29–BOB
Yahudo shohi Hizqiyo
1 Hizqiyo yigirma besh yoshida shoh boʻldi. U Quddusda yigirma toʻqqiz yil shohlik qildi. Onasining ismi Abiyo boʻlib, Zakariyoning qizi edi. 2 Hizqiyo, bobosi Dovud kabi, Egamiz oldida toʻgʻri ishlar qildi.
Maʼbad poklanadi
3 Hizqiyo oʻz hukmronligining birinchi yili birinchi oyida Egamizning uyi eshiklarini qaytadan ochdi , ularni tuzattirdi. 4 Soʻng ruhoniylarni va levilarni chaqirtirib, ularni Maʼbadning sharqiy hovlisiga toʻpladi. 5 Hizqiyo ularga dedi:
— Gapimni eshitinglar, ey levilar! Oʻzlaringizni poklanglar, ota–bobolaringiz Xudosi — Egamizning uyini ham poklanglar! Bu muqaddas joydan harom narsalarni chiqarib tashlanglar! 6 Bizning ota–bobolarimiz bevafo edilar. Ular Egamiz Xudo oldida yomon ishlar qilib, Uni tark etdilar. Egamizning makonidan yuzlarini oʻgirib, Unga orqalarini burdilar. 7 Maʼbad eshiklarini yopib tashladilar, chiroqlarni oʻchirib qoʻydilar. Isroil xalqining Xudosiga atab, muqaddas maskanda tutatqi tutatilmaydigan, qurbonliklar kuydirilmaydigan boʻldi. 8 Shuning uchun Yahudo va Quddusga Egamiz Oʻz qahrini sochdi. Ularning ahvolidan hamma yoqasini ushlab, dahshatu vahimaga tushdi. Siz oʻzingiz ham bundan xabardorsiz. 9 Shuning uchun otalarimiz jangda halok boʻldi, xotinu oʻgʻil–qizlarimiz asirlikka olib ketildi. 10 Egamiz bizdan Oʻz qahrini qaytarsin deb, men Isroil xalqining Xudosi — Egamiz bilan ahd qilishga qaror etdim. 11 Oʻgʻillarim! Endi eʼtiborsiz boʻlmanglar, chunki Egamiz sizlarni Uning huzurida xizmat qilishingiz uchun va qurbonliklar kuydirishingiz uchun tanlab olgan.
12 Levilardan quyidagilar shu yerda edilar:

Qohot naslidan — Emosay oʻgʻli Maxat, Ozariyo oʻgʻli Yoʻel,
Marori naslidan — Abdi oʻgʻli Kish va Yoxalil oʻgʻli Ozariyo,
Gershon naslidan — Zimmo oʻgʻli Yoʻx, Yoʻx oʻgʻli Eden,
13 Elizofon naslidan — Shimri, Yoval,
Osif naslidan — Zakariyo, Mattaniyo,
14 Xaman naslidan — Yoxiyol, Shimax,
Yodutun naslidan — Shamayo va Uziyol.

15 Ruhoniylar bilan levilar qolgan levi birodarlarini toʻplab, hammasi oʻzlarini pokladilar. Soʻng shohning farmoni boʻyicha, Egamizning qonun–qoidalariga rioya qilgan holda, Egamizning uyini poklay boshladilar . 16-17 Ular birinchi oyning birinchi kunida ishga kirishib, sakkiz kun davomida Egamiz uyining hovlilarini pokladilar. Keyingi sakkiz kun davomida uyning oʻzini pokladilar. Ruhoniylar Egamizning uyiga kirib, Maʼbaddagi hamma harom–xarish narsalarni Egamiz uyining hovlisiga olib chiqdilar. Levilar esa bu narsalarni shahar tashqarisiga, Qidron soyligiga olib borib tashladilar. Birinchi oyning oʻn oltinchi kuniga kelib, hamma ishlarini tugatdilar.
18 Soʻngra ular shoh Hizqiyo huzuriga borib, shunday dedilar:
— Biz Egamizning butun uyini, qurbonlik kuydiriladigan qurbongohni va qurbongohning hamma ashyolarini, muqaddas nonlar qoʻyiladigan xontaxtani va xontaxtaning hamma ashyolarini pokladik. 19 Shoh Oxoz oʻz bevafoligi dastidan chiqarib tashlagan hamma ashyolarni biz olib kelib, pokladik. Mana, ularning hammasi Egamizning qurbongohi oldida turibdi.
Maʼbadda xizmat tiklanadi
20 Shoh Hizqiyo ertasi kuni saharda shahar aʼyonlarini toʻplab, hammalarini Egamizning uyiga boshlab bordi. 21 Ular shoh xonadonining va Yahudo xalqining gunohini yuvish uchun hamda Maʼbadni poklash uchun gunoh qurbonligi qilib yettita buqa, yettita qoʻchqor, yettita qoʻchqor qoʻzi va yettita takani olib keldilar. Horun naslidan boʻlgan ruhoniylarga shoh: “Bularni Egamizning qurbongohida nazr qilinglar!” deb buyurdi. 22 Ruhoniylar buqalarni soʻyib, qonini qurbongohga sepdilar. Keyin qoʻchqorlarni soʻyib, qonini qurbongohga sepdilar. Qoʻzilarni ham soʻyib, qonini qurbongohga sepdilar. 23 Soʻngra gunoh qurbonligi qilinadigan takalarni shoh va jamoa oldiga olib keldilar. Ular qoʻllarini takalar ustiga qoʻydilar. 24 Ruhoniylar takalarni soʻydilar, butun xalqni gunohlaridan poklash uchun qonni qurbongohga sepdilar. Negaki, shoh: “Kuydiriladigan qurbonliklar va gunoh qurbonliklari jamiki Isroil uchun qilinsin”, deb farmon bergan edi.
25 Hizqiyo shoh Dovudning koʻrsatmalariga rioya qilib, levilarni Egamizning uyiga joylashtirdi, ularga zil, arfa va liralarni berdi. Bu koʻrsatmalarni Dovudga Egamiz Oʻz paygʻambarlari Gad va Natan orqali bergan edi. Gad shoh Dovudning xizmatidagi valiy edi. 26 Levilar Dovudning cholgʻu asboblarini olib, ruhoniylar karnaylarini olib, oʻz joylarini egalladilar. 27 Shundan keyin Hizqiyo: “Qurbongohda qurbonliklar kuydirilsin!” deb buyurdi. Qurbonliklar kuydirila boshlangan zahoti qoʻshiqchilar Dovudning cholgʻu asboblari va karnaylar joʻrligida Egamizga hamdu sanolar aytishni boshladilar. 28 Qurbonliklar kuydirilib boʻlguncha, butun jamoa sajda qilib, qoʻshiqchilar qoʻshiq aytib, karnaychilar karnay chalib turdilar. 29 Qurbonlik tugagach, shoh Hizqiyo va butun xalq tiz choʻkib, Xudoga sajda qildi. 30 Shoh Hizqiyo bilan aʼyonlar levilarga: “Dovud va valiy Osif yozgan sanolarni aytib, Egamizni madh qilinglar!” deb buyurdilar. Levilar sevinch ila sano kuylab, tiz choʻkib sajda qildilar.
31 Keyin Hizqiyo xalqqa dedi:
— Mana, sizlar oʻzingizni Egamizga bagʻishladingizlar. Endi atagan qurbonligu shukrona nazrlaringizni Egamizning uyiga olib kelinglar.
Jamoa qurbonliklar va shukrona nazrlarini keltirdi. Baʼzilari esa koʻngildan chiqarib kuydiriladigan qurbonlik uchun hayvonlarni ham olib keldilar. 32 Kuydiriladigan qurbonlik uchun 70 ta buqa, 100 ta qoʻchqor va 200 ta qoʻzi keltirildi. 33 Bulardan tashqari, jamoa 600 ta buqa va 3000 ta qoʻyni qurbonlik qilish uchun olib keldi. 34 Ammo ruhoniylar ozchilik boʻlganlari uchun kuydiriladigan hayvonlarning terisini shilishga ulgura olmayotgan edilar. Shu sababdan ularning qarindoshlari levilar to ish tugaguncha va boshqa ruhoniylar oʻzlarini poklaguncha ularga qarashib turdilar. Levilar, ruhoniylarga qaraganda, oʻzlarini poklash masalasiga jiddiyroq yondashgan edilar. 35 Kuydiriladigan qurbonliklarning miqdori nihoyatda koʻp edi. Bulardan tashqari, tinchlik qurbonliklarining yogʻlari va kuydiriladigan qurbonliklar bilan birga keltiriladigan sharob nazri ham gʻoyatda moʻl edi. Shu yoʻsinda, Egamiz uyidagi xizmat qayta tiklandi. 36 Xudoning Oʻz xalqiga qilgan bu ishidan Hizqiyo va butun jamoa sevindi. Bularning hammasi qisqa vaqtda sodir boʻlgan edi.
29–БОБ
Яҳудо шоҳи Ҳизқиё
1 Ҳизқиё йигирма беш ёшида шоҳ бўлди. У Қуддусда йигирма тўққиз йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Абиё бўлиб, Закариёнинг қизи эди. 2 Ҳизқиё, бобоси Довуд каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
Маъбад покланади
3 Ҳизқиё ўз ҳукмронлигининг биринчи йили биринчи ойида Эгамизнинг уйи эшикларини қайтадан очди , уларни тузаттирди. 4 Сўнг руҳонийларни ва левиларни чақиртириб, уларни Маъбаднинг шарқий ҳовлисига тўплади. 5 Ҳизқиё уларга деди:
— Гапимни эшитинглар, эй левилар! Ўзларингизни покланглар, ота–боболарингиз Худоси — Эгамизнинг уйини ҳам покланглар! Бу муқаддас жойдан ҳаром нарсаларни чиқариб ташланглар! 6 Бизнинг ота–боболаримиз бевафо эдилар. Улар Эгамиз Худо олдида ёмон ишлар қилиб, Уни тарк этдилар. Эгамизнинг маконидан юзларини ўгириб, Унга орқаларини бурдилар. 7 Маъбад эшикларини ёпиб ташладилар, чироқларни ўчириб қўйдилар. Исроил халқининг Худосига атаб, муқаддас масканда тутатқи тутатилмайдиган, қурбонликлар куйдирилмайдиган бўлди. 8 Шунинг учун Яҳудо ва Қуддусга Эгамиз Ўз қаҳрини сочди. Уларнинг аҳволидан ҳамма ёқасини ушлаб, даҳшату ваҳимага тушди. Сиз ўзингиз ҳам бундан хабардорсиз. 9 Шунинг учун оталаримиз жангда ҳалок бўлди, хотину ўғил–қизларимиз асирликка олиб кетилди. 10 Эгамиз биздан Ўз қаҳрини қайтарсин деб, мен Исроил халқининг Худоси — Эгамиз билан аҳд қилишга қарор этдим. 11 Ўғилларим! Энди эътиборсиз бўлманглар, чунки Эгамиз сизларни Унинг ҳузурида хизмат қилишингиз учун ва қурбонликлар куйдиришингиз учун танлаб олган.
12 Левилардан қуйидагилар шу ерда эдилар:

Қоҳот наслидан — Эмосай ўғли Махат, Озариё ўғли Йўэл,
Марори наслидан — Абди ўғли Киш ва Ёхалил ўғли Озариё,
Гершон наслидан — Зиммо ўғли Йўх, Йўх ўғли Эден,
13 Элизофон наслидан — Шимри, Ёвал,
Осиф наслидан — Закариё, Маттаниё,
14 Хаман наслидан — Ёхиёл, Шимах,
Ёдутун наслидан — Шамаё ва Узиёл.

15 Руҳонийлар билан левилар қолган леви биродарларини тўплаб, ҳаммаси ўзларини покладилар. Сўнг шоҳнинг фармони бўйича, Эгамизнинг қонун–қоидаларига риоя қилган ҳолда, Эгамизнинг уйини поклай бошладилар . 16-17 Улар биринчи ойнинг биринчи кунида ишга киришиб, саккиз кун давомида Эгамиз уйининг ҳовлиларини покладилар. Кейинги саккиз кун давомида уйнинг ўзини покладилар. Руҳонийлар Эгамизнинг уйига кириб, Маъбаддаги ҳамма ҳаром–хариш нарсаларни Эгамиз уйининг ҳовлисига олиб чиқдилар. Левилар эса бу нарсаларни шаҳар ташқарисига, Қидрон сойлигига олиб бориб ташладилар. Биринчи ойнинг ўн олтинчи кунига келиб, ҳамма ишларини тугатдилар.
18 Сўнгра улар шоҳ Ҳизқиё ҳузурига бориб, шундай дедилар:
— Биз Эгамизнинг бутун уйини, қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни ва қурбонгоҳнинг ҳамма ашёларини, муқаддас нонлар қўйиладиган хонтахтани ва хонтахтанинг ҳамма ашёларини покладик. 19 Шоҳ Охоз ўз бевафолиги дастидан чиқариб ташлаган ҳамма ашёларни биз олиб келиб, покладик. Мана, уларнинг ҳаммаси Эгамизнинг қурбонгоҳи олдида турибди.
Маъбадда хизмат тикланади
20 Шоҳ Ҳизқиё эртаси куни саҳарда шаҳар аъёнларини тўплаб, ҳаммаларини Эгамизнинг уйига бошлаб борди. 21 Улар шоҳ хонадонининг ва Яҳудо халқининг гуноҳини ювиш учун ҳамда Маъбадни поклаш учун гуноҳ қурбонлиги қилиб еттита буқа, еттита қўчқор, еттита қўчқор қўзи ва еттита такани олиб келдилар. Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларга шоҳ: “Буларни Эгамизнинг қурбонгоҳида назр қилинглар!” деб буюрди. 22 Руҳонийлар буқаларни сўйиб, қонини қурбонгоҳга сепдилар. Кейин қўчқорларни сўйиб, қонини қурбонгоҳга сепдилар. Қўзиларни ҳам сўйиб, қонини қурбонгоҳга сепдилар. 23 Сўнгра гуноҳ қурбонлиги қилинадиган такаларни шоҳ ва жамоа олдига олиб келдилар. Улар қўлларини такалар устига қўйдилар. 24 Руҳонийлар такаларни сўйдилар, бутун халқни гуноҳларидан поклаш учун қонни қурбонгоҳга сепдилар. Негаки, шоҳ: “Куйдириладиган қурбонликлар ва гуноҳ қурбонликлари жамики Исроил учун қилинсин”, деб фармон берган эди.
25 Ҳизқиё шоҳ Довуднинг кўрсатмаларига риоя қилиб, левиларни Эгамизнинг уйига жойлаштирди, уларга зил, арфа ва лираларни берди. Бу кўрсатмаларни Довудга Эгамиз Ўз пайғамбарлари Гад ва Натан орқали берган эди. Гад шоҳ Довуднинг хизматидаги валий эди. 26 Левилар Довуднинг чолғу асбобларини олиб, руҳонийлар карнайларини олиб, ўз жойларини эгалладилар. 27 Шундан кейин Ҳизқиё: “Қурбонгоҳда қурбонликлар куйдирилсин!” деб буюрди. Қурбонликлар куйдирила бошланган заҳоти қўшиқчилар Довуднинг чолғу асбоблари ва карнайлар жўрлигида Эгамизга ҳамду санолар айтишни бошладилар. 28 Қурбонликлар куйдирилиб бўлгунча, бутун жамоа сажда қилиб, қўшиқчилар қўшиқ айтиб, карнайчилар карнай чалиб турдилар. 29 Қурбонлик тугагач, шоҳ Ҳизқиё ва бутун халқ тиз чўкиб, Худога сажда қилди. 30 Шоҳ Ҳизқиё билан аъёнлар левиларга: “Довуд ва валий Осиф ёзган саноларни айтиб, Эгамизни мадҳ қилинглар!” деб буюрдилар. Левилар севинч ила сано куйлаб, тиз чўкиб сажда қилдилар.
31 Кейин Ҳизқиё халққа деди:
— Мана, сизлар ўзингизни Эгамизга бағишладингизлар. Энди атаган қурбонлигу шукрона назрларингизни Эгамизнинг уйига олиб келинглар.
Жамоа қурбонликлар ва шукрона назрларини келтирди. Баъзилари эса кўнгилдан чиқариб куйдириладиган қурбонлик учун ҳайвонларни ҳам олиб келдилар. 32 Куйдириладиган қурбонлик учун 70 та буқа, 100 та қўчқор ва 200 та қўзи келтирилди. 33 Булардан ташқари, жамоа 600 та буқа ва 3000 та қўйни қурбонлик қилиш учун олиб келди. 34 Аммо руҳонийлар озчилик бўлганлари учун куйдириладиган ҳайвонларнинг терисини шилишга улгура олмаётган эдилар. Шу сабабдан уларнинг қариндошлари левилар то иш тугагунча ва бошқа руҳонийлар ўзларини поклагунча уларга қарашиб турдилар. Левилар, руҳонийларга қараганда, ўзларини поклаш масаласига жиддийроқ ёндашган эдилар. 35 Куйдириладиган қурбонликларнинг миқдори ниҳоятда кўп эди. Булардан ташқари, тинчлик қурбонликларининг ёғлари ва куйдириладиган қурбонликлар билан бирга келтириладиган шароб назри ҳам ғоятда мўл эди. Шу йўсинда, Эгамиз уйидаги хизмат қайта тикланди. 36 Худонинг Ўз халқига қилган бу ишидан Ҳизқиё ва бутун жамоа севинди. Буларнинг ҳаммаси қисқа вақтда содир бўлган эди.