14–BOB
Azadorlarga man etilgan odatlar
1 Sizlar Egangiz Xudoning farzandlarisiz. Marhumga aza tutganingizda badaningizni tilmang, sochingizning oldini qirmang . 2 Sizlar Egangiz Xudoning muqaddas xalqisiz. Egamiz yer yuzidagi barcha xalqlar orasidan sizlarni Oʻz xalqi, Oʻz xazinasi qilib tanlab oldi.
Halol va harom hayvonlar
3 Jirkanch hayvonlarning goʻshtini yemang. 4 Mana bu hayvonlarni yesangiz boʻladi: mol, qoʻy, echki, 5 ohu, kiyik, bugʻu, yovvoyi echki, zubr, jayron, arxar. 6 Ayri tuyoq va kavsh qaytaradigan har qanday hayvonni tanovul qilishingiz mumkin. 7 Lekin kavsh qaytaradigan yoki ayri tuyoq hayvonlardan tuya, quyon va sugʻurni yemanglar, ular kavsh qaytarsa ham, tuyogʻi ayrilmagan. Bu hayvonlar sizlar uchun haromdir. 8 Choʻchqani ham yemanglar, uning tuyogʻi ayrilgan, lekin kavsh qaytarmaydi. U sizlar uchun haromdir. Bu hayvonlarning goʻshtini yemanglar, murdasiga ham tegmanglar.
9 Suvda yashaydigan suzgichi va tangachalari bor har qanday jonivorni yesangiz boʻladi. 10 Suzgichi va tangasi boʻlmaganlarini yemang, ular sizga haromdir.
11 Halol qushlardan xohlaganingizning goʻshtini yesangiz boʻladi. 12 Quyidagi qushlarning goʻshtini yeyish mumkin emas: qumoy, boltayutar, tasqara, 13 qirgʻiy, qizil kalxat va uning zoti, 14 qargʻa zoti, 15 tuyaqush, lochin, quloqli ukki, qarchigʻay va uning zoti, 16 yapaloq qush, boyoʻgʻli, oq boyoʻgʻli, 17 birqozon, joʻrchi, baliqchi ukki, 18 laylak, oq qarqara va uning zoti, sassiqpopishak, koʻrshapalak. 19 Qanotli hasharotlar sizlarga haromdir, ularni yemanglar. 20 Ammo baʼzi turdagi qanotli hasharotlarni yeyishingiz mumkin .
21 Oʻlimtikni yemang, uni shahringizda yashagan musofirga bering, u yeyaversin, yoki oʻlimtikni begonaga soting, sizlar Egangiz Xudoning muqaddas xalqisiz.
Uloqchani oʻz onasining sutida qaynatmang .
Ushr berish haqida qonun
22 Har yili dalangizda oʻsadigan hamma narsadan, ekiningizning hosilidan oʻndan birini ajratinglar. 23 Bu ushrlaringizni Egangiz Xudo Oʻzi ulugʻlanishi uchun tanlaydigan joyga olib boringlar. Doningiz, sharobingiz va zaytun moyingizning ushrlarini, mol va qoʻylaringizning birinchi tugʻilgan bolalarini Uning huzurida yenglar. Shunday qilib, Egangiz Xudodan har doim qoʻrqishni oʻrganasizlar. 24 Agar Egangiz Xudo tanlaydigan bu joy sizdan uzoq boʻlsa, shu sababdan Egangiz bergan barakaning ushrini u yerga olib bora olmasangiz, 25 oʻsha narsalaringizni kumushga almashtiring. Kumushni olib, Egangiz Xudo tanlaydigan joyga boring. 26 Mana shu kumushga koʻnglingiz tusagan narsani: mol, qoʻy, sharob, oʻtkir ichimlik va koʻnglingiz xohlagan hamma narsani sotib olib, u yerda Egangiz Xudo huzurida yeb, oilalaringiz bilan xursandchilik qilinglar.
27 Shahringizda yashagan levilarni unutib qoʻymanglar, ularning siznikiga oʻxshagan ulushi ham, mulki ham yoʻqdir. 28 Har uchinchi yil oxirida oʻsha yili olgan hosilingizning oʻndan bir qismini toʻliq olib, shahringizdagi omborlarda saqlab qoʻyinglar. 29 Ulushi ham, mulki ham boʻlmagan shahringizdagi levilar, shuningdek, musofir, yetim va bevalar kelib, yeb toʻyadi. Shunda qilgan har bir ishingizga Egangiz Xudo baraka beradi.
14–БОБ
Азадорларга ман этилган одатлар
1 Сизлар Эгангиз Худонинг фарзандларисиз. Марҳумга аза тутганингизда баданингизни тилманг, сочингизнинг олдини қирманг . 2 Сизлар Эгангиз Худонинг муқаддас халқисиз. Эгамиз ер юзидаги барча халқлар орасидан сизларни Ўз халқи, Ўз хазинаси қилиб танлаб олди.
Ҳалол ва ҳаром ҳайвонлар
3 Жирканч ҳайвонларнинг гўштини еманг. 4 Мана бу ҳайвонларни есангиз бўлади: мол, қўй, эчки, 5 оҳу, кийик, буғу, ёввойи эчки, зубр, жайрон, архар. 6 Айри туёқ ва кавш қайтарадиган ҳар қандай ҳайвонни тановул қилишингиз мумкин. 7 Лекин кавш қайтарадиган ёки айри туёқ ҳайвонлардан туя, қуён ва суғурни еманглар, улар кавш қайтарса ҳам, туёғи айрилмаган. Бу ҳайвонлар сизлар учун ҳаромдир. 8 Чўчқани ҳам еманглар, унинг туёғи айрилган, лекин кавш қайтармайди. У сизлар учун ҳаромдир. Бу ҳайвонларнинг гўштини еманглар, мурдасига ҳам тегманглар.
9 Сувда яшайдиган сузгичи ва тангачалари бор ҳар қандай жониворни есангиз бўлади. 10 Сузгичи ва тангаси бўлмаганларини еманг, улар сизга ҳаромдир.
11 Ҳалол қушлардан хоҳлаганингизнинг гўштини есангиз бўлади. 12 Қуйидаги қушларнинг гўштини ейиш мумкин эмас: қумой, болтаютар, тасқара, 13 қирғий, қизил калхат ва унинг зоти, 14 қарға зоти, 15 туяқуш, лочин, қулоқли укки, қарчиғай ва унинг зоти, 16 япалоқ қуш, бойўғли, оқ бойўғли, 17 бирқозон, жўрчи, балиқчи укки, 18 лайлак, оқ қарқара ва унинг зоти, сассиқпопишак, кўршапалак. 19 Қанотли ҳашаротлар сизларга ҳаромдир, уларни еманглар. 20 Аммо баъзи турдаги қанотли ҳашаротларни ейишингиз мумкин .
21 Ўлимтикни еманг, уни шаҳрингизда яшаган мусофирга беринг, у еяверсин, ёки ўлимтикни бегонага сотинг, сизлар Эгангиз Худонинг муқаддас халқисиз.
Улоқчани ўз онасининг сутида қайнатманг .
Ушр бериш ҳақида қонун
22 Ҳар йили далангизда ўсадиган ҳамма нарсадан, экинингизнинг ҳосилидан ўндан бирини ажратинглар. 23 Бу ушрларингизни Эгангиз Худо Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойга олиб боринглар. Донингиз, шаробингиз ва зайтун мойингизнинг ушрларини, мол ва қўйларингизнинг биринчи туғилган болаларини Унинг ҳузурида енглар. Шундай қилиб, Эгангиз Худодан ҳар доим қўрқишни ўрганасизлар. 24 Агар Эгангиз Худо танлайдиган бу жой сиздан узоқ бўлса, шу сабабдан Эгангиз берган бараканинг ушрини у ерга олиб бора олмасангиз, 25 ўша нарсаларингизни кумушга алмаштиринг. Кумушни олиб, Эгангиз Худо танлайдиган жойга боринг. 26 Мана шу кумушга кўнглингиз тусаган нарсани: мол, қўй, шароб, ўткир ичимлик ва кўнглингиз хоҳлаган ҳамма нарсани сотиб олиб, у ерда Эгангиз Худо ҳузурида еб, оилаларингиз билан хурсандчилик қилинглар.
27 Шаҳрингизда яшаган левиларни унутиб қўйманглар, уларнинг сизникига ўхшаган улуши ҳам, мулки ҳам йўқдир. 28 Ҳар учинчи йил охирида ўша йили олган ҳосилингизнинг ўндан бир қисмини тўлиқ олиб, шаҳрингиздаги омборларда сақлаб қўйинглар. 29 Улуши ҳам, мулки ҳам бўлмаган шаҳрингиздаги левилар, шунингдек, мусофир, етим ва бевалар келиб, еб тўяди. Шунда қилган ҳар бир ишингизга Эгангиз Худо барака беради.