43–BOB
Egamiz Maʼbadga qaytib keladi
1 Oʻsha odam meni sharqiy darvoza oldiga olib bordi. 2 Birdaniga men sharq tomonda paydo boʻlgan Isroil Xudosining ulugʻvorligini koʻrdim. Xudoning ovozi shovullagan dengiz tovushiga oʻxshar edi. Uning ulugʻvorligidan zamin porlay boshladi. 3 Men koʻrgan bu vahiy, Xudo Quddusni vayron qilish uchun kelganda va Kavor daryosi boʻyida koʻrgan vahiylarimga oʻxshab ketar edi. Men muk tushdim. 4 Egamizning ulugʻvorligi sharqiy darvoza orqali Maʼbadga kirdi. 5 Soʻng Ruh meni oyoqqa turgʻizib, ichki hovliga olib kirdi. Egamizning ulugʻvorligi Maʼbadni toʻldirdi.
6 Maʼbadni oʻlchagan odam yonimda turganda, Maʼbad ichidan menga bir ovoz keldi. 7 Oʻsha ovoz menga dedi: “Ey inson, bu joy Mening taxtimdir, oyogʻim ostidagi poyandozimdir. Men bu yerda, xalqim Isroil orasida abadiy yashayman. Ular va ularning shohlari endi Meni badnom qilishmaydi. Ular boshqa xudolarga koʻngil bogʻlashmaydi, oʻlgan shohlariga haykallar yasashmaydi. 8 Ular oʻz saroylarini muqaddas Maʼbadimning yonginasiga qurishgan edi. Meni ulardan bittagina devor ajratib turar edi, xolos. Ular qilgan jirkanch ishlari bilan Meni badnom qilishdi. Shuning uchun Men gʻazablanib, ularni qirib tashladim. 9 Agar endi ular begona xudolardan voz kechib, shohlariga oʻrnatgan haykallarni yoʻq qilishsa, Men ularning orasida abadiy yashayman.
10 Ey inson, sen borib Isroil xalqiga Maʼbadimni tasvirlab ber, ular Maʼbadning loyihasi bilan tanishib chiqishsin. Qilgan gunohlaridan pushaymon boʻlishsin. 11 Qilmishlaridan pushaymon boʻlganlarida sen ularga Maʼbadning loyihasini: uning joylashish tartibini, kirish–chiqishlarini, tuzilishini, qonun–qoidalarini batafsil tushuntirib ber. Loyihaning chizmasini ularning oldida chizib, barcha qonun–qoidalarini yozib qoʻy, toki hammasiga rioya qilishsin. 12 Togʻ choʻqqisidagi Maʼbad joylashgan hudud muqaddas saqlansin. Bu Maʼbadning asosiy qoidasi boʻlsin.
Maʼbaddagi qurbongoh
13 Maʼbaddagi qurbongohning oʻlchamlari uzun tirsak boʻyicha boʻlsin. Yaʼni har bir uzun tirsak bir tirsagu toʻrt enni tashkil qilib , oʻlchamlari quyidagicha boʻlsin: qurbongoh atrofidagi ariqchaning chuqurligi bir tirsak, eni ham bir tirsak, ariqcha chetining balandligi bir qarich. 14-17 Qurbongoh uch qismdan iborat boʻlishi shart. Har bir qism toʻrtburchak shaklida boʻlsin. Qurbongoh quyi qismining balandligi ariqchaning tubidan oʻlchaganda ikki tirsak, har bir tomonining uzunligi oʻn olti tirsak boʻlsin. Ikkinchi qismining balandligi toʻrt tirsak, har bir tomonining uzunligi oʻn toʻrt tirsak boʻlsin. Bu qismning aylanasiga tarnov qilinsin. Tarnovning eni yarim tirsak, tarnov chetining balandligi bir tirsak boʻlsin. Qurbongohning yuqori qismida qurbonliklar kuydiriladi. Bu qismning balandligi toʻrt tirsak, har bir tomonining uzunligi oʻn ikki tirsak boʻlsin. Uning toʻrtala burchagidan shoxlar chiqib tursin. Qurbongohga sharq tomondan, zinapoyalar orqali chiqiladigan boʻlsin.”
Qurbongohni muqaddas qilish marosimi
18 Soʻng Egamiz menga dedi: “Ey inson, Men, Egangiz Rabbiy, aytamanki, qurbonliklarni kuydirish va qon sepish uchun qurbongohni qurganingizdan keyin quyidagi qoidalarga rioya qilinglar: 19 Mening huzurimda faqat Zodoʻx naslidan boʻlgan levi ruhoniylari xizmat qilishsin. Sen ularga gunoh qurbonligi uchun bir buqani ber, — deb aytmoqda Egamiz Rabbiy. 20 — Sen oʻsha buqaning qonidan olib, qurbongohning toʻrtta shoxiga, qurbongoh oʻrta qismining toʻrtala burchagiga va chetlarga surtib chiq. Shu yoʻsin sen qurbongohni poklab, muqaddas qilasan. 21 Buqaning jasadini esa Maʼbaddan tashqariga, maxsus ajratilgan joyga olib chiqib kuydir.
22 Keyingi kuni gunoh qurbonligi sifatida nuqsonsiz takani keltir. Qurbongohni buqaning qoni bilan qanday poklagan boʻlsang, takaning qoni bilan ham xuddi shunday pokla. 23 Qurbongohni poklaganingdan soʻng, nuqsonsiz buqa va qoʻchqorni 24 Mening huzurimga keltir. Ruhoniylar bu jonivorlarning ustiga tuz sochib, ularni Menga atab qurbonlik qilib kuydirishsin. 25 Har kuni, yetti kun davomida bir takani gunoh qurbonligi qil. Bundan tashqari, bir buqa va bir qoʻchqorni qurbonlik uchun keltir. Jonivorlar nuqsonsiz boʻlishi shart. 26 Oʻsha yetti kun davomida ruhoniylar qurbongohni poklab, muqaddas qilishsin. Shunday qilib, uni Mening xizmatimga bagʻishlasinlar. 27 Sakkizinchi kundan boshlab, ular har kuni oʻsha qurbongohda tinchlik va kuydiriladigan qurbonliklarini keltirishsin. Shunda Men sizlardan mamnun boʻlaman.” Egamiz Rabbiyning kalomi shudir.
43–БОБ
Эгамиз Маъбадга қайтиб келади
1 Ўша одам мени шарқий дарвоза олдига олиб борди. 2 Бирданига мен шарқ томонда пайдо бўлган Исроил Худосининг улуғворлигини кўрдим. Худонинг овози шовуллаган денгиз товушига ўхшар эди. Унинг улуғворлигидан замин порлай бошлади. 3 Мен кўрган бу ваҳий, Худо Қуддусни вайрон қилиш учун келганда ва Кавор дарёси бўйида кўрган ваҳийларимга ўхшаб кетар эди. Мен мук тушдим. 4 Эгамизнинг улуғворлиги шарқий дарвоза орқали Маъбадга кирди. 5 Сўнг Руҳ мени оёққа турғизиб, ички ҳовлига олиб кирди. Эгамизнинг улуғворлиги Маъбадни тўлдирди.
6 Маъбадни ўлчаган одам ёнимда турганда, Маъбад ичидан менга бир овоз келди. 7 Ўша овоз менга деди: “Эй инсон, бу жой Менинг тахтимдир, оёғим остидаги пойандозимдир. Мен бу ерда, халқим Исроил орасида абадий яшайман. Улар ва уларнинг шоҳлари энди Мени бадном қилишмайди. Улар бошқа худоларга кўнгил боғлашмайди, ўлган шоҳларига ҳайкаллар ясашмайди. 8 Улар ўз саройларини муқаддас Маъбадимнинг ёнгинасига қуришган эди. Мени улардан биттагина девор ажратиб турар эди, холос. Улар қилган жирканч ишлари билан Мени бадном қилишди. Шунинг учун Мен ғазабланиб, уларни қириб ташладим. 9 Агар энди улар бегона худолардан воз кечиб, шоҳларига ўрнатган ҳайкалларни йўқ қилишса, Мен уларнинг орасида абадий яшайман.
10 Эй инсон, сен бориб Исроил халқига Маъбадимни тасвирлаб бер, улар Маъбаднинг лойиҳаси билан танишиб чиқишсин. Қилган гуноҳларидан пушаймон бўлишсин. 11 Қилмишларидан пушаймон бўлганларида сен уларга Маъбаднинг лойиҳасини: унинг жойлашиш тартибини, кириш–чиқишларини, тузилишини, қонун–қоидаларини батафсил тушунтириб бер. Лойиҳанинг чизмасини уларнинг олдида чизиб, барча қонун–қоидаларини ёзиб қўй, токи ҳаммасига риоя қилишсин. 12 Тоғ чўққисидаги Маъбад жойлашган ҳудуд муқаддас сақлансин. Бу Маъбаднинг асосий қоидаси бўлсин.
Маъбаддаги қурбонгоҳ
13 Маъбаддаги қурбонгоҳнинг ўлчамлари узун тирсак бўйича бўлсин. Яъни ҳар бир узун тирсак бир тирсагу тўрт энни ташкил қилиб , ўлчамлари қуйидагича бўлсин: қурбонгоҳ атрофидаги ариқчанинг чуқурлиги бир тирсак, эни ҳам бир тирсак, ариқча четининг баландлиги бир қарич. 14-17 Қурбонгоҳ уч қисмдан иборат бўлиши шарт. Ҳар бир қисм тўртбурчак шаклида бўлсин. Қурбонгоҳ қуйи қисмининг баландлиги ариқчанинг тубидан ўлчаганда икки тирсак, ҳар бир томонининг узунлиги ўн олти тирсак бўлсин. Иккинчи қисмининг баландлиги тўрт тирсак, ҳар бир томонининг узунлиги ўн тўрт тирсак бўлсин. Бу қисмнинг айланасига тарнов қилинсин. Тарновнинг эни ярим тирсак, тарнов четининг баландлиги бир тирсак бўлсин. Қурбонгоҳнинг юқори қисмида қурбонликлар куйдирилади. Бу қисмнинг баландлиги тўрт тирсак, ҳар бир томонининг узунлиги ўн икки тирсак бўлсин. Унинг тўртала бурчагидан шохлар чиқиб турсин. Қурбонгоҳга шарқ томондан, зинапоялар орқали чиқиладиган бўлсин.”
Қурбонгоҳни муқаддас қилиш маросими
18 Сўнг Эгамиз менга деди: “Эй инсон, Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, қурбонликларни куйдириш ва қон сепиш учун қурбонгоҳни қурганингиздан кейин қуйидаги қоидаларга риоя қилинглар: 19 Менинг ҳузуримда фақат Зодўх наслидан бўлган леви руҳонийлари хизмат қилишсин. Сен уларга гуноҳ қурбонлиги учун бир буқани бер, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. 20 — Сен ўша буқанинг қонидан олиб, қурбонгоҳнинг тўртта шохига, қурбонгоҳ ўрта қисмининг тўртала бурчагига ва четларга суртиб чиқ. Шу йўсин сен қурбонгоҳни поклаб, муқаддас қиласан. 21 Буқанинг жасадини эса Маъбаддан ташқарига, махсус ажратилган жойга олиб чиқиб куйдир.
22 Кейинги куни гуноҳ қурбонлиги сифатида нуқсонсиз такани келтир. Қурбонгоҳни буқанинг қони билан қандай поклаган бўлсанг, таканинг қони билан ҳам худди шундай покла. 23 Қурбонгоҳни поклаганингдан сўнг, нуқсонсиз буқа ва қўчқорни 24 Менинг ҳузуримга келтир. Руҳонийлар бу жониворларнинг устига туз сочиб, уларни Менга атаб қурбонлик қилиб куйдиришсин. 25 Ҳар куни, етти кун давомида бир такани гуноҳ қурбонлиги қил. Бундан ташқари, бир буқа ва бир қўчқорни қурбонлик учун келтир. Жониворлар нуқсонсиз бўлиши шарт. 26 Ўша етти кун давомида руҳонийлар қурбонгоҳни поклаб, муқаддас қилишсин. Шундай қилиб, уни Менинг хизматимга бағишласинлар. 27 Саккизинчи кундан бошлаб, улар ҳар куни ўша қурбонгоҳда тинчлик ва куйдириладиган қурбонликларини келтиришсин. Шунда Мен сизлардан мамнун бўламан.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.