26–BOB
Yahudo shohi Uzziyo
1 Shundan keyin Yahudo xalqi oʻn olti yoshli Uzziyoni otasi Emoziyoning oʻrniga shoh qildi. 2 Emoziyoning vafotidan soʻng, Uzziyo ilgarilari Yahudoga qarashli boʻlgan Elet shahrini qoʻlga kiritib, qaytadan qurdi.
3 Uzziyo shoh boʻlganda, oʻn olti yoshda edi. U Quddusda ellik ikki yil hukmronlik qildi. Onasi Qudduslik boʻlib, ismi Yoxoliyo edi. 4 Uzziyo ham, otasi Emoziyo kabi, Egamiz oldida toʻgʻri ishlar qildi. 5 Zakariyo hayotligi davrida Uzziyo Xudoga intilardi, Zakariyo unga Xudoning yoʻlidan yurishni oʻrgatardi . Uzziyo Egamizga intilgan paytda, Xudo unga huzur–halovat bagʻishladi.
6 Uzziyo Filistlarga qarshi urush boshlab, Gat, Yobnax va Ashdod shaharlarining devorlarini buzib tashladi. U Ashdod hududida va Filistlarga qarashli boshqa joylarda shaharlar qurdi. 7 U Filistlarga, Gur–Baalda yashaydigan Arablarga va Mavunlarga qarshi urush qilganda, Xudo unga madad berdi. 8 Mavun xalqi Uzziyoga oʻlpon toʻlaydigan boʻldi. U nihoyatda kuchayib ketganidan, shuhrati Misr chegarasigacha yoyildi. 9 Bundan tashqari, Uzziyo Quddusdagi Burchak darvozasi, Soylik darvozasi va devorning qayrilgan joylarida minoralar qurib, bu minoralarni mustahkamladi. 10 U sahroda mudofaa qoʻrgʻonlarini qurdirdi. Yahudo qir etaklarida va tekisliklarda boqilgan podalari koʻp boʻlgani uchun, koʻplab sardobalar qazdirdi. Dehqonchilikka ixlos qoʻygani uchun adirlaru unumdor yerlarda ekinlar ektirib, uzumzorlar barpo qildi. U yerda ishlaydigan dehqonu bogʻbonlari bor edi.
11 Uzziyoning mohir jangchilardan tashkil topgan lashkari bor edi. Bu jangchilarni kotib Yaviyol va uning yordamchisi Masiyo safarbar qilib, ularni boʻlinmalarga boʻlgan edi. Kotib Yaviyol bilan Masiyo Xanoniyoning qoʻli ostida ish olib borar edilar. Xanoniyo shohning aʼyoni edi. 12 Bu saralangan jangchilarga 2600 urugʻboshi qoʻmondonlik qilardi. 13 Ularning qoʻli ostida jami 307.500 bahodir jangchi boʻlib, bu katta lashkar shohni dushmanlaridan himoya qilar edi. 14 Uzziyo butun lashkarni qalqonlar, nayzalar, dubulgʻalar, sovutlar, kamonlar va sopqon toshlari bilan taʼminlagan edi. 15 U Quddusdagi minoralar ustiga va shahar devori burchaklariga olimlari kashf etgan oʻq otadigan qurollar va katta toshlarni uloqtiradigan qurollarni oʻrnatdi. Xudo unga yordam bergani uchun u nihoyatda qudratli boʻlib, shuhrati har yoqqa taraldi.
Shoh Uzziyo takabburligi uchun jazolanadi
16 Uzziyo kuchayib ketgandan keyin, halokatga olib boradigan kiborlikka berildi. U Egamizning Maʼbadiga kirib, tutatqi qurbongohida tutatqi tutatdi, shu yoʻsin oʻzining Egasi Xudoga itoatsizlik qildi. 17 Ruhoniy Ozariyo Egamizning saksonta jasur ruhoniysi bilan birga Uzziyoning ketidan bordi. 18 Ular shoh Uzziyoga tanbeh berib deyishdi:
— Ey shohimiz! Egamizga tutatqi tutatish sizning ishingiz emas. Bu Horun naslidan boʻlgan ruhoniylarning ishidir . Tutatqi tutatishga ular bagʻishlanganlar. Qani boʻling, bu muqaddas joydan chiqib keting! Siz oʻzboshimchalik qildingiz. Bu qilmishingiz uchun Parvardigor Egamiz sizni yuksaltirarmidi?!
19 Uzziyo oʻsha paytda qoʻlidagi olovkuragi bilan tutatqi tutatishga tayyor boʻlib turgan edi. U ruhoniylarning tanbehidan qattiq gʻazablangan edi, shu zahotiyoq peshanasiga yara toshdi . Bu hodisa Egamizning uyidagi tutatqi qurbongohi oldida, ruhoniylarning koʻz oʻngida sodir boʻldi. 20 Oliy ruhoniy Ozariyo bilan boshqa ruhoniylar shoh peshanasidagi qoʻrqinchli yaralarni koʻrishgach, shohni tashqariga olib chiqishga shoshildilar. Shohning oʻzi ham tashqariga otlandi, chunki Egamiz uni jazolagan edi. 21 Uzziyo umrining oxirigacha teri kasalligidan tuzalmadi. U alohida bir uyda yolgʻiz yashadi. Egamizning uyiga kirish unga man etilgan edi. Yurtdagi xalqni ham, shoh saroyini ham oʻgʻli Yoʻtom boshqarardi.
22 Uzziyoning boshqa ishlarini boshdan oxirgacha Omiz oʻgʻli Ishayo paygʻambar yozib qoldirgan. 23 Uzziyo olamdan oʻtib, shohlar qabristonining bir chetiga dafn qilindi. Biroq teri kasalligiga chalingani uchun uni shohlar xilxonasiga qoʻymadilar. Uning oʻrniga oʻgʻli Yoʻtom shoh boʻldi.
26–БОБ
Яҳудо шоҳи Уззиё
1 Шундан кейин Яҳудо халқи ўн олти ёшли Уззиёни отаси Эмозиёнинг ўрнига шоҳ қилди. 2 Эмозиёнинг вафотидан сўнг, Уззиё илгарилари Яҳудога қарашли бўлган Элет шаҳрини қўлга киритиб, қайтадан қурди.
3 Уззиё шоҳ бўлганда, ўн олти ёшда эди. У Қуддусда эллик икки йил ҳукмронлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёхолиё эди. 4 Уззиё ҳам, отаси Эмозиё каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. 5 Закариё ҳаётлиги даврида Уззиё Худога интиларди, Закариё унга Худонинг йўлидан юришни ўргатарди . Уззиё Эгамизга интилган пайтда, Худо унга ҳузур–ҳаловат бағишлади.
6 Уззиё Филистларга қарши уруш бошлаб, Гат, Ёбнах ва Ашдод шаҳарларининг деворларини бузиб ташлади. У Ашдод ҳудудида ва Филистларга қарашли бошқа жойларда шаҳарлар қурди. 7 У Филистларга, Гур–Баалда яшайдиган Арабларга ва Мавунларга қарши уруш қилганда, Худо унга мадад берди. 8 Мавун халқи Уззиёга ўлпон тўлайдиган бўлди. У ниҳоятда кучайиб кетганидан, шуҳрати Миср чегарасигача ёйилди. 9 Бундан ташқари, Уззиё Қуддусдаги Бурчак дарвозаси, Сойлик дарвозаси ва деворнинг қайрилган жойларида миноралар қуриб, бу минораларни мустаҳкамлади. 10 У саҳрода мудофаа қўрғонларини қурдирди. Яҳудо қир этакларида ва текисликларда боқилган подалари кўп бўлгани учун, кўплаб сардобалар қаздирди. Деҳқончиликка ихлос қўйгани учун адирлару унумдор ерларда экинлар эктириб, узумзорлар барпо қилди. У ерда ишлайдиган деҳқону боғбонлари бор эди.
11 Уззиёнинг моҳир жангчилардан ташкил топган лашкари бор эди. Бу жангчиларни котиб Явиёл ва унинг ёрдамчиси Масиё сафарбар қилиб, уларни бўлинмаларга бўлган эди. Котиб Явиёл билан Масиё Ханониёнинг қўли остида иш олиб борар эдилар. Ханониё шоҳнинг аъёни эди. 12 Бу сараланган жангчиларга 2600 уруғбоши қўмондонлик қиларди. 13 Уларнинг қўли остида жами 307.500 баҳодир жангчи бўлиб, бу катта лашкар шоҳни душманларидан ҳимоя қилар эди. 14 Уззиё бутун лашкарни қалқонлар, найзалар, дубулғалар, совутлар, камонлар ва сопқон тошлари билан таъминлаган эди. 15 У Қуддусдаги миноралар устига ва шаҳар девори бурчакларига олимлари кашф этган ўқ отадиган қуроллар ва катта тошларни улоқтирадиган қуролларни ўрнатди. Худо унга ёрдам бергани учун у ниҳоятда қудратли бўлиб, шуҳрати ҳар ёққа таралди.
Шоҳ Уззиё такаббурлиги учун жазоланади
16 Уззиё кучайиб кетгандан кейин, ҳалокатга олиб борадиган киборликка берилди. У Эгамизнинг Маъбадига кириб, тутатқи қурбонгоҳида тутатқи тутатди, шу йўсин ўзининг Эгаси Худога итоатсизлик қилди. 17 Руҳоний Озариё Эгамизнинг саксонта жасур руҳонийси билан бирга Уззиёнинг кетидан борди. 18 Улар шоҳ Уззиёга танбеҳ бериб дейишди:
— Эй шоҳимиз! Эгамизга тутатқи тутатиш сизнинг ишингиз эмас. Бу Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларнинг ишидир . Тутатқи тутатишга улар бағишланганлар. Қани бўлинг, бу муқаддас жойдан чиқиб кетинг! Сиз ўзбошимчалик қилдингиз. Бу қилмишингиз учун Парвардигор Эгамиз сизни юксалтирармиди?!
19 Уззиё ўша пайтда қўлидаги оловкураги билан тутатқи тутатишга тайёр бўлиб турган эди. У руҳонийларнинг танбеҳидан қаттиқ ғазабланган эди, шу заҳотиёқ пешанасига яра тошди . Бу ҳодиса Эгамизнинг уйидаги тутатқи қурбонгоҳи олдида, руҳонийларнинг кўз ўнгида содир бўлди. 20 Олий руҳоний Озариё билан бошқа руҳонийлар шоҳ пешанасидаги қўрқинчли яраларни кўришгач, шоҳни ташқарига олиб чиқишга шошилдилар. Шоҳнинг ўзи ҳам ташқарига отланди, чунки Эгамиз уни жазолаган эди. 21 Уззиё умрининг охиригача тери касаллигидан тузалмади. У алоҳида бир уйда ёлғиз яшади. Эгамизнинг уйига кириш унга ман этилган эди. Юртдаги халқни ҳам, шоҳ саройини ҳам ўғли Йўтом бошқарарди.
22 Уззиёнинг бошқа ишларини бошдан охиргача Омиз ўғли Ишаё пайғамбар ёзиб қолдирган. 23 Уззиё оламдан ўтиб, шоҳлар қабристонининг бир четига дафн қилинди. Бироқ тери касаллигига чалингани учун уни шоҳлар хилхонасига қўймадилар. Унинг ўрнига ўғли Йўтом шоҳ бўлди.