12–BOB
Yoqub oʻldiriladi, Butrus qamoqqa tashlanadi
1 Xuddi shu paytda shoh Hirod imonlilar jamoatining baʼzi aʼzolarini quvgʻin qila boshladi. 2 U Yuhannoning akasi Yoqubni qilich bilan oʻldirtirdi. 3 Hirod koʻrdiki, bu yahudiylarga maʼqul kelyapti, shunday qilib, u Butrusni hibsga oldi. Bu voqea Xamirturushsiz non bayrami kunlarida yuz berdi. 4 U Butrusni qamatib, toʻrt kishidan iborat toʻrt guruh askarni qorovul qilib qoʻydi. Fisih bayramidan soʻng uni xalqning oldiga olib chiqib, hukm qilishni rejalashtirgan edi. 5 Butrus hibsda ekan, jamoat u uchun Xudoga chin dildan ibodat qildi.
Butrus qamoqdan qutuladi
6 Hirod Butrusni xalq oldiga olib chiqmoqchi boʻldi. Oʻsha kundan oldingi tunda Butrus ikki soqchi oʻrtasida uxlayotgan edi. U ikkita zanjir bilan kishanlangan, qamoqxona eshigida soqchilar navbatchilik qilishardi. 7 Birdan Egamizning farishtasi zohir boʻlib, hujrada nur porlab ketdi. Farishta Butrusning yonboshiga turtib uygʻotdi va: “Tezda oʻrningdan tur!” dedi. Shunda kishanlar Butrusning bilaklaridan tushib ketdi. 8 Farishta unga:
— Kamaringni bogʻla, chorigʻingni kiy, — dedi. Butrus aytilganday qildi. Keyin farishta unga:
— Choponingni kiyib, ortimdan yur, — dedi. 9 Butrus farishtaga ergashib, qamoqxonadan chiqdi. Ammo u farishtaning bu ishlari haqiqat ekanini anglamasdan, “vahiy koʻryapman, shekilli”, deb oʻylardi. 10 Ular birinchi va ikkinchi darvoza soqchilari oldidan oʻtgandan keyin, shaharga olib boradigan temir darvoza oldiga keldilar. Darvoza oʻz–oʻzidan ularga ochildi. Ular tashqariga chiqib, soʻqmoq boʻylab ketdilar. Birdan farishta Butrusning oldida koʻzdan gʻoyib boʻldi. 11 Butrus shu zahoti oʻziga kelib: “Endi ishonchim komilki, Egamiz Oʻzining farishtasini yuborib, meni Hirodning qoʻlidan, yahudiy xalqining adovatidan qutqaribdi”, dedi.
12 Butrus shularni anglab, Maryamning uyiga yoʻl oldi. Maryam Yuhannoning onasi edi. Yuhannoning ikkinchi ismi Mark edi. Maryamning uyida koʻpchilik toʻplanib, ibodat qilishayotgan ekan. 13 Butrus darvozani taqillatgan edi, Roda ismli qiz xabar olgani chiqdi. 14 Qiz Butrusning ovozini tanigach, shunchalik xursand boʻlib ketdiki, darvozani ochish oʻrniga, ichkariga yugurib kirdi–da, Butrus darvoza oldida turibdi, deb eʼlon qildi. 15 Ular qizga:
— Aqlingni yeb qoʻyibsan, — dedilar. Ammo qiz gapida turib olgach, ular:
— U Butrusning farishtasi , — deb javob berdilar.
16 Butrus darvozani taqillatishda davom etdi. Ular darvozani ochib, Butrusni koʻrdilar–u, hayron boʻlib qoldilar. 17 Butrus qoʻli bilan “jim” degan ishorani qildi va Egamiz uni qanday qilib zindondan ozod qilganini soʻzlab berdi. Soʻngra “Bu voqeani Yoqubga va boshqa imonlilarga aytinglar”, deb qoʻshib qoʻydi. Shundan keyin Butrus u yerdan chiqib, boshqa yerga bordi.
18 Tong otgach, vahimali shovqin–suron koʻtarildi. Askarlar bir–biridan: “Butrus qayerga gʻoyib boʻldi?” deb soʻrardilar. 19 Hirod Butrusni izlashga buyruq berdi, ammo uni topa olmadilar. Hirod soqchilarni soʻroq qilib, ularni oʻlimga mahkum qildi.
Hirodning oʻlimi
Shundan keyin Hirod Yahudiyadan Qaysariyaga borib, oʻsha yerda turib qoldi. 20 Shoh Hirod Tir va Sidon aholisidan qattiq gʻazablandi. Bu shaharlar oziq–ovqat boʻyicha Hirodning shohligiga qaram boʻlgani uchun, Tir va Sidon vakillari maslahatlashib, Hirod bilan koʻrishgani keldilar. Ular saroy noziri Blastusni oʻz tomoniga ogʻdirib olganlaridan keyin, Hirod bilan sulh tuzmoqchi edilar. 21 Hirod ularni qabul qiladigan kuni shohona liboslarini kiyib, taxtiga oʻtirdi–da, ularga nutq soʻzladi. 22 Odamlar uning bu nutqini eshitib: “Inson emas, balki xudo gapiryapti!” deb xitob qildilar. 23 Hirod Xudoni sharaflamagani uchun oʻsha zahotiyoq Egamizning farishtasi uni urdi. Hirod qurtlarga yemish boʻlib olamdan oʻtdi.
24 Xudoning kalomi esa tobora yoyilib, Isoga ergashuvchilar koʻpayib borardi. 25 Barnabo bilan Shoul Quddusda topshiriqni bajarib boʻlishgach , Antioxiyaga qaytdilar. Ular oʻzlari bilan birga Yuhannoni ham olib keldilar. Yuhannoning ikkinchi ismi Mark edi.
12–БОБ
Ёқуб ўлдирилади, Бутрус қамоққа ташланади
1 Худди шу пайтда шоҳ Ҳирод имонлилар жамоатининг баъзи аъзоларини қувғин қила бошлади. 2 У Юҳаннонинг акаси Ёқубни қилич билан ўлдиртирди. 3 Ҳирод кўрдики, бу яҳудийларга маъқул келяпти, шундай қилиб, у Бутрусни ҳибсга олди. Бу воқеа Хамиртурушсиз нон байрами кунларида юз берди. 4 У Бутрусни қаматиб, тўрт кишидан иборат тўрт гуруҳ аскарни қоровул қилиб қўйди. Фисиҳ байрамидан сўнг уни халқнинг олдига олиб чиқиб, ҳукм қилишни режалаштирган эди. 5 Бутрус ҳибсда экан, жамоат у учун Худога чин дилдан ибодат қилди.
Бутрус қамоқдан қутулади
6 Ҳирод Бутрусни халқ олдига олиб чиқмоқчи бўлди. Ўша кундан олдинги тунда Бутрус икки соқчи ўртасида ухлаётган эди. У иккита занжир билан кишанланган, қамоқхона эшигида соқчилар навбатчилик қилишарди. 7 Бирдан Эгамизнинг фариштаси зоҳир бўлиб, ҳужрада нур порлаб кетди. Фаришта Бутруснинг ёнбошига туртиб уйғотди ва: “Тезда ўрнингдан тур!” деди. Шунда кишанлар Бутруснинг билакларидан тушиб кетди. 8 Фаришта унга:
— Камарингни боғла, чориғингни кий, — деди. Бутрус айтилгандай қилди. Кейин фаришта унга:
— Чопонингни кийиб, ортимдан юр, — деди. 9 Бутрус фариштага эргашиб, қамоқхонадан чиқди. Аммо у фариштанинг бу ишлари ҳақиқат эканини англамасдан, “ваҳий кўряпман, шекилли”, деб ўйларди. 10 Улар биринчи ва иккинчи дарвоза соқчилари олдидан ўтгандан кейин, шаҳарга олиб борадиган темир дарвоза олдига келдилар. Дарвоза ўз–ўзидан уларга очилди. Улар ташқарига чиқиб, сўқмоқ бўйлаб кетдилар. Бирдан фаришта Бутруснинг олдида кўздан ғойиб бўлди. 11 Бутрус шу заҳоти ўзига келиб: “Энди ишончим комилки, Эгамиз Ўзининг фариштасини юбориб, мени Ҳироднинг қўлидан, яҳудий халқининг адоватидан қутқарибди”, деди.
12 Бутрус шуларни англаб, Марямнинг уйига йўл олди. Марям Юҳаннонинг онаси эди. Юҳаннонинг иккинчи исми Марк эди. Марямнинг уйида кўпчилик тўпланиб, ибодат қилишаётган экан. 13 Бутрус дарвозани тақиллатган эди, Рода исмли қиз хабар олгани чиқди. 14 Қиз Бутруснинг овозини танигач, шунчалик хурсанд бўлиб кетдики, дарвозани очиш ўрнига, ичкарига югуриб кирди–да, Бутрус дарвоза олдида турибди, деб эълон қилди. 15 Улар қизга:
— Ақлингни еб қўйибсан, — дедилар. Аммо қиз гапида туриб олгач, улар:
— У Бутруснинг фариштаси , — деб жавоб бердилар.
16 Бутрус дарвозани тақиллатишда давом этди. Улар дарвозани очиб, Бутрусни кўрдилар–у, ҳайрон бўлиб қолдилар. 17 Бутрус қўли билан “жим” деган ишорани қилди ва Эгамиз уни қандай қилиб зиндондан озод қилганини сўзлаб берди. Сўнгра “Бу воқеани Ёқубга ва бошқа имонлиларга айтинглар”, деб қўшиб қўйди. Шундан кейин Бутрус у ердан чиқиб, бошқа ерга борди.
18 Тонг отгач, ваҳимали шовқин–сурон кўтарилди. Аскарлар бир–биридан: “Бутрус қаерга ғойиб бўлди?” деб сўрардилар. 19 Ҳирод Бутрусни излашга буйруқ берди, аммо уни топа олмадилар. Ҳирод соқчиларни сўроқ қилиб, уларни ўлимга маҳкум қилди.
Ҳироднинг ўлими
Шундан кейин Ҳирод Яҳудиядан Қайсарияга бориб, ўша ерда туриб қолди. 20 Шоҳ Ҳирод Тир ва Сидон аҳолисидан қаттиқ ғазабланди. Бу шаҳарлар озиқ–овқат бўйича Ҳироднинг шоҳлигига қарам бўлгани учун, Тир ва Сидон вакиллари маслаҳатлашиб, Ҳирод билан кўришгани келдилар. Улар сарой нозири Бластусни ўз томонига оғдириб олганларидан кейин, Ҳирод билан сулҳ тузмоқчи эдилар. 21 Ҳирод уларни қабул қиладиган куни шоҳона либосларини кийиб, тахтига ўтирди–да, уларга нутқ сўзлади. 22 Одамлар унинг бу нутқини эшитиб: “Инсон эмас, балки худо гапиряпти!” деб хитоб қилдилар. 23 Ҳирод Худони шарафламагани учун ўша заҳотиёқ Эгамизнинг фариштаси уни урди. Ҳирод қуртларга емиш бўлиб оламдан ўтди.
24 Худонинг каломи эса тобора ёйилиб, Исога эргашувчилар кўпайиб борарди. 25 Барнабо билан Шоул Қуддусда топшириқни бажариб бўлишгач , Антиохияга қайтдилар. Улар ўзлари билан бирга Юҳаннони ҳам олиб келдилар. Юҳаннонинг иккинчи исми Марк эди.