28–BOB
Yahudo shohi Oxoz
1 Oxoz yigirma yoshida shoh boʻlib, Quddusda oʻn olti yil hukmronlik qildi. U bobosi Dovuddan namuna olmadi, Egamizning oldida toʻgʻri ishlar qilmay, 2 Isroil shohlarining yoʻlidan ketdi. U Baalga sajda qilish uchun Baalning quyma tasvirlarini yasadi. 3 Xinnum soyligida butlarga atab qurbonliklar kuydirdi. Kanʼon yurtidan Egamiz quvgan qavmlarning jirkanch odatlariga taqlid qilib, hatto oʻz oʻgʻillarini qurbonlik qilib, olovda kuydirdi . 4 Sajdagohlarda , tepaliklarda va har qanday yashil daraxt ostida qurbonliklar keltirib, tutatqi tutatardi.
Oram va Isroil xalqlari Yahudo yurtiga hujum qiladi
5 Shoh Oxoz gunoh qilgani uchun, Egasi Xudo uni Oram shohining qoʻliga berdi. Oram shohi Oxozni magʻlub qilib, xalqidan juda koʻpchiligini asir qilib, Damashqqa olib ketdi.
Bundan tashqari, Egamiz shoh Oxozni Isroil shohi qoʻliga berdi. Isroil shohi Oxozning boshiga katta qirgʻin solib, uni magʻlub qildi. 6 Bir kunning oʻzida Isroil shohi Ramaliyo oʻgʻli Pekax Yahudo lashkarining 120.000 bahodir jangchisini oʻldirdi. Bunga sabab Yahudo xalqi oʻz ota–bobolarining Xudosi — Egamizni tark etgani boʻldi. 7 Isroil xalqidan boʻlgan bahodir jangchi Zixri shohning oʻgʻli Masiyoni, saroy boshqaruvchisi Ozrikomni va shohning oʻng qoʻl vaziri Elqanani oʻldirdi. 8 Yahudo xalqi ularga qarindosh boʻlishiga qaramay, Isroil lashkari ulardan 200.000 nafar ayol va oʻgʻil–qizlarini asir qilib, katta oʻlja bilan birga, Samariyaga olib ketishdi.
Odod paygʻambar
9 Egamizning Odod degan paygʻambari Samariyada edi. U qaytib kelgan Isroil lashkarini qarshilab chiqib, ularga shunday dedi:
— Ota–bobolaringizning Xudosi — Egangiz Oʻz xalqi Yahudodan gʻazablangani uchun ularni sizning qoʻlingizga topshirdi. Sizlar esa ularni shunchalik qahr bilan qirdingizki, ularning sadosi samolarga yetdi. 10 Shunisi yetmaganday, sizlar Yahudo va Quddus xalqining erkagu ayolini oʻzingizga qul qilmoqchi boʻldingiz. Oʻzingizga bir qarang, Egangiz Xudo oldida qilgan qilmishlaringizning hammasi turgan–bitgani gunoh–ku! 11 Endi gapimni eshiting! Asir qilgan bu qarindoshlaringizni orqaga qaytarib yuboring. Aks holda, Egamiz Oʻz gʻazabini sizning ustingizga sochadi.
12 Isroil xalqining baʼzi yoʻlboshchilari ham, chunonchi, Yoʻxanon oʻgʻli Ozariyo, Mashillamoʻt oʻgʻli Barxiyo, Shallum oʻgʻli Yoxizqiyo va Hadlay oʻgʻli Emosa urushdan qaytib kelganlarga oʻz noroziligini bildirib, 13 dedilar:
— Asirlarni bu yerga olib kelmanglar! Biz Egamizga qarshi gunoh qilib, Uning qahrini keltirib boʻldik. Sizlar esa shusiz ham ortib yotgan gunohimiz ustiga yana gunoh orttirmoqchisizlar.
14 Shunda sipohlar Isroil aʼyonlari va butun jamoa oldida asirlarni ozod qilib, oʻljalarni topshirdilar. 15 Yuqorida nomlari aytilgan toʻrtta yoʻlboshchi asirlarning orasidagi yalangʻoch boʻlganlarning hammasiga oʻlja olingan narsalardan ust–bosh, oyoq kiyim berdilar, yedirdilar, ichirdilar, yaralariga moy surtdilar. Keyin zaiflarni eshaklarga mindirib, asirlarning hammasini Yahudoga qarashli palma shahri Yerixoga olib bordilar. Soʻng Samariyaga qaytib keldilar.
Shoh Oxoz Ossuriyadan yordam soʻraydi
16 Oʻsha paytda shoh Oxoz Ossuriya shohidan yordam soʻrab, huzuriga odam joʻnatdi, 17 chunki Edomliklar yana Yahudo yurtiga hujum qilib, koʻp asirlarni olib ketgan edilar. 18 Shu orada Filistlar ham Yahudo qir etaklaridagi hamda Nagav choʻlidagi shaharlarga hujum qilib, Bayt–Shamash, Oyjavlon va Gaderoʻt shaharlarini qoʻlga kiritdilar, shuningdek, Soʻxu, Timnax va Gimzo shaharlarini va bu shaharlar atrofidagi qishloqlarni qoʻlga olib, oʻsha joylarga oʻrnashib oldilar. 19 Shoh Oxoz Yahudo xalqini gunoh qilishga undab, Egamizga haddan tashqari koʻp xiyonat qilgani uchun, Yahudo xalqini Egamiz shu qadar tahqirlagan edi. 20 Ossuriya shohi Tigʻlatpilasar kelib, Oxozga yordam berish oʻrniga zulmni kuchaytirdi. 21 Oxoz Egamizning uyidan, shoh saroyidan va aʼyonlarning uyidan qimmatbaho narsalarni olib, Ossuriya shohiga oʻlpon qilib berdi. Biroq bu ham yordam bermadi.
Shoh Oxozning gunohlari
22 Hayotining eng qiyin damlarida ham oʻsha shoh Oxoz Egamizga yanada battarroq xiyonat qildi. 23 Uni magʻlub qilgan Oram xalqining xudolariga qurbonliklar keltirdi. U ichida shunday derdi: “Oram shohlarining xudolari ularga yordam berdi, agar men Oram xudolariga qurbonlik keltirsam, ular menga ham yordam berishadi.” Vaholanki, bu xudolar shoh Oxozning va uning qoʻli ostidagi butun xalqning halokatiga sabab boʻldi. 24 Oxoz Egamizning uyidagi hamma ashyolarni yigʻishtirib olib, chiqarib tashladi. Egamizning uyi eshiklarini berkitib, Quddusning har burchagida qurbongohlar qurdirdi. 25 Yahudoning hamma shaharlarida begona xudolarga qurbonliklar kuydirish uchun sajdagohlar barpo qilib, ota–bobolarining Xudosi — Egamizni gʻazablantirdi.
26 Oxozning boshqa ishlari va tutgan yoʻllari boshidan oxirigacha “Yahudo va Isroil shohlari kitobi”da yozilgan. 27 Oxoz olamdan oʻtib, Quddusda dafn qilindi. Lekin uni Isroil shohlari xilxonasiga koʻmmadilar. Uning oʻrniga oʻgʻli Hizqiyo shoh boʻldi.
28–БОБ
Яҳудо шоҳи Охоз
1 Охоз йигирма ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн олти йил ҳукмронлик қилди. У бобоси Довуддан намуна олмади, Эгамизнинг олдида тўғри ишлар қилмай, 2 Исроил шоҳларининг йўлидан кетди. У Баалга сажда қилиш учун Баалнинг қуйма тасвирларини ясади. 3 Хиннум сойлигида бутларга атаб қурбонликлар куйдирди. Канъон юртидан Эгамиз қувган қавмларнинг жирканч одатларига тақлид қилиб, ҳатто ўз ўғилларини қурбонлик қилиб, оловда куйдирди . 4 Саждагоҳларда , тепаликларда ва ҳар қандай яшил дарахт остида қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди.
Орам ва Исроил халқлари Яҳудо юртига ҳужум қилади
5 Шоҳ Охоз гуноҳ қилгани учун, Эгаси Худо уни Орам шоҳининг қўлига берди. Орам шоҳи Охозни мағлуб қилиб, халқидан жуда кўпчилигини асир қилиб, Дамашққа олиб кетди.
Бундан ташқари, Эгамиз шоҳ Охозни Исроил шоҳи қўлига берди. Исроил шоҳи Охознинг бошига катта қирғин солиб, уни мағлуб қилди. 6 Бир куннинг ўзида Исроил шоҳи Рамалиё ўғли Пеках Яҳудо лашкарининг 120.000 баҳодир жангчисини ўлдирди. Бунга сабаб Яҳудо халқи ўз ота–боболарининг Худоси — Эгамизни тарк этгани бўлди. 7 Исроил халқидан бўлган баҳодир жангчи Зихри шоҳнинг ўғли Масиёни, сарой бошқарувчиси Озрикомни ва шоҳнинг ўнг қўл вазири Элқанани ўлдирди. 8 Яҳудо халқи уларга қариндош бўлишига қарамай, Исроил лашкари улардан 200.000 нафар аёл ва ўғил–қизларини асир қилиб, катта ўлжа билан бирга, Самарияга олиб кетишди.
Одод пайғамбар
9 Эгамизнинг Одод деган пайғамбари Самарияда эди. У қайтиб келган Исроил лашкарини қаршилаб чиқиб, уларга шундай деди:
— Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгангиз Ўз халқи Яҳудодан ғазаблангани учун уларни сизнинг қўлингизга топширди. Сизлар эса уларни шунчалик қаҳр билан қирдингизки, уларнинг садоси самоларга етди. 10 Шуниси етмагандай, сизлар Яҳудо ва Қуддус халқининг эркагу аёлини ўзингизга қул қилмоқчи бўлдингиз. Ўзингизга бир қаранг, Эгангиз Худо олдида қилган қилмишларингизнинг ҳаммаси турган–битгани гуноҳ–ку! 11 Энди гапимни эшитинг! Асир қилган бу қариндошларингизни орқага қайтариб юборинг. Акс ҳолда, Эгамиз Ўз ғазабини сизнинг устингизга сочади.
12 Исроил халқининг баъзи йўлбошчилари ҳам, чунончи, Йўханон ўғли Озариё, Машилламўт ўғли Бархиё, Шаллум ўғли Ёхизқиё ва Ҳадлай ўғли Эмоса урушдан қайтиб келганларга ўз норозилигини билдириб, 13 дедилар:
— Асирларни бу ерга олиб келманглар! Биз Эгамизга қарши гуноҳ қилиб, Унинг қаҳрини келтириб бўлдик. Сизлар эса шусиз ҳам ортиб ётган гуноҳимиз устига яна гуноҳ орттирмоқчисизлар.
14 Шунда сипоҳлар Исроил аъёнлари ва бутун жамоа олдида асирларни озод қилиб, ўлжаларни топширдилар. 15 Юқорида номлари айтилган тўртта йўлбошчи асирларнинг орасидаги яланғоч бўлганларнинг ҳаммасига ўлжа олинган нарсалардан уст–бош, оёқ кийим бердилар, едирдилар, ичирдилар, яраларига мой суртдилар. Кейин заифларни эшакларга миндириб, асирларнинг ҳаммасини Яҳудога қарашли пальма шаҳри Ерихога олиб бордилар. Сўнг Самарияга қайтиб келдилар.
Шоҳ Охоз Оссуриядан ёрдам сўрайди
16 Ўша пайтда шоҳ Охоз Оссурия шоҳидан ёрдам сўраб, ҳузурига одам жўнатди, 17 чунки Эдомликлар яна Яҳудо юртига ҳужум қилиб, кўп асирларни олиб кетган эдилар. 18 Шу орада Филистлар ҳам Яҳудо қир этакларидаги ҳамда Нагав чўлидаги шаҳарларга ҳужум қилиб, Байт–Шамаш, Ойжавлон ва Гадерўт шаҳарларини қўлга киритдилар, шунингдек, Сўху, Тимнах ва Гимзо шаҳарларини ва бу шаҳарлар атрофидаги қишлоқларни қўлга олиб, ўша жойларга ўрнашиб олдилар. 19 Шоҳ Охоз Яҳудо халқини гуноҳ қилишга ундаб, Эгамизга ҳаддан ташқари кўп хиёнат қилгани учун, Яҳудо халқини Эгамиз шу қадар таҳқирлаган эди. 20 Оссурия шоҳи Тиғлатпиласар келиб, Охозга ёрдам бериш ўрнига зулмни кучайтирди. 21 Охоз Эгамизнинг уйидан, шоҳ саройидан ва аъёнларнинг уйидан қимматбаҳо нарсаларни олиб, Оссурия шоҳига ўлпон қилиб берди. Бироқ бу ҳам ёрдам бермади.
Шоҳ Охознинг гуноҳлари
22 Ҳаётининг энг қийин дамларида ҳам ўша шоҳ Охоз Эгамизга янада баттарроқ хиёнат қилди. 23 Уни мағлуб қилган Орам халқининг худоларига қурбонликлар келтирди. У ичида шундай дерди: “Орам шоҳларининг худолари уларга ёрдам берди, агар мен Орам худоларига қурбонлик келтирсам, улар менга ҳам ёрдам беришади.” Ваҳоланки, бу худолар шоҳ Охознинг ва унинг қўли остидаги бутун халқнинг ҳалокатига сабаб бўлди. 24 Охоз Эгамизнинг уйидаги ҳамма ашёларни йиғиштириб олиб, чиқариб ташлади. Эгамизнинг уйи эшикларини беркитиб, Қуддуснинг ҳар бурчагида қурбонгоҳлар қурдирди. 25 Яҳудонинг ҳамма шаҳарларида бегона худоларга қурбонликлар куйдириш учун саждагоҳлар барпо қилиб, ота–боболарининг Худоси — Эгамизни ғазаблантирди.
26 Охознинг бошқа ишлари ва тутган йўллари бошидан охиригача “Яҳудо ва Исроил шоҳлари китоби”да ёзилган. 27 Охоз оламдан ўтиб, Қуддусда дафн қилинди. Лекин уни Исроил шоҳлари хилхонасига кўммадилар. Унинг ўрнига ўғли Ҳизқиё шоҳ бўлди.