23–BOB
Yoshuaning oxirgi nasihatlari
1 Oradan yillar oʻtdi. Egamiz Isroil xalqiga tinchlik ato qildi, atrofdagi dushmanlar ularga xavf solmas edi. Yoshua ham yoshi ancha oʻtib, qarib qolgan edi. 2 U butun Isroil xalqini, ularning oqsoqollariyu boshliqlarini, hakam va nazoratchilarini chaqirib shunday dedi: “Mening yoshim ham oʻtdi, ancha qarib qoldim. 3 Egangiz Xudo sizlar uchun atrofingizdagi xalqlarni nima qilganini koʻrdingiz. Egangiz Xudoning Oʻzi sizlar uchun jang qildi. 4 Men Isroil xalqining qabilalariga sharqda Iordan daryosidan boshlab gʻarbdagi Oʻrta yer dengizigacha boʻlgan yerlarni mulk qilib berdim. Men sizlarga magʻlub boʻlgan xalqlarning ham, hali magʻlub qilinmagan xalqlarning ham yerlarini taqsimlab berdim. 5 Egangiz Xudoning Oʻzi oʻsha xalqlarni oldingizdan haydab, orqaga chekintiradi. Egangiz Xudoning Oʻzi vaʼda qilganday, sizlar ularning yerlarini egallaysizlar. 6 Musoning Tavrot kitobida yozilgan barcha qonunlarga amal qilinglar. Ularni bitta qoldirmay bajaringlar. 7 Orangizda qolgan oʻzga xalqlarga qoʻshilmanglar. Ularning xudolarining nomlarini tilga ham olmanglar, oʻsha xudolarning nomi bilan qasam ichmanglar. U xudolarga sajda ham qilmanglar, xizmat ham qilmanglar. 8 Sizlar shu paytgacha Egangiz Xudoga sodiq boʻlib keldingizlar, bundan keyin ham Unga sodiq boʻlib qolinglar. 9 Egamiz sizlarning oldingizdan katta va kuchli xalqlarni haydab chiqardi, mana shu kungacha hech kim sizlarga bas kela olgani yoʻq. 10 Egangiz Xudo vaʼda qilganday, Uning Oʻzi sizlar uchun jang qiladi. Dushmanlarning mingtasi bittangizga bas kela olmaydi. 11 Shuning uchun doimo chin dildan Egangiz Xudoni sevinglar. 12 Undan yuz oʻgirmanglar, orangizdagi oʻzga xalqlar bilan aralashmanglar, ular bilan quda–andachilik qilmanglar. 13 Agar shunday qilsangiz, bilib qoʻyingki, Egangiz Xudo oʻsha xalqlarni sizlarning oldingizdan boshqa haydab chiqarmaydi. Ular sizlarga qopqon va tuzoqday, yelkalaringizga qamchiday, koʻzlaringizga esa tikanday boʻladi. Oxiri, Egangiz Xudo sizlarga bergan mana shu hosildor yurtda birortangiz ham tirik qolmaysiz.
14 Men ham bir bandaman, umrim oxirlab boryapti. Shubhasiz, hammangiz bilasiz, Egangiz Xudo sizlarga yaxshi vaʼdalar bergan edi, shu vaʼdalarning hammasi roʻyobga chiqdi, ularning birortasi ham bajarilmay qolmadi. 15 Egangiz Xudo sizlarga vaʼda qilgan barcha yaxshi narsalarni roʻyobga chiqardi. Agar Egamizga itoat qilmasangiz, U sizlarni ogohlantirib aytgan kulfatlarni boshingizga soladi. Oqibatda U sizlarga bergan mana shu hosildor yurtdan sizlarni butunlay yoʻq qilib tashlaydi. 16 Agar sizlar Egangiz Xudo bilan qilgan ahdni buzib, boshqa xudolarga ergashsangiz, ularga xizmat qilib, sajda qilsangiz, sizlarga qarshi Egamizning gʻazabi qoʻzgʻaydi–da, U sizlarga bergan mana shu hosildor yurtda tez orada qirilib ketasizlar.”
23–БОБ
Ёшуанинг охирги насиҳатлари
1 Орадан йиллар ўтди. Эгамиз Исроил халқига тинчлик ато қилди, атрофдаги душманлар уларга хавф солмас эди. Ёшуа ҳам ёши анча ўтиб, қариб қолган эди. 2 У бутун Исроил халқини, уларнинг оқсоқолларию бошлиқларини, ҳакам ва назоратчиларини чақириб шундай деди: “Менинг ёшим ҳам ўтди, анча қариб қолдим. 3 Эгангиз Худо сизлар учун атрофингиздаги халқларни нима қилганини кўрдингиз. Эгангиз Худонинг Ўзи сизлар учун жанг қилди. 4 Мен Исроил халқининг қабилаларига шарқда Иордан дарёсидан бошлаб ғарбдаги Ўрта ер денгизигача бўлган ерларни мулк қилиб бердим. Мен сизларга мағлуб бўлган халқларнинг ҳам, ҳали мағлуб қилинмаган халқларнинг ҳам ерларини тақсимлаб бердим. 5 Эгангиз Худонинг Ўзи ўша халқларни олдингиздан ҳайдаб, орқага чекинтиради. Эгангиз Худонинг Ўзи ваъда қилгандай, сизлар уларнинг ерларини эгаллайсизлар. 6 Мусонинг Таврот китобида ёзилган барча қонунларга амал қилинглар. Уларни битта қолдирмай бажаринглар. 7 Орангизда қолган ўзга халқларга қўшилманглар. Уларнинг худоларининг номларини тилга ҳам олманглар, ўша худоларнинг номи билан қасам ичманглар. У худоларга сажда ҳам қилманглар, хизмат ҳам қилманглар. 8 Сизлар шу пайтгача Эгангиз Худога содиқ бўлиб келдингизлар, бундан кейин ҳам Унга содиқ бўлиб қолинглар. 9 Эгамиз сизларнинг олдингиздан катта ва кучли халқларни ҳайдаб чиқарди, мана шу кунгача ҳеч ким сизларга бас кела олгани йўқ. 10 Эгангиз Худо ваъда қилгандай, Унинг Ўзи сизлар учун жанг қилади. Душманларнинг мингтаси биттангизга бас кела олмайди. 11 Шунинг учун доимо чин дилдан Эгангиз Худони севинглар. 12 Ундан юз ўгирманглар, орангиздаги ўзга халқлар билан аралашманглар, улар билан қуда–андачилик қилманглар. 13 Агар шундай қилсангиз, билиб қўйингки, Эгангиз Худо ўша халқларни сизларнинг олдингиздан бошқа ҳайдаб чиқармайди. Улар сизларга қопқон ва тузоқдай, елкаларингизга қамчидай, кўзларингизга эса тикандай бўлади. Охири, Эгангиз Худо сизларга берган мана шу ҳосилдор юртда бирортангиз ҳам тирик қолмайсиз.
14 Мен ҳам бир бандаман, умрим охирлаб боряпти. Шубҳасиз, ҳаммангиз биласиз, Эгангиз Худо сизларга яхши ваъдалар берган эди, шу ваъдаларнинг ҳаммаси рўёбга чиқди, уларнинг бирортаси ҳам бажарилмай қолмади. 15 Эгангиз Худо сизларга ваъда қилган барча яхши нарсаларни рўёбга чиқарди. Агар Эгамизга итоат қилмасангиз, У сизларни огоҳлантириб айтган кулфатларни бошингизга солади. Оқибатда У сизларга берган мана шу ҳосилдор юртдан сизларни бутунлай йўқ қилиб ташлайди. 16 Агар сизлар Эгангиз Худо билан қилган аҳдни бузиб, бошқа худоларга эргашсангиз, уларга хизмат қилиб, сажда қилсангиз, сизларга қарши Эгамизнинг ғазаби қўзғайди–да, У сизларга берган мана шу ҳосилдор юртда тез орада қирилиб кетасизлар.”