1–BOB
Duoyi salom
1 Iso Masihning quli va havoriysi men — Shimoʻn Butrusdan biz kabi qadrli bir imonga ega boʻlgan birodarlarga salom! Xudoyimiz va najotkorimiz Iso Masih odil boʻlgani uchun hammamizga birday baraka bergan. 2 Sizlar Xudoni va Rabbimiz Isoni tanib–bilar ekansiz, Xudoning cheksiz inoyati va tinchligi doim sizlarga yor boʻlsin.
Masihning daʼvatiga munosib boʻlinglar
3 Rabbimiz Iso Oʻz ulugʻvorligi va ezguligi ila bizni daʼvat etib, Oʻzini bizga tanitdi. Endi biz Xudoga munosib hayot kechira olamiz, chunki Rabbimiz ilohiy qudrati bilan bizga zarur boʻlgan barcha fazilatlarni ato etdi. 4 Masihning sharofati bilan biz Xudo vaʼda qilgan barakalarni oldik. Endi sizlar buzgʻunchi ehtiroslar dastidan avj olgan bu dunyoning axloqsizligidan qochib, Xudoning ilohiy tabiatidan bahramand boʻla olasizlar.
5 Bularni yodingizda tutib, Xudoga munosib hayot kechirish uchun jon kuydiringlar. Imoningizni fazlu kamolot, ilmu maʼrifat, 6 vazminlik, sabr–toqat, diyonat, 7 birodarlaringizga boʻlgan mehr–oqibat va tugal muhabbat bilan boyitinglar. 8 Agar bu xislatlarga ega boʻlib, ularni kamol toptirayotgan boʻlsangiz, demak, Rabbimiz Iso Masihni haqiqatan tanib–bilgan boʻlasiz. Kunlaringiz behuda oʻtmagan boʻladi, Masihni bilganingiz hayotingizda oʻz samarasini beradi. 9 Bu xislatlarga ega boʻlmaganlar esa kaltabin va koʻrdirlar, ular avvalgi gunohlaridan poklanganini unutganlar.
10 Shunday ekan, ey birodarlarim, Masih sizlarni tanlaganini va daʼvat etganini tasdiqlashga astoydil harakat qilinglar. Aytilgan xislatlarga ega boʻlsangiz, imondan qaytmaysizlar. 11 Shunda Rabbimiz va najotkorimiz Iso Masih sizlarga Oʻzining abadiy Shohligi eshiklarini keng ochib beradi.
12 Sizlar aytganlarimning hammasini bilasizlar, oʻzlaringiz Masih haqida oʻrgangan haqiqatda sobit turibsizlar. Shunga qaramay, bularni sizlarga doimo eslatib turishni xohlayman. 13 Tirik ekanman, bularni yodingizga solib turishni kanda qilmayman. Bu men uchun farz, 14 chunki hademay bu olamdan koʻz yumishimni bilaman. Rabbimiz Iso Masihning Oʻzi buni menga maʼlum qilgan. 15 Bu dunyodan oʻtib ketganimdan keyin ham, sizlar aytganlarimni esda saqlanglar, deb men bu mavzuni qoʻlimdan kelgancha batafsil yoritib berishga harakat qildim.
Masihning kelishi afsona emas
16 Rabbimiz Iso Masihning kuch–qudrat bilan kelishi afsona emas. Biz sizlarga oʻrgatgan bu taʼlimotni oʻzimiz toʻqib chiqarmadik. Axir, Masihning ulugʻvorligini oʻz koʻzimiz bilan koʻrgan edik. 17-18 Otamiz Xudo muqaddas togʻda Masihni shon–sharaf ila yuksaltirganda, biz oʻsha yerda edik. Mahobatli va ulugʻvor Xudoning samodan: “Bu Mening sevikli Oʻgʻlimdir , Undan mamnunman ”, — degan ovozini eshitgan edik.
19 Bundan tashqari, biz paygʻambarlarning bashoratlariga toʻliq ishonamiz. Sizlar ham ularning soʻzlariga diqqat etsangizlar, yaxshi qilgan boʻlasizlar. Zero, bu soʻzlar Masih keladigan kungacha sizlar uchun goʻyo zulmatda nur sochib turgan chiroqday boʻladi. Soʻng Masihning Oʻzi keladi. Uning kelishi tong yulduzi kabi boʻlib, yangi zamonning boshlanishidan darak beradi, Masihning nuri qalblaringizni yoritadi. 20 Eng avvalo, shuni bilinglarki, Muqaddas bitiklardagi bashoratlarning hech biri paygʻambarlarning shaxsiy talqini emas. 21 Hech bir haqiqiy paygʻambar oʻzining insoniy xohishi bilan bashorat qilgan emas. Bu paygʻambarlar Muqaddas Ruh tomonidan boshqarilib, Xudoning soʻzlarini gapirganlar.
1–БОБ
Дуойи салом
1 Исо Масиҳнинг қули ва ҳаворийси мен — Шимўн Бутрусдан биз каби қадрли бир имонга эга бўлган биродарларга салом! Худойимиз ва нажоткоримиз Исо Масиҳ одил бўлгани учун ҳаммамизга бирдай барака берган. 2 Сизлар Худони ва Раббимиз Исони таниб–билар экансиз, Худонинг чексиз инояти ва тинчлиги доим сизларга ёр бўлсин.
Масиҳнинг даъватига муносиб бўлинглар
3 Раббимиз Исо Ўз улуғворлиги ва эзгулиги ила бизни даъват этиб, Ўзини бизга танитди. Энди биз Худога муносиб ҳаёт кечира оламиз, чунки Раббимиз илоҳий қудрати билан бизга зарур бўлган барча фазилатларни ато этди. 4 Масиҳнинг шарофати билан биз Худо ваъда қилган баракаларни олдик. Энди сизлар бузғунчи эҳтирослар дастидан авж олган бу дунёнинг ахлоқсизлигидан қочиб, Худонинг илоҳий табиатидан баҳраманд бўла оласизлар.
5 Буларни ёдингизда тутиб, Худога муносиб ҳаёт кечириш учун жон куйдиринглар. Имонингизни фазлу камолот, илму маърифат, 6 вазминлик, сабр–тоқат, диёнат, 7 биродарларингизга бўлган меҳр–оқибат ва тугал муҳаббат билан бойитинглар. 8 Агар бу хислатларга эга бўлиб, уларни камол топтираётган бўлсангиз, демак, Раббимиз Исо Масиҳни ҳақиқатан таниб–билган бўласиз. Кунларингиз беҳуда ўтмаган бўлади, Масиҳни билганингиз ҳаётингизда ўз самарасини беради. 9 Бу хислатларга эга бўлмаганлар эса калтабин ва кўрдирлар, улар аввалги гуноҳларидан покланганини унутганлар.
10 Шундай экан, эй биродарларим, Масиҳ сизларни танлаганини ва даъват этганини тасдиқлашга астойдил ҳаракат қилинглар. Айтилган хислатларга эга бўлсангиз, имондан қайтмайсизлар. 11 Шунда Раббимиз ва нажоткоримиз Исо Масиҳ сизларга Ўзининг абадий Шоҳлиги эшикларини кенг очиб беради.
12 Сизлар айтганларимнинг ҳаммасини биласизлар, ўзларингиз Масиҳ ҳақида ўрганган ҳақиқатда собит турибсизлар. Шунга қарамай, буларни сизларга доимо эслатиб туришни хоҳлайман. 13 Тирик эканман, буларни ёдингизга солиб туришни канда қилмайман. Бу мен учун фарз, 14 чунки ҳадемай бу оламдан кўз юмишимни биламан. Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзи буни менга маълум қилган. 15 Бу дунёдан ўтиб кетганимдан кейин ҳам, сизлар айтганларимни эсда сақланглар, деб мен бу мавзуни қўлимдан келганча батафсил ёритиб беришга ҳаракат қилдим.
Масиҳнинг келиши афсона эмас
16 Раббимиз Исо Масиҳнинг куч–қудрат билан келиши афсона эмас. Биз сизларга ўргатган бу таълимотни ўзимиз тўқиб чиқармадик. Ахир, Масиҳнинг улуғворлигини ўз кўзимиз билан кўрган эдик. 17-18 Отамиз Худо муқаддас тоғда Масиҳни шон–шараф ила юксалтирганда, биз ўша ерда эдик. Маҳобатли ва улуғвор Худонинг самодан: “Бу Менинг севикли Ўғлимдир , Ундан мамнунман ”, — деган овозини эшитган эдик.
19 Бундан ташқари, биз пайғамбарларнинг башоратларига тўлиқ ишонамиз. Сизлар ҳам уларнинг сўзларига диққат этсангизлар, яхши қилган бўласизлар. Зеро, бу сўзлар Масиҳ келадиган кунгача сизлар учун гўё зулматда нур сочиб турган чироқдай бўлади. Сўнг Масиҳнинг Ўзи келади. Унинг келиши тонг юлдузи каби бўлиб, янги замоннинг бошланишидан дарак беради, Масиҳнинг нури қалбларингизни ёритади. 20 Энг аввало, шуни билингларки, Муқаддас битиклардаги башоратларнинг ҳеч бири пайғамбарларнинг шахсий талқини эмас. 21 Ҳеч бир ҳақиқий пайғамбар ўзининг инсоний хоҳиши билан башорат қилган эмас. Бу пайғамбарлар Муқаддас Руҳ томонидан бошқарилиб, Худонинг сўзларини гапирганлар.