, бу юртга фалокат келтираман, деб айтган эди. 3 Мана, ҳозирги кунда Эгангиз айтганини қилиб, юртингизга фалокат келтирди, чунки сизлар Эгангизга қарши гуноҳ қилдингизлар, Унинг айтганини қилмадингизлар. Шу сабабдан бундай кулфат бошингизга тушди. 4 Ҳозир мен қўлингдаги кишанларни ечаман, сени озод қиламан. Агар мен билан Бобилга бормоқчи бўлсанг, марҳамат, сенга яхши қарайман. Борди–ю, Бобилга боришни истамасанг, ихтиёринг ўзингда. Мана, бутун юрт сенинг рўпарангда турибди, хоҳлаган ерингга боравер. 5 Бу юртда қоладиган бўлсанг , Охихам ўғли Гадалиёнинг олдига бор. Бобил шоҳи Гадалиёни Яҳудо шаҳарларига ҳоким қилиб тайинлади. Гадалиё Шофон деган одамнинг неварасидир. Сен унинг ёнида қолиб, халқинг орасида яшашинг мумкин ёки хоҳлаган жойингга боришинг мумкин.” Қўриқчилар сардори Еремиёга егулик билан совға бериб, уни озод қилди. 6 Еремиё Миспах шаҳрига — Охихам ўғли Гадалиёнинг олдига бориб, юртда қолган одамлар орасида ўрнашди.
Яҳудо ҳокими Гадалиё
7 Баъзи яҳудий лашкарбошилари ва жангчилар таслим бўлмаган эдилар. Охихам ўғли Гадалиёни Бобил шоҳи юртга ҳоким қилиб тайинлаганини, юртда қолган энг қашшоқ эркак, аёллар ва болаларни Гадалиёнинг ихтиёрига топширганини улар эшитдилар. 8 Сўнг Миспахга келиб, Гадалиёга учрашдилар. Келганлар — Натаниё ўғли Исмоил, Кариёх ўғли Йўханон, Танхумат ўғли Сараё, Натуфолик Эфайнинг ўғиллари, Махолик Язаниё ва уларнинг одамлари эди. 9 Гадалиё келганларга шундай деб онт ичди: “Бобилликларга тобе бўлишдан қўрқманглар. Юртда ўрнашиб, Бобил шоҳига хизмат қилаверинглар, шунда ҳаммаси яхши бўлади. 10 Мен эса Миспахда қоламан. Келадиган Бобилликларнинг олдида вакилингиз бўламан. Сизлар ўрнашиб олган шаҳарларингизда яшайверасизлар. Меваларни йиғиштириб олинглар, шароб ва зайтун мойини тайёрлаб, ғамлаб қўйинглар.”
11 Бобил шоҳи баъзи одамларга Яҳудо юртида қолишга ижозат берганини ва Гадалиёни ҳоким қилиб тайинлаганини Мўаб, Оммон, Эдом ва бошқа юртларда яшаётган яҳудийлар ҳам эшитишди. 12 Шунда улар сургун қилинган ҳамма жойлардан Яҳудо юртига — Миспахдаги Гадалиёнинг олдига қайтиб келишди. У ердан бир талай мева йиғиштириб, кўп шароб тайёрлашди.
Гадалиёни ўлдириб кетишади
13 Бир куни Кариёх ўғли Йўханон ва қирлардаги лашкарбошилар Миспахга Гадалиёнинг олдига келиб сўрадилар:
14 — Оммон шоҳи Баалис сизни ўлдиртириш учун Натаниё ўғли Исмоилни юборганидан хабарингиз борми?
Аммо Гадалиё уларга ишонмади. 15 Шунда Йўханон ҳеч кимга билдирмай Гадалиёга деди:
— Ижозат беринг, бориб Исмоилни ўлдирай. Бу ҳақда ҳеч ким билмайди. Нима учун у сизни ўлдиришига йўл қўйишимиз керак? Борди–ю, Исмоил ниятига етса, атрофингизга йиғилган барча яҳудийлар тарқалиб кетадилар, Яҳудода қолган одамларнинг боши эса балога қолади.
16 Аммо Гадалиё:
— Ундай қилма! Исмоил ҳақида айтган гапларинг ёлғон, — деди.