3–BOB
1 Sizlar Masih bilan birga tirilgan ekansiz, samoviy narsalarning payida boʻling, axir, Masih ham samoda Xudoning oʻng tomonida oʻtiribdi . 2 Fikringiz yer yuzidagi emas, samodagi narsalar bilan band boʻlsin. 3 Axir, sizlar oʻlgansizlar, asl hayotingiz esa Masih bilan Xudoning huzurida pinhondir. 4 Bizning hayotimiz Iso Masihdir. Masih zohir boʻlganda, sizlar ham U bilan birga ulugʻvorlikda zohir boʻlasizlar.
5 Shunday ekan, dunyoviy tabiatingizni, yaʼni fahsh–zino, nopoklik, shahvat, yovuz xohishlar va butparastlikka teng boʻlgan ochkoʻzlikni yoʻq qilinglar. 6 Mana shular sababli Xudoning gʻazabi itoatsiz bandalarning boshiga tushadi! 7 Sizlar ham bir vaqtlar shunday odamlarning yoʻlidan yurib, oʻzingizni oʻshalar kabi tutardingizlar. 8 Endi esa jahl, gʻazab, yovuzliklarning hammasini bir chetga yigʻishtirib qoʻyinglar. Ogʻzingizdan hech qanday jerkish yoki nojoʻya soʻz chiqmasin. 9 Bir–biringizga yolgʻon gapirmanglar. Chunki sizlar eski tabiatingizni, uning yomon odatlari bilan birga oʻzingizdan soqit qildingizlar. 10 Buning oʻrniga siz yangi tabiatga burkandingiz. Sizlar Xudoni yaqinroq bilib borarkansiz, sizning yangi tabiatingiz uni yaratgan Xudoning suratiga oʻxshab bormoqda . 11 Shu nuqtayi nazardan endi na yunon bor, na yahudiy, na sunnatli bor, na sunnatsiz, na johil bor, na madaniyatsiz , na qul bor, na ozod. Eng ahamiyatlisi Masihdir, U hamma bilandir, hamma narsa Uning qoʻli ostidadir.
12 Sizlar Xudoning tanlangan, aziz va suyukli xalqisizlar. Shunga koʻra, rahm–shafqat, mehribonlik, kamtarlik, muloyimlik va sabr–toqatni zeb–ziynat qilib taqib olinglar. 13 Bir–biringizga nisbatan sabr–toqatli boʻlinglar. Orangizda xafagarchilik oʻtgan boʻlsa, bir–biringizni kechiringlar. Egamiz sizlarni kechirgani kabi, sizlar ham boshqalarni kechiringlar. 14 Va nihoyat muhabbatga burkaninglar, chunki mehr–muhabbat mukammal ahillikka yetishtiradi. 15 Masih ato qiladigan tinchlik yuraklaringizda hukmron boʻlsin, axir, sizlar bir tananing aʼzosisizlar , tinchlikka daʼvat qilingansizlar. Minnatdor boʻlinglar. 16 Masihning kalomi sizda chuqur oʻrnashib, yashnayversin. Donolik bilan bir–biringizga taʼlim bering, nasihat qiling. Zaburlarni xonish qilib, madhiyalar va ruhiy qoʻshiqlar bilan, chin koʻngildan minnatdorchilik bildirib, Xudoni tarannum etinglar. 17 Nimaiki qilsangiz ham, gapirsangiz ham, hammasini Rabbimiz Iso nomidan qilib, U orqali Otamiz Xudoga shukrona aytinglar.
Masihiy oilalar uchun qoidalar
18 Ey xotinlar, eringizga itoatli boʻlinglar. Shunday qilish Rabbimiz Isoning izdoshlariga munosibdir.
19 Ey erlar, xotiningizni sevinglar, ularga qoʻpol muomalada boʻlmanglar.
20 Ey farzandlar, doim ota–onangizga quloq solinglar, chunki bu Rabbimizga maʼqul keladi.
21 Ey otalar, farzandlaringizni ranjitavermanglar, boʻlmasa ular tushkunlikka tushib qoladi.
22 Ey qullar, bu dunyodagi xoʻjayinlaringizga har doim itoat qilinglar. Xushomadgoʻylik bilan xoʻja koʻrsinga emas, balki Rabbimizdan qoʻrqib, chin koʻngildan itoat qilinglar. 23 Har bir ishni insonlar uchun emas, Rabbimiz Iso Masih uchun qilayotganday chin qalbdan bajaringlar. 24 Chunki sizlar haqiqiy Xoʻjayiningiz Masihga xizmat qilyapsizlar. U Oʻz xalqiga atab qoʻygan qut–barakani sizlarga mukofot qilib berishini yoddan chiqarmang. 25 Kimki nohaqlik qilsa, qilmishiga yarasha jazo oladi. Zero, Xudo tarafkashlik qilmaydi.
3–БОБ
1 Сизлар Масиҳ билан бирга тирилган экансиз, самовий нарсаларнинг пайида бўлинг, ахир, Масиҳ ҳам самода Худонинг ўнг томонида ўтирибди . 2 Фикрингиз ер юзидаги эмас, самодаги нарсалар билан банд бўлсин. 3 Ахир, сизлар ўлгансизлар, асл ҳаётингиз эса Масиҳ билан Худонинг ҳузурида пинҳондир. 4 Бизнинг ҳаётимиз Исо Масиҳдир. Масиҳ зоҳир бўлганда, сизлар ҳам У билан бирга улуғворликда зоҳир бўласизлар.
5 Шундай экан, дунёвий табиатингизни, яъни фаҳш–зино, нопоклик, шаҳват, ёвуз хоҳишлар ва бутпарастликка тенг бўлган очкўзликни йўқ қилинглар. 6 Мана шулар сабабли Худонинг ғазаби итоатсиз бандаларнинг бошига тушади! 7 Сизлар ҳам бир вақтлар шундай одамларнинг йўлидан юриб, ўзингизни ўшалар каби тутардингизлар. 8 Энди эса жаҳл, ғазаб, ёвузликларнинг ҳаммасини бир четга йиғиштириб қўйинглар. Оғзингиздан ҳеч қандай жеркиш ёки ножўя сўз чиқмасин. 9 Бир–бирингизга ёлғон гапирманглар. Чунки сизлар эски табиатингизни, унинг ёмон одатлари билан бирга ўзингиздан соқит қилдингизлар. 10 Бунинг ўрнига сиз янги табиатга буркандингиз. Сизлар Худони яқинроқ билиб бораркансиз, сизнинг янги табиатингиз уни яратган Худонинг суратига ўхшаб бормоқда . 11 Шу нуқтаи назардан энди на юнон бор, на яҳудий, на суннатли бор, на суннатсиз, на жоҳил бор, на маданиятсиз , на қул бор, на озод. Энг аҳамиятлиси Масиҳдир, У ҳамма биландир, ҳамма нарса Унинг қўли остидадир.
12 Сизлар Худонинг танланган, азиз ва суюкли халқисизлар. Шунга кўра, раҳм–шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, мулойимлик ва сабр–тоқатни зеб–зийнат қилиб тақиб олинглар. 13 Бир–бирингизга нисбатан сабр–тоқатли бўлинглар. Орангизда хафагарчилик ўтган бўлса, бир–бирингизни кечиринглар. Эгамиз сизларни кечиргани каби, сизлар ҳам бошқаларни кечиринглар. 14 Ва ниҳоят муҳаббатга бурканинглар, чунки меҳр–муҳаббат мукаммал аҳилликка етиштиради. 15 Масиҳ ато қиладиган тинчлик юракларингизда ҳукмрон бўлсин, ахир, сизлар бир тананинг аъзосисизлар , тинчликка даъват қилингансизлар. Миннатдор бўлинглар. 16 Масиҳнинг каломи сизда чуқур ўрнашиб, яшнайверсин. Донолик билан бир–бирингизга таълим беринг, насиҳат қилинг. Забурларни хониш қилиб, мадҳиялар ва руҳий қўшиқлар билан, чин кўнгилдан миннатдорчилик билдириб, Худони тараннум этинглар. 17 Нимаики қилсангиз ҳам, гапирсангиз ҳам, ҳаммасини Раббимиз Исо номидан қилиб, У орқали Отамиз Худога шукрона айтинглар.
Масиҳий оилалар учун қоидалар
18 Эй хотинлар, эрингизга итоатли бўлинглар. Шундай қилиш Раббимиз Исонинг издошларига муносибдир.
19 Эй эрлар, хотинингизни севинглар, уларга қўпол муомалада бўлманглар.
20 Эй фарзандлар, доим ота–онангизга қулоқ солинглар, чунки бу Раббимизга маъқул келади.
21 Эй оталар, фарзандларингизни ранжитаверманглар, бўлмаса улар тушкунликка тушиб қолади.
22 Эй қуллар, бу дунёдаги хўжайинларингизга ҳар доим итоат қилинглар. Хушомадгўйлик билан хўжа кўрсинга эмас, балки Раббимиздан қўрқиб, чин кўнгилдан итоат қилинглар. 23 Ҳар бир ишни инсонлар учун эмас, Раббимиз Исо Масиҳ учун қилаётгандай чин қалбдан бажаринглар. 24 Чунки сизлар ҳақиқий Хўжайинингиз Масиҳга хизмат қиляпсизлар. У Ўз халқига атаб қўйган қут–баракани сизларга мукофот қилиб беришини ёддан чиқарманг. 25 Кимки ноҳақлик қилса, қилмишига яраша жазо олади. Зеро, Худо тарафкашлик қилмайди.