12–BOB
Quddusning kelajakdagi gʻalabasi
1 Bashorat. Egamizning Isroil haqida aytgan gaplari. Zamin poydevorini qoʻygan, falaklarni yoygan, insonga jon ato qilgan Egamiz shunday demoqda: 2 “Qarab turinglar, Men Quddusni sharob qadahiday qilib qoʻyaman. U oʻzining atrofidagi xalqlarni gandiraklatadigan boʻladi . Quddusni qamalga olishganda, Yahudo yurtining qolgan boshqa joylariga ham hujum qilishadi. 3 Oʻsha kuni Men Quddusni boshqa xalqlar uchun ogʻir toshday qilib qoʻyaman. Uni koʻtarganlarning hammasi oʻzlariga zarar keltiradilar. Butun yer yuzidagi xalqlar unga qarshi chiqish uchun birlashadilar. 4 Oʻsha kuni, Men har bir otni dahshatga solaman, ularning chavandozlarini esa aqldan ozdiraman, — demoqda Egamiz. — Yahudo xalqiga esa Oʻzim gʻamxoʻrlik qilaman. Dushmanlarining otlarini koʻr qilib qoʻyaman. 5 Shunda Yahudo urugʻlari oʻzlariga:
— Quddus aholisining qudrat manbai bizning Xudoyimiz, Sarvari Olamdir, — deydilar.
6 Oʻsha kuni Men Yahudo urugʻlarini oʻtin orasidagi qizib turgan choʻgʻday, bugʻdoy bogʻlamlari orasidagi yonib turgan mashʼaladay qilaman. Ular oʻngu soʻldagi, atrofidagi xalqlarni yamlab yutadilar. Quddusdagi odamlar esa osoyishta hayot kechiradilar.
7 Men, Egangiz, avval Yahudo xalqiga gʻalaba beraman. Dovud avlodining va Quddus aholisining shuhrati Yahudoning shuhratidan oshib ketmasligi uchun shunday qilaman. 8 Oʻsha kuni Men Quddus aholisini himoya qilaman. Ularning orasidagi eng ojizi ham Dovudday kuchli boʻladi. Dovud avlodi esa Mening farishtamday, xuddi Oʻzimday Quddus ahlini boshlab boradi. 9 Mening rejam oʻsha kuni Quddusga qarshi chiqqan barcha xalqlarni halok qilishdir.
10 Men Dovud avlodiga, Quddus aholisiga mehr–shafqat va ibodat ruhini yogʻdiraman. Ular Menga — oʻzlari nayza sanchganga qarashadi. Yolgʻiz farzandga aza tutganday, aza tutishadi. Toʻngʻich farzand uchun motam tutganday, motam tutishadi. 11 Oʻsha kuni Quddusdagi dod–faryod, Magidoʻ vodiysidagi Hadad–Rimmonda tutilgan azaday, kuchli boʻladi. 12 Butun yurt aza tutadi. Har bir oila alohida aza tutadi: Dovud avlodining oilalari alohida, ularning xotinlari alohida, Natan avlodining oilalari alohida, ularning xotinlari alohida, 13 Levi avlodining oilalari alohida, ularning xotinlari alohida, Shimax avlodining oilasi va ularning xotinlari alohida aza tutadilar. 14 Qolgan oilalar ham oʻzlari alohida aza tutadilar. Ularning xotinlari ham alohida aza tutadilar.”
12–БОБ
Қуддуснинг келажакдаги ғалабаси
1 Башорат. Эгамизнинг Исроил ҳақида айтган гаплари. Замин пойдеворини қўйган, фалакларни ёйган, инсонга жон ато қилган Эгамиз шундай демоқда: 2 “Қараб туринглар, Мен Қуддусни шароб қадаҳидай қилиб қўяман. У ўзининг атрофидаги халқларни гандираклатадиган бўлади . Қуддусни қамалга олишганда, Яҳудо юртининг қолган бошқа жойларига ҳам ҳужум қилишади. 3 Ўша куни Мен Қуддусни бошқа халқлар учун оғир тошдай қилиб қўяман. Уни кўтарганларнинг ҳаммаси ўзларига зарар келтирадилар. Бутун ер юзидаги халқлар унга қарши чиқиш учун бирлашадилар. 4 Ўша куни, Мен ҳар бир отни даҳшатга соламан, уларнинг чавандозларини эса ақлдан оздираман, — демоқда Эгамиз. — Яҳудо халқига эса Ўзим ғамхўрлик қиламан. Душманларининг отларини кўр қилиб қўяман. 5 Шунда Яҳудо уруғлари ўзларига:
— Қуддус аҳолисининг қудрат манбаи бизнинг Худойимиз, Сарвари Оламдир, — дейдилар.
6 Ўша куни Мен Яҳудо уруғларини ўтин орасидаги қизиб турган чўғдай, буғдой боғламлари орасидаги ёниб турган машъаладай қиламан. Улар ўнгу сўлдаги, атрофидаги халқларни ямлаб ютадилар. Қуддусдаги одамлар эса осойишта ҳаёт кечирадилар.
7 Мен, Эгангиз, аввал Яҳудо халқига ғалаба бераман. Довуд авлодининг ва Қуддус аҳолисининг шуҳрати Яҳудонинг шуҳратидан ошиб кетмаслиги учун шундай қиламан. 8 Ўша куни Мен Қуддус аҳолисини ҳимоя қиламан. Уларнинг орасидаги энг ожизи ҳам Довуддай кучли бўлади. Довуд авлоди эса Менинг фариштамдай, худди Ўзимдай Қуддус аҳлини бошлаб боради. 9 Менинг режам ўша куни Қуддусга қарши чиққан барча халқларни ҳалок қилишдир.
10 Мен Довуд авлодига, Қуддус аҳолисига меҳр–шафқат ва ибодат руҳини ёғдираман. Улар Менга — ўзлари найза санчганга қарашади. Ёлғиз фарзандга аза тутгандай, аза тутишади. Тўнғич фарзанд учун мотам тутгандай, мотам тутишади. 11 Ўша куни Қуддусдаги дод–фарёд, Магидў водийсидаги Ҳадад–Риммонда тутилган азадай, кучли бўлади. 12 Бутун юрт аза тутади. Ҳар бир оила алоҳида аза тутади: Довуд авлодининг оилалари алоҳида, уларнинг хотинлари алоҳида, Натан авлодининг оилалари алоҳида, уларнинг хотинлари алоҳида, 13 Леви авлодининг оилалари алоҳида, уларнинг хотинлари алоҳида, Шимах авлодининг оиласи ва уларнинг хотинлари алоҳида аза тутадилар. 14 Қолган оилалар ҳам ўзлари алоҳида аза тутадилар. Уларнинг хотинлари ҳам алоҳида аза тутадилар.”